25.11.2022
291

ЁЗМА МАНБАЛАРДА УСТРУШАНА ТАРИХИНИНГ ЁРИТИЛИШИ (1-қисм)

Ўзбекистон энг қадимги даврлардан бошлаб юксак цивилизация марказларидан бири бўлган. Бу ўлкада ҳар бир тарихий даврда ўзига хос бетакрор маданият бешиклари, тамаддун сарчашмалари вужудга келган. Бироқ тамаддун ўчоқлари ўзўзидан вужудга келмайди. Ватанимиз осори атиқалар, бебаҳо ёдгорликлар, ўлмас обидалар, тарихни олға силжитган ўчмас кашфиётлар ва ихтиролар юртидир.

Юртимизнинг бир бўлаги бўлмиш қадимий Уструшана мамлакати ҳам ўрта асрларда тараққий этган ҳудудлардан бўлгани боис, унинг географик жойлашуви, аҳолиси, турмуш тарзи, шаҳар қишлоқлари ва ундаги моддий ва маданий ҳаёт, у ерда кечган муайян тарихий жараёнларни англаш учун қадимий манбаларга бевосита мурожаат қилиш даркор.  Уструшанада яшаб ўтган аждодлар бундан қарийб уч минг йил аввалдаёқ тарих китобларида эътироф этилган. Хусусан, ушбу маълумотларни антик давр муаллифлари, илк ўрта асрлар хитой ва суғд ёзма манбалари ҳамда араб ва форс тилларидаги тарихий-географик асарлардан мисқоллаб “териб” олиш лозим. Ўша олис замонларда гоҳо Суғдиёна таркибига, гоҳо “Суғдорти саклар қабиласи”, илк ва ўрта асрларда Уструшана таркибига кирган ушбу ҳудуднинг катта қисми чўл бўлса-да, у ерда работлар, карвонсаройлар, тоғолди ҳудудларида эса, ўрта асрларда бир қатор қалъа-қўрғонлар, шаҳарлар ва қишлоқлар қад ростлаган.

Антик давр тарихчилари Диодор, К.Руф, Арриан ва Юстинлар Кир замонида (эрамиздан аввалги VI аср) Сирдарё ҳавзасида еттита шаҳарқалъа барпо этилганидан хабар берадилар. Ўзининг табиий-географик ўрни, стратегик аҳамияти жиҳатидан қадимдан савдо йўлида жойлашган Уструшананинг Зомин, Дизак, Собот, Нужкат, Новкат каби шаҳарлари ривожланиб борган. Шу сабабли қадимшунослар Соботда эрамиздан аввалги VI асрга тегишли сув йўли – ерости қувурлари бўлгани, қалъа атрофи девор билан ҳимояланиб, атрофида боғлар бўлгани ҳақида ёзганлар. Кир замонида Сирдарё ҳавзасида барпо этилган еттита қалъа шаҳарнинг бири Собот бўлган  (Б.В.Лунин, 1984). 

Хитой манбаларида милоддан аввалги II асрнинг охири – I асрнинг бошларида яшаб ўтган, хитой тарихининг отаси деб эътироф этилган Сима Цзян асарида ва яна бир қадимги хитой тарихчиси Бан Гунинг (мил. ав. 206–мил. 25 ) “Ханьшу” (“Хан [сулоласи] тарихи”)асарида Довон (Фарғона)дан то Анси (Бақтрия)гача бўлган жойларнинг аҳолиси бир-бирига яқин шеваларда гаплашганлари ёритилган (А.Хўжаев, 2014). Яъни, Уструшана аҳолисининг тили суғдча сўзлашувчи Сирдарё ва Амударё оралиғида яшаган аҳоли тилига яқин бўлган. Бу маскан IV–V асрлардаёқ мустақил ҳокимлик сифатида тилга олинади (Н.Бичурин, 1950).

VII аср бошларида Ли Янь-шоу томонидан ёзилган “Шимолий хонадонлар тарихи” – Бейши (336–581)нинг 97-бобида Уструшана номи илк маротаба “Судуйшона” тарзида берилган. Шунингдек, бу минтақада қазиб олинаётган олтин, темир, оникс маъданлари, Дэси руҳига сиғинувчи аҳолининг турмуши ва ҳаёт тарзи ҳақида қимматли маълумотлар қайд этилган. “Суй сулоласи тарихи” – Суй-шу (581–618) муаллиф Вэй Чжен томонидан 644 йилда тузилган бўлиб, унинг 83-бобида Уструшана минтақаси ҳақидаги Бэй-ши маълумотлари такрорланган. “Тан сулоласи тарихи” – Тан-шу (618–907)нинг 

1060 йилда муаллиф Оу Янаю томонидан қилинган иккинчи таҳрири 221-бобида биринчи марта Уструшанага қисқача таъриф ва тавсиф  берилган. Бу маълумотларда аввало, мазкур минтақанинг бир неча вариантларда ўқиладиган номлари (Шуайдушана, Судулишена, Шарқий Цао) келтирилган, қолаверса, Уструшанадан қўшни вилоятларгача бўлган масофалар, илоҳийлаштирилган ғор ва унга сиғинувчи одамлар ҳамда араб истилосига қарши курашнинг қисқа воқеалари баён этилган (М.Х.Пардаев, 2016). 

Хитой йилномалари “Бей-ши ва Суй-шу”да бу ҳудудни Шарқий Цао (суви йўқ) деб номланиши қўшни Чоч ва Суғддан фарқли ўлароқ, дарёларнинг кўп бўлмагани билан изоҳланади. VIII асрга оид Хитой географик сайёҳи Сюань-Цзан ўзининг “Йилнома” асарида бу ўлкани “Сутулисэн” деб ҳам номлайди. Тан императорлари саройида ўлканинг номи Лайвий (хитойча – мағрурлигини билган ҳолда ўзгага бўйсунувчи) деб ҳам юритилган. Таниқли саёҳатчи Сюань Цзаннинг (VII аср биринчи ярми) ғарбий ўлкалар тавсифига бағишланган “Сиюйцзи” асари ва сайёҳ Хой Чао (107/726) эсдаликларида ҳам Уструшана тарихига дахлдор маълумотлар қайд этилган (Негматов, 1953).

Қадимги хитой тарихчиси Бан-Гунинг “Цянь ханьшу” (“Хан катта хонадони тарихи”) йилномасида 630 йилда Ўрта Осиёда бўлган хитойлик сайёҳ Сюань Цзяннинг бу ҳудуд ҳақида берган қуйидаги таърифи эътиборга лойиқ:  «... Цао вилояти (Уструшана) айланасига 1400 дан 1500 ли.гача масофага эга бўлиб, шарқдан Нами (Сирдарё) дарёси билан туташ. Бу вилоятда ғарбий денгиз (Каспий)дан шарқда жойлашган барча халқлар эътиқод қилувчи “Деси руҳи”га ибодат қиладилар. Дай-йе (605–617) ҳукмронлиги даврида Уструшананинг ёш, ташаббускор ҳукмдори Самарқанд ихшидининг элчилари билан ўз элчисини Хитойга юборади».

А.Г.Малявкин илк ўрта аср хитой ёзма манбалари, “Тан сулолавий солномалари”  (618–907) асосида Уструшананинг ҳудуди ҳақида қуйидагиларни маълум қилади: “Шарқий Цаонинг ҳукмдори Боси тоғи (Туркистон тоғ тизмаси)нинг шимолий ён бағрида яшайди. Бу жой катта Хан сулоласи даврида Эрши шаҳри ҳудудига тегишли эди. Ву-дэ ҳукумронлиги даврида (618–626) бу подшолик Кан билан биргаликда саройга ўз элчиларини юборган”. 

Манбаларда Уструшана минтақаси турлича номлар билан аталганини кўриш мумкин. Бу жой номи Асрушана ёки Ашрусана, Осрушана ёки Сутрушана, Сурушана, Шурусана, Шурушана шаклларида учрайди. А.Г.Малявкин илк ўрта аср хитой ёзма манбалари асосида ҳудуднинг Шуайдушона, Судуйшона, Цзебуцзюйна (Цзебудана), Судушина, Суйдушана, Кобугюйна, Судучжини тарзида номланганини эътироф этади (A.Г.Малявкин, 1989). Илк ўрта асрлар Уструшанаси сиёсий, иқтисодий, маданий ва тарихий географиясини ўзида мужассам этган суғд ҳужжатлари тўплами суғдшунос олим М. Исҳоқов томонидан ҳам бир қадар ўрганилган (М. Исхоқов, 1992). Н.Н.Негматов томонидан “Усрушана” деб талқин қилинган бу ном, кейинчалик В.А.Лившиц томонидан Муғ ғоридан топилган суғд ҳужжатлари таҳлили асосида Уструшана деб талқин қилинган. ЎзР. ФА. ШИда сақланаётган Маждуддин ал-Уструшаний асарларининг қўлёзмалари синчиклаб ўрганилиши натижасида бу минтақани В.А.Лившиц таъкидлаганидек, “Уструшана” шаклида ўқишни тўғри деб ҳисоблаш мумкин.

Милодий VI асрда Турк хоқонлиги даврида маҳаллий аҳолининг турк қабилалари билан муносабатлари ривожланади. Қуда-андачилик алоқалари ўрнатилади. Ўлкада зарб қилинган VI–VIII асрларга оид тангалар Уструшананинг илк ҳукмдорлари Чирдмиш, Сатачари, Раханчлар ҳақида маълумот беради. Уструшана ва унинг чегаралари ҳақидаги маълумотлар IX–XI асрларга оид араб географларининг асарларида келтирилган. Тадқиқотчи К.В.Тревернинг таъкидлашича, Уструшананинг ҳудуди бақтрияликлар еридан то Сирдарё жанубида яшаган суғдий қабилаларнинг еригача бўлган ўн иккита вилоятни ўз ичига олган.

Ўрта Осиё халқларининг илк ёзма манбаси “Авесто”да, Эрон шоҳларининг битиклари, қадимги Юнон ва Рим тарихчиларининг асарларида ҳам Ўрта Осиёнинг кўчманчи чорвадорлари ҳақида турли  хил маълумотлар берилган. Айни пайтда Уструшанада барча томондан кўчманчилар дашти билан чегарадош шаҳарлар ҳам мавжуд бўлган. Ибн Ҳавқалнинг ёзишича, “... Бунжикат, Арсубоникат, Куркат, Ғазак, Фағкат, Собот, Зомин, Дизак, Нужкат, Харқона – булар Уструшонанинг шаҳарларидир” (C.Камолиддин, 2011).

Ўрта аср тарихчи географлари Уструшана ҳақида дастлабки, нисбатан қисқа, аммо жуда муҳим маълумотларни Ибн Ҳавқал, ал-Истахрий, ал-Мақдисий, Ибн Ҳурдазбиҳ, Ибн ал-Фақиҳ, Абу Саъд ас-Самъоний, Ёқут ал-Ҳамавий каби арабийзабон олимларининг тарихий-географик асарларида учратиш мумкин (Хавқал, 1939). 

X асрда яшаб ижод қилган тарихчи-географ Шамсуддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Бакр ал-Банна ал-Башарий ал-Муқаддасий ўзининг “Аҳсан ат-тақосим фи маърифати  ал-ақолим” (“Мамлакатларни билиш учун энг яхши тақсимот”) асарида Уструшана рустоқлари ва уларнинг сони, баъзи рустоқ, шаҳар ва йирик қишлоқларнинг номлари, Собот ва тоғ мавзеидаги Хаш шаҳрининг тавсифи, Дизакда жун матодан ишлаб чиқариладиган кийимлар ҳақида ўзидан олдинги муаллифлар асарларида мавжуд бўлмаган маълумотларни келтиради. Уструшананинг маъмурий тузилиши ўн еттита рустоқдан иборат эканини эътироф этган ҳамда уларнинг номлари, Уструшана йўллари ва аҳоли пунктлари орасидаги масофалар ҳақида қисқача хабар берган ҳолда Суғд, Кеш, Насаф ва Уструшана мамлакатининг сомонийлар хазинасига тўлайдиган йиллик хирожи ҳақида ҳам маълумот берган.

Машҳур географ олим Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Муҳаммад ал-Истахрий “Масолик  ал-мамолик” (“Мамлакатларнинг йўллари”) асарида: “Мовароуннаҳр ислом оламидаги энг бой минтақа ҳисобланиши ва бу ерда кишилар йилига бир неча марта ҳосил олишлари ва агар қурғоқчилик рўй берса, уларнинг йиғиб олган маҳсулотлари яна бир-икки йилга бемалол етишини таъкидлайди. Шунингдек, Суғд, Уструшана, Фарғона, Шош ва бошқа ҳудудларда мевалар кўп ҳосил бериши ва ҳаттоки, жониворлар мева билан боқилган”, деб таъкидлайди.

Ал-Истахрий ўлканинг географик хусусиятларига ҳам тўхталиб, қуйидаги фикрларни билдиради: “Уструшана Суғд каби ўлка номи бўлиб, бу номдаги шаҳар бўлмаган. Уструшананинг аксарият қисми тоғ, ғарб томондан Самарқанд ҳудуди, шимол томондан Шош воҳаси ва Фарғонанинг айрим ҳудуди, жануб томондан Кешнинг озгина қисми, Сағаниён, Шумон, Вошғирд ва Рошт ҳудуди, шарқ томондан Фарғона ерлари билан туташиб кетган. Уструшанада жойлашган шаҳар ва қишлоқлар Бунжикет, Зомин, Дизак, Арсияникет, Куркет, Ғазақ, Фағкет, Собот, Нужкет ва Харақона деган номлар билан аталган. Уструшана шаҳарлари орасидаги масофага келсак, Харақонадан Дизаккача беш фарсах, Харақонадан Зомингача тўққиз фарсах, Зоминдан Соботгача уч фарсах, Зоминдан Ховос йўли орқали Куркетгача ўн уч фарсах, Нужкет ва Харақона масофаси икки фарсах, Харақонанинг жанубий шарқидан Фарғона чегарасидаги Арсияникетгача тўққиз фарсах. Фағкет шаҳри (Бунжикет)дан тўққиз фарсах, Хўжанд йўлида, Фағкет Ғазақгача икки фарсах, Ғазақдан Хўжандгача олти фарсахдир”.  Шу билан бирга Зарафшон тепасидаги Буттим тоғида жойлашган қишлоқлар ҳам Уструшана минтақасига тегишли ҳисобланган.

Ўрта аср географ олимларидан бири Ибн Ҳавқал ўзининг “Китоб ал-масолик ва-л-мамолик” (“Йўллар ва мамлакатлар ҳақида китоб”) асарида  мамлакат пойтахти Бунжикатни таърифлаган ал-Истахрийдан фарқли ўлароқ, Ибн Ҳавқал марказий шаҳарнинг иккита дарвозаси ва олтита анҳори номини, шаҳардаги эркак аҳоли сонини, шаҳристонда жойлашган жоме масжиди, кўҳандиз ва ундаги зиндон, зодагонлар маҳалласидаги работ ҳақида маълумот беради.

Зомин ҳақида ибн Хавқал асарида ал-Истахрийда қайд этилмаган бозор, жоме масжиди, шаҳардаги боғлар ва узумзорлар, Дизак шаҳри тавсифи бўйича эса Фағнон рустоқи, чўл сарҳадларида бунёд этилган Худайсар работи ҳақида қўшимча маълумотлар келтиради. Уструшаналикларнинг фахри Минк ва Маросимандада темир қуроллар ишлаб чиқарилганлиги ва бу қурол-яроқлар Хуросон ва Ироқда жуда машҳур бўлганлиги ҳам таъкидлаб ўтилади (Бетгер, 1957) 

Уструшанада кечган савдо-сотиқ, хўжалик юритиш ишлари бўйича баъзи маълумотлар 982/983 йилларда номаълум муаллиф томонидан ёзилган “Ҳудуд ал-олам мин ал-машриқ ила-л-мағриб” (“Оламнинг шарқдан ғарбга қадар чегаралари”) номли асарда Уструшанада жойлашган шаҳар ва қишлоқларга қуйидагича таъриф берилади: “Навинжкас – Сарушананинг қасабаси ва бу ноҳият амирининг қароргоҳидир. Аҳолиси кўп, обод, ноз-неъмати фаровон ва оқар сувлари бор бир жойдир. Фағкас, Ғарқ, Собот, Куркас – Сарушана ҳудудидаги шаҳарчаларнинг экинзорлари ва аҳолиси кўп. Буттамон – тоғ-дараларда жойлашган ноҳият, Сарушана ҳудудида. У уч қисмдан иборат: Ички Бутамон, Ўрта Бутамон ва Ташқи Бутамон. Бу экинзорлари кўп бир ноҳиядир; дарвешлар жойи. Унинг қишлоқлари ва рустоқлари кўп. У ерда шароб кўплаб тайёрланади ва тоғларидан темир қазиб олинади. Тоғларида навшадир конлари кўп эрур. Чарқон – Сурушана шаҳарчаларидан бири, обод жой”. 

Марвлик йирик муаррих Абу Саъд  ас-Самъоний (1113–1167) “ал-Ансоб” (“Нисбалар”) асарида: “Уструшана Самарқанднинг олди ва Сайҳун дарёсининг қуйи қисмидаги катта бир вилоят бўлган”, деб ёзади. 

Таниқли араб сайёҳи, географ ва библиограф олим Ёқут ибн Абдуллоҳ ар-Румий ал-Ҳамавий (1179–1229)нинг 1224 йилда ёзиб тугатилган машҳур “Муъжам ал-булдон” (“Мамлакатлар луғати”) асарида Уструшананинг IX–XII асрлар оид тарихи ҳам келтирилган. Ёқут ал-Ҳамавий бу китобни ал-Истахрий, Ибн ал-Фақиҳ ва, айниқса, Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур ас-Самъоний асарларидаги маълумотлардан фойдаланган ҳолда ёзган бўлса-да, асарда бир қатор янги маълумотлар ҳам мавжуд. Хусусан, Ёқут ал-Ҳамавий китобидаги маълумотлар, биринчидан, луғат шаклида йиғилиб, муайян минтақалар, шаҳарлар ва қишлоқлар бўйича тартиб билан берилган, иккинчидан, воқеалар ўз мазмун-моҳиятига кўра, тизимлаштирилган. Яъни, сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётга оид маълумотлар ягона тартиб асосида қайд этилган. Ёқут ал-Ҳамавий асаридаги яна бир ижобий жиҳат у қайси вилоят ёки шаҳар-қишлоқнинг таъриф ва тавсифини баён этар экан, у ердан етишиб чиққан машҳур олимлар, шоирлар, фақиҳлар, сайёҳлар, ислом дини тарғиботчиларининг биографиясига катта эътибор қаратади. Уструшана ҳақида шундай маълумот беради: “Уструшана Самарқанд яқинида ва Сайҳуннинг қуйи қисмидаги – катта воҳа, у ерда тўрт юзга яқин истеҳком бўлиб, олтин, кумуш, темир ва бошқа қимматбаҳо табиий бойликларга эга ҳудуддир”.

Ўрта асрларнинг яна бир қатор географлари, хусусан, Ибн ал-Фақиҳ томонидан 289/902 йилларда ёзилган “Китоб ахбор ал-булдон” (“Мамлакатлар ҳақида китоб”) (al-Hamadani, 1967), Ибн Хурдозбеҳ (204/820 йиллар атрофида туғилган) қаламига мансуб “Китоб ал-масолик ва-лмамолик” (“Йўллар ва мамлакатлар ҳақида китоб”), Абу Фараж Қудоманинг (ваф. 346/958) “Китоб алхирож ва санъат ал-китоба” (“Хирож ундириш ва мактублар ёзиш санъати ҳақида китоб”), Абу Аҳмад ибн Умар ибн Рустанинг (X) “Китоб ал-аълак аннафиса” (“Нафис дурлар китоби”), ал-Яқубий (ваф. 283/897 й.)нинг 277/891 йилда ёзилган “Китоб албулдон” (“Мамлакатлар ҳақида китоб”) асарларида Уструшана тарихи ва географияси бўйича баъзи маълумотлар бериб ўтилган.

Ибн ал-Фақиҳ, Ибн Хурдозбеҳ, Қудома асарларидаги кичик янгиликлардан бири Уструшана мамлакати бўйича йўл кўрсатувчи қайдномалардир. Бу йўл кўрсатувчи қайдномаларда ал-Истахрий ва Ибн Хурдозбеҳ китобларида тилга олинмаган шаҳар ва қишлоқлар, уларнинг масофалари тўғрисида маълумотлар берилган. Ибн ал-Фақиҳ ва ибн Хурдозбеҳ ўз асарларида Озарбайжон шаҳарлари географияси ҳақида тўхталар экан, йўл-йўлакай Ҳайдар ал-Афшиннинг Бобакка қарши курашган даврида бу ерда Уструшана валиаҳди томонидан амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳақида ҳам фикрлар бериб ўтган. Шунингдек, алЯқубий халифаликнинг марказий шаҳарларидан бири Самарранинг тавсифини тузар экан, ундаги ал-Афшинга қарашли ал-Матира номли қасаба ва у ерда жойлашган уструшаналикларнинг қасрлари ҳақида ҳам маълумотлар беради. Унинг Уструшанадаги катта шаҳарлар, қасрлар, қўрғонлар, олтин қазиб олиш тўғрисидаги хабарлари бугунги кунда Уструшананинг мукаммал тарихини тиклаш учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Эътиборли томони шундаки, Ёқубийнинг фикрича, нима сабаблардандир араблар Уструшанани бутунлай забт этиб, халифалик таркибига қўшиб олишни пайсалга солишган, уларнинг юришлари Уструшанага нисбатан бирмунча суст бўлган.

Муҳаммад ан-Наршахий (ваф. 959)нинг Ғарбий Суғд, Сомонийлар давлати пойтахти ҳақидаги “Бухоро тарихи” асарини Уструшана минтақа ва давр тарихи учун қиёсий, солиштирма таҳлиллар қилишда Абу Райҳон ал-Беруний (973–1048) нинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асарларини ҳам қимматли манба сифатида эътироф этиш мумкин (C.Хасанов, 2002).

Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома” асарида Ўратепа ҳақида шундай ёзади: “Фарғона, Хўжанд ва Ўратепаким, асл буларнинг отлари китобларда Усрушнадир ва Усруш ҳам битирлар, қолдилар” (Хасанов, 2002). Кўриниб турганидек, Бобур ўз асарида Фарғона, Хўжанд ва Ўратепа ҳудудлари Уструшана минтақасига тегишли эканлигини кўрсатмоқда. Бобурномада Ўратепа номи ўн саккиз марта учрайди. XVII асрда яшаган ўрта осиёлик олим Маҳмуд ибн Вали ўзининг “Баҳр ал-асрор фи маноқиб ал-ахёр” номли тарихийгеографик асарида Ўратепа ҳақида маълумот берган (Б.Ахмедов, 1977).

Уструшана мамлакатининг сиёсий ҳаёти ҳақидаги тўлиқ маълумотларни IX–X асрларда ижод қилган тарихчи ат-Табарий, ал-Балазурий, ал-Масъудий ва Низомулмулкнинг асарларидан олиш мумкин.

Уструшананинг илк ўрта асрлардаги сиёсий тарихи бўйича асосий манбалардан бири сўзсиз арабийзабон тарихчи Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарийнинг (224/839–309/922) йилнома усулидаги “Тарих ар-русул ва-л-мулук” (“Пайғамбарлар ва подшоҳлар тарихи”) асаридир. Муаллиф ушбу асарда Уструшана ҳақидаги маълумотларни 135/753–234/849 йилларда яшаб ўтган Абулҳасан Али ибн Муҳаммад ал-Мадоинийнинг бизгача етиб келмаган рисоласидан олган. Ат-Табарий уструшаналикларни ўз афшинлари бошчилигида Турк ҳоқони туғи остида қўшни давлатлар иттифоқи билан бирлашиб 118/737 йилда Хористон яқинида Хуросон ноиби Асад ибн Абдуллоҳ қўшинига қарши жангга кирганлари, навбатдаги ноиб Наср ибн Сайёрни (120/738–130/748) Уструшанага ҳарбий юриши тафсилотларини баён қилган. Хитойликлар 131/749 йилда Уструшанага юриш қилган бўлса, 133/751 йилда минтақани араблар забт этдилар. Натижада Уструшана араблар билан Тан сулоласи ўртасидаги кураш майдонига айланади.

Умуман, ат-Табарий маълумотларига қараганда, бу даврда Уструшана араб истилосига қарши курашган ва ислом динини қабул қилишни хоҳламаган қўшни халқлар, хусусан, Хуттал аҳолиси учун бошпана, арабларга қарши кучларни бирлаштирадиган қароргоҳ сифатида фаолият кўрсатган. Шунингдек, Хуросон ҳукмдори Фадл ибн Яҳё (177/794) даврида Уструшана афшини раҳбарлигида Араб халифалигига қарши кураш, 206/822 йилда мамлакатни Тоҳирий ноиблар даврида бутунлай босиб олиниши ҳақидаги муҳим тарихий воқеалар асарда ўз ифодасини топган.


Муслим АТАЕВ, Ўзбекистон халқаро ислом академияси 
ICESCO Исломшунослик ва сивилизация кафедраси докторанти

 

Қўшимча малумот

МАНБАЛАРДА “ЛОМИШИЙ” НИСБАСИНИ ОЛГАН МУТАКАЛЛИМ ОЛИМЛАР ҲАҚИДАГИ ХАБАРЛАР ТАҲЛИЛИ
Ислом динининг Марказий Осиёга кириб келиши натижасида ўлкада илм-фан янада ривож топди, нафақат мусулмонларга, балки бутун дунё халқларига устоз бўлган...
“КИТОБ АТ-ТАВҲИД” ВА “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРЛАРИНИНГ ИЛМИЙ-ТАРИХИЙ АҲАМИЯТИ
Абу Мансур Мотуридий аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги икки ақидавий йўналишнинг бири бўлган мотуридия таълимотининг асосчиси ҳисобланади. Тўлиқ исми Абу...
“РИСОЛА АС-САҲОБА” АСАРИДА ИЖТИМОИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЁРИТИЛИШИ
Бошқарувнинг умавийлардан аббосийларга ўтиши, шунингдек, пойтахтнинг Суриядан Ироқ­қа кўчирилиши ислом давлатининг бутун тузилмасида ўзгаришлар бўлганини кўрсатади. Аниқ бир тартиб-интизомга асосланмаган...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry