05.12.2022
165

МУҲАММАД ИБН ҲАСАН ШАЙБОНИЙНИНГ ИСЛОМ ХАЛҚАРО ҲУҚУҚИДА ТУТГАН ЎРНИ (2-қисм)

Муҳаммад Шайбонийнинг ислом халқаро ҳуқуқига оид муносабатлар ривожига қўшган муҳим ҳиссаларидан бири унинг “ҳудуд” тушунчаси, яъни давлатларнинг эътиқодий қарашларидан қатъи назар, улар билан тинчлик муносабатига киришиш йўлларини кўрсатиб бергани билан боғлиқ. Дастлаб ислом халқаро ҳуқуқига кўра, дунёнинг икки ҳудудий қисм: “дорул ислом” ва “дорул ҳарб”га бўлиниши қабул қилинган эди. “Дорул ислом” бу ислом таълимоти ва қоидалари поймол этилмайдиган ҳамда ҳурмат қилинадиган ҳудудлар, деб қаралган (Муҳаммад ибн Иброҳим Тувайжирий, 1990). Имом Муҳаммаднинг фикрича, “дорул ислом” мусулмонлар ихтиёридаги юрт бўлиб, унда мусулмонлар ҳар қандай хавф-хатардан холи бўладилар. Бундай ҳудудда истиқомат қилаётган, яшаётган барча аҳоли, хусусан, мусулмонлар ёки ўзга дин вакиллари (зиммийлар) ўзаро тенг ҳисобланади. “Дорул ҳарб” эса ислом таълимотини поймол қилишга қаратилган қоидалар амал қиладиган ҳудудлар ҳисобланган (Муҳаммад Сарахсий, 1997). 

Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний мамлакатлар ҳудудига оид юқоридаги қарашларни янада кенгайтирди. У ўз асарларида “Дорул аҳд”га тўхталади ва бу ҳақида ёзган илк фақиҳ ҳисобланади. Шайбонийга кўра, мусулмонлар билан тинчлик ва ҳамжиҳатлик асосида яшаш бўйича шартнома тузган ўзга дин вакилларининг ҳудудлари “дорул аҳд”га айланади.

Шундай қилиб, Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийдан сўнг ислом халқаро ҳуқуқида ҳудудлар уч турга таснифланадиган бўлди. Асримиз олимларидан бўлган Қоҳира университети доктори Муҳаммад Дасуқийга кўра, ҳудудларнинг уч турга бўлиниши шаръий эмас, балки воқеий асосларга таянади. Бу эса, исломда ҳудуд масаласи ҳал этилишида Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг ўрнини янада баланд кўтаради (Муҳаммад Дасуқий, 1987). 

Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг “ас-Сияр ал-кабир” ва “ас-Сияр аc-сағир” асарларидаги маълумотлардан унинг ислом халқаро ҳуқуқидаги аҳоли институти борасида муайян қарашларга эга бўлганини кўриш мумкин. Жумладан, унинг асарларида мусулмонлар, зиммийлар, мустаъминлар, ҳарбийлар каби аҳоли гуруҳлари ҳақидаги маълумотлар учрайди.

Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг “ас-Сияр ал-кабир” асарида муайян аҳоли гуруҳлари ҳақида ҳам сўз юритилади. Асарда аҳоли гуруҳларининг алоҳида таърифлари ёки тушунчалари мавжуд эмас, аммо уларга оид ҳукмлардан кимлар назарда тутилаётганини билиб олиш ва уларни замонавий халқаро ҳуқуқ билан солиштириш мумкин. Улар орасида, масалан, мусулмонларни маҳаллий фуқаролар, мустаъминларни чет эл фуқаролари билан қиёслаш мумкин. 

Ислом халқаро ҳуқуқидаги фуқаролик тушунчасига замонавий олимлар диний омил асосида қарайдилар. Яъни, уларга кўра, “жамоат аъзоларини бирлаштириб турувчи эътиқод омили уммат тушунчасининг асоси ҳисобланади”. Қатарлик фақиҳ, профессор Абдулҳамид Исмоил Ансорийга кўра, исломдаги “уммат” тушунчаси замонавий халқаро ҳуқуқдаги халқ тушунчасига мувофиқ, аммо бунда муайян ҳудуднинг аҳолиси эмас, балки муайян динга эътиқод қилувчилар гуруҳи тушунилади. Хоҳ ислом давлати, хоҳ мусулмон бўлмаган давлат фуқароси бўлишидан қатъи назар, барча мусулмонлар бир халқни – ислом умматини ташкил қилади, деб ҳисоблайди Ансорий.

“Мустаъмин” сўзи – бизнинг таъбиримизда “чет эл фуқаролари” деб аталаётган аҳоли гуруҳи – “ўзи яшайдиган давлат ҳудудидан бошқа ҳудудга хавфсизлик кафолати билан кирган шахс” маъносини билдиради. “Мустаъмин” сўзига Дасуқий “ислом ҳудудига вақтинчалик яшаш ниятида келганлар” (Муҳаммад Дасуқий, 1987), деб таъриф беради. Унга кўра, “уларга муайян муддат белгиланади ва бу муддатни узайтириш мумкин бўлади”. Бундай мақомдаги кишиларга эркин ҳаракатланиш, тижорат билан шуғулланиш, таълим олиш, саёҳат қилиш ҳуқуқи берилади ва гарчи мусулмон давлати билан уруш ҳолатидаги давлатнинг фуқаролари бўлсалар ҳам, уларнинг жони ва моли дахлсиз ҳисобланган. Уларнинг эътиқод эркинлиги ҳам таъминланган ва ким билан ҳуқуқий муносабатга киришувидан қатъи назар, уларга нисбатан ислом ҳуқуқи муомалот қоидалари татбиқ қилинган. Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний асарларида ислом халқаро ҳуқуқининг муҳим институтларидан бири – зиммийлик масалалари ҳам батафсил тартибга солинган. Зиммийлар тарихда мусулмон давлатининг ҳомийлиги ва ҳимояси остида бўлиш борасида шартнома тузган аҳоли гуруҳи ҳисобланган. Баъзи олимлар зиммийларни чет эл фуқароларига қиёслайдилар. Бизнингча, зиммийларни мусулмон мамлакатининг муайян миқдорда ҳуқуқлари чекланган фуқаролари деб аташ тўғрироқ бўларди. Чунки улар бевосита мусулмон мамлакати ҳомийлиги остидаги аҳоли гуруҳи бўлган. Уларга қатор ҳуқуқ ва эркинликлар тақдим этилган. Уларнинг фикр, эътиқод эркинлиги таъминланган, мол-мулки ва жони ҳимоя қилинган. Зиммийларга давлат мансабларини эгаллаш ҳам мумкин бўлган. Уларга фақат давлатнинг бош мансабини эгаллаш, баъзи кийимларни кийиш, алоҳида мақомга эга бўган ҳудуд − Ҳижозга кириш тақиқланган.

Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний асарларида нафақат халқаро ҳуқуқий тушунчалар, балки халқаро ҳуқуқнинг алоҳида олинган соҳаларига оид фикрларни ҳам учратиш мумкин. Жумладан, у ўз асарларида дипломатик ҳуқуқ, шартномалар ҳуқуқи, инсонпарварлик ҳуқуқи каби халқаро муносабатларнинг барча даврлари учун муҳим бўлган халқаро ҳуқуқ соҳаларига эътибор қаратган.

Дипломатик ҳуқуқ соҳасида “ас-Сияр ас-сағир” асарининг 89-масаласида: “Дор алислом”да ҳарбийга дуч келинса ва у мен элчиман деб, подшоҳнинг мактубини кўрсатса ва бу мактубнинг ҳақиқатдан ҳам подшоҳга тегишли экани тасдиқланса, унинг хавфсизлиги таъминланади”, дейилган. “Ас-Сияр ал-кабир”нинг “Амон ар-расул” бобида эса, мусулмон, зиммий ёки мустаъмин бўлишидан қатъи назар, элчининг мақоми бир хил экани тасдиқланган (Муҳаммад Сарахсий, 1997). Бу нарса Муҳаммад ибн Ҳасаннинг халқаро ҳуқуқий қараши бўйича, элчиларнинг ўзига хос дахлсизлик иммунитети эътибор этилганини кўрсатади. 

Муҳаммад ибн Ҳасаннинг асарларида халқаро шартномалар ҳуқуқига оид муфассал ва ўзидан илгариги олимларнинг қарашларида кузатилмаган фикрлар борлиги ҳам унинг сиярда юксак мавқеига далилдир. Аслида ислом ўзининг илк даврларидаёқ давлатлар ўртасидаги алоқаларни тартибга солувчи қоидаларни ўрнатган ва биз буни Ҳудайбия сулҳи, Муҳаммад алайҳиссаломнинг яҳудийлар билан тузган битимлари, у зотнинг Нажоший, Кисро билан ёзишмаларида кўришимиз мумкин. Пайғамбар алайҳиссаломнинг бу борадаги намуналари фақиҳлар томонидан кенг ўрганилган ва улар асосида халқаро шартномалар ҳуқуқининг нормалари ишлаб чиқилган.

Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний ўз асарларида халқаро шартнома маъносида “муъоҳада”, “муводаъа”, “аҳд”, “муроваза”, “ҳудна”, “мусолаҳа”, “муторака” ва “мусалама” каби сўзлардан фойдаланган. Аммо кўп жойларда “муъоҳада”, “муводаъа” сўзлари ишлатилган. Шайбонийга кўра, “муъоҳада” бу “маълум муддатга мўлжалланган мўминлар ва ғайридинлар ўртасидаги келишувдир (Муҳаммад Сарахсий, 1997). 

Шартномалар турли нуқтаи назардан бир неча турларга бўлинади. Масалан, вақт жиҳатидан абадий ва муваққат шартномалар, объекти жиҳатдан тинчлик шартномалари ва савдоиқтисодий битимлар, субъектлар сони жиҳатдан икки томонлама ва кўп томонлама шартномалар маълум. Субъектларнинг кимлиги жиҳатдан улар мушриклар билан тузилган шартномалар, муртадлар билан тузилган шартномалар ва боғийлар билан тузилган шартномаларга ажратилади ва ҳоказо. Муҳаммад ибн Ҳасанга қадар сияр илмига оид китобларда фақат мусулмонлар ҳамда зиммийлар ёки мусулмонлар ва мустаъминлар ўртасидаги шартномаларга тўхтаб ўтилган. Шайбоний бу каби шартномаларни душманликда бўлган чет эл давлатлари билан ҳам тузиш мумкинлигини ёзади ва бунинг натижасида, юқорида айтиб ўтилганидек, уларнинг ҳудуди “дорул аҳд”га айланишини таъкидлайди. Мусулмонлар ва улар билан шартнома тузган давлатлар ўртасидаги муносабатлар эҳтиромга асосланиши лозим бўлган ва барча йўналишларда ҳамкорлик қилиш мумкин ҳисобланган. Мусулмон бўлмаганларнинг ҳарбий соҳада устунлигига олиб келиши мумкин бўлган йўналишдаги муносабатларгина тақиқланган (Муҳаммад Дасуқий, 1987). Муҳаммад ибн Ҳасан ўз асарида, айниқса, шартномаларга хиёнат қилиш мумкин эмаслигига алоҳида эътибор қаратади ва бу бугунги кунда халқаро ҳуқуқда мавжуд бўлган “шартномаларга албатта амал қилиш” тамойилига мувофиқ келади. Масалан, Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний асарида келадиган қизиқарли ва ҳайратланарли жиҳат шундан иборатки, агар мусулмон бўлмаганлар икки ўртадаги шартномага амал қилмай, гаровда бўлган мусулмонларни қатл қилсалар ҳам, мусулмонлар гаровдаги мусулмон бўлмаганларга нисбатан бундай муносабат кўрсатишлари мумкин эмас. Чунки уларга омон, яъни дахлсизлик берилган. Бу замонавий халқаро ҳуқуқдаги “репрессалийга йўл қўймаслик” масаласи билан ўхшаш жиҳатдир.

Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний ўз асарларида инсонпарварлик ҳуқуқига алоҳида эътибор берган. “ас-Сияр ас-сағир” ва “ас-Сияр ал-кабир” асарларида Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний томонидан изоҳланган баъзи ҳуқуқий нормалар халқаро инсонпарварлик ҳуқуқи тушунчаларини ёдга солади. Масалан, “ас-Сияр ал-кабир”нинг “Амирларнинг кўрсатмалари” бобида Абу Бакр розияллоҳу анҳу Язид ибн Абу Суфённи урушга юбора туриб, берган кўрсатмалари келтирилган. У жумладан, “Сен ўз йўлингда ўзларини Яратганнинг ибодатига бағишлаган кишиларни кўрасан, уларга зиён етказма”, деб маслаҳат беради. Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний Абу Бакрнинг “Ҳеч қачон ёш болаларни, аёлларни ва ёши улуғ кишиларни ўлдирма”, деган кўрсатмаларини келтиради ва булар унинг ўз қарашлари бўйича замонидан илгарилаб кетганига далолатдир. Чунки бу қоидалар ҳозирги халқаро гуманитар ҳуқуқнинг ҳам муҳим масалаларидандир. Унга кўра, “болалар алоҳида ҳимоя ва васийликка эгадирлар. Аёлларга алоҳида ҳурмат билан қараш таъкидлаб ўтилади” (Акмал Саидов, 2001).

Шунингдек, “ас-Сияр ал-кабир” асарида “Мевали дарахтларни кесма, хурмоларни ёқма, токларни чопма, мол, қўйлар ва бошқа ҳайвонларни ейишдан бошқа нарса учун сўйманглар” деган кўрсатмалар ҳам бор ва Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг “Бузғунчилик қилманг, фасод ишларга қўл урманг” деган амрларини ҳам келтиради (Муҳаммад Сарахсий, 1986). Эътиборлиси, булар ҳам замонавий халқаро ҳуқуқда мавжуд бўлган тушунчалардир. Жумладан, халқаро гуманитар ҳуқуқнинг асосий манбалари бўлмиш 1949 йилги Женева конвенцияларида ҳам уруш қурбонлари ва маданий қадриятларнинг халқаро ҳуқуқий ҳимояси мустаҳкамланган. 

Юқоридаги маълумотлар, шубҳасиз, Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг халқаро ҳуқуқдаги ўрни юқорилигидан дарак беради. Шу туфайли ҳам кўплаб муаллифлар унинг халқаро ислом ҳуқуқидаги ўрни беқиёс бўлганини қайтақайта эътироф этганлар. Масалан, Дасуқийга кўра, Муҳаммад ибн Ҳасан уруш ва тинчлик вақтидаги мусулмон ва мусулмон бўлмаганлар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларга оид батафсил китоб ёзган ягона фақиҳ ва исломдаги халқаро ҳуқуқ тушунчасини илгари сурган илк олим ҳисобланади (Муҳаммад Дасуқий, 1987). Доктор Муҳаммад Афифи халқаро ҳуқуқнинг асоси бўлган манбалар сифатида Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг “ас-Сияр ас-сағир” ва “ас-Сияр ал-кабир” асарларини эътироф этади ва “Ваҳоланки, у (яъни, Шайбоний) голландиялик ҳуқуқшунос Гуго Гроцийдан (1583–1645) ва инглиз ҳуқуқшуноси Ричард Зёчдан (1590–1660) саккиз аср олдин яшаган” деб таъкидлайди. Аш-Шариқа университети доктори Усмон Жумъа Зумайрий ҳам “асСияр ал-кабир”ни халқаро оммавий ва хусусий ҳуқуққа оид илк китоб деб билади (Зумайрий, 1996). Баъзи замонамиз олимларига кўра, Гроций “ас-Сияр ал-кабир” асарини ўқиган ва халқаро муносабатларга оид тамойилларни ишлаб чиқишда мазкур китобдан таъсирланган бўлиши мумкин. Нима бўлишидан қатъи назар, Шайбоний ислом доктринасига асосланиб, халқаро ҳуқуққа оид тушунчаларни изоҳлаб, уларни шарҳлаб берган. Боз устига Гроций ўз китобида табиий ҳуқуқни асос қилиб олади ва бу жиҳатдан, дарҳақиқат, Шайбонийнинг ғоялари ўз асослари бўйича ҳам уникидан қолишмаслиги аён бўлади (Муҳаммад Дасуқий, 1987). 

Дарҳақиқат, Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг ислом халқаро ҳуқуқи тушунчаларини ўрганиш ва ривожлантиришдаги ўрни юксак бўлган ва бу нафақат ислом олами, балки халқаро миқёсда эътироф этилган. Жумладан, 1932 йилда Францияда халқаро ҳуқуқ соҳасидаги “Шайбоний” жамияти тузилгани (Муҳаммад Дасуқий, 1987), албатта, бежиз эмас. Бошқа бир манбада айтилишича, Германиянинг Готингем шаҳрида ҳам 1955 йилда “Халқаро ҳуқуқ бўйича Шайбоний жамияти” ташкил этилган ва мисрлик ҳуқуқшунос доктор Абдулҳамид Бадавий унинг илк раиси этиб сайланган эди. Ушбу муассаса Шайбоний асарларини ўрганиш, унинг фикрларини юзага чиқариш ва халқаро ислом ҳуқуқига оид китобларини нашр қилиш билан шуғулланади.

Шукрулло Жўраев, 
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази 
Нашрлар бўлими бошлиғи

Қўшимча малумот

МАНБАЛАРДА “ЛОМИШИЙ” НИСБАСИНИ ОЛГАН МУТАКАЛЛИМ ОЛИМЛАР ҲАҚИДАГИ ХАБАРЛАР ТАҲЛИЛИ
Ислом динининг Марказий Осиёга кириб келиши натижасида ўлкада илм-фан янада ривож топди, нафақат мусулмонларга, балки бутун дунё халқларига устоз бўлган...
“КИТОБ АТ-ТАВҲИД” ВА “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРЛАРИНИНГ ИЛМИЙ-ТАРИХИЙ АҲАМИЯТИ
Абу Мансур Мотуридий аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги икки ақидавий йўналишнинг бири бўлган мотуридия таълимотининг асосчиси ҳисобланади. Тўлиқ исми Абу...
“РИСОЛА АС-САҲОБА” АСАРИДА ИЖТИМОИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЁРИТИЛИШИ
Бошқарувнинг умавийлардан аббосийларга ўтиши, шунингдек, пойтахтнинг Суриядан Ироқ­қа кўчирилиши ислом давлатининг бутун тузилмасида ўзгаришлар бўлганини кўрсатади. Аниқ бир тартиб-интизомга асосланмаган...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry