01.12.2022
196

МАРҒИЛОН ТАРИХИ БИЛАН БОҒЛИҚ ИНОЯТНОМАЛАР (2-қисм)

Марғилон шаҳридаги “Узун ҳовуз”, “Хонақоҳ”, “Пир Сиддиқ”, “Подшоҳ Искандар” номли масжидлар, мадрасалар, хонақоҳлар ва зиёратгоҳларнинг мутасаддиларига тархонлик имтиёзи берилгани ҳақидаги ҳужжатлар тўплами ҳам Ўзбекистон Марказий Давлат архивида сақланиб келинмоқда. Ушбу иноятномалар орасида аштархонийлар ҳукмдори Субҳонқулихон томонидан Марғилондаги машҳур зиёратгоҳ – Пир Сиддиқ мозорига берилган иноятнома ҳам мавжуд.

Субҳонқулихон томонидан берилган иноятноманинг ҳажми 21х37 см. Иноятноманинг олди томонида 1 та ва орқа томонида 3 та муҳр босилган. Иноятноманинг юқори қисмининг ўнг томонида ёнбош қисмига “Абдулазизхон раҳматиллоҳи алайҳ”, “Ҳазрат Пир Сиддиқ розияллоҳу анҳу” деган ёзувлар битилган. Иноятноманинг қисқача мазмуни қуйидагича: 

“Аллоҳ таолонинг адолатли ҳиммати ила Абулфатҳ Музаффариддин Саййид Муҳаммад Субҳонқули Баҳодирхон сўзум Мамлакатга оро берувчи, соҳибул тадбир, зафар қарин, вузаройи кифоят намойи осаф тазйин хусусан иззат икромга лойиқ саййидлар, машойихлар, замонасининг улуғ фазилатли ислом уламолари, арбоблар ва калонтарларга...3 саловот ва саломлар бўлсин Унинг расулига, хулафойи рошиддин чаҳорёрларга, хусусан, ёри ғор, чаҳор ёр, ҳақиқат изловчилар боғининг нури, тонг юлдузидек самода нур бахшида қилгучи, ҳақиқат ойинаси, чуқур фаҳмли Абу Бакр Сиддиққа, Аллоҳ ундан рози бўлсин, ...ўз жонини Аллоҳнинг йўлида ниёз қилди ва Фарғона вилоятида гўрхонада ҳазрат Искандар Зулқарнайндек осуда бўлди. Замон уламолари ва бузруклари бўлмиш тарих билимдонлари бу ҳақда китоблардан таҳқиқ этиб топдилар ва бизнинг ҳузуримизда баён этдилар. Шундан сўнг мухлисларнинг ихлоси чандон ошиб назрлари бисёр, ниёзлари беҳисоб бўлди. Ўшал кун қуббатул ислом Бухорода вақфдан йиғилган юз минг тангадан қирқ минг тангани Пири Сиддиқ арвоҳига сарф қилдилар. Шу куни ул зотнинг каромати табаъи тобеин ва мужтаҳидларга очиқ ошкор равшан бўлди. Ҳар куни ул зотнинг муборак остоналарини ўпишга муяссар бўлиш учун дуолар қилдик. Қадимул айёмдан, Аллоҳ рози бўлсин, Пири Сиддиқ ҳазратларининг аждоди авлодлари шариат шиорлар, ҳақиқат осорлари, тақводор шайхлар, қутби замонлар, ғавси давронлар бўлиб келганлар. Нечанд табақа ўтган подшоҳлар ҳузурида уларнинг аждод-авлодлари мазкур подшоҳлардан санад-маснад нишонларни олганлар. Биз ҳам, жойлари жаннатда бўлсин, муҳтарам биродаримиз Абдулазизхоннинг ҳукмларидан воқиф бўлиб, яхши ниятда файзи осор сармозорга шайх тайин қилиш мақсадида ўз ҳукмимизни ёздик. Шу даврда ул зоти барокотнинг авлодлари, қутблик даражасига етишган машойих фарзандлари тинч[1]осудаликда ҳаёт кечириб ва Ҳазрат Зулжалол Аллоҳ таолога ибодатларини қилиб, давлатимиз барқарорлиги учун дуода бўлишларини вазифамиз деб билдик ва ҳаракат қилдик. Шунингдек, боғ ва ҳовли ва амлок ва асбоб ва тегирмон ва обжувоз ва нонвой гузарча ва файзи анвор мозор олдидаги ерлар ҳузур–ҳаловатда яшашга ҳақли бўлган шайхларнинг ихтиёрига бериб, буларнинг барчасини биз тайин қилган мазкур шайхларнинг зиммасига топширдик. Бундан кейин ҳеч ким шериклик қилишга интилишга ва шайхларнинг вазифасига аралашишга, уларга нисбатан тазйиқ ўтказишга ҳаққи йўқдир... ушбу айёмдан бошлаб, арбоблар ва калонтарлар ва амалдорлар солиқлар билан дахл қилмасинлар. Айни замонда арбоблар ушбу вақфдан ҳеч қандай солиқ талаб қилмасинлар, солиқ тўлашга мажбурламасинлар ва вақфни барча солиқлардан озод деб билсинлар. Ҳар кимга бунга хилоф иш тутса, дўзах азобига дучор бўлади. Зероким, бузрукларнинг ғазаби намуна ғазабдандир” (ЎзМДА И-19-ф. 1-рўйхат, й.ж. 34739:9). 

“Узун ҳовуз” мадрасасига берилган иноятнома Қўқон қоғозига кўчирилган бўлиб, ҳажми 25х44 см. Иноятномада Мадалихоннинг муҳри босилган. Ёрлиқнинг қисқача мазмуни қуйидагича. “Абулғози Саййид Муҳаммад Али Баҳодирхон сўзимиз Айни замонда... Хотамул анбиё сулукининг издошлари ва воқифон ва мувофиқ жумҳур авом воқиф ва огоҳ билсунларким, художўйлар ва хайрихоҳлар Раҳим Кўчакбой ва Идрисбой Қубо мавзеидаги маълум бўлган бир қитъа заминни вақф қилдилар. Ҳудуди ғарбдан қисман омма ариғига туташган ва қисман Ашурбекнинг матруки ерига туташган ва қисман катта йўлга туташган ва қисман Солиҳбой ерига туташган. Шимол томондан қисман катта ариққа туташган ва қисман Шоҳназар ерига туташган ва қисман Отабек ҳамда Ортуқбойнинг ўртасидаги ерга туташган ва қисман мазкур Шоҳназарнинг ерига туташган ва қисман катта ариққа туташган ва қисман Ортуқбойнинг матруки ерига туташган. Жануб томондан қисман мазкур Ортуқбойнинг ерига туташган ва қисман мазкур Солиҳбойнинг ерига туташган. 

Ингичка мавзесида жойлашган бир қитъа замин. Ғарб томондан қисман мадрасанинг вақф қилинган ерига туташган ва қисман Тағой Муроднинг ерига туташган. Шарқдан қисман Абдулкаримбойнинг матруки ерига туташган ва қисман Ҳасанбобонинг ерига туташган. Шимолдан қисман мазкур Тағой Муроднинг ерига туташган ва қисман Қулибойнинг ерига туташган.

Қақир мавзесида жойлашган бир қитъа замин. Шарқдан қисман Мулло Муҳаммадсобирнинг ерига ва қисман кичик йўлга туташган. Жанубдан батамом Юсуф тошкесарнинг мулкига туташган. Ғарбдан қисман Муҳаммадёрнинг ерига ва қисман Бобойнинг ерига туташган. Шимолдан Ғайбуллоҳ ва Раҳматуллоҳнинг ўртасидаги ерга туташган.

Заркенд жойлашган бир қитъа замин ва мазкур Тўқибой мавзесида жойлашган бир қитъа замин ва Оқ ариқ мавзесида жойлашган бир қитъа замин. 

Аввалги султонларнинг бағоят инояти ва ўз томонимиздан бениҳоят лутфлар билан буюрамизким, мазкур саналган вақф қилинган ерлардан хирож ва танобона важҳидин талаб ва тамаъ қилмасинлар... Сана 1259” (ЎзМДА И-19-ф. 1-рўйхат, й.ж. 347346:1).

Марғилон шаҳрининг Машҳад даҳасидаги “Подшоҳ Искандар” мадрасасига Қўқон хони Худоёрхон томонидан берилган иноятноманинг ҳажми 11х20 см. Иноятноманинг олди томонида хоннинг бодомнусха муҳри босилган. Муҳрда “Хон Саййид Муҳаммад Худоёр” деган ёзув туширилган. Иноятноманинг қисқача мазмуни қуйидагича:

Айни замонда ҳокимлар ва амалдорлар ва мубоширлар ва мутасаддилар ва саркорлар ва мутлақ Марғинон вилоятига тааллуқ бўлган музофотдагилар воқиф ва огоҳ бўлсинларки, Янги “Подшоҳ Искандар” мадрасасининг Ўқчи, Оқтепа, Оби барик, Работи амак, Қубо, Яккатут ва бошқа мавзеларидаги мавқуфот ерларининг хирож ва танобоналари мавжуддир. Азбаройи тархонлик учун собиқ султонлардан санади олий ва нишонларга эгадирлар. Бинобарин, меҳрибонлик кўргуздиким, собиқ дастурлар ва русумларга мувофиқ ҳар йили мазкур мадрасани мавқуфот ерларини тархон ва муоф этдик. Шу боисдан тамоми амлокдорлар ва саркорлар ушбу ерлар хирождан тархон ва озод этилган деб билиб, бир дона донни ҳам талаб ва тамаъ қилмасинлар. Буни аҳд қилинғон деб билиб, ундан чиқмасунлар. Сана. 1290 (ЎзМДА, И-19-ф. 1-рўйхат, й.ж.34737:5). 

“Хонақоҳ” масжидининг иноятномаси Қўқон қоғозига кўчирилган бўлиб, ҳажми 9х18 см. 1 та муҳр босилган. Иноятноманинг қисқача мазмуни қуйидагича. Айни замонда барча ҳокимлар ва мубоширлар Марғилон вилоятининг амлокдор мутасаддилари воқиф ва огоҳ бўлсинларким, Маҳаллаи Хўжагондаги “Хонақоҳ” масжидининг вақф ерлари қадимул айёмдан бу пайтгача хирожлардан тархон ва муоф этилган. Бинобарин, биз ҳам мазкур масжиднинг қадимги шарафли дастур ва таомилига мувофиқ ҳар қишлоқдаги вақф ерларини тархон ва муоф этдик. Ушбу вилоятнинг барча мубоширлари ва саркорлари билсинларки, ушбу вақфга хирож ва таноба важҳдин эътироз қилмасинлар. Токи ушбу масжиддаги аҳли вазойифлар фароғатда истиқомат қилиб, бизнинг ҳаққимизга дуода машғул бўлсинлар. Мазкур қарорга хилоф иш тутмасинлар. Сана 1287. Иноятномага муҳр босган: Саййид Муҳаммад Худоёрхон (ЎзМДА И-19-ф. 1-рўйхат, й.ж. 347346:26).

Юқорида келтирилган фикрларни умумлаштириб айтиш мумкинки, 1917 йилдаги инқилобий ўзгаришлар туфайли давлат тепасига келган коммунистик тузум даврида диний тус берилиши оқибатида Қўқон хонлари томонидан Марғилонда истиқомат қилган табаррук хонадон вакилларига берилган иноятномаларда қайд этилган шахслар фаолияти ва уларнинг аҳоли маънавий-маърифий ҳаётида тутган ўрнига салбий баҳо бериб келинди. Натижада бу мавзу мустақилликка қадар мутахассислар томонидан тадқиқот объекти сифатида эътибордан четда қолди. Маданий, ҳуқуқий ҳужжатларнинг табаррук хонадон вакиллари меросини ўрганишдаги ўрни ислом тарихи ва манбашунослик нуқтаи назаридан тадқиқ этилмади. Ҳолбуки, Қўқон хонлиги Чор Россияси томонидан забт этилгач, Марғилон Фарғона водийсининг шаҳарлари орасида диний марказ сифатида ажралиб турган. Бу эса ўша даврда Туркистон заминида ислом тарихини ўрганишда нақадар муҳим эканлигини англатади. 

Мазмун жиҳатдан мазкур иноятномалар нафақат Марғилон, балки Туркистон халқларининг ҳаёт тарзини у ёки бу даражада акс эттирувчи фавқулодда қимматли манбалар ҳисобланади. Марғилондаги саййидлар, хўжалар ва тасаввуф тариқати намояндалари давлат бошқарувида фаол иштирок этган ва бунинг эвазига подшоҳона иноят ва хусравона илтифотдан азалдан баҳраманд бўлишиб, турли имтиёзларни қўлга киритганлар. Иноятномалар Қўқон хонлиги давридаги мамлакатнинг иқтисодий ва маданий ҳаёти ҳақида жуда аниқ тасаввур ҳосил қилишда муҳим аҳамиятга эга. Ушбу тадқиқот ишида иноятномаларнинг Марғилон тарихини ўрганишдаги аҳамияти ҳақида дастлабки фикрларни баён қилиш билан чегараландик, холос. Бундай қимматли манбалар устида чуқур илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш келажакдаги вазифадир.

Нодиржон Абдулаҳатов,
Фарғона вилояти Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш 
ва уларнинг малакасини ошириш вилоят маркази доценти 

 

 

 

Қўшимча малумот

МАНБАЛАРДА “ЛОМИШИЙ” НИСБАСИНИ ОЛГАН МУТАКАЛЛИМ ОЛИМЛАР ҲАҚИДАГИ ХАБАРЛАР ТАҲЛИЛИ
Ислом динининг Марказий Осиёга кириб келиши натижасида ўлкада илм-фан янада ривож топди, нафақат мусулмонларга, балки бутун дунё халқларига устоз бўлган...
“КИТОБ АТ-ТАВҲИД” ВА “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРЛАРИНИНГ ИЛМИЙ-ТАРИХИЙ АҲАМИЯТИ
Абу Мансур Мотуридий аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги икки ақидавий йўналишнинг бири бўлган мотуридия таълимотининг асосчиси ҳисобланади. Тўлиқ исми Абу...
“РИСОЛА АС-САҲОБА” АСАРИДА ИЖТИМОИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЁРИТИЛИШИ
Бошқарувнинг умавийлардан аббосийларга ўтиши, шунингдек, пойтахтнинг Суриядан Ироқ­қа кўчирилиши ислом давлатининг бутун тузилмасида ўзгаришлар бўлганини кўрсатади. Аниқ бир тартиб-интизомга асосланмаган...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry