28.11.2022
199

ЁЗМА МАНБАЛАРДА УСТРУШАНА ТАРИХИНИНГ ЁРИТИЛИШИ (2-қисм)

Ат-Табарий китобида келтирилган халифа ал-Маъмун (197/813–217/833) ва ал-Муътасим (217/833–227/842) ҳукмдорлиги даврида халифаликда хизмат қилган, таниқли давлат арбоби, моҳир лашкарбоши сифатида шуҳрат қозонган, Уструшана афшини Ковуснинг ўғли, валиаҳд Ҳайдар ал-Афшиннинг фаолияти, ҳарбий жасорати, бутун Араб халифалигини титратган, унинг устидан ўтказилган суд жараёни ва сўнгги тақдири тўғрисидаги воқеалар баёни, уструшаналик бир қатор ҳарбий қўмондонлар ва, айниқса, тўлиқ бўлмаса-да, мамлакат афшинларига оид фактлар ушбу мамлакат ижтимоий-сиёсий тарихини ўрганишда муҳим аҳамият касб этадиган маълумотлардир.

Абул Аббос Аҳмад ибн Яҳё ибн Жабир ал-Балазурий (ваф. 278/892) қаламига мансуб “Китоб футуҳ ал-булдан” (“Мамлакатларнинг забт этилиши ҳақида китоб”) номли асарида Хуросон ноиби Талҳа ибн Тоҳир (206/822–212/828) даврида Уструшананинг забт қилиниши, пойтахт Бунжикатдаги талофатлар ҳақидаги муҳим маълумотлар берилган.

Ал-Балазурийнинг эътирофига кўра,  IX асрнинг 20-йилларида Уструшана афшини Ковус муваффақиятли тарзда халифалик билан дипломатик муносабат ўрнатган ва бунинг  натижаси сифатида мамлакатнинг сиёсий мустақиллигини Мовароуннаҳрдаги бошқа вилоятларга қараганда узоқ вақт сақлаб қолган. Айнан шу омиллар арабларни қониқтирмаган ва IX аср 20-йиллари бошида Уструшана тоҳирийлар тажовузига дучор бўлган, тамомила қайта забт этилиб, халифалик таркибига қўшиб олинган. Кейнчалик афшинлар сулоласи 280/893 йилда тугатилиб, Уструшана Сомонийлар давлати таркибига киритилган. Марказий Осиёдаги бошқа ўлкалар қатори Уструшана ҳам кейинги даврларда қорахонийлар, мўғуллар, темурийлар  (771/1370–911/1506), шайбонийлар (905/1500– 1012/1604) ва бошқа давлатлар таркибига кирган. 

Уструшананинг афшини, валиаҳд Ҳайдар ибн Ковус (197/813–218/833) томонидан амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, моҳир лашкарбоши сифатида фаолияти ҳақидаги бир мунча тўлиқ маълумотларни тарихчи олим Абу Али ибн Али Тусий Низомулмулк  (408/1018–484/1092)нинг “Сиёсатнома”, Абулҳасан ибн ал-Ҳусайн ибн Али ал-Масъудий (ваф.344/956) нинг “Китоб ан танбиҳ ва-л-ишроф” (“Огоҳлантириш ва ишонтириш ҳақида китоб”), Иззуддин Абулҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн  ал-Асир (Халабий, 1884) (554/1160–631/1234)нинг  “ал-Комил фи-т-тарих” (“Тарих бўйича мукаммал мажмуа”) асарларида келтирилган. 

Ҳайдар ибн Ковус аввал халифа Маъмун, кейинчалик халифа Муътасим хизматида бўлиб, 220/835 йилда халифаликнинг қўмондонларидан бири этиб тайинланганидан кейин йирик ҳарбий ғалабаларни қўлга киритган.  У Кичик Осиёда Византия устидан ғалаба қозонади. Император Феофилни мағлубиятга учратади. Кейинчалик ўз даврининг энг йирик ва йигирма йилдан ортиқ давом этган Бобак қўзғолонини бостиришга эришади. Учинчи  ғалабаси – Табаристонда Мозиёр ибн Қорин устидан қозонилган зафар бўлади. Мазкур ғалабалар сабаб Ҳайдар ибн Ковус шахсиятининг ислом равнақи учун қилган хизмати жуда юқори баҳоланади.

Византия императори Феофил қўшинлари устидан ёрқин ғалабанинг нақадар улканлиги борасида машҳур араб шоирлари Абу Таммам адДаҳҳок ва ал-Ҳусайн ибн ад-Даҳҳок ал-Ҳаш алБоҳилий томонидан ал-Афшинни улуғлаб ёзган қасидалар мавжуд.

Бобак қўзғолонини халифа Муътасим ва унинг акаси Маъмун ҳам бостиролмаган. Тарихчи олим Гардизий “Зайн ал-ахбор” асарида ёзишича, улуғ саркарда Озарбайжон ва Ғарбий Эронда Исломга қарши қўзғолон кўтарган Бобак 

 (181/798-183/800–223/838) бошчилигидаги қўзғолонни бартараф қилган. Қўзғолон кенг ёйилиб, Шарқий Арманистон ерларигача тарқалган ва унинг тарафдорларининг сони 300 минг кишига етган. Ўша вақтларда халифалар бир неча йўналишда ҳарбий кучларини ишлатишга мажбур бўлган. Византия билан бўлаётган уруш ҳамда Мисрдаги қўзғолон (214/830–217/833) сабаб халифалик Бобак исёнини узоқ муддат бостира олмаган (А.С.Гардизий, 1991). 

Халифа Маъмун 217/833 йилда вафот этганидан сўнг Муътасим (217/833–227/842) Византия билан яраш битими тузиб, Ҳайдар ибн Ковус қўмондонлигидаги асосий кучини Бобак қўзғолонини бостиришга юборади. Ҳамадон шаҳри яқинида 217/833 йилда бўлиб ўтган жангда қўзғолончилар оғир талофат кўради. Мазкур жангда 60 минг киши ҳалок бўлган.

Айнан Ҳайдар ибн Ковус ҳарбий маҳорати боис халифа Муътасим Бобак қўзғолонини бостиришда зафарга эришади. У Бобакни Самаррага келтириб, қатл этади. Бироқ кейинчалик Ҳайдар ибн Ковуснинг саройидаги нуфузи ортиб бораётганидан хавотирга тушган аъёнлар фитна уюштиради. Халифа ҳам Бобак муаммосини саркарда Ҳайдар ибн Ковус ҳал этиб берганини унутади. Шу боис, саркарда 226/841 йилнинг июнида ислом динидан қайтганликда айбланади ва ўлим жазосига ҳукм этилади (C.Е.Bosworth, 1999) 

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, тарихий Уструшана ғарб томондан Самарқанд ҳудуди, шимол томондан Шош воҳаси ва Фарғонанинг айрим ҳудуди, жануб томондан Кешнинг озгина қисми, Сағониён, Шумон, Вошғирд ва Рошт ҳудуди, шарқ томондан Фарғона ерлари билан туташиб кетган катта мамлакат бўлган. Ҳозир мазкур ҳудуд Ўзбекистон Республикасининг Жиззах, Сирдарё вилоятлари ва Тожикистон Республикасининг Ўратепа қисми тўғри келади.

Уструшана минтақаси Мовароуннаҳрнинг Суғд, Фарғона, Шош воҳалари оралиғида ҳамда Буюк Ипак йўли бўйида жойлашгани бу ерда илмфан ва маданият юксалишида катта омил бўлиб хизмат қилган. Ўрта асрларда Уструшана тараққий этган ҳудудлардан бўлгани боис бу ўлкага араблар, форслар ва хитойликлар катта қизиқиш билан қараган. Тарихий биографик асарларда ҳамда Хитой йилномаларида мазкур ҳудуднинг махсус қайд этилгани унинг ўз даврида катта мавқега эга бўлганидан дарак беради.

Муслим АТАЕВ, Ўзбекистон халқаро ислом академияси 
ICESCO Исломшунослик ва сивилизация кафедраси докторанти

Қўшимча малумот

МАНБАЛАРДА “ЛОМИШИЙ” НИСБАСИНИ ОЛГАН МУТАКАЛЛИМ ОЛИМЛАР ҲАҚИДАГИ ХАБАРЛАР ТАҲЛИЛИ
Ислом динининг Марказий Осиёга кириб келиши натижасида ўлкада илм-фан янада ривож топди, нафақат мусулмонларга, балки бутун дунё халқларига устоз бўлган...
“КИТОБ АТ-ТАВҲИД” ВА “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРЛАРИНИНГ ИЛМИЙ-ТАРИХИЙ АҲАМИЯТИ
Абу Мансур Мотуридий аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги икки ақидавий йўналишнинг бири бўлган мотуридия таълимотининг асосчиси ҳисобланади. Тўлиқ исми Абу...
“РИСОЛА АС-САҲОБА” АСАРИДА ИЖТИМОИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЁРИТИЛИШИ
Бошқарувнинг умавийлардан аббосийларга ўтиши, шунингдек, пойтахтнинг Суриядан Ироқ­қа кўчирилиши ислом давлатининг бутун тузилмасида ўзгаришлар бўлганини кўрсатади. Аниқ бир тартиб-интизомга асосланмаган...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry