22.11.2022
137

АЛЛОҲ ТАОЛОГА МАКОН НИСБАТИНИ БЕРИШНИНГ ХАТАРЛИ ОҚИБАТЛАРИ (ЛОМИШИЙНИНГ “ТАМҲИД” АСАРИ МИСОЛИДА) (2-қисм)

Бугунги кунимиздаги Аллоҳга макон нисбатини берувчилар юқоридаги оятларда таъвил ҳам, мажоз ҳам мумкин эмас, дейдилар. Фаразан улар айтганидек: “Бу оятларда таъвил ҳам, мажоз ҳам ножоиз”, бўлсин. Демак, таъвил ҳам, мажоз ҳам йўқ. Хўп бунга кўндик, ҳам дейлик. Лекин ўзлари айтган гапга ўзлари амал қилмай, далил келтирган оятларда таъвил қиляптилар. 

Масалан, унинг ўзи ҳажда бўлса ҳам “Унинг амирлиги, ҳокимлиги Бухоро ва Самарқандда собит”, дегандек. “Шунингдек гоҳида فوق) устида, юқорида) калимаси зикр қилиниб, ундан макон жиҳатдан юқорилик ирода қилинади. Гоҳида ундан мартаба жиҳатдан юқорилик, яъни олийлик ирода қилинади. Аллоҳнинг далилларига қарамақаршиликни йўқотиш учун мартаба жиҳатидан бўлган олийлик маъносига таъвил қилинади” (Маҳмуд Ломиший, 2021:95)

 “У Олий ва Буюкдир” (Абдулазиз Мансур таржимаси, 2009:42). 

“(Эй, Муҳаммад!) Энг олий зот бўлмиш Раббингизнинг исми билан тасбеҳ айтинг” (Абдулазиз Мансур таржимаси, 2009:591).

 Аллоҳ таоло Олий Зот экани борасидаги юқоридаги оятларни ҳеч ким инкор қилмайди. Фақат, бу ердаги олийлик макон жиҳатидан эмас, балки мартаба, мақом эътиборидан бўлиб, бунга сабаб далилларнинг бир-бирига қарама-қарши эмас, балки мувофиқ бўлиши учундир. 

Мартаба, мақом жиҳатидан Олий Зот десак, юқоридаги оятларга мувофиқ бўлади. Далиллар орасида қарама-қаршилик ҳам бўлмайди. Чунки Аллоҳ таоло шу даражада Олий Зотки, унга ҳеч бир нарса тенг бўла олмайди. Бу эса оятнинг маъносини ва ақлий далилларни янада таъкидлаб келади. Яна бу далиллар мадҳ, мақтов кўринишида келгани ҳам таъкидланган. Аллоҳ таоло “Оятул курсий”да Ўзини мадҳ этган. Шунингдек, Аъло сурасида ҳам чиройли шаклда Ўзини улуғлаган: 

“Олий қадар бўлган Раббинг исмини поклаб ёд эт” (Аъло сураси, 1-оят).

Бу оятлардан кўринадики, уларда ҳам мадҳ, ҳам улуғлаш ўрнида келмоқда. Маконда олий дейилса, бу улуғлаш бўлмайди. Чунки бир одам тоғнинг устида яшайди, бошқа бири пастда, водийда яшайди. Ҳеч шубҳа йўқки, бу ўринда водий тоғнинг юқорисидан афзал ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ҳар доим маконда юқори бўлиш, улуғлаш ҳисобланмайди. 

Уларнинг юқорида келтирилган далилларида “юқори тараф” қолган тарафлардан афзал экани айтилади. Албатта, ундай эмас. Чунки бу одат ва урф эътиборидан шундай. Шунинг учун бизнинг одатимиз ва урфимизда юқори афзал бўлгани учун Қуръони каримни юқорига қўямиз. Лекин агар ақлга қўйиб берсангиз, ақл учун юқори ҳам, паст ҳам бир хил. Ақлнинг ҳукмида юқорини афзал дейишга ундайдиган сабаб йўқ. Лекин фаразан бир жамиятни тасаввур қилсак ва у жамиятда “юқори эмас, балки паст тараф афзал”, деган тушунча бўлса, ўша жамиятда Қуръонни пастга қўйиш уни улуғлаш ҳисобланади. Бу тасаввур холос. Демоқчики, юқори ёки паст тарафнинг афзаллиги қайси эътибордан қарашингизга боғлиқ. Баъзи давлатларда кўп қаватли уйларнинг юқори қавати афзал бўлса, баъзи давлатларда эса пастки қаватлар афзал ҳисобланади. Демак, бир жиҳати эътиборидан юзага келадиган ишларда буниси афзал деб далил олиш тўғри бўлмайди.

 “Дуо вақтида қўлларни осмонга кўтаришда уларга ҳужжат йўқ. Чунки, намозда Каъба қибла бўлгани каби, дуода осмон қибла ҳисобланади. Икки ибодатда (бу) икки тарафга юзланиш Аллоҳ таоло Каъба ёки осмонда бўлгани учун эмас, балки у иккиси қибла бўлгани учун” (Маҳмуд Ломиший, 2007:109). Нима учун дуода қўлларимизни юқорига кўтарамиз? Чунки, осмон дуонинг қибласи ҳисобланади. Худдики, намозда Каъба қибла бўлгани учун намозни Каъбага қараб ўқиганимиздек, Аллоҳнинг Зоти Каъбада бўлгани учун эмас. Шу каби дуода қўлларни осмонга кўтариш Аллоҳнинг зоти осмонда эканига далолат қилмайди (I.Şik, 2009:116-118). 

“(Аллоҳдан) тарафни инкор қилишдаги бизнинг ҳужжатимиз айтиб ўтганларимиздир. Олти тарафни инкор қилиш мавжудлиги муайян бир тарафга боғлиқ бўлган нарсанинг йўқлигидан хабар бериш бўлади, холос. Батаҳқиқ биз зикр қилдикки: “Қудрати чексиз Борий Зот оламнинг бир тарафида бўлиши имконсиз ишдир” (Маҳмуд Ломиший, 2021:95).

Улар юқоридаги далилларида: “Агар бир зотдан барча тарафлар инкор қилинса, бу ўша зотнинг йўқлиги ҳисобланади”, дедилар. Яъни “Бир нарса бор-у, лекин юқорида ҳам, пастда ҳам, ўнгда ҳам, чапда ҳам, олдида ҳам, орқада ҳам эмас, дейилса. Демак, бу ўша нарсанинг йўқлиги ҳисобланади. Масалан: бир китобингиз бор. Лекин у сизга нисбатан бирор тарафда эмас. Демак, ўша китоб йўқ дегани”, дедилар.

Муаллиф уларга раддия бериб, олти тарафни инкор қилиш доим ҳам ўша нарсанинг йўқлигидан хабар бериш бўлмайди. Балки фақат биргина ҳолатда бўлиши мумкин. Яъни биз баҳс қилиб турган нарсанинг ҳақиқати, албатта, қайсидир бир тарафда бўладиган нарса бўлса ва ўша нарсадан олти тараф ҳам инкор қилинса, ўшандагина унинг йўқлигидан хабар бериш бўлади. Улар келтирган далил шу ҳолатда тўғри бўлади. Юқоридаги китоб бунга мисол бўлади. Лекин, агар бир нарса мавжуд бўлсаю, бирор тарафда бўлмайдиган сифатда бўлса, у нарсадан олти тарафни инкор қилиш унинг йўқлигини ифодаламайди. Масалан: “Фалончининг хафалиги ёки хурсандлиги унинг олдида ҳам, ортида ҳам, ўнгида ҳам, чапида ҳам, юқорисида ҳам, остида ҳам эмас”, деса тўғри бўлаверади. Бу ҳолатда “унинг хафалиги ёки хурсандлигини йўқ”, деб бўлмайди. Чунки, аразлар (сифат)нинг жисмга нисбатан алоқаси маконга боғлиқ эмас. Худди шунингдек, хурсандлик ва хафаликнинг маконга алоқаси йўқ. Агар фалончи хурсанд бўлса, унинг хурсандчилиги у билан қоим бўлади. “Хурсандлиги унинг бу тарафида”, деб айтиб бўлмайди. Агар “унинг хурсандлиги олдида, ортида, ўнгида, чапида, юқорисида, остида эмас”, десак “унинг хурсандлиги йўқ экан”, дегани бўладими? Албатта, йўқ. Чунки, хурсандлик хурсанд инсонда пайдо бўлса, бирор макон билан сифатланмайди. Хурсандлик мавжуд бўлганда биз ундан олти тарафни инкор қилсак, ҳеч қандай муаммо бўлмайди. 

Аллоҳ таоло борасида ҳам шундай. Аллоҳ мавжуд, бор, лекин бирор макон билан сифатланмайди. Ундан олти тарафни инкор қилишимиздан Унинг мавжуд эмаслиги келиб чиқмайди. Шунинг учун Аллоҳ оламнинг юқорисида ҳам, остида ҳам, ўнгида ҳам, чапида ҳам, олдида ҳам, ортида ҳам эмас.

Шу билан бирга оламнинг ичида ҳам, ташқарисида ҳам эмас. Чунки ичкари ва ташқари тарафдан бўладиган алоқалар жисмларга хос ҳисобланади. Аллоҳ таоло эса жисм эмас.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Аҳли сунна вал жамоа уламолари бир овоздан “Аллоҳ таолони бирор макон ёки тарафда”, деб эътиқод қилмасликни таъкидлаганлар. Бу билан Аллоҳнинг осмонда ёки юқоридалигига далолат қиладиган оятларнинг зоҳирий маъносини инкор қилиш эмас, балки Аллоҳни бирор макон ёки тарафда эмаслигига далолат қилувчи қатъий далилларга қарши келиб қолмаслиги олдини олиш учундир. Ваҳоланки, биз барча ояти карималарга бирдек иймон келтирамиз, бирортасини инкор қилмаймиз. Фақат, қатъий далилларга зид келиб қолмаслиги учун аввало тафвиз қиламиз, яъни Аллоҳга ҳавола қиламиз. Ёки бир-бирини инкор қилмайдиган маънода таъвил қиламиз. Бир оятни тасдиқлаш орқали бошқа бир оятни инкор қилмаймиз.

 Аллоҳ таоло ва унинг махлуқотлари орасида бирор жиҳатдан ўхшашлик йўқ. Агар Аллоҳ таоло бир маконга ўрнашган бўлганида эди, Аллоҳ таоло ва макон орасида миқдорда ўхшашлик бўлиб қолар эди. Қайсидир бир маконни эгаллаб турган нарса ўзи эгаллаб турган макон миқдорига тенг бўлади. Чунки у ўша макондан ўз ҳажми миқдоричасини тўлдириб, банд қилиб туради. Банд қилинган ўша макон ва банд қилиб турувчи орасида миқдорда ўхшашлик бўлади. Бу далил хусусида баъзи тортишувлар бўлса ҳам, бошланғич тушунча ўлароқ далил сифатида келтириш дуруст бўлади. 

Ломиший ўз асарида мавзуга оид икки далилни келтириб, уни батафсил шарҳлайди. Ундан сўнгра мавзуга доир оятларни бирма-бир тушунтириб ўтиш асносида адашган гуруҳларга раддиялар ҳам бериб боради. Улар далил сифатида кўтарган оятларни муфассирларнинг қарашлари ва оят борасидаги фикрларни тўлиқ келтириш орқали хато эканини исбот этади. 

Бу бугунги кундаги мавжуд ақидавий адашган тоифаларнинг қарашларига тўғри ва асосли жавоб беришда ҳамда уларга қарши туришда муҳим аҳамият касб этади.

Абдулло  Ғуломов,
“Саййид Муҳйиддин Махдум” номидаги 
ислом билим юрти ўқитувчиси

 

Қўшимча малумот

МАНБАЛАРДА “ЛОМИШИЙ” НИСБАСИНИ ОЛГАН МУТАКАЛЛИМ ОЛИМЛАР ҲАҚИДАГИ ХАБАРЛАР ТАҲЛИЛИ
Ислом динининг Марказий Осиёга кириб келиши натижасида ўлкада илм-фан янада ривож топди, нафақат мусулмонларга, балки бутун дунё халқларига устоз бўлган...
“КИТОБ АТ-ТАВҲИД” ВА “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРЛАРИНИНГ ИЛМИЙ-ТАРИХИЙ АҲАМИЯТИ
Абу Мансур Мотуридий аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги икки ақидавий йўналишнинг бири бўлган мотуридия таълимотининг асосчиси ҳисобланади. Тўлиқ исми Абу...
“РИСОЛА АС-САҲОБА” АСАРИДА ИЖТИМОИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЁРИТИЛИШИ
Бошқарувнинг умавийлардан аббосийларга ўтиши, шунингдек, пойтахтнинг Суриядан Ироқ­қа кўчирилиши ислом давлатининг бутун тузилмасида ўзгаришлар бўлганини кўрсатади. Аниқ бир тартиб-интизомга асосланмаган...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry