30.11.2022
159

МАРҒИЛОН ТАРИХИ БИЛАН БОҒЛИҚ ИНОЯТНОМАЛАР (1-қисм)

Тарихшуносликка оид илмий, илмий-оммабоп адабиётларда ҳукмдорлар, саркардалар, йирик амалдорларнинг тарихий фаолиятлари таҳлил қилинган. Айниқса, мавжуд тарихий даврнинг барча эврилишларини ҳукмдорга боғлаб ёзилган асарлар саноқсиз. Лекин ўйлаб кўрилса, ўша ҳукмдор ҳам ўз замонасининг маҳсули. Унинг бошқарув услуби замонанинг зайли, уни ўраб турган ижтимоий[1]тарихий муҳит, у бошида турган сиёсий кучларнинг интилишларига ҳамоҳанг бўлиши табиийдир. Ана шундай вазиятда уламоларнинг фаолияти ва улар ёзиб қолдирган асарларининг жамият тараққиётига қўшган ҳиссаси нафақат исломшунослик ва тарих, балки бошқа ижтимоий фанларнинг ҳам тадқиқ объектига айланишига зарурият борлигини кўрсатади.

Собиқ советлар даврида архив ҳужжатларидан етарли даражада фойдаланилмагани, шахсга сиғи[1]ниш таъсирининг кучайиши, дала тадқиқотларнинг олиб борилмагани натижасида Марғилон диний[1]маърифий ҳаётидаги ўзгаришлар тўлақонли ўрганилмаган. Мазкур тадқиқотда асосан архив материаллари ва Марғилон уламоларининг қўлёзма манбаларига эътибор қаратилди. Бу эса илмий иш холислигининг ортиши учун хизмат қилди. Илгари, у ёки бу тарихий муаммони тадқиқ этишда асосан рус буржуа тарихчиларининг “инқилоб”га қадар яратган асарларидан фойдаланилар эди. Ҳолбуки, бу манбаларда ҳодисалар онгли равишда бузиб кўрсатилган, “самодержавия”нинг босқинчилик сиёсати оқланиб кўрсатилган, туб аҳоли камситилиб тасвирланган эди. Ҳозирги даврга келиб эса, тарихий асарларда архив материаллари, қўлёзма манбаларга кўпроқ мурожаат этилгани туфайли, тадқиқотлар бир мунча холисроқ бўлишига эришилмоқда (Н.Абдулаҳатов, 2021:35).

Марғилон шаҳрида саййидлар, хўжалар авлодлари ва тариқат пирларининг фаолият кўрсатиши бу ерда мусулмончилик анъаналарининг янада равнақ топишига катта таъсир ўтказган. Бундай табаррук хонадонлар вакилларининг Марғилонда истиқомат қилишлари ҳамда уларнинг халқ орасида, хусусан, ҳукмрон табақалар ўртасида тутган мавқеи, аввало, бу ерда осойишталик барқарор бўлишига хизмат қилган. Ушбу хонадон аҳлларининг таъсир доираси шунчалик кучли эдики, ҳар қандай ҳукмдор ҳам мамлакатни идора қилишда уларнинг фикр-мулоҳазаларига таяниб иш кўришга интилган ва ўзларининг айрича эҳтиромларини билдириш мақсадида уларга иноятномалар тақдим этган.

Марғилон тарихининг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий масалаларини ўрганишда, ер-сув ва бошқа кўчмас мулклар билан боғлиқ ҳужжатлар, яъни иноятномалар ҳам катта ўрин тутади. Марғилон иноятномалари тарихий манба сифатида атоқли олим Р.Набиев илмий тадқиқотларида қисман ёритилган (Р.Набиев, 2010). 2007–2020 йиллар давомида олиб борилган изланишлар давомида Марғилон шаҳри билан боғлиқ 50 дан ортиқ иноятномалар тадқиқ этилди. 

Ушбу ёрлиқлар нафақат Марғилон, балки XIX–XX аср бошларидаги Туркистон халқларининг ижтимоий турмушини ўрганиш ва тадқиқ этишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Иноятномаларнинг ўзига хос муҳим жиҳатларидан бири уларда Марғилон тарихининг узоқ ўтмишига доир маълумотлар ҳам ўз аксини топганида намоён бўлади. Масалан, “Пир Сиддиқ азизлар” мозорига ўзбек хони Субҳонқулихон томонидан берилган иноятномада зиёратгоҳнинг пайдо бўлиш тарихи ҳақида ҳам айрим фикрлар баён этилган: “Абу Бакр Сиддиқ, Аллоҳ ундан рози бўлсин... ўз жонини Аллоҳнинг йўлида ниёз қилди ва Фарғона вилоятида гўрхонада ҳазрат Искандар Зулқарнайндек осуда бўлди. Замон уламолари ва бузруклари бўлмиш тарих билимдонлари бу ҳақда китоблардан таҳқиқ этиб топдилар ва бизнинг ҳузуримизда баён этдилар” (ЎзМДА И-19-ф. 1-рўйхат, й.ж.34739:9). 

Яна бир жиҳати шундаки, хонлар, султонлар ва маҳаллий ҳукмдорлар имтиёзли ёрлиқлар берганларида, ўзларидан аввал ўтган ҳукмдорлар берган ёрлиқларга асосланганлар 

(А.Жувонмардиев, 1965:10). Иноятномаларда тархонлик ҳақида ҳам қимматли маълумотлар учрайди. Фарғонада тархонликнинг мавжудлиги масаласи тарихда тўлиқ ёритилмаган (А.Жувонмардиев, 1965:17). 

Маълумки, тархонлик имтиёзини олган кишилар давлат хазинасига солиқлар тўлаш, турли мажбурий хизматларни бажариш, умуман, ҳар қандай тўлов мажбуриятидан озод бўлганлар. Иноятномаларда тархонликни олганларга катта имтиёзлар берилгани қайд қилинган. Бу ҳақда “Подшоҳ Искандар” мадрасасига Худоёрхон томонидан берилган ҳужжатда ҳам таъкидлаб ўтилган: “Тамоми амлокдорлар ва саркорлар ушбу ерлар хирождан тархон ва озод этилган деб билиб, бир дона дони, фулусини ҳам талаб ва тамаъ қилмасинлар. Башартики, мазкур (мадраса)нинг мавқуфот ерлари жумласидан бўлса, дахл ва эътироз билдирмасинлар. Бу ҳукмға хилоф қилмасунлар. Буни аҳд қилинғон деб билиб, ундан чиқмасунлар” (ЎзМДА-19-ф. 1-рўйхат, й.ж. 34727:5). 

Марғилон иноятномаларида “тархон” сўзи “мутлақулинон”, “муоф” ва “марфуул қалам” атамалари билан ҳам қўлланади. “Муоф” сўзи (арабча) аслида “озод” маъносида бўлиб, барча рента-солиқ ва бошқа феодал мажбуриятлардан озод маъносини билдиради (А.Жувонмардиев, 1965:19). XVIII асрнинг бошларида, сўнггиси эса XIX асрнинг иккинчи ярмида ёзилган Марғилонга оид ҳужжатларда “муоф” атамаси кўп учрайди. “Мутлақулинон” арабча сўз бўлиб, “абадий тизгинлаб олган”, “ҳарна истаса, қила олади”, маъносидадир. “Марфуул қалам” (арабча) эса, “солиқ дафтаридан чиқариб юборилган” маъносидадир. Бу икки атама ҳам абадий имтиёзни ифодалайди. Шундай қилиб, “тархон”, “мутлақулинон”, “муоф” ва “марфуул калам” атамалари маъно жиҳатидан бир-бирига ўхшаш ва яқин сўзлардир (А.Жувонмардиев, 1965:19). Баъзи ҳужжатларда “тархони мутлақулинон”, бошқа бир ҳужжатда “муоф” ва “марфуул қалам”, деб ёзилган.

Бу ҳақда Қўқон хони ҳазрат Худоёрхон томонидан 1873 йилда “Подшоҳ Искандар” мадрасасига берилган иноятномада қайд этилган: “Айни замонда ҳокимлар ва амалдорлар ва мубоширлар ва мутасаддилар ва саркорлар ва мутлақ Марғинон вилоятига тааллуқ бўлган воқиф ва огоҳ бўлсинларки, қадим ул айёмдан кўҳна “Подшоҳ Искандар” мадрасасининг аҳли вазойифлари хирож ва танобона, алаф1 ва зиравордан муоф ва марфуъул қалам этилгандирлар. Чунончи, собиқ султонлар ва хонлар томонидан берилган олий фармонлар ўзларини қўлидадир. Бинобарин, меҳрибонлик кўргуздиким, мазкур мадрасани тархон, муоф ва марфуъул қалам этдик.

Шуни ҳам айтиш керакки, бундай имтиёзни олган шахсларнинг ерларини “хос” деб атаганлар (А.Жувонмардиев, 1965:19). Бу ҳақда Худоёрхон томонидан 1873 йилда Мир Абдураҳим халифанинг авлодига берилган иноятномада “Мулла Мир Муҳаммадали махзум мирзо ушбу авқофни обод қилиш ниятида ва ариқни ниҳоясига етказиш учун биз жаноби ҳумоюндан арзи ижозат талаб қилди. Вақфнома мазмунини танишиб чиққач, биз ҳам ўзимизни амирона ва хусравона марҳаматимиз билан ушбу ҳудудларни сув билан жонлантирган мазкур Махдумга “вақфи хосса” қилиб бериш учун олий ҳукмимизга имзо чекдик”, деб ёзилган (ЎзМДА И-19-ф. 1-рўйхат, й.ж. 34355:9). 

Шунингдек, бундай мазмундаги иноятнома[1]ларда хонлар томонидан вақф мулкларига мутаваллини тайинлаш масаласи ҳам кўрсатиб ўтилган: “Мазкур (Мулло Охунд Бобо махдум) ҳазрат бузруквор (Халифа Мир Абдураҳим)- нинг хонақоҳи авқофига мутавалли этиб тайин қилиндиким, тамоми аҳоли иззату икром ва ҳурмату таъзимини бажо келтиришлари лозим ва буюрамизки, мазкур мутавалли авқофнинг маҳсулотларини вақф шартига биноан сарф қилсин ва унга хиёнат қилмасин” (ЎзМДА И-19-ф. 1-рўйхат, й.ж. 34355:3). Ҳаким ат-Термизий авлодига мансуб саййид Довудхўжа эшон хонадонига нисбатан Қўқон хонлари сулоласи томонидан катта ҳурмат-эҳтиром кўрсатилганини Абдураҳимбий (1721–1723), Бобобек (1752–1753) Эрдонабий (1753–1763), Муҳаммад Алихон (1822–1842), Шералихон (1842–1845) ва Худоёрхон томонидан берилган ёрлиқлар ва иноятномалардан кўриш мумкин.

Имом ат-Термизий авлодларига тархонлик имтиёзи берилгани ҳақидаги ҳужжатлар XVIII асрнинг бошларида, XIX асрнинг иккинчи ярмида берилгандир (А.Мўминов, Н.Абдулаҳатов, Я.Кавахара, 2007:41). 

1. Ҳаким ат-Термизий авлодларидан Аҳмадхўжага ер солиқларидан озод қилинганлиги тўғрисидаги Муҳаммад Баҳодирхон томонидан берилган иноятнома. Иноятноманинг аввалида “Ҳазрати хон ҳукмидин Низомиддин Муҳаммад Маҳмуд Баҳодирхондир сўзум” деб бошланади. Иноятноманинг айрим қисмлари ўчиб кетган. Ҳукмнома мазмунига қараганда, “Қадимул айёмдан саёдат паноҳ, нажоб дастгоҳ Аҳмадхўжага қарашли мулклар ўлфонлардан махсус ва мусаллам”, яъни озод қилингани таъкидланади. Иноятноманинг ҳажми 22х16,4 см. 1 та муҳр босилган. 

2.1145/1732–1733 йилда Ҳаким ат-Термизий авлодларидан Аҳмадхўжага солиқлардан озод қилинганлиги тўғрисидаги иноятнома. Иноятноманинг аввалида “Ҳазрати хон ҳукмидин Низомиддин Муҳаммад Муҳаммад Раҳим сўзум” деб бошланади. Иноятноманинг айрим қисмлари ўчиб кетган. Иноятноманинг мазмунига қараганда “Қадимул айёмдан саёдат паноҳ, нажоб дастгоҳ Аҳмадхўжага қарашли мулклар ўлфонлардан махсус ва мусаллам, яъни озод қилинганлиги таъкидланади. Иноятноманинг ҳажми 22,3 х 17,5 см.1 та муҳр босилган.

3. 11630/1749–1750 йилда Ҳаким ат-Термизий авлодларидан Аҳмадхўжага солиқлардан озод қилинганлиги тўғрисидаги иноятнома. Иноятноманинг аввалида “Ҳазрати хон ҳукмидин Низомиддин Муҳаммад Бобобий сўзум” деб бошланади. Иноятноманинг ҳажми 23,8х16,5 см. 

4. 1189/1765 йилда Ҳаким ат-Термизий авлодларидан Довудхўжа эшонга Эрдонабий томонидан берилган иноятнома. Иноятноманинг ҳажми 22,3х17,3 см. Иноятноманинг аввалида “Ҳазрати хон Низомиддин Муҳаммад Эрдонабий сўзум” деб бошланади. Ушбу иноятномага кўра ҳазрат эшон Довудхўжанинг масжидида 1775 йилнинг март ойидан бошлаб жума ва ҳайит намозлари ўтказилишига ижозат берилган.

5. 1259/1843–1844 йилда Ҳаким ат-Термизий авлодларидан Азизонхўжа ва Абдуқодирхўжа ва Қўйчихўжага ер солиқлардан озод қилинганлиги тўғрисидаги Қўқон хони Шералихон томонидан берилган иноятнома. Иноятноманинг ҳажми 40х20 см. 1 муҳр босилган. Иноятномага кўра, ушбу салтанат ишига тааллуқ бўлган барча амалдорлар номлари зикр қилинганларнинг мулки “таноб” ва “хирожи” ҳамда юртнинг барча ажмарғалари (илтифотлари) важҳидан тархон ва мустасно деб билиб, (улардан) фулуси (бир чақа) ва бир дирҳам ва бир дона [дон] ва бир чўб сомон талаб ва тамаъ килмасликлари керак.

6. 1261/1845 йил май-июнь ойларида Ҳаким ат-Термизий авлодларидан Абдулқодирхўжа, Қўйчихўжа, Аҳмадхўжага солиқларидан озод килингани тўғрисидаги Қўқон хони томонидан берилган иноятнома. Иноятноманинг ҳажми 15,3х9 см. Орқа тарафида 1 та муҳр босилган. Иноятноманинг қисқача мазмуни қуйидагича. “Айни замонда улуғ амир, султонлик ишининг соҳиб далиллари ва мубоширлар ва Марғилон вилоятининг саркорлари очиқ ва равшан билсинларки, саййидлар паноҳи Абдуқодирхўжа ва Қўйчихўжа ва Саййид Аҳмадхўжанинг қўлида қадимул айёмдан, собиқ подшоҳлардан қолғон хирож, ихрож, танобадан озод эканликлари ҳақидаги тархон ёрлиқлари бўлган ва ҳозирда ҳам бор. Биз ҳам ушбу собиқ хонлардан қолган фармонга асосан меҳрибонлик кўрсатдик ва танобона ҳамда хирождан марфуъ айладик. Мазкур ер хирожи юзасидан уларға дахл ва тажовуз қилмасликларингиз керак, ёзилғанға хилоф қилманглар ва ундан бош тортманглар”. 1261 йил. (Муҳр) нишони.

7. 1282/1865 йил август-сентябрь ойларида Ҳаким ат-Термизий авлодларидан Қўйчихўжа, Алихўжа ва Эшонхўжаларга таноба солиқларидан озод қилингани тўғрисидаги Қўқон хони томонидан берилган иноятнома. Иноятноманинг ҳажми 39х25,5 см. Орқасида 1 та муҳр босилган. 8. 1283/1866 йил сентябрь-октябрь ойларида Ҳаким ат-Термизий авлодлариданҚўйчихўжа эшон Марғилоний ва Алихўжаларга ер солиқлардан озод қилинганлиги тўғрисидаги Қўқон хони Худоёрхон ўғли Насриддинбек томонидан берилган иноятнома. Иноятноманинг ҳажми 26,8х14,8 см. 1 та муҳр босилган. Иноятноманинг аввалида “Ҳазрати хон ҳукми жаҳондор аълодин Низомиддин саййид Муҳаммад Насриддинбек сўзимиз” деб бошланади. Иноятноманинг қисқача мазмуни қуйидагича:

“Айни замонда барча вилоятларнинг ҳокимлари ва амалдор ва акобирлари ҳамда салтанат иши билан машғул бўлганлар ва мунзабитлар ва жаҳонбонийга тааллуқ бўлганлар воқиф ва огоҳ бўлсинларки, қадимул айёмдан бу кунга қадар ота[1]боболаридан дуогўйликлиги мерос бўлиб келган Қўйчихўжа эшон Марғилоний ва Алихўжалар қўлида собиқ султонлар ва хонлар томонидан берилган олий фармонлар мавжуддир. Шунга мувофиқ биз ҳам ўзимизни амирона марҳаматимиз билан ҳукмимизга муҳримизни босиб, мазкурларни мулкидан хирож, танобона ва юртнинг бошқа барча расмий ва норасмий йиғимлардан озод қилдик. Жумодил аввал. 1283.

9. 1290/1873 йил май-июнь ойларида Ҳаким ат-Термизий авлодларига солиқларидан озод қилинганлиги тўғрисидаги Қўқон хони Худоёрхон томонидан берилган иноятнома. Иноятноманинг ҳажми 25,4х17,4 см. Бодомсимон муҳрда “Хон Саййид Муҳаммад Худоёр” деган ёзув туширилган. Иноятноманинг қисқача мазмуни қуйидагича: “Айни замонда ҳокимлар ва амалдорлар ва мубоширлар ва саркорлар ва мутлақ дорулсалтанатга тааллуқ бўлганлар воқиф ва огоҳ бўлсинларки, қадим ул айёмдан, қабрлари нурга тўлсин, Довудхўжа эшон авлодидан бўлган Қўйчихўжа ва ... қўлида собиқ султонлар ва хонлар томонидан берилган олий фармонлар мавжуддир. Шунга мувофиқ биз ҳам ўзимизни амирона марҳаматимиз билан ҳукмимизга муҳримизни босиб, мазкурлар саёдатпаноҳларни хирож, танобона ва юртнинг бошқа барча расмий ва норасмий йиғимлардан озод қилдик”.

10. 1292/1875–1876 йилда Ҳаким ат-Термизий авлодларига ер солиқларидан озод қилинганлиги тўғрисидаги Фўлодхон томонидан берилган иноятнома. Иноятноманинг ҳажми 26.1х16.9 см. 1 муҳр босилган. Бодомсимон муҳрда “Саййид Муҳаммад Фўлод Баҳодирхон” деган ёзув туширилган (А.Мўминов, Н.Абдулаҳатов, Я.Кавахара, 2007:42). Иноятноманинг қисқача мазмуни қуйидагича: 

“Айни замонда ҳокимлар ва амалдорлар ва мубоширлар ва саркорлар ва мутлақ дорулсалтанатга тааллуқ бўлганлар воқиф ва огоҳ бўлсинларки, қадимул айёмдан саёдатпаноҳ Хўжажон тўра ва Авлиёхўжа ва Азимхўжа ва Нажмиддинўжа ва Ҳасанхўжа ва Хонтўра эшон ва Ҳожихўжа эшон ва Эшонхўжа ва Бурҳонхўжалар қўлида собиқ султонлар ва хонлар томонидан берилган олий фармонлар мавжуддир. Шунга мувофиқ биз ҳам ўзимизни амирона марҳаматимиз билан ҳукмимизга муҳримизни босиб, мазкурлар саёдатпаноҳларни хирож, танобона ва юртнинг бошқа барча расмий ва норасмий йиғимлардан озод қилдик”.

Нақшбандия тариқатининг пиру муршиди ҳазрат Мир Абдураҳим халфа авлодларига Қўқон хонлари Умархон, Муҳаммад Алихон Шералихон Худоёрхон, Маллахон томонидан тархонлик имтиёзи берилгани ҳақидаги иноятномалар (Н.Абдулаҳатов, С.Аброров, А.Тошқулов, 2014:36) Ўзбекистон Марказий Давлат архивида сақланиб қолинган. Шулардан бири, Қўқон хони Умархон томонидан ҳижрий 1232 йилнинг ражаб ойи (милодий 1817 йил май-июн)да берилган иноятномадир. Иноятноманинг ҳажми 43х27,5 см. Иноятноманинг юқори қисмида Умархоннинг бодомнусха муҳри туширилган бўлиб, муҳрда “Амирул муслимин Саййид Муҳаммад Умархон Ботур. 1231” деган ёзув бор. Иноятноманинг юқори қисмининг ўнг томонида ёнбош қисмига “Халифа Мир Абдураҳим” деган ёзув туширилган. Иноятноманинг қисқача мазмуни қуйидагича: “Аллоҳ меҳрибон ва кечиргувчидир. Абулмузаффар вал Мансур Саййид Муҳаммад Умар Баҳодирхон сўзумиз Айни замонда барча вилоятларнинг амалдор ва акобирлари ҳамда шарафли маҳалла (кишилари) муқим тургучи раийат аҳллари, ватандошлар, тамоми хизматчилар ва мулкдорлар ва мутлақ ер соҳиблари, дорулсалтанатга тааллуқ бўлганлар воқиф ва огоҳ бўлсинларки, дуогўйлиги, хайрихоҳлиги ва насиҳатомузлиги чеҳрасидан ошкор, тақволи ва диёнатли, Мулло Охунд Бобо Махдумнинг бахтли хонадони, салтанатимизда, қуёш янлиғ ошкор ва ҳувайдо эди. Мазкур Охунд тугалланмаган ариқни Чўнгғарадан кавлаб келтириб, жаноб қутбул ақтоб иршод берувчи (пири) марҳум ҳазрат эшон (Халифа Мир Абдураҳим) нинг топшириғини бажо айлаб, (яъни) мазкур йигирма тегирмон тоши ўлчовдаги оқин сувни Сўх дарёсидан келтирди. Вақфномада тасдиқланган ер ободончилик мақсадида подшоҳнинг ва ислом қозисининг муҳрлари билан зийнатланган вақфномага қарши гап сиғмайди. Бундан кейин на бир ҳокимлардан бири ва на амалдорлардан бири ва на мутасаддилардан ва на саркорлардан ва на хизматчилардан ва на аминлардан ва на оқсоқоллардан ва на фуқаролардан ва на мазкур дарёдан сув ичувчилардан ва мазкур ариқ сувидан ва нимаики унга тааллуқли бўлган бўлса, ҳеч ким мазкур ариқ юзасидан шикоят қилиб, эгалик қила олмайди. Ҳар йили (мазкур вақфномага ҳеч ким) янгилик кирита олмайди. Токи, мазкур Охунд ундан умидвор бўлмасдан, зориқмасдан тирикчилик ўтказади. Мазкур вақф қилинган ариқдан олинган маҳсулотлар эвазига умримизнинг зиёдалиги ва давлатимизнинг тараққиёти йўлида дуолар қилинсин. Мазкур Охундни ариғи муоф ва марфуъул қалам этилгани сабабидан хирож ва танобона ва бошқа ҳокимлар ҳамда амалдорлар томонидан солиқлар (олинмасин) ва (ундан) бир фулус ҳам талаб ва таъма ҳам қилинмасин. Бу айтилган сўзларга қарши бормасинлар. Мужиби итобнинг ва мустажоби сиёсатга чиқмасинким, юқоридаги айтилганларга қатъий амал қилинсин.

Нодиржон Абдулаҳатов,
Фарғона вилояти Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш 
ва уларнинг малакасини ошириш вилоят маркази доценти 

 

Қўшимча малумот

МАНБАЛАРДА “ЛОМИШИЙ” НИСБАСИНИ ОЛГАН МУТАКАЛЛИМ ОЛИМЛАР ҲАҚИДАГИ ХАБАРЛАР ТАҲЛИЛИ
Ислом динининг Марказий Осиёга кириб келиши натижасида ўлкада илм-фан янада ривож топди, нафақат мусулмонларга, балки бутун дунё халқларига устоз бўлган...
“КИТОБ АТ-ТАВҲИД” ВА “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРЛАРИНИНГ ИЛМИЙ-ТАРИХИЙ АҲАМИЯТИ
Абу Мансур Мотуридий аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги икки ақидавий йўналишнинг бири бўлган мотуридия таълимотининг асосчиси ҳисобланади. Тўлиқ исми Абу...
“РИСОЛА АС-САҲОБА” АСАРИДА ИЖТИМОИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЁРИТИЛИШИ
Бошқарувнинг умавийлардан аббосийларга ўтиши, шунингдек, пойтахтнинг Суриядан Ироқ­қа кўчирилиши ислом давлатининг бутун тузилмасида ўзгаришлар бўлганини кўрсатади. Аниқ бир тартиб-интизомга асосланмаган...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry