10.01.2023
153

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИНИНГ БУХОРО МАКТАБИ ВАКИЛЛАРИ

Қадимдан илм-маърифат марказларидан бири бўлган Бухоро ҳозир ҳам диний ва дунёвий билимлар соҳасида бебаҳо асарлар қолдирган буюк алломалари ва бетакрор тарихий обидалари билан жаҳон илм аҳлининг диққатини тортади. Бу диёр қадимдан нафақат Буюк Ипак йўлидаги тижорат ва маданиятлар туташган чорраҳа, балки илм-маърифат интеграциясининг муҳим бўғини бўлиб хизмат қилган. Мадраса, масжид ва мактаблар каби ўзининг машҳур илм масканлари дунёнинг турли бурчакларидан келган толиби илм, мутакаллим, фақиҳ, муҳаддис ва мутасаввиф олимларнинг дастлабки таянч нуқтаси бўлган. Ўрта асрларда Бухорода 350 та масжид ва 80 та мадраса бўлган, уларнинг кўпчилиги ҳозиргача сақланиб қолган.

Тарихда “Қуббатул ислом” дея номланган бу табаррук заминда ислом билимлари ривожига улкан ҳисса қўшган Абу Ҳафс Кабир Бухорий, Имом Бухорий, Иброҳим Саффор Бухорий, Нурид­дин Собуний Бухорий, Муҳаммад ибн Абу Бакр Бухорий ва бошқа кўплаб алломалар туғилиб вояга етган. Бундай буюк зотларнинг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш борасида бугун юртимиз олимлари томонидан самарали ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга алломаларимиз­нинг ҳанузгача илм аҳлига,  халқимизга номлари таниш бўлмаган, дунё фондларида ўз тадқиқотчисини кутиб ётган тарихий, илмий меросини топиш ва тадқиқ қилиш ишларини янада фаоллашти­риш бугунги авлод олдида турган долзарб вазифалардан биридир. Яхши маълумки, ўрта асрларда ҳанафий мазҳаби ва мотуридия калом мактабининг ривож­ланишига бухоролик алломалар муносиб ҳисса қўшган. Қуйида Бухоро заминидан етишиб чи­қиб, фиқҳ ва калом илмлари соҳасида улкан илмий мерос қолдирган забардаст алломалар ҳақи­да тўхталамиз.

Маълумки, мотуридия таълимоти ва унинг ғоялари аллома вафотидан сўнг шогирдлари ва издошлари томонидан кенг ёйилган. Бу ўринда буюк мутакаллим Абу Муин Насафийнинг хизматлари беқиёс. У Самарқанд ва Бухорода бир муддат яшаб, ўзининг шогирдларига калом илмидан дарс берган. Аллома Бухорода яшаган кезлари у кишидан Саффор Бухорий ва Нуриддин Собуний Бухорий каби олимлар калом илмидан таълим олган. Манбаларда Муҳаммад ибн Абу Бакр Имомзода Бухорий номли аллома ҳам Бухорода ҳанафий фиқҳи ва мотуридия таълимоти тарқалишига ҳисса қўшган олимлар қаторида зикр қилинган. Саффор Бухорий ўз даврида замондошлари орасида “Фақиҳ”, “Зоҳид”, “Рукнул ислом” ва “Рукнуд дин” унвонларига сазовор бўлган. Мутакаллимнинг ҳаёти ва илмий-маънавий мероси, хусусан, калом илмига оид таълимоти мотуридийлик мадрасаси асосида татбиқ этилган. Мутакаллимнинг ҳаёти ва унинг илмий-маънавий мероси, хусусан, калом илмига оид таълимотини ўрганиш катта аҳамиятга эга. Саффор Бухорий X асрнинг иккинчи ярмида ва XI асрнинг биринчи чорагида Мовароуннаҳрда аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг қарор топиши ва уни ҳаётга татбиқ этилишига катта ҳисса қўшган алломалардан ҳисобланади. Саффор Бухорий ўз даврининг таниқли алломаларидан бири бўлиб, Бухоронинг етакчи имомларидан бири сифати­да ҳам шуҳрат қозонган. У яшаб, ижод қилган даврда Бухоро Самарқанд каби илм-фан ривож­лан­ган шаҳарлардан ҳисобланган. Аллома маълум сабабларга кўра она шаҳри Бухородан Марвга сургун қилинган ва бир муддат Самарқандда бош имом бўлиб фаолият кўрсатган. Шу фурсатдан фойдаланиб, ўзининг асарларини мукаммаллаштирган ва жума кунлари халқдан келиб тушган турли ақидавий ва фиқҳий масалаларга фатво берган. Саффор Бухорий илму ирфонда етук, ҳанафий мазҳабини маҳкам тутган зиёли оилада улғайган. Муҳаммад ибн Абдулҳай Лакнавийнинг ёзишича, Саффор Бухорийнинг отаси, бобоси ва катта боболари ҳам ҳанафий фиқҳ илми соҳасидаги улкан салоҳиятлари билан эл-юрт орасида танилган эдилар.

Аллома таваллуд топган сана ҳақида ёзган тарихчилардан Хайриддин Зириклий ўзининг “ал-Аълом” ва Умар Ризо Каҳҳола “Муъжам ал-муаллифин” номли асарларида унинг 460/1065 йилда Бухорода туғилганлиги ҳақида ёзганлар. Унинг вафоти ҳақида эса аксар манбаларда 534/1139 сана зикр қилинади. Бинобарин, аллома 74 йил умр кўриб, рабиул аввал  ойининг 26-кунида Бухорода вафот этган.

Саффор Бухорийнинг машҳур ҳанафий-мотуридий олими бўлиб танилишида ўша даврдаги Бухородаги илмий-маънавий ҳаёт у учун илм ўчоғи вазифасини ўтагани манбаларда айтиб ўтилган. Лекин Саффор Бухорийнинг таълим-тарбиясига энг катта ҳисса қўшган шахс, унинг отаси ҳисобланади.

Саффор Бухорий отаси Исмоил ибн Абу Наср (ваф.461/1069) шунингдек, Абу Ҳафс Умар ибн Мансур ибн Баззоз (ваф.466/1074), Абу Муҳаммад Абдулазиз Кирмоний, Абу Муҳаммад Фазл Карудий ва Абу Яъқуб Сайёрий каби олимлардан таълим олган.

Манбаларда Саффор Бухорийдан бир қанча кишиларни таълим олганлиги қайд этилган. Кардарий ва Али Марғинонийнинг устози Абу Абдуллоҳ Носириддин Муҳаммад ибн Сулаймон Ўший (ваф. 592/1195), Абул Фатҳ Муҳаммад ибн Муҳаммад Насафий ва шайхулислом Аҳмад ибн Усмон Осимий Балхий,  Абдулкарим Самъоний (ваф. 562/1166), Абу Муҳомид Қавомиддин Ҳаммод ибн Иброҳим Саффор (ваф. 576/1180) ва Абулмафохир Ҳасан ибн Мансур Ўзгандий Фарғонийлар (ваф. 592/1196) Саффор Бухорийнинг шогирдлари ҳисобланади.

Саффор Бухорий калом илмига оид “Талхисул адилла ли қавоиди тавҳид” (Тавҳид илми қоидалари ҳақидаги далилларнинг қисқача мазмуни) ва “Рисола фил калом” (Калом илми ҳақида рисола) номли асарлар ёзиб қолдирган. Булар илм аҳли томонидан юксак баҳоланиб, ҳатто ҳозир­ги кунда  ҳам Шарқ ва Ғарб шарқшунослари, исломшунослари ва калом илмига қизиқувчилар ора­сида катта обрў-эътиборга эга. Хусусан, “Талхисул адилла ли қавоиди тавҳид” асари бир неча бор Шарқ ва Ғарб тадқиқотчилари томонидан тадқиқ этилган.

Ҳозирги кунда алломанинг “Талхисул адилла” асарининг 8 та қўлёзма нусхаси Истанбул, Бағдод, Миср, Буюк Британия ва Испания китоб фондларида “Рисола фил калом” асарининг Туркия, Миср ва Франция кутубхоналарида сақланаётган 6 та қўлёзма нусхаси аниқланган.

Нуриддин Собуний Бухоронинг машҳур калом илми олими ва мотуридийлик таълимотини Бухорода тарқалишига катта ҳисса қўшган уламоларидан биридир. Алломанинг тўлиқ исми Аҳ­мад ибн Маҳмуд ибн Абу Бакр, куняси Абу Муҳаммад. Табақот китобларида кўпинча унинг номига “Имом” ва “Нуриддин” унвонлари қўшиб айтилади. Каломга оид манбаларда эса, уни кўп ҳолларда “Нуриддин Собуний” деб зикр қилишган.

Алломанинг ҳаёти ҳақида маълумотлар кўп бўлмаса-да, бой оилага мансуб бўлиб, совун ишлаб чиқариш билан шуғуллангани сабабли бу оилага “Собуний” нисбаси берилгани ёзилган. Собуний Абу Юср Паздавий (ваф. 493/1099), Алоуддин Самарқандий (ваф. 539/1144), Алоуддин Усмандий (ваф. 552/1157) ва Иброҳим Саффор Бухорий Ҳанафий (ваф. 534/1139) каби алломалар билан замондош бўлган.

Нуриддин Собунийнинг асарлари кўпчилик олимлар ихтилофда бўлган, каломга тегишли масалаларни тушунарли, содда тилда ва енгил услубда ёзилгани билан ажралиб туради. Баъзи олимлар асар ёзишда Собунийнинг китобларидан нақллар, иборалар ва далиллар келтирган. Ман­баларда Нуриддин Собуний ва шайх Рашидиддин ўртасида илмий мунозаралар бўлиб ўтгани ҳа­қида маълумотлар мавжуд. Бу шундан далолат берадики, Собуний форс тилини ҳам яхши билган.

Нуриддин Собуний калом илмини устози Абу Муин Насафийдан унинг “Табсиратул адилла” асари асосида ўрганган. Шамсулаимма Кардарий фиқҳ илмини Нуриддин Собунийдан ўргангани ҳақида ҳам маълумотлар бор.Собунийнинг ижодида мотуридийлик йўналишига доир асарларнинг таъсири сезилади. У турли чалкаш ва тортишувли масалаларни ажойиб тушунарли тарзда баён қилган. Абу Мансур Мотуридий ва Абу Муин Насафийнинг қарашларини умумий маънода қабул қилиб, шуларга асос­ланиши кўзга ташланади. Аллома шу тариқа мотуридийлик йўналишининг тизимли мазҳаб ҳолига келиши учун катта хизмат қилган. Калом илмидан бошқа йўналишда асар ёзмаган бўлса-да, китобларининг маълум бир қисми кўп бор кўчирилганини ҳисобга олсак, Собунийнинг олимлар орасида эътироф ва эътибор қозонгани маълум бўлади.

Нуриддин Собуний 1184 йил 30 май куни (ҳижрий 580 йил сафар ойининг ўн олтинчи) аср намозидан сўнг вафот этган ва Бухородаги “Етти қози” қабристонига дафн этилган.

Собунийнинг қуйидаги асарлари бизгача етиб келган: “ал-Бидоя фи усулид дин” (Бошланғич диний таълим асослари). Китобнинг номи баъзан “Мулаҳҳасул кифоя фил ҳидоя ёки талҳисул кифоя” номи билан ҳам зикр этилади “ал-Кифоя фил ҳидоя” (Ҳидоят ҳақида мухтасар китоб). “Ал-Бидоя” асарининг аслини ташкил этган ушбу китобнинг қўлёзма нусхаси Истанбулдаги Сулаймония кутубхонаси “Laleli”бўлимида 2271 рақам билан сақланади. 

“ал-Мунтақо мин исматил анбиё” (Гуноҳлардан ҳоли бўлиш фақат пайғамбарларга хос). Ушбу асарининг ҳам қўлёзма нусхаси Истанбулдаги Сулаймония кутубхонаси “Laleli” бўлимида 2426 рақам билан сақланади.

Алломанинг асарлари бугунги кунда ҳам калом дарсларида ўқитилиши диққатга сазовордир. Улар калом илмининг барча масалаларидан хабардор бўлишни истаганлар учун энг қулай манба бўлиб хизмат қилади.

Тарихда “Имомзода” номи билан танилган Муҳаммад ибн Абу Бакр Бухорий ҳанафийлик ва мотуридийлик таълимотини Бухорода кенг ёйишда катта хизмат кўрсатган алломалардан ҳисобланади. Аллома Бухоро марказидан 4 фарсах (23 км) узоқликда жойлашган Шарғ қишлоғида ҳижрий 491, милодий 1098 йилда таваллуд топган.

Муҳаммад ибн Абу Бакр “Имомзода”, “Шарғий”, “Жуғий”, “Жарғий”, “Рукнул ислом”, “Воиз”, “Муфтий аҳли Бухоро”, “Маждуд дин” ва “Садуд дин” каби фахрли унвонлар билан танилган. Бир муддат Бухорода муфтийлик вазифасида ҳам фаолият олиб борган. Фиқҳ, калом, тасаввуф ва адабиёт илмларини мукаммаллаштирган.

Имомзода Абул Фазл Заранжарий (ваф. 512/ 1118), Абу Бакр Сурхакатий (ваф. 518/1124), Розийиддин Нишопурий (ваф. 585/1189) ва Хожа Юсуф Ҳамадоний (ваф. 535/1140)дан фиқҳ ва калом илмларини ўрганган.

Абул Муин Насафий (ваф. 508/1114), Иброҳим Саффор Бухорий (ваф. 534/1139), Абу Ҳафс Нажмиддин Умар Насафий (ваф. 537/1142), Абу Бакр Алоуддин Самарқандий (ваф. 539/1144), Абу Сано Маҳмуд Ломиший (ваф. 539/1144) ва Абул Фатҳ Алоуддин Усмандий (ваф. 552/1157) каби фақиҳ ва мутакаллим алломаларни ўзининг шайхлари деб эътироф этган.

Бурҳонул ислом Зарнужий (ваф. 610/1213), Шамсулаимма Кардарий (в.642/1244), Жамолиддин Маҳбубий Бухорий (ваф. 630/1232), Аҳмад ибн Абдулмалик ибн Умар ибн Абдулазиз ва Саъдуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад Авфий ва бошқалар Имомзоданинг шогирдлари бўлган.

Имомзода Бухорий Мавароуннаҳрда Имом Мотуридийдан кейин унинг таълимотини тарқатган ва ривожланишига ҳисса қўшган Абул Ҳасан Сирожиддин Али Фарғоний Ўший (в.575/1179) ва Нуриддин Собуний Бухорий (ваф. 580/1184) билан замондош бўлган.

Олим Бухоро мўғуллар томонидан босиб олинган дастлабки даврда, (573/1177) йилда вафот этган. Унинг қаегда дафн этилгани тўғрисида аниқ маълумот мавжуд эмас.

Алломанинг илмий меросига оид учта асар аниқланди. Улар – “Ширъатул ислом”, “Уқудул ақоид” ва “Ғароибул Қуръон”. Туркиялик олим Ражаб Жижи “Шурутус солат” номли китобни Имомзода қаламига мансублигини қайд этган.“Уқудул ақоид” назмий услубда ёзилган бўлиб, унинг қўлёзма нусхалари ҳозирда Туркия, Миср, Саудия Арабистони, Сурия ва Буюк Британия китоб фондларида сақланиб келмоқда. Ушбу манзумага Ҳамидуддин Ҳомид ибн Айюб Қураший “Мирқотул мубтадин” номли шарҳ ёзган. У Буюк Британия музейида сақланади.

Китобнинг тўлиқ номи “Уқудул ақоид фи фунунил фавоид” (Фойдали илмлардаги эътиқод мар­жон­лари) бўлиб, ушбу асар ҳанафий мотуридий ақидаси бўйича ёзилган манзумалар орасида энг узуни ҳисобланади ва ёзилиш тарихига кўра иккинчи ўринда туради. 770 байтдан иборат. Муал­лиф яшаган даврда Бухородаги диний вазиятдан келиб чиқиб, 560/1164–1165 йилларда Сирожид­дин Ўшийнинг “Бадъул омолий” манзумасидан 7–8 йил олдин битилган.

Имомзоданинг ушбу асари эътиқодий масалаларга бағишланган бўлиб, содда ва тушунар­ли тарзда назмий услубда ёзилган. Унда ақидада адашган баъзи мазҳаблар, фалсафий мушоҳада қилувчилар, даҳрийлар, мунажжимлар, бидъатчи фирқалар: жаҳмийлар, ботинийлар, жабарийлар, мушаббиҳачилар, рофизийлар, қадарийлар ва мўътазилийларга раддиялар берилган. Ушбу асар софдил, ихлосманд халқимиз, айниқса ёшларимиз турли ёт оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олидин олишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мотуридийлик таълимоти Имом Мотуридий вафо­тидан сўнг, шогирдлари ва Абул Муин Насафий бошчилигидаги таълимот давомчилари ёзган асарлари ва уларнинг саъй-ҳаракатлари билан бу диёрларда тарқалиб, ривожланди.

Ушбу соф ақидавий таълимот ислом тамаддуни ривожига муносиб ҳисса қўшди ва бу ўринда Бухородан етишиб чиққан алломаларнинг хизматлари беқиёс бўлди.

Тоҳир ЭВАДУЛЛАЕВ, 
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
маркази илмий ходими

 

Қўшимча малумот

МАНБАЛАРДА “ЛОМИШИЙ” НИСБАСИНИ ОЛГАН МУТАКАЛЛИМ ОЛИМЛАР ҲАҚИДАГИ ХАБАРЛАР ТАҲЛИЛИ
Ислом динининг Марказий Осиёга кириб келиши натижасида ўлкада илм-фан янада ривож топди, нафақат мусулмонларга, балки бутун дунё халқларига устоз бўлган...
“КИТОБ АТ-ТАВҲИД” ВА “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРЛАРИНИНГ ИЛМИЙ-ТАРИХИЙ АҲАМИЯТИ
Абу Мансур Мотуридий аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги икки ақидавий йўналишнинг бири бўлган мотуридия таълимотининг асосчиси ҳисобланади. Тўлиқ исми Абу...
“РИСОЛА АС-САҲОБА” АСАРИДА ИЖТИМОИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЁРИТИЛИШИ
Бошқарувнинг умавийлардан аббосийларга ўтиши, шунингдек, пойтахтнинг Суриядан Ироқ­қа кўчирилиши ислом давлатининг бутун тузилмасида ўзгаришлар бўлганини кўрсатади. Аниқ бир тартиб-интизомга асосланмаган...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry