16.12.2022
190

АБУ ҲАФС НАСАФИЙНИНГ ҲАДИС ИЛМИ РИВОЖИГА ҚЎШГАН ҲИССАСИ

Самъоний Абдулкарим таъкидлашига кўра, Абу Ҳафс Насафий ҳадис илми билан шуғулла­ниш истагида ҳаж сафаридан қайтар экан, Бағдодга кириб, у ердаги муҳаддислардан ҳадис эшит­ган. Насафий Бағдод ва Самарқанддаги ровийларни жамлаб, устозларига бағишлаб “Тиъдоду-ш-шуюхи ли Умар” номли асар ёзган. Насафийнинг ҳадис ва усули ҳадисга доир асарлари қуйидагилар­дан иборат:

“Китобу-л-қанд фи зикри уламои Самарқанд”. У “Китобу-л-қанд мин уламои Самарқанд” (Самарқанд уламоларидан иборат қанддек ширин китоб) ёки “ал-Қанд фи тарихи уламои Самар­қанд” (Самарқанд уламолари тарихига бағишланган қанддек ширин китоб) ёки “ал-Қанд фи тарихи Самарқанд” (Самарқанд тарихига бағишланган қанддек китоб) каби номлар билан аталган. Бу асар ҳадис илмининг “Илму-р-рижол” (Ровийлар таржимаи ҳоли) соҳасига тегишли тарихий-биографик китоб бўлиб, ундан кўпроқ маҳаллий муҳаддислар ҳаёти, ижоди ва улар ривоят қилган ҳадис­лар ўрин олган. Кўплаб тадқиқотчилар сомонийлар ва қорахонийлар давридаги ҳадис мактаблари, олимларнинг сиёсий, ижтимоий мавқеини ўрганишда уни бирламчи манба деб ҳисоблайдилар[1].

Абу Хафс Насафий Абу-л-Аббос Жаъфар ибн Муҳаммад Мустағфирий (ваф. 432/1041) билан Абу Саъд Абдурраҳмон ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Идрис (ваф. 405/1015) томонидан ёзилган “Тавориху Самарқанд” (Самарқанд тарихи)га қўшимчалар киритиб, уни “ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд” деб номлаган. Олимнинг талабаларидан Абу-л-Фазл Муҳаммад ибн Абдулжалил ибн Абдулмалик ибн Али ибн Ҳайдар Самарқандий “Мунтахабу-л-Қанд” (Қанднинг сайланмаси) номи остида асарнинг сайланмасини тайёрлаган. Асли йигирма жилддан иборат бу китоб самарқанд­лик минглаб олимларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумотлар беради. Унинг қўлёзма нусхалари Теҳронда, Истанбулдаги “Сулаймония” кутубхонасининг “Турхан Валиде” фондида 70 рақам билан, Париж “Миллий кутубхона”си “Араб тили қўлёзмалар” фондида 6284-рақам остида сақланади.[2]

“ал-Явақит фи-л-мавақит” (Вақтлар борасида ёқут каби маълумотлар). Муаллиф бу китобда, асосан, қайси кунларда нафл рўза тутиш ҳамда намоз ўқиш афзаллиги, кечанинг қайси қисмида дуо ва Қуръон тиловат қилиш фазилатли эканлиги ҳақидаги ҳадисларни жамлаган. Ҳадисларни ривоят қилишда Насафий уни қандай қабул қилиб олганига алоҳида эътибор қаратиб, ҳадислар­ни имло қилдириш, уларни самоъ, яъни тинглаш орқали қабул қилиб олиш, шайхи ривоят қилган ҳадисларни ёзиб бориш ҳақида маълумотлар берган. Мазкур ҳадис тўпламлари минтақадаги маҳаллий ҳадис мактаблари ва ҳадисларнинг ҳанафий мазҳабида тутган ўрнини ёритишда катта аҳамият касб этади. 

Абу Хафс Насафий Абу Али ибн Абдулмалик Насафий, Абу-л-Юср Муҳаммад Насафий, Абу Али Муҳаммад Бағдодий, Абу Муҳаммад Абдулғаффор Касбавий каби устозларидан эшитган ҳадисларини тўпламга киритган. Асарнинг ЎзР ФА ШИ ٍҚўлёзмалар фондида 3176 рақамли қўлёзманинг кириш қисмида Насафийнинг шогирдлари, асарнингёзилишига ҳисса қўшганолимлар ҳақида сўз юритилган. Шунингдек, Абу Ҳафс Насафийнинг мазкур асарда Бурҳониддин Марғиноний ва бошқа шогирдларига ижоза бергани ёзилган[3].

“Шарҳу-л-Жомиъи-с-саҳиҳ” (Саҳиҳ тўплам шарҳи). Насафийнинг бу асари Имом Бухо­рийнниг (ваф. 256/870 й.) “Саҳиҳи Бухорий” номли китобига ёзилган шарҳ бўлиб, унинг тўлиқ но­ми “Китобу-н-нажаҳи фи шарҳи китоби-л-ахбари-с-сиҳоҳ” (Саҳиҳ хабарлар китобини шарҳлашда муваффақиятли китоб) деб аталади[4]. Лекин бу асар бугунги кунгача етиб келмаган.

Ас-Сабъийят ва-с-самъийят” (Еттиликлар ва эшитиш). Насафий бу китобга ўзи билан санаднинг охиригача еттита ровий иштирок этган ҳадисларни жамлаган. Бу услуб Абу Ҳани­фа­нинг “Муснад” асарида “суноиёт” (иккиликлар), Имом Бухорийда “сулосиёт” (учликлар) тарзида учрайди. Яъни, Абу Ҳанифа билан Расулуллоҳгача бўлган ровийларнинг сони икки кишини, Имом Бухорий (194/810–256/870 йй.)да эса уч кишини ташкил қилувчи ҳадислар. У “Матлаъу-н-ну­жум ва мажмаъу-л-улум” таркибида келган (в. 198а–214а). Унда жами 357 та ҳадис бўлиб, олим асарни 532/1136 йили “Табғочхон” мадрасасида имло қилдиргани ва у 756/1364 йилда котиблар томони­дан кўчирилгани ҳақидаги маълумотлар китобнинг хотима қисмида берилган[5].

“Татвилу-л-асфар ли таҳсилу-л-ахбар” (Ҳадисларни ўрганиш учун узоқ сафар қилиш)[6]. Насафий бағдодлик муҳаддислардан эшитган ҳадис, хабар ва осорларини жамлаб, мазкур китоб­ни ёзган. 

“Ал-Ёқут” (Ёқут). Бу китобдан Рағоиб, Бароат ва Қадр кечаларининг фазилати тўғрисида­ги ҳадислар ўрин олган[7]. Насафий фазилатли кечалар ҳақида тўқима ривоятлар кўпайиб кетга­ни сабабли, уларга раддия бериш мақсадида ушбу асарни ёзган. Саҳиҳ ҳадислар орқали мазкур кечаларда қилинадиган ибодат ва амалларни ёритиб берган.

“Мажмуъату аҳадис” (Ҳадислар мажмуаси). Бу китобда исмлари ўзгартирилган, иснод­дан тушиб қолган ровийларнинг ҳадислари борасида сўз юритилган[8].

“Тиъдоду-ш-шуюхи ли Умар”. Насафий ўзининг шайхлари ҳақидаги маълумотларни жам­лаш мақсадида мазкур китобни ёзган. Асар “Шуюхи Умар” (Умарнинг шайхлари), “Тааддуду-ш-шуюхи Умар” (Умарнинг шайхлари адади) ва “Тиъдоду-ш-шуюхи ли Умар” каби номлар билан танил­ган[9].

Умуман  олиб қаралганда, Абу Ҳафс Насафий  машҳур ҳадис тўпламларини ўрганиб, шайх­ларидан ижоза олиб, кейинги авлодга етказгани ҳақидаги маълумотлар олимнинг ҳадис илми ривожида ўзига хос аҳамиятга молик эканини кўрсатади. Олимнинг “Саҳиҳи Бухорий”га ёзган шарҳида Имом Бухорийгача етиб борадиган 50 та ижоза силсиласини жамлаганини қайд этгани айтилади. Афсуски, ушбу асар ҳозирги кунгача сақланиб қолмаган.

 

Абдулатиф Аллоқулов,

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази

Мотуридийлик таълимоти тадқиқотлари бўлими бошлиғи 

 

 

 


 

[1] J.Weinberger the authorship of twelfth century transoxanian biographical. // Arabica. Revue d’etudes arabes. Tom XXXIII.November 1986 fascicule 3. E.J.Brill. Editeurs, Leiden 1986. –P. 369–382; The Histories of Samarqand // Studia Iranica. Tom 22-1993. Publie par L’association pur l’avancement des etudes iranienes. –P. 69–92; Д.Раҳимжонов. Диссертация. 
–Б. 27–32.

[2] J.Weinberger the authorship of twelfth century transoxanian biographical. // Arabica. Revue d’etudes arabes. Tom XXXIII. November 1986 fascicule 3. E.J. Brill. Editeurs, –Leiden. 1986. –P. 369–382; The Histories of Samarqand // Studia Iranica. Tom 22-1993. Publie par L’association pur l’avancement des etudes iranienes. –P. 69–92;

 

[3] Ёқут Ҳамавий. Муъжаму-л-удабо. Ж.4. –Б. 327; Ибн Қутлубуғо. Тожу-т-тарожим. –Б. 47; Жалолиддин Суютий. Табақоту-л-муфассирин. –Б. 27; Тошкубрузода. Мифтаҳу-с-саъода. Ж.1. –Б. 127; Ҳожи Халифа. Кашфу-з-зунун. Ж.1. –Б. 296; Лакнавий. Ал-Фавоиду-л-баҳия. –Б. 149; Исмоил Бағдодий. Ҳадияту-л-орифин. Ж.1. –Б. 783; Зириклий. Аълом. Ж.5. –Б. 222; Билмен. Большая Исламская научная энциклопедия. Ж.2. –С. 463; Br. Suppl. Ж.1. –Б. 762; Фуад Сезгин. Тариху-т-турос. Ж.1. –Б. 572.

[4] Раҳимжонов Д. Диссертация. –Б. 37–38.

[5] ЎзР ФА ШИ қўлёзмалари: Р: 3104, 3176; (СВР IV, Р: 3297-3298). GAL. SB, I. 762.

[6] Абу Ҳафс Насафий. Ал-Явақит фи-л-мавақит. ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, Р: 3104. –Б. 2а.

 

[7] Ҳожи Халифа. Кашфу-з-зунун. Ж.1. –Б. 553; Исмоил Бағдодий. Ҳадияту-л-орифин. –Ж.1. –Б. 783; Каҳҳола. Муъжаму-л-муаллифин. Ж.7. –Б. 306.

 

[8] Абу Ҳафс Насафий. Матлаъу-н-нужум ва мажмаъу-л-улум. ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, 1462. –Б. 200–216.

 

[9] Ўша манба, –Б. 216а.

 

Қўшимча малумот

МАНБАЛАРДА “ЛОМИШИЙ” НИСБАСИНИ ОЛГАН МУТАКАЛЛИМ ОЛИМЛАР ҲАҚИДАГИ ХАБАРЛАР ТАҲЛИЛИ
Ислом динининг Марказий Осиёга кириб келиши натижасида ўлкада илм-фан янада ривож топди, нафақат мусулмонларга, балки бутун дунё халқларига устоз бўлган...
“КИТОБ АТ-ТАВҲИД” ВА “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРЛАРИНИНГ ИЛМИЙ-ТАРИХИЙ АҲАМИЯТИ
Абу Мансур Мотуридий аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги икки ақидавий йўналишнинг бири бўлган мотуридия таълимотининг асосчиси ҳисобланади. Тўлиқ исми Абу...
“РИСОЛА АС-САҲОБА” АСАРИДА ИЖТИМОИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЁРИТИЛИШИ
Бошқарувнинг умавийлардан аббосийларга ўтиши, шунингдек, пойтахтнинг Суриядан Ироқ­қа кўчирилиши ислом давлатининг бутун тузилмасида ўзгаришлар бўлганини кўрсатади. Аниқ бир тартиб-интизомга асосланмаган...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry