30.12.2022
143

МУҲАММАД ШАЙБОНИЙ АСАРЛАРИДА УРУШ ВА НИЗОЛИ ВАЗИЯТЛАРДА ТИНЧ АҲОЛИ ВАКИЛЛАРИНИ АСРАШГА ҚАРАТИЛГАН МАСАЛАЛАР ТАҲЛИЛИ

Уруш пайтида халқаро муносабатлар, табиийки, унда бир-бирига қарши бўлган томонлар ўртасидаги алоқларга таъсир қилади. Ҳар бир томон ёки гуруҳ бир-бирини душман сифатида қабул қилиб, ғалаба ва устунликка эришиш учун уни мағлуб этишга ҳаракат қилади. Душманни мағлуб этиш истаги томонларни энг оғир жиноятларга ундаши мумкинлигини ҳисобга олиб, қуролли курашнинг воситалари ва усулларини, шунингдек, жанговар ҳаракатларнинг очилиши ва ўтказилишини қонуний тартибга солиш талаб этилади. Шу сабабли, кўплаб ҳуқуқ тизимларида уруш ва тинчлик масалалари муайян қоидалар асосида тартибга солинади. 

Ислом ҳуқуқида ҳам халқаро муносабатлар объекти бўлган уруш ва тинчлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Қуръони каримда келган қатор оятлар ва Муҳаммад cолал­лоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган бир қанча ҳадисларда уруш билан боғлиқ муносабат­лар тартибга солинган. Шу билан бирга, сияр илми бўйича иш олиб борган фақиҳ уламолар уруш билан боғлиқ фиқҳий масалаларни четлаб ўтишмаган. 

Ҳанафий мазҳабининг ғоявий раҳнамоларидан саналган Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний (132/749-179/805) ўз асарларида ўн уч аср илгари тасниф этган қоидалар ҳам мусулмон­лар­нинг ўзга дин вакилларига бўлган муносабатлари ҳамда улар билан уруш ва тинчлик даврида бир­галикда ҳаёт кечиришига қаратилган. Шу билан бирга, динлар ва миллатлараро келишмов­чи­лик ва низоли вазиятлар юзага келиши мумкин бўлган ҳолатда урушларни олдини олиш, мабодо, уруш кузатиладиган бўлса, уни тартибга солиш ҳамда турли ваҳшийликлардан сақланиш масалалари ҳам Муҳаммад Шайбоний асарларида ўз аксини топган[1] (Сарахсий, Шарҳ ас-Сияр ал-кабир, 1997)

Аслида, ҳеч бир дин уруш тарафдори эмас, аксинча, барча динлар тинчлик тарафдори, бу масалада ислом дини энг олдинги ўринда туради, дейилса муболаға бўлмайди. Хусусан, ислом динининг бош манбаси бўлмиш Қуръони каримнинг Анфол сураси 61-оятида мусулмонларнинг урушни олдини олиш ва сулҳни қабул қилишга даъват этилган. Шунингдек, Қуръони каримда диний жамоалар, халқлар элатлар ўртасида қарама-қаршиликларни келтириб чиқариш, кескинлаш­тириш мақсадида бузғунчилик билан шуғулланиш, жамоалар, халқларнинг бири устидан иккинчиси ҳукмронлигини ўрнатиши, бир-бирларига зулм ўтказиши, тинч-тотувлик туйғусидаги келишувларга риоя қилмаслик қораланади[2]. Ўз навбатида, бундай хатти-ҳаракатлар оғир жиноят ҳисобланади. Уларни содир қилган кишилар бу дунёда ва у дунёда жавобгарликка тортилиши 
қайд этилади.

Ислом халқаро ҳуқуқида уруш олиб боришнинг асосий сабаби эътиқодий тавофут эмас, яъни шахс бошқа динга мансуб бўлгани учун у билан жанг олиб бориш талаб этилмайди. Балки уруш олиб боришнинг асосий омили душманнинг тажовузидир. Фақиҳлар бунга далил сифатида Муҳаммад алайхиссалом томонидан айтилган урушда дахлсизлик мақомини олган беш тоифа вакиллари ҳақидаги ҳадисини келтиришади (ал-Байҳақий, 1994). Унга кўра, аёллар, болалар, кек­салар, руҳонийлар ва осифлар, яъни урушга мажбуран ёлланган кўр, кар ва бошқа ногирон­лиги бўлган кишилар ўзга дин вакили бўлсалар-да, улар билан урушилмайди ҳамда ўлдирилмайди. 

Бундан ташқари, фақиҳлар уруш нишонига айланмайдиган тоифаларни қиёс методоло­гия­си асосида кенгайтирганлар. Яъни, жанг олиб бориш мумкин бўлган томонлар аниқлаштирилиб, бу тоифага кирмайдиганларга қурол билан таҳдид қилинмайди, деганлар[3]

Аслида, ислом ҳуқуқида, хусусан, ҳанафийлик мазҳабига кўра, уруш ҳолатини келтириб чиқариш, ўзгаларни жонига қасд қилиш, жанг асносида ҳам аёллар ва болаларга қурол ўқталишдан қайтарилган. Фақиҳлар бу ҳақда Муҳаммад алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадисга мувофиқ беш тоифа вакиллари, аёллар, болалар, кексалар, руҳонийлар ва осифлар ўлдирилмаслигига иттифоқ қилинган. 

Хусусан, “ас-Сияр ал-кабир”да келтирилишича, урушда фақат жангчилар билан жанг қилинади, аёллар, болалар, руҳонийлар, қариялар, ақли заифлар, деҳқонлар, қуллар, кўрлар ва бошқа ҳарбий бўлмаганлар урушда ўлдирилмайди. Муҳаммад Шайбонийнинг қарашларига кўра, аёл киши қурол билан ҳужум қилсагина, мусулмон аскар ўзини ҳимоя қилиш мақсадидаунга зарар етказиш мумкин. Агар аёлни қуролсизлантириш имкони бўлса, унга зарар етказиш ҳам 
мумкин эмас

Бундан ташқари, Муҳаммад Шайбоний аёллар одатда аскарлар сафида урушга чиқмаслиги, душман сифатида бостириб келмаслигини ҳисобга олиб, улар ўлдирилмайди, деб хулоса берган. У ўз фикрига Қуръони каримнинг Бақара сурасининг “Сизларга қарши жанг қилганлар билан Аллоҳ йўлида жанг қилинглар” 190-оятини далил сифатида келтиради.

Бу масалада фақиҳларнинг қарашлари ҳар хил. Хусусан, моликий мазҳаби фақиҳларидан бўлган Аҳмад Қарофий (ваф. 684/1285) душманлар томонидан бўлган аёл мусулмон аскарини тош билан уриб ўлдириб қўйса, аёлни ҳам қатл қилиш мумкин деган фикрни билдирган[4]. Бошқа фақиҳлар ҳам жанглар асносида аёллар билан боғлиқ фиқҳий ҳолатлар бўйича ўз фикрларини билдиришган. Хусусан,  Ибн Қудома “аннаҳа ла туқотил” (улар урушмайдилар), яъни урушувчилар тоифасига кирмайди ва шу сабабли ҳам улар ўлдирилмайди, деб изоҳлайдиИмом Ғаззолий эса, аёллар жанг аҳли эмас ва улар жангга ярамайди, деб айтиб ўтган..

Бундан ташқари, урушда дахлсиз ҳисобланувчи тоифалардан бири – кексалар ҳақида ҳам фақиҳлар орасида фикрлар турличадир. Аввало, неча ёш оралиғидаги шахслар кекса бўлади, деган масала бўйича фақиҳлар ўртасида ихтилофлар кўзга ташланади. Муҳаммад Шайбоний асарларида бу борада аниқ ёш илгари сурилмаган бўлса-да, айрим фақиҳлар кекса дейиш учун муайян ёшни белгилаганлар. Жумладан, шофеъий мазҳабининг фақиҳларидан бўлган имом Санъоний (1099/1688–1182/1768) шахсни кекса деб аташ учун у камида 50 ёшга тўлган бўлиши керак деган фикрни илгари сурган. Лекин умумий қараш сифатида шахснинг урушда дахлсиз деб топилиши учун у қурол кўтаришга ярамайдиган даражада кексалик ҳолатида бўлиши ва албатта, уруш жараёнларида иштирок этмаслиги шарт қилинади. 

Муҳаммад Шайбонийнинг “ас-Сияр ал-кабир” асарида уруш ва низоли вазиятларда ўзини дин хизматига бағишлаган роҳиблар ва зоҳидлар ҳам дахлсиз ҳисобланиши ҳамда уларга нисбатан қурол кўтарилмаслигига алоҳида тўхталиб ўтилган. Имом Муҳаммад “роҳиблар инсонларни тўғри йўлдан адаштиришга воситачи” деган сўзлар улар жанг олиб бормаса ҳам, ўлдириш керак экани­ни англатмайди. Дин ва эътиқод масаласини Аллоҳнинг ўзи ҳисоб-китоб қилади, энг асосийси, зулмдан сақланиш керак, дея таъкидлаган[5]

Имом Муҳаммад ўз фикрларини Пайғамбар алайхиссаломнинг ҳадислари, шунингдек, халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Язид ибн Абу Суфённи қўшинга бошлиқ этиб жангга кузатиш олдидан берган ўнта насиҳатида руҳонийларни ўлдирмаслик ҳақидаги кўрсатмалари билан асослайди. Шундай бўлса-да, аксарият фақиҳлар агар руҳоний ибодатхонани тарк этиб, жангда иштирок этиш учун чиқса, унинг дахлсизлик ҳуқуқи тугатилишига шубҳа қилмаганлар[6].

Юқорида келтирилган маълумотлар ислом ҳуқуқида уруш ва низоли вазиятлар билан боғлиқ масалалар жуда синчковлик билан тадқиқ этилганидан далолат беради. Жумладан, фақиҳлар томо­нидан халқаро муносабатларга доир энг мўътабар асар деб қараладиган “ас-Сияр ал-кабир”да уруш ҳаракатларида бевосита иштирок этмаётган ва ҳарбийларга ёрдам кўрсатмаётган тинч аҳолининг соғлигига, ор-номусига, обрўйига, қадр-қимматига, иззат-нафсига, руҳиятига, мол-мулкига, турар-жойи ва шахсий дахлсизлигига тажовуз қилишнинг тақиқланиши атрофлича ёритиб берилган. Бу эса “ас-Сияр ал-кабир”да кўтарилган масалаларнинг долзарблиги бугунги кунда янада кучайиб бораётганини кўрсатади.

 

Шукрулло Жўраев,

Имом Мотуридий халқаро илмий-

тадқиқот маркази илмий ходими


 

[1] Муҳаммад ибн Аҳмад Сарахсий. Шарҳ ас-Сияр ал-кабир (Vol. 4). –Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя, 1997.

 

[2] Абдулазиз Мансур. Қуръони карим: маъноларининг таржима ва тафсири. –Тошкент: Тошкент ислом универ­си­тети, 2016.

 

[3] Ahmad al-Dowudi. The Islamic Law of War. –New York: Macmillan, 2011.

 

[4] Муҳаммад ал-Ғаззолий. Ал-Восит (Vol. 7). –Қоҳира: Дор ас-салам, 1997.

 

[5] Муҳаммад ибн Аҳмад Сарахсий. Шарҳ ас-Сияр ал-кабир (Vol. 4). –Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя, 1997.

 

[6] Муҳийиддин ибн Шараф ан-Нававий. Ал-Мажмуъ (Vol. 21). –Байрут: Дор ал-Фикр, 2000.

 

Қўшимча малумот

МАНБАЛАРДА “ЛОМИШИЙ” НИСБАСИНИ ОЛГАН МУТАКАЛЛИМ ОЛИМЛАР ҲАҚИДАГИ ХАБАРЛАР ТАҲЛИЛИ
Ислом динининг Марказий Осиёга кириб келиши натижасида ўлкада илм-фан янада ривож топди, нафақат мусулмонларга, балки бутун дунё халқларига устоз бўлган...
“КИТОБ АТ-ТАВҲИД” ВА “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРЛАРИНИНГ ИЛМИЙ-ТАРИХИЙ АҲАМИЯТИ
Абу Мансур Мотуридий аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги икки ақидавий йўналишнинг бири бўлган мотуридия таълимотининг асосчиси ҳисобланади. Тўлиқ исми Абу...
“РИСОЛА АС-САҲОБА” АСАРИДА ИЖТИМОИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЁРИТИЛИШИ
Бошқарувнинг умавийлардан аббосийларга ўтиши, шунингдек, пойтахтнинг Суриядан Ироқ­қа кўчирилиши ислом давлатининг бутун тузилмасида ўзгаришлар бўлганини кўрсатади. Аниқ бир тартиб-интизомга асосланмаган...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry