13.10.2022
181

САЙЙИД ШАРИФ ЖУРЖОНИЙ ВА УНИНГ ИЛМИЙ МЕРОСИ

Амир Темур ҳукмронлик йилларида юртимизда фаолият олиб борган Саййид Шариф Журжоний 740/1340 йили Журжон яқинидаги Току қишлоғида таваллуд топган. Олимнинг тўлиқ исми Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Али бўлиб, саййид нисбати пайғамбар Муҳаммад (алайҳиссалом)га насаб жиҳатидан боғлиқлиги сабабидан берилган (Гумуш, 1985). У аждоди Муҳаммад ибн Зайд (ваф.287/900) тарафидан Пайғамбар шажарасига ўн уч авлод воситасида боғланган (Шавконий, 2011).

Олим туғилган ва вояга етган Журжон шаҳрининг бундай ном билан номланиши борасида турли қарашлар мавжуд бўлиб, “Тариху Журжон” асарида зикр қилинишига кўра, Нуҳ пайғамбарнинг авлодидан ҳисобланган Журжон ибн Ловуз ибн Сом ушбу шаҳарни бунёд этган (Саҳмий, 1981).

Шаҳар географик жиҳатдан Каспий денгизининг жануби-шарқида, Эроннинг шимолида жойлашган Журжон – Форс диёрининг машҳур ва катта шаҳарларидан бири бўлиб, сувлари кўп, ерлари кенг, дунё шаҳарлари орасида энг гўзал шаҳарлардан бири ҳисобланади, шоир бу шаҳарни қуйидагича васфлайди: Мазмуни: “У (шаҳар) қуёш тафти куйдирган инсон ҳам, совуқда қолган киши ҳам мамнун бўладиган, об-ҳавоси мўътадил, кичик тоғлару суғориладиган ерлар, денгизу тоғлик, текисликлардан иборат дунёнинг жаннатидир” (Ҳамавий, 1977).

Журжон шаҳри халифа Сулаймон ибн Абдулмалик (ваф. 98/717) даврида Язид ибн Маҳлаб (ваф. 101/720) томонидан фатҳ этилган (Саҳмий, 1981). Х–ХI асрларда Журжон шаҳри маҳаллий зиёрийлар сулоласи пойтахти бўлган.

Араб географларининг таъкидлашларича, бу пайтга келиб Журжоннинг сиёсий мавқеи пасайган бўлса ҳам, Каспий бўйи вилоятлари ичида энг катта шаҳар ҳисобланган. Журжон ҳосилдорлиги, турли хилдаги маданий ўсимликлари, ўзининг ипаги билан шуҳрат қозонган. Журжон шаҳридан ўтган дарё уни 2 қисмга: Шаҳристон ва Бакрободга ажратган, улар ўзаро кўприк билан боғланган.

Шаҳристон ўнг қирғоқда, Бакробод сўл қирғоқда жойлашган. Х асрдаёқ шаҳар сомонийлар ва бувайҳийлар ўртасидаги урушлар натижасида таназзулга учраган, зиёрийлар ким ғолиб бўлса ўша томонга ўтиб туришган. Зиёрийлар даврида қурилган Қобус ибн Вашмгир мақбараси ҳозиргача сақланиб қолган. Амир Темур (ваф. 807/1405) ва темурийлар даврида Астробод шаҳри юксалиб, вилоят ҳам унинг номи билан машҳур бўлган (Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2005)

Ўрта асрларда илм-фан тараққий этган Журжон шаҳридан кўплаб таниқли адиблар, тарихчи ва файласуфлар, муҳаддису фақиҳлар етишиб чиққан. Уларнинг энг машҳурлари қаторида “Тариху Журжон” асари муаллифи Ҳамза ибн Юсуф Саҳмий Журжоний (ваф. 427/1036), машҳур муҳаддис Аҳмад ибн Иброҳим Исмоилий Журжоний (ваф. 371/982), улуғ имом, фақиҳ, наҳв, калом ва балоғат илмлари пешвоси Абдулқоҳир Журжоний (ваф. 474/1082), муҳаддис ва адиб Абу Омир Фазл ибн Исмоил Журжоний, машҳур табиб Абу Саҳл Масиҳий Журжоний (ваф. 401/1010), муҳаддис Усмон ибн Саид Журжоний (ваф. 346/957), Муҳаммад ибн Умайро Журжоний (ваф. 267/881), Абу Аҳмад ибн Адий Журжоний (ваф. 365/976) ҳамда ҳанафий фақиҳи Кумайл ибн Жаъфар Журжоний (ваф. 336/947) каби олимларни санаб ўтиш мумкин. Бошланғич ва ўрта таҳсилни ўз юртидаги олимлардан олган Саййид Шариф илмини орттириш мақсадида Қутбиддин Розий Таҳтоний (ваф. 766/1365)нинг ҳузурига Ҳирот шаҳрига йўл олди (1362 йилдан олдин) (Лакҳнавий, 2009). Қутбиддин Розий бир муддат Журжонийни ўқитганидан сўнг кексалик сабаб заифлашиб қолганини ҳамда ортиқ таълим бера олмаслигини айтиб, унга шогирди ва озод қилган қули, айни ўша вақтда Мисрда яшаётган Муборакшоҳнинг ҳузурига бориб таълим олишни маслаҳат берди. Муборакшоҳга бир мактуб ёзиб уни Сайиид Шарифдан бериб юборди (Лакҳнавий, 2009). Журжоний 766/1365 йили Миср сари йўлга чиқди. Шарқий Анадўлуга келганида Жамолиддин Оқсароий (ваф. 766/1365)нинг шуҳратини эшитиб, ундан илм олишга қарор қилди. Аммо бу вақтда Оқсароийнинг вафот этгани ҳақида хабар олди. Сўнг Оқсароийнинг шогирди Шамсиддин Фанорий (ваф. 834/1430) билан танишди ва биргаликда Мисрга келдилар (Лакҳнавий, 2009). Мисрда ақлий илмларни Муборакшоҳдан, нақлий илмларни Акмалуддин Бобартий (ваф. 786/1384)дан таълим олган Журжоний сўнг 776/1374 йилда Мисрдан Анадўлу шаҳрига йўл олди (Ислам ансиклопедиси, 1940). Аллома Саъдуддин Тафтазоний (ваф. 792/1385) билан танишди ва унинг тавсиясига биноан ўша вақтнинг ҳокими Шоҳ Шужоъ томонидан Шероздаги Дор аш-Шифо мадрасасига муддарис этиб тайинланди (Исфаҳоний, 1993).

789/1387 йилда Шерозни ишғол этган Амир Темур (ваф. 807/1405) Журжонийга ҳурмат кўрсатиб, унинг уйидан паноҳ топганларга ҳам омонлик берди (Тошкўпризода, 1975). Амир Темур Журжоний билан кўришгач уни Самарқандга таклиф этди. Журжоний таклифни қабул қилиб, Самарқандга йўл олди. Олим Самарқандда ўн саккиз йил бош мударрис сифатида фаолият олиб борди ва кўплаб асарлар битди. Самарқандда кечган ҳаёти давомида Саййид Шариф Журжоний бир қатор олимлар, хусусан, аллома Тафтазоний (ваф. 794/1392) билан бир қанча илмий баҳс ва мунозаралар олиб борди. Ушбу мунозараларнинг акс-садоси бутун оламга тарқалди. Ҳатто мазкур илмий мунозараларга доир алоҳида рисолалар ҳам битилди. Мунозараларда устун келган Журжонийнинг шуҳрати олимлар орасида танилиши билан бирга Амир Темур наздида ҳам унинг эътибори янада юксалди. Натижада Амир Темур уни Мовароуннаҳрдаги биринчи даражали олим мавқеига чиқарди (Гумуш, 1985).

Журжоний ва Тафтазоний орасидаги фикрий мунозаралар асрлар давомида уламолар ўртасида ихтилофли мавзуга айланди ҳамда Журжоний ёки Тафтазоний тарафдори бўлмоқ буюк олимларнинг хусусиятига айланди (Шавконий, 2011).

Бир гал Саъдуддин Тафтазоний ва Саййид Шариф Журжоний ўртасидаги машҳур баҳс-мунозаралар пайтида Соҳибқирон Амир Темур Журжонийга бўлган юксак ҳурматини изҳор этиб, бундай деган: “Баҳсларда ва илмларда Тафтазоний ҳазратлари устун бўлиши мумкин, бироқ Журжоний ҳазратлари саййидлиги учун ҳам бугун ғолибдир” (Лакҳнавий, 2009).

Ўз навбатида Журжоний ҳам Амир Темурнинг мартабасини улуғлаб, дин йўлидаги хизматларини эътироф этган. Бу ҳақда Амир Темур “Темур тузуклари” асарида Журжонийдан келган мактуб ҳақида батафсил тўхталиб ўтади ва қуйидагиларни келти-ради: “Замон уламосининг улуғи бўлмиш Мир Саййид Шариф бу хусусда менга мактуб йўллаб ёзган эдиларки, илгариги ва кейинги авлод ислом олимларининг барчаси бир оғиздан иттифоқ бўлиб деганларки, Аллоҳи таоло, ҳазрати рисолатпаноҳ Пайғамбаримиз, унга Тангрининг марҳаматлари ва саломлари бўлсин, унинг динини тарқатиш учун ҳар юз йилда бир кишини динни янгиловчи сифатида ихтиёр этади. Саккизинчи юз йилликнинг бошида Амир соҳибқирон дини мубинни ривожлантирди ва ҳар томонга ёйди. Дини ислом оламнинг турли ўлкалари ва шаҳарларида равнақ топди. Ҳақли равишда (бу асрда) диннинг тарқатувчиси Амир соҳибқиронлиги тасдиқланди” (Амир Темур, 2016). 807/1405 йилда Амир Темур вафот этгач, Саййид Шариф Журжоний Шероз шаҳрига қайтиб келди (Ислам ансиклопедиси, 1940). Умрининг охирини асар ёзиш ва таълим беришга бағишлаган Журжоний ҳижрий 816 санада Рабиул охир ойининг 6-куни, милодий 1413 йил 7 июль чоршанба куни Шерозда вафот этди. Атиқ жомеси яқинидаги Воқиб қабристонига дафн этилди (Саховий, 1995).

Ҳозирги кунда олимнинг мақбараси зиёратгоҳга айлантирилган. Олимнинг илмий фаолияти. Мутааххир олимларнинг дастлабки вакилларидан ҳисобланган Журжоний ўз давридаги Ислом дунёси илм аҳлларининг кўзга кўринган вакили эди. У араб тили тилшуноси ва файласуф ўлароқ танилиши билан бирга ўша даврда мадрасаларда ўқитилган илмлардан калом, ислом фалсафаси, мантиқ, араб тили ва адабиёти, фиқҳ ва усул, тафсир, ҳадис ва мунозара илми каби илм соҳаларида устоз эди. Манбалар унинг ўта закий, мудаққиқ, муҳаққиқ, чуқур мулоҳазали, ўткир фикрли, фасоҳат ва балоғат соҳиби, баҳс ва далил келтириш усулларини яхши билувчи, мантиқ ва ақл тақозосига кўра суҳбатлашувчи бўлгани ҳақида якдил. Усмонли давлати, Эрон, Туркистон ва Ҳиндистон ижоза силсилаларининг бир қисми Тафтазоний, бошқа бир қисми Журжоний орқали Фахриддин Розий (ваф. 606/1209)га туташар эди. Машҳур математик Қозизода Румий (1337–1430), Фатҳуллоҳ Ширвоний (ваф. 857/1453), Саййид Али Ажамий (ваф. 860/1455), Фахриддин Ажамий (ваф. 865/1460) ва Алоуддин Али Самарқандий каби олимлар унинг машҳур талабалари ҳисобланадилар (Кошифий, 1969). Асарлари. Саййид Шариф Журжоний ва унинг асарлари ҳақида олиб борилган тадқиқотларга кўра, олим диний ва дунёвий илмларга бағишланган юзга яқин асар ёзган. Асарларининг аксар қисмини шарҳ ва ҳошиялар ташкил этади. Саййид Шариф Журжонийнинг араб тили ва адабиётига доир асарлари илм аҳллари доимий мурожаат қилувчи китоблар сифатида наслдан наслга ўтиб келди ва унинг фикрлари мадрасаларда тил ва адабиёт дарсликлари учун асос бўлиб хизмат қилди (Ислам ансиклопедиси, 1940). Булардан ташқари Журжоний тафсир, ҳадис, усули ҳадис, баҳс ва мунозара, геометрия ва астрономия илмларига оид қимматли асарлар ёзганки, уларнинг барчаси мазкур илм соҳалари мутахассислари тарафидан қабул қилинган ва ушбу соҳаларнинг муҳим манбаларидан ҳисоблаб келинмоқда (Гумуш, 1985).

Журжоний калом ва ақоид илмига оид “Шарҳ ал-Мавоқиф”, “Шарҳ ал-ақоид ал-адудийя”, “Рисола фи-л-фирқа ан-нажия фи-л-мазаҳиб”, “Ҳошия ат-тажрид”, “Ҳошия ала шарҳ ал-Асфиҳоний”, “Шарҳ ал-асма ал-ҳусна”, “Ҳошия ала матоле ал-анзор”, “Ҳошия ала шарҳи-л-Мавоқиф”, “Рисолату-л-қадар”, “Рисола фи таҳқиқ афъолил-ибод”, “Рисола фи холқи-л-аъмал”, “Рисола дар усулиддин”, “Рисолату-т-тавҳид” (“Рисола фикалима Лаа илааҳа иллаллоҳ”), “Шарҳу-л-хутбатил-Вафийя”, “Шарҳ табсирати Ибн Сино” номли асарлар ёзган. Унинг “Шарҳ ал-Мавоқиф” номли асари Адудуддин Ижийнинг “ал-Мавоқиф” номли асари шарҳи бўлиб (Ўрта аср Шарқ алломалари энциклопедияси, 2016), Журжоний уни 1404 йили Самарқандда Тафтазонийнинг “Шарҳ ал-Мақосид” асари ёзилганидан сўнг таълиф этган.

Асар Самарқандда ёзилишига қарамай, унинг муқаддима қисмида темурийлар хонадони вакили Шероз султони Пирмуҳаммад Искандар исми зикр этилган ва унинг номига санолар келтирилган.

Асарда барча калом ва фалсафага оид баҳслар тадқиқ этилган. “Шарҳ ал-Мавоқиф” олти асрга яқин вақт фан доирасида мадрасаларнинг асосий манбаси бўлиб келди ва бугунги кунимизга қадар ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Табақот асарларида олимнинг тафсир илмига оид “Ҳошия ала тафсир ал-Байзовий”, “Тафсир аз-заҳровайн”, “Ҳошия ала-л-Кашшоф”, “Таржумон ал-Қуръон”, “Рисола фи қовлиҳи таала “Санурийҳим аятина фи-л-офоқи ва фи анфусиҳим”, “Рисола фи баъзи мушкилати-л-Кашшоф” (“Шарҳ мушкилати-л-Кашшоф”) номли асарлари зикр этилади. Улар орасида бугунги кунга қадар етиб келган ва кенг тарқалгани “Ҳошия ала-л-Кашшоф” асаридир. Саййид Шариф Журжонийнинг мазкур асари аллома Маҳмуд Замахшарий (ваф. 538/1143)нинг “ал-Кашшоф ан ҳақоиқи-т-танзил” номли машҳур тафсир асарининг дастлабки қисми, яъни Фотиҳа сураси ҳамда Бақара сурасининг дастлабки йигирма беш ояти тафсирига ёзилган ҳошия саналади.

Саййид Шариф Журжоний XIV асрда Ислом дунёси етиштирган энг буюк илм дарғаларидан бири ҳисобланган. Тафтазоний ва у каби баъзи олимларни истисно қилганда, ушбу асрда Журжонийдек салмоқли из қолдирган бирор олимни айтиш мушкул. Балки Тафтазонийдан бошқа Журжоний билан баҳс-мунозара қилишга лойиқ рақиб йўқ десак, муболаға бўлмас. Чунки олим ўз даврида кенг тарқалган илмларнинг деярли барчасида қалам тебратган. Жумладан, тафсир, калом, фиқҳ, ҳадис, фалсафа, мантиқ, тасаввуф, астрономия, геометрия, араб тили ва адабиёти каби илм соҳаларида шундай асарлар ёзганки, бугунги кунимизга қадар олти юз йилдан ортиқ муддат ўтишига қарамасдан у қолдирган меросдан ҳали ҳам истифода этилмоқда. Журжоний араб тили ва адабиёти соҳасида ўз замонаси талаб ва эҳтиёжларига кўра қилиниши керак бўлган илмий ишларни қилди. Бу соҳада катта-кичик йигирмага яқин асар ёзди.

Таъкидлаш лозимки, олим ёзаётган асарларига енгил-елпи ёндашмай, балки кучли тадқиқот ва таҳқиқот натижаларига кўра ёзган. Шу сабабдан, унинг энг кичик рисоласи ҳам ўзидан кейингилар учун муҳим манба бўлиб хизмат қилган. Ҳаттоки, Каламу-с-Саййид саййиду-л-калам – “Саййиднинг сўзи сўзларнинг саййидидир” ибораси илм аҳллари орасида зарбулмасалга айланди.

Достон Мустафоев, 
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот 
маркази етакчи илмий ходими

 

Қўшимча малумот

МАНБАЛАРДА “ЛОМИШИЙ” НИСБАСИНИ ОЛГАН МУТАКАЛЛИМ ОЛИМЛАР ҲАҚИДАГИ ХАБАРЛАР ТАҲЛИЛИ
Ислом динининг Марказий Осиёга кириб келиши натижасида ўлкада илм-фан янада ривож топди, нафақат мусулмонларга, балки бутун дунё халқларига устоз бўлган...
“КИТОБ АТ-ТАВҲИД” ВА “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРЛАРИНИНГ ИЛМИЙ-ТАРИХИЙ АҲАМИЯТИ
Абу Мансур Мотуридий аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги икки ақидавий йўналишнинг бири бўлган мотуридия таълимотининг асосчиси ҳисобланади. Тўлиқ исми Абу...
“РИСОЛА АС-САҲОБА” АСАРИДА ИЖТИМОИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЁРИТИЛИШИ
Бошқарувнинг умавийлардан аббосийларга ўтиши, шунингдек, пойтахтнинг Суриядан Ироқ­қа кўчирилиши ислом давлатининг бутун тузилмасида ўзгаришлар бўлганини кўрсатади. Аниқ бир тартиб-интизомга асосланмаган...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry