04.01.2023
165

МОТУРИДИЙЛИККА ОИД ТАФСИРЛАРДА ИМОН ВА ГУНОҲ МАСАЛАСИНИНГ ЁРИТИЛИШИ

Қуръони карим маъноларини шарҳлашда тафсир китобларининг аҳамияти каттадир. Чунки етарли билимларга эга муфассирлар оятлар маъноларини атрофлича тушунтириш ва шарҳлашга алоҳида эътибор қаратадилар. Бироқ улар орасида турли ақидавий қараш вакиллари ҳам мавжудлигини асло эсдан чиқариб бўлмайди. 

“Аҳли сунна вал жамоа” деб эътироф этилган ашъария ва мотуридия таълимотларига доир тафсир китобларида ақида оятлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларнинг изоҳлари асосида шарҳланганига кўпчилик уламолар иттифоқ қилганлар. 

Қадим Мовароуннаҳрда шаклланган мотуридия таълимоти дунёнинг турли томонларига кенг тарқалди. Жумладан, у Марказий, Жанубий, Кичик Осиёда кенг, араб мамлакатлари ва Жанубий-Шарқий Осиёда маълум даражада ёйилди. Табиий равишда ушбу минтақалардаги муфассирлар ҳам оятларни ўзлари мансуб бўлган таълимот доирасида изоҳлаганлар. Жумладан, Қуръондаги ақидавий оятларни Имом Мотуридий “Таъвилот ал-Қуръон”, Абул Баракот Насафий “Мадорик ат-танзил ва ҳақоиқ ат-таъвил” тафсирларида атрофлича ёритиб, уларга нақлий ва ақлий далилларни келтирганлар.

Ақида илмидаги имон, гуноҳ масалалари борасида кўп баҳс қилинган. Қуръони каримнинг ўзида ҳам имон масаласи бир неча ўринларда зикр қилинган. Гуноҳ ва улардан тийилиш борасида ҳам бир қатор оятлар мавжуд. Демак, масаланинг моҳиятини тушуниш учун бундай оятларнинг айримларига мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ саналади.

Гуноҳ ишни қилиш билан инсон имондан чиқиши ёки чиқмаслиги масаласи ақидада асосий мунозарали ўринлардан бирини эгаллайди. Хорижийлар гуноҳи кабира[1] қилувчини имондан чиққан деб ҳисоблайдилар ҳамда бунга Бақара сурасининг 34-оятини далил қиладилар. Оят мазмуни қуйидагича: “Эсланг (эй, Муҳаммад), Биз фаришталарга: “Одамга сажда қилинглар!”, – деб буюришимиз билан улар сажда қилдилар. Фақат Иблис бош тортиб, кибр қилди ва кофирлардан бўлди”.

Хорижийлар оятни шарҳлашда ўз ақидаларига таяниб, шайтоннинг куфрга кетишига сабаб, унинг кибрланиб, илоҳий буйруқни адо этмаганидир. Демак, Аллоҳнинг буйруғини бажармаслик кишининг имондан чиқишига сабаб бўлади дейдилар. Мотуридия таълимоти намояндаси бўлган Абул Баракот Насафий эса, гуноҳ иш қилиш билан инсон имондан чиқмаслигини, балки ўша гуноҳни менсимай, уни жоиз санасагина, имондан чиқишини таъкидлайди. Шайтоннинг ҳам куфрга кетишига сабаб, саждадан кибрланиб, уни рад этгани ва ундан юз ўгирганлигидир, деб айтади.

Бундай шарҳ ва изоҳ айнан аҳли сунна ва унинг бир қисми бўлган мотуридия таълимотига тўла ҳамоҳангдир. Чунки суннийлар ҳеч бир мусулмонни гуноҳи сабабли диндан чиққан деб ҳисобламаганлар.

Мовароуннаҳрлик олим ва мутасаввифлардан бири Нажмиддин Кубро: “Одамга сажда қилинглар!” оятидаги сажда қилишда уч хил маъно бор, дейди ҳамда ушбу оятни тасаввуф моҳияти ила изоҳлайди. Улардан биринчиси, (Фаришталар) сизлар мулкий ва руҳоний табиийлик ила сажда қилиб келасизлар, энди буйруқни бажариб, сажда қилинглар”, деган маъно билан боғлиқ. Аслида фаришталар яратилишидан ибодатга машғул, энди улар алоҳида сажда қилишга буюрилмоқдалар.

Иккинчиси, сажда қилиш Одамнинг халифалик шаъни ва унга хос фазилатини улуғлаш учун бўлмоқда. Чунки Аллоҳ таоло фаришталарни одамга сажда қилишга буюрган. Ким унга сажда қилса, Аллоҳнинг буйруғини адо этган бўлади. Фатҳ сураси 10-оятида ҳам “Сизга байъат қилаётганлар, албатта, Аллоҳга байъат қилмоқдалар”, дейилади. 

Учинчиси, Одамнинг ажри учун сажда қилинглар, яъни саждаларинг Одамнинг фойдасига бўлсин, деган мазмунни мужассам этган[2]. Чунки фаришталарга, инсониятдан фарқли ўлароқ, савоб керак эмас. Демак, сажда ҳам инсоният фойдасига ўтказилади.

Абул Баракот Насафий оятдаги “сажда қилиш”ни “таъзим қилиш ва Одамнинг фазлини эътироф этиш”, Убай ибн Каъб ва Абдуллоҳ Ибн Аббос “энгашиш”, деб тафсир қиладилар. Жумҳур уламолар саждани “юзни ерга қўйиш” билан Одамни табрик ва муборакбод этиш”, деб шарҳлайдилар. Ўша пайтда Одамга нисбатан бу каби табрик саждасини қилиш жоиз бўлган. Лекин Сулаймон алайҳиссалом даврига келиб яралмишга нисбатан ҳар қандай сажда қилиш мансух (бекор) қилинган ва фақат Аллоҳга сажда қилишгагина буюрилган[3].

Демак, имон тўғрисидаги оятларни Абул Баракот Насафий каби шарҳлаш катта аҳамият касб этади. Чунки бундай шарҳлаш натижасида қанчадан-қанча “гуноҳкор” деб даъво қилинаётганлар аслида мўмин эканликлари тўғрисидаги хулоса келиб чиқади. Аксинча шарҳлаш эса, одамларни динсизликда айблаш ва бунинг оқибатида уларнинг мол ҳамда жонларига таҳдидлар келиб чиқишига сабаб бўлади.

Бу мавзунинг давоми сифатида Нисо сурасининг 31-ояти: “Агар сизлар ман этилган гуноҳларнинг катталаридан сақлансангизлар, кичик гуноҳларингизни сизлардан ўчирурмиз”ни келтириш мумкин. Мўътазилийлар бу оятга таяниб, катта гуноҳлардан сақланганларнинг кичик гуноҳлари зарурий равишда ўчирилади, катта гуноҳлар эса, кечирилмайди, дейдилар. Ўз навбатида, Абул Баракот Насафий бундай қарашни ботил деб, катта ва кичик гуноҳлар Аллоҳ учун бирдир, хоҳласа, у иккиси учун жазо беради, хоҳласа, кечиради. Чунки Қуръонда “Албатта, Аллоҳ ўзига ширк келтиришни кечирмайди. Ундан бошқасини хоҳлаган кишиси учун кечириб юборади”[4], дейилади. Тафсирнинг давомида Абул Баракот “Ҳасанотлар (яхши амаллар) саййиотлар (ёмон амаллар)ни кетказади” оятига асосланиб, катта ва кичик гуноҳлар яхши амаллар сабабли кечирилиши мумкинлигини айтади. Чунки “саййиот” деганда, бу икки турдаги гуноҳлар назарда тутилади[5]. Бу фикр Абу Ҳафс Насафийнинг “ал-Ақоид ан-Насафий” асарида ҳам ўз аксини топган[6].

Абу Мансур Мотуридий “катта гуноҳ”дан мурод катта ширк эканига кўпроқ эътибор қаратади. Катта ширклар қаторида Аллоҳга шерик келтириш, пайғамбарларни инкор этиш, ибодатларни инкор ила тан олмаслик, ҳаромни ҳалол ва ҳалолни ҳаром санаш кабиларни айтиб ўтади[7].

Насафий ақидада адашган тоифалардан саналган муржиийларнинг имонли кишига гуноҳнинг зарари йўқ ва у дўзахда асло азобланмайди, деб эътиқод қилишларини айтади ҳамда “бизнинг наздимизда гуноҳкор мўмин дўзахга кириши мумкин, лекин оқибатда барибир жаннатга тушади”, дейди. Муржиийларга қарши وَأَطِيعُواْ اللّهَ وَالرَّسُولَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ “Аллоҳга ва Расулига итоат қилинглар, шояд марҳамат топсаларингиз” оятини[8] далил қилади. Чунки оятдаги “шояд” – لعل сўзи аниқликни эмас, балки мумкинликни билдиради[9].

Ҳофиз ад-дин Насафий бу оят тафсирида яширин саволга[10] жавоб беради: “Аҳли тафсир наздида لعل – ла‘алла ва عسي – ‘асо Аллоҳ томонидан ифодаланганида таҳқиқ (аниқлик)ни билдирса ҳам, ҳар бир билим эгасига Аллоҳнинг розилиги ва унинг раҳмати ҳамда савобига етишишнинг қийинчилиги маълумдир”[11]. Шунинг учун оятдан “Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига итоат этингиз, шунда шояд (аниқ эмас) марҳамат топишингиз мумкин”, деган мазмун келиб чиқади. Агар аниқ маъноси берилса, унда “муржиийлар даъволарига мувофиқ имонли бўлиш билан Аллоҳнинг марҳаматини топиш мумкин”, деган маъно келиб чиқар эди.

Кўриниб турганидек, имон ҳамда гуноҳкорнинг имонли ёки имонсиз бўлиши масалаларида турли қарашлар мавжуд бўлиб, мотуридий алломалар мазкур мавзуларни мўътадиллик, илмийлик асосида ақлий ва нақлий далиллар билан баён этганлар. 

 

Давронбек Махсудов,

тарих фанлари доктори, доцент 

 


 

[1] Катта гуноҳ: ўғирлик, зулм, бировнинг ҳақини ейиш каби ижтимоий хавфи катта гуноҳлар.

 

[2] Нажмиддин Кубро. ат-Таъвилот ан-нажмия фи-т-тафсир ал-ишорий ас-суфий (Алоуд давла Аҳмад ибн Муҳаммад ас-Симноний. Айнул ҳаёт) / таҳқиқ: Шайх Аҳмад Фарид ал-Мазидий. Ж.6. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-ʻилмия, 2009. Биринчи нашр. Ж. 1. –Б. 151–155.

 

[3] Ан-Насафий. Тафсир ан-Насафий. Ж.1. –Б. 80–81.

 

[4] Ан-Нисо, 48.

 

[5] Ан-Насафий. Тафсир ан-Насафий. Ж.1. –Б. 353.

 

[6] Ақоид матнлари. –Б. 45.

 

[7] Ал-Мотуридий. Таъвилот аҳл ас-сунна. Ж.3. –Б. 144–148. 

 

[8] Оли Имрон, 132.

 

[9] Ан-Насафий. Тафсир ан-Насафий. Ж.1. –Б. 291–292.

 

[10] Савол “Қуръондаги ла‘алла ва ‘асо феъллари Аллоҳ томонидан билдирилган бўлса, мумкинликни эмас, балки аниқликни тақозо этади. Сиз нима учун ушбу мазмунни бу ерда қўлламаяпсиз?” тарзида бўлиши мумкин.

 

[11] Ан-Насафий. Тафсир ан-Насафий. Ж.1. –Б. 291–292.

 

Қўшимча малумот

МАНБАЛАРДА “ЛОМИШИЙ” НИСБАСИНИ ОЛГАН МУТАКАЛЛИМ ОЛИМЛАР ҲАҚИДАГИ ХАБАРЛАР ТАҲЛИЛИ
Ислом динининг Марказий Осиёга кириб келиши натижасида ўлкада илм-фан янада ривож топди, нафақат мусулмонларга, балки бутун дунё халқларига устоз бўлган...
“КИТОБ АТ-ТАВҲИД” ВА “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРЛАРИНИНГ ИЛМИЙ-ТАРИХИЙ АҲАМИЯТИ
Абу Мансур Мотуридий аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги икки ақидавий йўналишнинг бири бўлган мотуридия таълимотининг асосчиси ҳисобланади. Тўлиқ исми Абу...
“РИСОЛА АС-САҲОБА” АСАРИДА ИЖТИМОИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЁРИТИЛИШИ
Бошқарувнинг умавийлардан аббосийларга ўтиши, шунингдек, пойтахтнинг Суриядан Ироқ­қа кўчирилиши ислом давлатининг бутун тузилмасида ўзгаришлар бўлганини кўрсатади. Аниқ бир тартиб-интизомга асосланмаган...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry