23.12.2022
227

НАҚШБАНДИЯ МАКТАБИДА КАМОЛОТ ЙЎЛИ

Юртимизда истиқлол йилларида инсонни камолотга тарғиб этувчи, кўплаб китоблар ёзилди, таржима қилинди. Бугунги кунда ҳам бу ишлар давом этмоқда[1]. Аммо аждодларимиздан қолган улкан илмий-маърифий мероснинг кўламига қарасак, ҳали тасаввуфга оид минглаб манбалар тадқиқ этилиши ва халқимизга етказилиши кераклигини кўрамиз. 

Мазкур мақолада хожагон-нақшбандия алломалари томонидан асрлар давомида ишлаб чиқилган комил инсон тарбиясига доир концепция, яъни нақшбандийликдаги ўн бир қоидага оид ёндашувлар ва таҳлиллар берилган. 

Тасаввуф тарихида кенг доирада тадқиқ этилиши зарур бўлган тариқатлардан бири нақшбандия мактаби бўлиб, бу тариқат бир неча асрлар давомида шаклланиб Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд (1318–1389 йиллар) даврларида юксак бир ҳолатга етди. Нақшбандийлар жамоаси тасаввуф мактаблари ўртасида катта ютуқларга эришганлиги кўплаб тарихий асарлар, маноқиб ва тазкираларда таъкидланади[2]. 

Аммо минг афсуслар бўлсинки, нақшбандия тариқати, собиқ шўролар тузуми даврида нотўғри талқин этилди ва халқимизга мистик ғояларни тарғиб этувчи, баъзи ҳолатларда эса дин воситасида бойлик ва ҳокимиятга интилувчи жамоа сифатида ҳам кўрсатилди[3]

Аслида нақшбандийлик мактаби қуйидаги тўрт асос устига қурилган: 

Шариат билан зоҳирни поклаш.

Тариқат билан ботинни поклаш.

Ҳақиқат билан қурби Илоҳийга эришмоқ.

Маърифат билан Аллоҳнинг ризолигига эришмоқ[4].

Юқоридаги асослардан келиб, чиқиб нақшбандийликда шогирдларни босқичма-босқич тарбиялашда ўн бир қоида муҳим аҳамият касб этган, аммо бу жараёнда айнан бир қоида ягона услуб орқали барча шогирдларга бирдек татбиқ этилмаган, чунки ҳар бир инсоннинг феъл-атвори, иқтидори, илм даражаси, ҳиммати, устозга итоати ҳар хил бўлган, бу фарқлардан келиб чиқиб шогирдлар тарбиясида ўн бир қоидани амалга ошириш учун турли услублар қўлланилган[5]

Ушбу ўн бир қоида бир неча асрларда давомида шаклланган бўлиб, дастлабки тўртта қоидани Хожа Юсуф Ҳамадоний (XI–XII асрлар), кейинги тўртта қоидани Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний (XII аср)  ва сўнгги уч қоидани Хожа Баҳоуддин Нақшбанд (XIV аср) томонидан асос солинган[6]. Қуйида ўн бир қоиданинг мухтасар шарҳини кўришимиз мумкин.

Ҳуш дар дам – ҳар нафасни ҳушёрлик билан олиб Аллоҳни зикр этиш.

Назар бар қадам – соликнинг ўз назарини эҳтиёт қилиши, юраётганида оёқ учларига қараб юриши. Шунингдек, ҳар қадамини гуноҳ йўлларга босмаслигини назорат қилиб туриши. 

Сафар дар ватан – соликнинг ўз ватанида туриб Аллоҳга таважжуҳ билан сафар этиши асносида, ёмон сифатларини тарк этиб, ахлоқини тузатиши.

Хилват дар анжуман – зоҳирда халқ билан, ботинда Ҳақ билан бўлиш. Қалбан доим Аллоҳни эслаш ва ҳолатини ҳеч кимга ошкор этмаслик.

Ёд кард – тил ва қалбнинг баробар зикр этиши.

Боз гашт – солик зикр қилиб бўлгач, “Илаҳи, Анта мақсуди ва ризока матлуби” – яъни “Аллоҳим, мақсадим Сенсан, талабим – истагим Сенинг ризолигингдир”, деб айтиши. Яъни, Аллоҳ ризосини топиш унутилиб, кўр-кўрона зикр қилишнинг олдини олиш мақсадида бу қоида жорий этилган.

Нигоҳ дошт – “Лаа илаҳа илаллоҳ”ни айтишда қалбни ҳар хил ўй-фикрлар, васвасалардан халос қилиш.

Ёд дошт – Аллоҳ таолони доимо завқу шавқ билан ёдда тутиб, огоҳ бўлиш.

Вуқуфи замоний – солик ўз ҳолатини таҳлил этиб, шукр ёки истиғфор айтиши кераклигини тафаккур қилиши ва шунга мувофиқ ўзининг бандалик мақомида туриши таъкидланади.

Вуқуфи ададий – мурид зикрларда саноққа (тоқ) риоя этиши ва ўз хаёлини идора эта олиши, бу ладуний илмнинг бошланиши дея таъкидланга.

Вуқуфи қалбий – солик бу босқичга етганида Ҳақдан ўзга ҳеч нарсани ўйламайди. Зикрнинг энг юқори даражасига эришади[7].

Тарихий манбаларни тадқиқ этиш натижасида, нақшбандия тариқатидаги ўн бир қоида амалиётга татбиқ этилишининг ўзига хос тажрибаси шаклланганини кўрамиз. Жумладан, баъзи инсонлар бу тариқатдаги ўн бир қоиданинг қисқа вақтда (бир неча йилда), баъзи муридлар эса, жуда узоқ муддатда (20–30 йилда) босиб ўтган[8]. Албатта, қисқа муддатда босиб ўтганларда бу қоидаларда белгиланган шартларни у ёки бу даражада мустақил бажариш истеъдоди бўлган ва шайхнинг ҳузурига келганда муриднинг иқтидори ўн бир қоида асосида тизимга солинган, шу сабабли солик учун бу йўлни босиб ўтиш анча енгил бўлган (аммо истисноли ҳолатлар ҳам манбаларда баён этилган)[9]

Мақоланинг муҳокама қисмида Хожа Баҳоуддин Нақшбанд томонидан саккизта қоидага яна учта қоиданинг нима сабабдан қўшилгани таҳлил этилиб, бу борада бир қатор саволларга жавоб изланади. Жумладан, 

Энг аввало нима учун ушбу тариқат қоидаларига Хожа Баҳоуддин Нақшбанд томонидан яна учта қоида қўшилди? 

Нима учун 600 йилдан буён кейинги авлод нақшбандий устозлар томонидан янги қоидалар қўшилмади ? 

Ушбу ўн бир қоидага асосланган концепция Хожа Баҳоуддин Нақшбанддан сўнг мукам­мал ҳолатга келган эдими? 

Ёки янги қоидаларни жорий этадиган муршидлар йўқ эдими?

Бу каби саволларга мавжуд маълумотларнинг таҳлилидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Хожа Бахоуддин Нақшбанд томонидан учта қоида билан тариқатнинг бу дастури концептуал ҳолатга келтирилди. Шу сабабли Нақшбандий устозлар томонидан асрлар давомида шакллан­ган ўн бир қоидага янги қоидаларни қўшишнинг зарурати бўлмади. Аммо мавжуд қоидаларни кенгроқ шарҳлаш, шогирдларга тушунтириш, ҳар бир қоида ўртасидаги нозик фарқларни изоҳлашга асо­сий эътибор қаратилди [10]

Нақшбандийлик тариқатида келтирилган ўн бир қоида ушбу тариқатнинг энг машҳур устозлари томонидан ишлаб чиқилгани, минг йил давомида шаклланиб, тараққий этганини кўриш мумкин. Нақшбандийлик мактабида ишлаб чиқилган бу қоидалар нафақат Марказий Осиёда, балки Ҳиндистон, Хитой, Афғонистон, Покистон, Бангладеш, Индонезия, Малайзия, Эрон, Туркия, Кавказорти, Россия, Европа, Яқин Шарқ, Африка ва Араб мамлакатларига ҳам етиб борганлиги бу тариқатнинг қанчалик халқчил бўлганини кўрсатади[11]

Ушбу ўн бир қоидада қуйидаги бешта алоҳида жиҳатни кўришимиз мумкин:

Тариқат вакиллари жамиятдан ажралмаган, яъни таркидунё қилмаган ҳолда бу қоидаларга амал қилиб яшаши мумкин бўлган, бунда “Хилват дар анжуман” қоидасида муҳим аҳамият касб этган.

Ушбу қоидаларга риоя этишда соликка шаръий илмларни билиш ва аҳли сунна эътиқодида бўлиш мажбурияти қўйилади, бу талаб мусулмонлар ўртасида турли фитналар, бидъатлар ва адашишларнинг олдини олишда катта рол ўйнаган.

Мурид албатта бирор касбни эгаллаган бўлишлиги шарт қилинган, чунки узрсиз ҳолатда тиланчилик билан ҳаёт кечириш исломда қаттиқ қораланган, нақшбандийлар шу сабабли инсон ўз меҳнати билан тирикчилик қилиши керак деб ҳисоблашган, яъни “Дил ба ёру даст ба кор” (Қўлинг меҳнатда, қалбинг Аллоҳда бўлсин).

Нақшбандийликда Ҳақнинг розилигини топишда халқнинг хизматини қилиш, юкини енгиллаштириш, умуман, халқ учун фидоийлик қилиш энг афзал амаллардан бири сифатида алоҳида таъкидланган ва тарғиб этилган. Бу ҳолатга Хожа Аҳрор Валийнинг темурийлар даврида олиб берган халқпарвар фаолиятини ёрқин мисол сифатида келтиришимиз мумкин[12].

Бу йўлда юрувчилар ўз ибодатларини, амалларини имкон даражасида халққа ошкор этмасликка, риёкорлик, шуҳратпарастлик, валийликка даъвогарлик[13], бойлик ва ҳокимиятга интилиш каби жиҳатлардан ўзларини жуда ҳам эҳтиёт қилишган.

Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, бугунги кунда тасаввуф таълимоти ислом дини асоси­да олимлар, уламолар, зиёлилар, устозлар томонидан асрлар мобайнида тадқиқ этилиб, тараққий этган ирфоний йўллардан бири сифатида эътироф этиб келинмоқда. Маълум юксалишлар ва таназзулларга қарамасдан, инсонлар бу мактабларга эҳтиёж сезиб, бугунги кунда ҳам бу илмий-маърифий мактабнинг меросини  тадқиқ этишмоқда. Зеро, баркамол авлодни тарбиялашда аждодлар меросига таяниш ёшларимиз келажаги  учун ижобий аҳамият касб этади.

 

Тоҳир ХОтамов,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Ислом тарихи ва манбашунослиги IRCICA 

кафедраси доценти

 


 

[1] Н.Комилов. Тасаввуф. –Тошкент: Мовароуннаҳр – Ўзбекистон, 2009. –Б. 147. Тасаввуф атамалари: изоҳли луғат. 
А-Ҳ. –Тошкент: Мовароуннаҳр, 2015. –Б. 188. К.Раҳимов. Мовароунаҳр тасаввуфи тарихи: Таълимотнинг шаклланиши ва тизимлаштирилиши (VII–XI асрлар). –Тошкент: Akademnashr, 2020. –Б. 400. Ғ.Раззоқов, К.Раҳимов. Хожагон-нақшбандия тариқати ва етти пир. –Тошкент: Ўзбекистон. 2020. –Б. 39–41. Н.Комилов. Тасаввуф. –Тошкент: Мовароуннаҳр –Ўзбекистон, 2009. –Б. 147.

 

[2] Мақомоти Хожа Баҳоуддин Нақшбанд. –Тошкент: Ўзбекистон. 2019. –Б. 3–15.

 

[3] Ислом: справочник. М.А.Усмонов таҳрири остида. “Ўзбек совет энциклопедияси бош редакцияси”. –Тошкент: Матбуот, 1989. –Б. 252.

 

[4] Б.Аҳмаджон. Комил инсонлар йўлида. –Тошкент: Мовароуннаҳр, 2003, –Б. 41.

 

[5] Мақомоти Хожа Баҳоуддин Нақшбанд. –Тошкент: Ўзбекистон, 2019. –Б. 149.

 

[6] Тасаввуф атамалари: изоҳли луғат. А-Ҳ. –Тошкент: Мовароуннаҳр, 2015. –Б. 188.

 

[7] Йўлдош Эшбек. Баҳоуддин Нақшбанд Бухорий. –Қарши: Насаф, 2010. –Б. 138–150.

 

[8] Ўша манба, –Б. 216.

 

[9] Ш.Сирожиддинов. Илм ва тахайюл сарҳадлари. –Тошкент: Янги аср авлоди. 2011. –Б. 80–82.

 

[10] Табаррук рисолалар. (Фиқрот ул-орифийн) –Тошкент: Адолат, 2004, –Б. 13.

 

[11] Ғ.Раззоқов, К.Раҳимов. Хожагон-нақшбандия тариқати ва етти пир. –Тошкент: Ўзбекистон. 2020. –Б. 147.

 

[12] Фахруддин Али Сафий. Рашаҳоту айн ул-ҳаёт. –Тошкент: Абу Али Ибн Сино, 2004, –Б. 387–400.

 

[13] А.Мирзахон. Шайх Аттор Валий. –Тошкент: Шамсуддинхон Бобохонов, 2021. –Б. 8–9.

 

Қўшимча малумот

МАНБАЛАРДА “ЛОМИШИЙ” НИСБАСИНИ ОЛГАН МУТАКАЛЛИМ ОЛИМЛАР ҲАҚИДАГИ ХАБАРЛАР ТАҲЛИЛИ
Ислом динининг Марказий Осиёга кириб келиши натижасида ўлкада илм-фан янада ривож топди, нафақат мусулмонларга, балки бутун дунё халқларига устоз бўлган...
“КИТОБ АТ-ТАВҲИД” ВА “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРЛАРИНИНГ ИЛМИЙ-ТАРИХИЙ АҲАМИЯТИ
Абу Мансур Мотуридий аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги икки ақидавий йўналишнинг бири бўлган мотуридия таълимотининг асосчиси ҳисобланади. Тўлиқ исми Абу...
“РИСОЛА АС-САҲОБА” АСАРИДА ИЖТИМОИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЁРИТИЛИШИ
Бошқарувнинг умавийлардан аббосийларга ўтиши, шунингдек, пойтахтнинг Суриядан Ироқ­қа кўчирилиши ислом давлатининг бутун тузилмасида ўзгаришлар бўлганини кўрсатади. Аниқ бир тартиб-интизомга асосланмаган...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry