27.10.2022
185

МОВАРОУННАҲР ИЛМИЙ МУҲИТИДА ИМОМ МОТУРИДИЙНИНГ ТУТГАН ЎРНИ (1 - қисм)

Абу Мансур Мотуридийнинг ақидавий қарашларини ўрганиб, уни кенг жамоатчиликка тарғиб этиш бугунги глобаллашув шароитида юзага келган кўплаб ақидапараст оқимларга қарши курашда муҳим аҳамият касб этади. Имом Мотуридий бошчилигидаги олимлар мотуридийлик таълимотини ривожлантириш йўлида салмоқли хизмат қилганлар. Ҳозирда Имом Мотуридий ва мотуридийлик ҳақида кўплаб китоб, мақола, магистрлик, докторлик ишлари амалга оширилмоқда. Зеро, Имом Мотуридий ҳаётини атрофлича ўрганиш, унинг фиқҳ, ақида ва тасаввуф фанларига алоқадор жиҳатларини очиб бериш бугунги куннинг долзарб вазифаларидандир.

Абу Мансур Мотуридий ҳаёти ва ижодига оид манбалар Абул Юсур Паздавий (493/1100)нинг “Усул уд-Дин” (Дин асослари), Абул Муин Насафий (508/1114)нинг “Табсират ул-Адилла” (Далилларни ёритиш), Ибн Фазлуллоҳ Умарий (749/1348)нинг “Масолик ул-Абсор фи мамалик ил-Амсор”, Абдулқодир ибн Абул Вафо Қураший (775/1373)нинг “Ал-Жавҳарат ул-Музия фи табақотил ҳанафия”, Ибн Қутлубғо (879/1474)нинг “Тожут тарожим”, Муҳаммад Муртазо Забидий (1205/1791)нинг “Итҳофус содатил муттақин би шарҳи иҳёи улумид дин” ва Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий (1304/1887)нинг “Ал-Фавоидул баҳия фи тарожимил ҳанафия” асарларида учрайди. Шунингдек, замонавий тадқиқотчилардан Абдулмалик Саъдий, Шовосил Зиёдов, Саидмухтор Оқилов, Сунмаз Кутлу, Ҳамза Бакрий, Аҳмад Саъд Даманҳурий, Билқосим Ғолий каби мутахассислар мавзу доирасида рисола ва илмий ишлар нашр қилганлар.

Имом Мотуридийнинг тўлиқ исми манбаларда Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотуридий Самарқандий (333/944) деб қайд қилинган. Аксарият манбаларда олимга қуйидаги лақаб ва унвонлар берилгани кузатилади: “Диннинг атоқли шахсларидан бири, мусулмонларнинг шайхи, имом, суннатнинг қиличи, адашган ва бидъатчи тоифаларни таг томири билан қўпариб ташловчи, ислом шайхи, зоҳид, ҳидоят имоми, ҳидоят байроғи имоми, ҳидоят ва дин имоми, миллат таянчи, умматни ҳидоятга йўлловчи, Самарқанд шайхларининг раиси, ҳанафий шайхлари раиси, мутакаллимлар имоми, мусулмонлар эътиқодини тузатувчиси, аҳли сунна вал жамоа раиси, суннат нусратчиси, шариатни жонлантирувчиси, мусулмонлар эътиқодини мустаҳкамловчиси”. Булар орасида Имом Мотуридийнинг “Ҳидоят имоми” ва “Ҳидоят байроғи” деган лақаблари энг машҳури ҳисобланади. Имом Мотуридийнинг таваллудига доир маълмотлар табақот ва тарожим йўналишидаги бирор манбада кўрсатилмаган. Лекин, олимнинг устоз ва яқинларининг вафот этган санасига қараб, уни тахминий таваллуд йилини белгилаш мумкин. Жумладан, унинг шайхлари Муқотил Розий (ваф.248/862), Нусайр ибн Яҳё Балхий (ваф. 268/882) ва Муҳаммад ибн Аслам Аздий (ваф. 268/882)ларнинг вафотига қараб тахминий тарзда Имом Мотуридий 230/845 ёки 240/854 йиллар атрофида таваллуд топган, дейиш ўринли бўлади. У яшаган даврга келиб (IIХ асрнинг охири – Х асрнинг биринчи ярми) Мовароуннаҳрда тўғри йўлдан адашган турли гуруҳ ва фирқалар кўпайиб, уларнинг аксарияти имон-эътиқод масалалари бўйича баҳсу мунозаралар туфайли вужудга келган эди. Мана шундай мураккаб шароитда аллома Абу Мансур Мотуридий етишиб чиқди ва уларнинг нотўғри фикрларига асосли раддиялар берди. У ҳанафий мазҳаби асосчиси Абу Ҳанифанинг (699–767) таълимотига суянган ҳолда ўзига хос калом мактабини яратди. У асос солган мотуридийлик таълимоти кейинчалик Самарқанд калом мактаби доирасидан чиқиб, бутун ислом оламига тарқалди ва суннийликдаги икки йирик мактабнинг бири (бошқаси – ашъария) сифатида танилди.

Имом Мотуридийнинг оиласи, қариндошлари ва фарзандлари ҳақида бирор манбада маълумотлар учрамайди. Шунингдек, олимга нисбатан “Абу Мансур” дейилиши ҳам унинг “Мансур” исмли ўғли бўлганини ҳам ифодаламайди. Чунки, олимнинг ўзи “Таъвилотул Қуръон”нинг “Масад” сурасида: “Ўғил кўрсам исмини Мансур қўяман” деган. Шундан келиб чиқиб, олим ўзини “Абу Мансур” деб кунялаган бўлиши мумкин. Зеро, Имом Мотуридий “Масад” сурасини толиби илмларга шарҳлаётганда 60 ёш атрофида бўлган. Самъоний ўзининг “Ал-Ансоб” асарида Имом Мотуридийнинг қизи борлигини таъкидлаб, у Абулҳасан Али бин Ҳасаннинг онаси бўлганини таъкидлаган. Бу маълумотни Абдулқодир Қурашийнинг “Ал-Жавҳаратул музия фи табақотил ҳанафия” асарида келган қуйидаги маълумот ҳам қўллаб-қувватлайди: “Қози Абул Ҳасан шайх Абу Мансур Мотуридийнинг набираси бўлиб, у биринчи таълимни она томонидан бобосидан олган”. 

Имом Мотуридий ақида соҳасида Абу Ҳанифанинг том маънодаги издоши ҳисобланади. Жумладан, “Ишоратул маром” асарининг соҳиби Баёзий, Муҳаммад Зоҳид Кавсарий ва Муҳаммад Абу Заҳралар айни у маънони таъкидлаганлар. Жумладан, Абу Заҳра “Тарихул мазаҳибил исламия” асарида шундай деган: “Абу Ҳанифадан нақл қилинган ривоятлар билан Абу Мансур Мотуридий қарор қилган ақидавий мавзуларни ўзаро бир-бирига таққослаб кўрилса, ҳар иккисининг илдизи бир манбага бориб тақалиши аён бўлади. Шунинг учун Абу Ҳанифанинг ақидавий қарашлари қонун-қоидалар мажмуаси бўлиб, Имом Мотуридийнинг мактаби шу асосда шаклланган, дейилади. Ироқ ва унга яқин ҳудудлардаги уламолар фуруъл фиқҳ масаласида Абу Ҳанифага эргашган бўлсалар, ақидавий масалада ашъарийларга таянганлар. Лекин, мовароуннаҳрлик олимлар фуруъл фиқҳ ҳамда ақида илмида Абу Ҳанифанинг маслагини тутганлар”.

Жумладан, олим ўзининг “Таъвилот ал-Қуръон” асарида адашган фирқаларнинг сўзларини келтириб, уларни таҳлил қилгани ва раддия бергани кузатилади. Муаллиф ўз тафсирида замонасидаги мўътазилийлик, хорижийлик, карромийлик, жабарийлик каби оқимларни зикр этиб, уларга муносиб тарзда ақлий раддиялар берган. Жумладан, муътазилийлардан бўлган Жаъфар ибн Ҳарб ва Абу Бакр Асомларнинг “Мулк” сурасидаги “(Ахир) яратган зот (Ўзи яратган нарсаларини) билмайдими?!” (14-) оятидаги “ман” – “ким” сўзидан Аллоҳ таоло эмас, махлуқотлар тушунилади”, деган қарашларига ақлий далиллар орқали раддиялар берган. Жумладан, Жаъфар ибн Ҳарб, Абу Бакр Асомлар бандаларнинг касбий феъллари яратилмаган деган ғояни ўртага ташлашга уринишса, Имом Мотуридий уларга қарши аҳли сунна вал жамоа таълимотини қўллаб-қувватлаб бандаларнинг феълини ҳам махлуқлигини исботлаган. Баёзий “Ишоратул маром” асарида қайд қилишича, Имом Мотуридий Абу Ҳанифанинг “Ал-Абсат”, “Ар-Рисола”, “Ал-Олим вал мутаъаллим”, “Ал-Васия” ва “Ал-Фиқҳул Акбар” китобларини ўзининг Абу Бакр Аҳмад ибн Ишоқ Жузжоний ва Абу Наср Аҳмад ибн Иёдийлардан қабул қилиб олган.

 

Абдуллатиф АЛЛОҚУЛОВ,

Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи

 

Қўшимча малумот

МАНБАЛАРДА “ЛОМИШИЙ” НИСБАСИНИ ОЛГАН МУТАКАЛЛИМ ОЛИМЛАР ҲАҚИДАГИ ХАБАРЛАР ТАҲЛИЛИ
Ислом динининг Марказий Осиёга кириб келиши натижасида ўлкада илм-фан янада ривож топди, нафақат мусулмонларга, балки бутун дунё халқларига устоз бўлган...
“КИТОБ АТ-ТАВҲИД” ВА “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРЛАРИНИНГ ИЛМИЙ-ТАРИХИЙ АҲАМИЯТИ
Абу Мансур Мотуридий аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги икки ақидавий йўналишнинг бири бўлган мотуридия таълимотининг асосчиси ҳисобланади. Тўлиқ исми Абу...
“РИСОЛА АС-САҲОБА” АСАРИДА ИЖТИМОИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЁРИТИЛИШИ
Бошқарувнинг умавийлардан аббосийларга ўтиши, шунингдек, пойтахтнинг Суриядан Ироқ­қа кўчирилиши ислом давлатининг бутун тузилмасида ўзгаришлар бўлганини кўрсатади. Аниқ бир тартиб-интизомга асосланмаган...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry