21.11.2022
185

АЛЛОҲ ТАОЛОГА МАКОН НИСБАТИНИ БЕРИШНИНГ ХАТАРЛИ ОҚИБАТЛАРИ (ЛОМИШИЙНИНГ “ТАМҲИД” АСАРИ МИСОЛИДА) (1- қисм)

Аҳли сунна ақидасини мотуридия таълимоти асосида ёритиб бериш, ақида илмининг тавҳид, Аллоҳнинг исм ва сифатлари, имон, рисолат ва нубувват, авлиёларнинг кароматлари, ризқ, шафоат, қазо ва қадар каби масалаларини аждодлар мероси асосида баён этиш кўплаб илмий тадқиқотларни талаб этади. Ушбу тадқиқотда Аллоҳ таолонинг махлуқотларнинг сифатларидан поклиги, макон ва тараф билан сифатланмаслиги, ақидавий оятларни таъвил қилишда аҳли суннанинг тутган йўли каби масалалар таҳлилий, қиёсий ва тавсифий методлар асосида тадқиқ этилди. 

“Ат-Тамҳид ли қоваъид ат-тавҳид” асарининг VII фасли “(Аллоҳ таолодан) макон ва тарафни инкор қилиш” деб номланади. Мазкур фасл аввалида Ломиший асарнинг аввалги фаслида келтирилган маълумотларга асосланиб Аллоҳнинг макон билан сифатланмаслиги масаласига тўхталиб шундай келтиради: “Аллоҳ таоло макон билан сифатланмайди. Аввал таъкидланганидек, У ва оламнинг бирор қисми ўртасида ўхшашлик йўқ. Агар У бирор маконда бўлганда, У ва макон ўртасида миқдор жиҳатдан ўхшашлик юзага келиб қолар эди. Чунки ҳар бир нарсанинг ўрни у эгаллаб турган жой миқдоричадир”. Аҳли сунна вал жамоа уламолари ҳам Аллоҳ таолони макондан беҳожатлиги ҳамда У бирор маконда ҳам, бирор тарафда ҳам эмаслигини таъкидлашган (Маҳмуд Ломиший, 2021:92). 

Аллоҳ таоло ва у яратган нарсалар орасида бирор жиҳатдан ўхшашлик йўқ. Агар Аллоҳ таоло бир маконга ўрнашган бўлганида эди, Аллоҳ таоло ва макон орасида миқдорда ўхшашлик бўлиб қолар эди. Қайсидир бир маконни эгаллаб турган нарса ўзи эгаллаб турган макон миқдорига тенг бўлади. Чунки у ўша макондан ўз ҳажми миқдоричасини тўлдириб, банд қилиб туради. Банд қилинган ўша макон ва банд қилиб турувчи орасида миқдорда ўхшашлик бўлади.

Ломиший айтади: “Аллоҳ таолога макон нисбат беришдан ё маконнинг қадимлиги, ё Аллоҳнинг ҳодислиги ҳақидаги гап келиб чиқади. Чунки Аллоҳ таоло азалдан маконда дейилса, маконнинг азалий қадимлиги келиб чиқади. Аллоҳ таоло макон йўқлигида ҳам бор эди, сўнг маконни яратди, ундан жой олди ва ҳолатини ўзгартирди, дейилса, Аллоҳ таолода аввал бўлмаган бирор маконни эгаллаш деган сифат пайдо бўлган бўлади. Ҳодисни қабул қилиш яратилганлик белгиларидан бўлиб, буни Қадим Зотга нисбатан қўллаб бўлмайди” (Маҳмуд Ломиший, 2021:92). 

Бу асарда келтирилган иккинчи далил бўлиб, аввалгисидан кучли ҳисобланади. “Ақидатуттаҳовия” шарҳининг талхисида келган қуйидаги жумла ҳам юқоридаги маънони қувватлайди: “У Зот Аршдан ҳам, ундан бошқа нарсадан ҳам беҳожатдир” (Муҳаммад Анвар Бадахшоний, 2014:208). 

Аллоҳ таоло илм ва қудрат сифатлари билан сифатланади ҳамда мазкур сифатлар азалий сифатлардан ҳисобланади. Агар У бирор макон билан сифатланса, маконни азалий дейиш лозим бўлиб қолади. Бу эса нотўғри эътиқод ҳисобланади. 

Мазкур ўринда Иброҳим алайҳиссалом қавмига илоҳнинг бошқа махлуқотларга ўхшамаган буюк Зотлигини оддий мисоллар билан исбот қилмоқдалар. Бу ерда юлдуз ботиб, кўздан ғойиб бўлишини далил қиляптилар. Лекин кўздан ғойиб бўлишнинг ўзи илоҳ бўла олмасликка далил бўла олмайди. Демак, бу ерда бошқа бир нарса – бор бўлишдан кейинги йўқ бўлиш, яъни ўзгариш билан далилланмоқда. 

Бу борада Абу Шакур Кешийнинг “Тамҳид” асарида: “Модомики, У зотнинг ҳадди ва ниҳояси йўқ экан, остида ёки устида бўлиш сифати билан сифатланмайди. Бу борадаги энг саҳиҳ сўз шуки, Аллоҳ таолони оламнинг яратувчиси, лекин оламнинг ичида ҳам, ундан ташқари ҳам эмас, деб айтишимиздир” дейилган (Муҳаммад Кеший, 2014:74).

Бугунги кунда Аллоҳ таолога макон нисбатини берувчилардан баъзилари Аллоҳга нолойиқ бўлган қуйидаги сўзларни: “Аллоҳ таоло азалда маконсиз эди. Сўнгра оламни яратишни ирода қилди ва уни остида яратди. Ўзгариш Аллоҳ таолода эмас, балки оламда юз бераяпти”, дейдилар. Бу эса жисмларнинг аломати ҳисобланади.

 “Аллоҳ таолонинг муқаддас зоти олти тарафнинг бирида ҳам, бирор маконда ҳам эмас” (Kamol ibn Humom, 2006:30). Чунки паст, юқори, ўнг, чап, олд ва орқа томонлар жисмлар орасидаги алоқа бўлиб, бу ўринлар уни эгаллаб туришга боғлиқ бўлади. Чунки бирор нарсага юқори томон нисбатини бериш учун, у нарса бир ўринни эгаллаган бўлиши керак. 

Бундан ташқари, “Аллоҳ таоло оламни остида яратди” деган фикрдан қуйидаги қабиҳ маъно келиб чиқади: “Бир бўшлиқнинг борлиги фараз қилинади. Бу бўшлиқ аввало Аллоҳнинг Зотини қамраб олади, сўнгра унда олам яратиладиган миқдордаги бўш жой қолади”. Хўш, Аллоҳга нисбатан шундай гап гапирилиши мумкинми? 

Ломиший айтадики: “Юқорида келтирган далилларимиздан Аллоҳ таоло оламнинг бирор томонида эмаслиги ҳам маълум бўлди. Чунки агар шундай дейилса, ё томоннинг қадимлиги, ё Аллоҳ таолонинг ҳодис нарсаларга ўрин бўлиб қолиши ҳақидаги гап келиб чиқади. Буларнинг барчаси улкан адашишдир”. 

Агар маконни инкор қилсак, ўз-ўзидан тарафни ҳам инкор қилишимиз лозим бўлади. Чунки тараф масаласи макон масаласига тобе ҳисобланади. Маконни исбот қилсак жиҳатни ҳам исбот қиламиз. Маконни инкор қилсак, тарафни ҳам инкор қиламиз.

 “Тамҳид” асарида таъкидланишича: «Яҳудийлар, мужассималар, карромийлар ва рофизийларнинг ашаддийлари: “Аллоҳ таоло Аршдан ўрин олган”, деса, уларнинг бошқа вакиллари: “У бирор макондан ўрин олмаган, лекин юқори тарафда”, деган» (Маҳмуд Ломиший, 2021:93). 

“Аллоҳ таолога томонни нисбат берганлар эса юқоридаги оятларнинг баъзиларини ҳамда қуйидаги ақлий далилни келтирганлар: “Бирор нарсани олти тарафдан холи дейиш, унинг йўқлигини билдиради, мавжуд нарса бирор томонда бўлиши керак, юқори тараф эса (Аллоҳга) таъйин қилишга муносиброқдир” (Маҳмуд Ломиший, 2021:93–94). 

Уч кишининг ўзаро шивирлашиб гаплашиши бўлса, албатта, уларнинг тўртинчиси Удир. Беш кишининг ҳам, албатта, олтинчиси Удир. Бундан оз бўладими ё кўп бўладими, қаерда бўлсалар ҳам, албатта, У улар билан биргадир (Мужодала сураси, 7-оят). 

Ушбу келтирилган оятларнинг улар каби зоҳирига эътибор қаратамиз. Улар келтирган юқоридаги бешта оятнинг зоҳирий маънолари бўлгани каби биз келтирган олтита оятнинг ҳам зоҳирий маънолари бор.

 Агар “Ақида оятларида мажоз мумкин эмас”, десалар, булар ҳам ақида оятлари ҳисобланади. Буларда ҳам мажоз мумкин бўлмайди. 

Агар биз келтирган оятларда “мажоз жоиз”, десалар, ваҳоланки, биз ҳам “жоиз деймиз”. Унда “Нега улар келтирган оятларда мажоз жоиз эмас”, деган ҳақли савол туғилади. Улар келтирган оятлар ва биз келтирган оятлар орасида нима фарқ бор!? Нега биз келтирган оятларда мажоз мумкин бўладию, улар келтирган оятларда мажоз жоиз бўлмайди. Қани бу ерда мантиқ!? 

“У осмонларда ҳам, ерда ҳам Аллоҳдир. Сирингизни ҳам, ошкорингизни ҳам биладир”. Ушбу оятда осмонлару ерда Аллоҳнинг зоти эмас, балки илми (назарда тутилганлиги) қасд қилинганини оятнинг давомидан билиб оламиз. Оятнинг давоми бизга оятнинг аввалида нима қасд қилинганини кўрсатиб беради. Осмонда бўласизми, ерда бўласизми У зот ўз илми билан сизларни билиб туради. Бугунги кундаги Аллоҳни осмонда ёки юқорида дейдиганлар ҳам шундай тафсир қилиб, “Бу оят Аллоҳнинг илми борасида келган”, дейдилар

 “Ёқимли сўз Унга юксалади” (Фотир сураси, 10-оят). Ушбу оятга ҳадисларда келган маънолар (фаришталар осмонга олиб чиқишлари)ни қўшиб, Аллоҳга кўтарилур, демак Аллоҳ осмонда ёки юқорида, деб далил олишади.

 Худди ушбу оятга ўхшаш оят Иброҳим алайҳиссалом қиссаларида ҳам келади. Иброҳим алайҳиссаломнинг қавми у кишини ёндирмоқчи бўлганларида, Аллоҳ нажот беради. Иброҳим алайҳиссалом қавмидан ҳижрат қилиб кетаётганларида қуйидаги оятдаги гапни айтадилар: 

“(У олов ичидан саломат чиқди) ва деди: “Албатта, мен Раббим (буюрган тараф)га кетувчидирман. Унинг ўзи мени (тўғри йўлга) ҳидоят қилур” (Абдулазиз Мансур таржимаси, 2009:449). 

“Раббимга боргувчиман”, деб, Муқаддас ер – Фаластинга ҳижрат қилиб бордилар. Бу ўринда ҳам бирор ақлли инсон: “Аллоҳ Муқаддас ерда эди”, деб айтмайди. 

Олдинги оят “Аллоҳга кўтарилур” жумласи билан кейинги оятдаги “Аллоҳга боргувчиман” жумласи бир хил маънони билдиради. 

Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ буюрган маконга бордилар, ҳақиқий маънодаги Аллоҳнинг олдига эмас. Худди шунингдек, хуш каломлар ҳам Аллоҳ кўтарилишга буюрган маконга юксалур, ҳақиқий маънода Аллоҳнинг ўзига эмас. 

Абдулло  Ғуломов,
“Саййид Муҳйиддин Махдум” номидаги 
ислом билим юрти ўқитувчиси

Қўшимча малумот

МАНБАЛАРДА “ЛОМИШИЙ” НИСБАСИНИ ОЛГАН МУТАКАЛЛИМ ОЛИМЛАР ҲАҚИДАГИ ХАБАРЛАР ТАҲЛИЛИ
Ислом динининг Марказий Осиёга кириб келиши натижасида ўлкада илм-фан янада ривож топди, нафақат мусулмонларга, балки бутун дунё халқларига устоз бўлган...
“КИТОБ АТ-ТАВҲИД” ВА “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРЛАРИНИНГ ИЛМИЙ-ТАРИХИЙ АҲАМИЯТИ
Абу Мансур Мотуридий аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги икки ақидавий йўналишнинг бири бўлган мотуридия таълимотининг асосчиси ҳисобланади. Тўлиқ исми Абу...
“РИСОЛА АС-САҲОБА” АСАРИДА ИЖТИМОИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЁРИТИЛИШИ
Бошқарувнинг умавийлардан аббосийларга ўтиши, шунингдек, пойтахтнинг Суриядан Ироқ­қа кўчирилиши ислом давлатининг бутун тузилмасида ўзгаришлар бўлганини кўрсатади. Аниқ бир тартиб-интизомга асосланмаган...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry