11.01.2023
134

АБУ ҲАФС УМАР ИБН МУҲАММАД БУЖАЙРИЙ ВА УНИНГ ИЛМИЙ МЕРОСИ

Милодий IX–XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври деб эътироф этилган. Кўплаб манбаларда айни ўша даврда Бужайрий нисбаси билан танилиб, самарали ижод қилган алломалар ҳаёти ва илмий мероси ҳақидаги маълумотларни учратиш мумкин. Улардан бири Абу Ҳафс Бужайрий бўлиб, у зотнинг тўлиқ исми Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Бужайр ибн Ҳозим ибн Рошид Ҳамадоний Самарқандий Бужайрийдир.

Манбаларда Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад “Сўғдий”, “Хушуфағний”, “Самарқандий”, “Бужайрий” нисбалари билан келтирилган. Айрим манбаларда эса “Буҳайрий”[1] нисбаси билан ҳам келган. Бироқ аксар олимлар ўз асарларида Абу Ҳафс Бужайрий нисбаси билан қайд этган. Халқ орасида ҳам у айнан шу ном билан машҳур бўлган.

Муҳаддис Абу Ҳафс Бужайрий 223/838 йили Самарқанднинг Сўғд музофотидаги Хушуфағн қишлоғида зиёлилар оиласида туғилиб[2] 311/923 йили вафот этган[3] Абу Ҳафс Бужайрийнинг болалик ва ёшлик даври туғилиб ўсган она қишлоғи Хушуфағнда ўтган. У дастлабки таълимни отаси Муҳаммад ибн Бужайрдан олган. Муҳаммад ибн Бужайр ҳам замонасининг таниқли ҳадис ровийларидан бўлиб, 268/882 йил Шаъбон ойида вафот этган[4].

Кейинчалик Абу Ҳафс Бужайрий илм ўрганиш шижоати ва Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадисларни эшитиш, ўрганишга бўлган қизиқиши сабабли ўша давр­да илм-фан ўчоғи бўлган Хуросон, Басра, Куфа, Ироқ, Шом, Миср, Ҳижоз каби бир қанча шаҳар ва мамлакатларга илмий сафарлар қилган.

Абу Ҳафс Бужайрийнинг сафари чоғида Дамашқ шаҳрига борганини тарихчи олим Абул­қосим Али ибн Ҳасан ибн Ҳибатуллоҳ ибн Абдуллоҳ – Ибн Асокир “Тарихул мадинати Димашқ ва зикри фазлиҳа ва тасмияти мин ҳиллиҳа минал амасил” (“Дамашқ шаҳрининг тарихи, унинг фазилати ва ундаги жойларнинг номланишига мисоллар”) китобида бундай келтиради: “Ҳофиз Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Бужайр ибн Ҳозим ибн Рошид Ҳамадоний Самарқандий Бужайрий таълим олиш ва ҳадис жамлаш ниятида Дамашқ шаҳрига бориб, у ерда Аҳмад ибн Абдулвоҳид ибн Уъбуд, Абу Омир Мусо ибн Омир Марий, Ҳишом ибн Холид, Муҳаммад ибн Ҳошим Баълабак­кий, Сулаймон Ҳамсий, Аюб ибн Али ибн Ҳайсам Каноний каби кўплаб таниқли олимлардан таълим олган ва ҳадислар тинглаган”[5]. Демак, Аллома Дамашққа борганида, у ернинг кўплаб таниқли олимлари билан учрашган, улар билан илмий мулоқотда бўлган.

Абу Яъло Халилий ўзининг “Иршод” номли асарида бундай келтиради: Абу Ҳафс Бужай­рий Ироқ ва Шомга борганида Назр ибн Тоҳирдан, Куфада Абу Курайб, Усмон ибн Абу Шайбадан, Басрада Бундор ва Абу Мусодан, Шомда Сулаймон ибн Салама Хабоирий, Аҳмад ибн Абдулвоҳид Дамашқий ва Ҳишом ибн Аммордан. Макка шаҳрида Муҳаммад ибн Зунбур ва Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазийдан ҳадис тинглаган.

Абу Ҳафс Бужайрий ҳадис бўйича асосий таълимни Абу Маҳмуд Муҳаммад ибн Муовия (Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримийнинг тоғаси), Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримий Самар­қандий, Исо ибн Ҳаммод Зуғба Мисрий, Исҳоқ ибн Шоҳин Воситий, Абу Соиб Силм ибн Жаннода Куфий, Абд ибн Ҳумайд Кеший ва Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий каби кўплаб машҳур муҳаддис олимлардан таҳсил олган.

Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ” тўпламига ёзилган энг мўътабар шарҳлардан бири бўлган Ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Фатҳул борий” (“Ижодкорнинг очиб берган шарҳи”) китобининг муқаддимасида бундай келтирилади: “Умар ибн Муҳаммад Бужайрий “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг: Мен “Жомеъус саҳиҳ” китобимни Масжидул Ҳарамда тасниф қилдим. Бу китобда­ги ҳар бир ҳадисни Аллоҳ таолодан яхшилик сўраб, икки ракат намоз ўқиб, унинг саҳиҳлигига ишонч ҳосил қилганимдан кейин киритдим” деб айтаётганини эшитдим”, дейди.

Ушбу ривоят орқали Абу Ҳафс Бужайрий ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳазрат­лари билан бир даврда яшаганини, иккаласи бир-бири билан учрашганини ва мазкур сўзини Имом Бухорийнинг айнан ўзидан эшитганини англаб олиш мумкин.

Дамашқлик олим Хайриддин ибн Маҳмуд ибн Муҳаммад Зириклий “Аълом” асарида таниқли олим Заҳабийнинг: “Абу Ҳафс Бужайрий замонасининг тенги йўқ алломаси эди. Мен у зотдан олтмиш мингдан ортиқ ҳадис тинглаганман”, деб айтган эътирофини келтириб ўтган. Аллома кўп ҳадис ёд билгани, уларни жамлашга шижоати ва тақвоси сабабли “Ҳофиз” (Қуръони карим ва кўп ҳадисларни ёддан билган киши), “Тақводор муҳаддис”, “Имомул кабир” (Катта имом), “Шайх” каби шарафли номларга сазовор бўлган.

Абу Ҳафс Бужайрий ҳадис ўрганиш ва тўплаш билан бирга, кўплаб шогирдлар ҳам етиш­тирган. Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулғаний Бағдодийнинг “Такмилатул икмол” китобида Муҳаммад ибн Собир Бухорий, Абу Назр Муҳаммад ибн Бакр Деҳқон Самарқандий, Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Имрон Шоший, Муътамар ибн Жибрил Карминий, Аъюн ибн Жаъфар Самарқандий, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Али Муаддаб Шоший ва Исо ибн Мусо Кошоний каби ўз замона­сининг машҳур муҳаддис ва ровийлари Абу Ҳафс Бужайрийдан ҳадис тинглагани ва ундан ривоят қилгани қайд этилган. Бундан ташқари, Абу Ҳафс Бужайрийдан унинг ўғли Абулҳасан Муҳаммад ибн Умар, Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффол Шоший, Абу Яҳё Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Исҳоқ ибн Ҳозим Самарқандий, Муҳаммад ибн Ҳотам Кошоний, Абулфазл Аҳмад ибн Исмоил ибн Яҳё ибн Ҳозим Аздий Самарқандий ва Али ибн Биндор Сай­ра­фий каби олимлар ҳам таҳсил олган ва ҳадис ривоят қилган.

Шошлик алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш бўйича улкан ишларни амалга оширган тадқиқотчи Неъматулло Муҳаммедов ўзининг “Шош воҳаси олимларининг илмий-маънавий мероси” китобида: “Абу Бакр Қаффол Шоший Хуросонга бориб, Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Хузайма, Муҳаммад ибн Исҳоқ Саррож, Умар ибн Муҳаммад ибн Бухайр (манбаларда турлича “Бужайр”, “Буҳайр” ва “Бухайр” кўринишида келган) Самарқандий каби етук олимлардан дарс олган ва бошқа табақалардан ҳадислар тинглаган”, деб келтириб ўтган[6].

Юқоридаги манбалардан кўриниб турибдики, Абу Ҳафс Бужайрий, фиқҳ, ҳадис, усул ва тилшунослик илмлари бўйича тенги йўқ олим деб эътироф этилган. Имом Абу Бакр Қаффол Шоший каби бир қанча улуғ алломаларга устозлик қилган.

Абу Ҳафс Бужайрий илм-фан ҳамжамиятига етук алломаларни етказиб бериш билан кифояланиб қолмасдан, ўзининг бой илмий ижоди билан ҳам улкан ҳисса қўшган. Ҳадис ва тафсир илми соҳасида бир қанча асарлар яратган. Манбаларда келтирилишича, у “Саҳиҳ” ҳадислар тўплами ва “Тафсир” каби асарларнинг муаллифи ҳисобланади. “Саҳиҳ” тўпламининг қўлёзма нусхалари хорижий мамлакатларнинг кутубхоналарида сақланмоқда.

Алломанинг “Китобус сафина” (“Кема китоби”) номли яна бир асари ҳам бўлган. Бу борада Абдуллоҳ Абдулҳамид Саъд ўзининг “Ўрта Осиё олимлари қомуси” китобида бундай келтиради: “Абу Ҳафс Бужайрийдан унинг Аҳмад исмли набираси “Жомеъус саҳиҳ” (“Ишончли тўплам”) ва “Китобус сафина” (“Кема китоби”) китобларини ўқиб ўрганган. Ушбу китобларни Абу Ҳафснинг ўзи ёзган. Афсуски “Китобус сафина” бизнинг давримизгача етиб келмаган.

Хайриддин Зириклий ўзининг “Аълом” китобида Абу Ҳафс Бужайрий ва “Саҳиҳ” тўплами–нинг қўлёзма нусхаси ҳақида бундай маълумот келтиради: “Мовароуннаҳрлик муҳаддис, ҳофиз Абу Ҳафс Бужайрий “Саҳиҳ” ва “Тафсир” асарлари муаллифидир. У Самарқанд яқинидаги қишлоқлардан бирида яшаб ўтган. Ҳозир бу жой “Раъсул қонтара” (Тўғонбоши) деб аталади. Аллома илм олиш ва ҳадис тинглаш мақсадида Хуросон, Басра, Куфа, Шом, Миср ва Ҳижоз каби бир қанча шаҳар ва мамлакатларда бўлган. У кишининг қаламига мансуб “Жомеъул муснад” ва “Тафсир” асарларининг қўлёзма нусхаси ҳозирги кунда Дамашқ шаҳридаги Зоҳирия кутуб­хо­на­си­да 1067-рақам остида сақланмоқда”. Мазкур асарнинг электрон нусхаси Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази электрон базасида ҳам мавжуд. У 124 варақдан иборат бўлиб, “Жомеъул муснад”нинг ўттизинчи – “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бетоблик­ла­ри ва вафотлари” бобини ва “Тафсир” китобининг аввалги қисмини ўз ичига олган.

Бу ўринда “Жомеъул муснад”даги биринчи ҳадисни келтириб ўтишни лозим топдик:

Умми Фазлдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан энг охирги эшитган нарсам у зотнинг шом номозида “Мурсалат” сурасини ўқиганлари бўлди”.

Абу Ҳафс Бужайрий ўзининг улкан илмий фаолияти билан илм-фаннинг ҳадис ва тафсир каби соҳалари ривожига катта ҳисса қўшган. Лекин шу чоққача унинг ҳаёти ва илмий мероси бўйича кенг кўламли тадқиқот ўтказилмаган. Марказда ушбу “Жомеъул муснад” китобини ўрганиш ва таржима қилиш бўйича муайян ишлар бошлаб юборилган. Тадқиқотлар давомида алломанинг ҳаёти ва илмий меросига оид янги маълумотлар юзага чиқади деган умиддамиз.

 

Йўлдошхон ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
маркази илмий ходими

 


 

[1] Али ибн Ҳисомиддин Ҳиндий. Канзул аъмол (Vol. 2). –Байрут. 1989.

 

[2] Хайриддин Зириклий. Аълом (Vol. 5). Дорул илм. 2002.

 

[3] Абдулкарим Самъоний. Ансоб (Vol. 2). –Байрут. 1998.

 

[4] Абу Умар Муҳаммад Азҳарий. Мустахриж аъла Саҳиҳил Бухорий ва мусаммо бил Жамиъил муснад. Қоҳира. 2020.

 

[5] Абулқосим Али ибн Ҳасан. Тарихул мадинати Димашқ ва зикри фазлиҳа ва тасмияти мин ҳиллиҳа минал амасил. –Байрут. 1995.

 

[6] Неъматулло Муҳаммедов. Шош воҳаси олимларининг илмий-маънавий мероси. –Тошкент. 2007.

 

Қўшимча малумот

МАНБАЛАРДА “ЛОМИШИЙ” НИСБАСИНИ ОЛГАН МУТАКАЛЛИМ ОЛИМЛАР ҲАҚИДАГИ ХАБАРЛАР ТАҲЛИЛИ
Ислом динининг Марказий Осиёга кириб келиши натижасида ўлкада илм-фан янада ривож топди, нафақат мусулмонларга, балки бутун дунё халқларига устоз бўлган...
“КИТОБ АТ-ТАВҲИД” ВА “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРЛАРИНИНГ ИЛМИЙ-ТАРИХИЙ АҲАМИЯТИ
Абу Мансур Мотуридий аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги икки ақидавий йўналишнинг бири бўлган мотуридия таълимотининг асосчиси ҳисобланади. Тўлиқ исми Абу...
“РИСОЛА АС-САҲОБА” АСАРИДА ИЖТИМОИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЁРИТИЛИШИ
Бошқарувнинг умавийлардан аббосийларга ўтиши, шунингдек, пойтахтнинг Суриядан Ироқ­қа кўчирилиши ислом давлатининг бутун тузилмасида ўзгаришлар бўлганини кўрсатади. Аниқ бир тартиб-интизомга асосланмаган...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry