27.09.2022
264

Мовароуннаҳрда тафсир илми (биринчи мақола)

Ҳар замон, макон, халқ, миллат, элат, мазҳаб ва йўналишнинг ўз тафсири бор, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Бутун дунёнинг, айниқса мусулмон оламининг Қуръони Каримга бўлган чексиз қизиқиши уламоларни доимо уни ўрганишга, унинг тафсирини ёзишга чорлаб келган. Қадимдаёқ тафсирлар ва муфассирлар ҳақида алоҳида катта-катта китоблар битилгани фикримизнинг далилидир. 

Қадимги Ислом манбаларида ҳозирги Ўрта Осиё Мовароуннаҳр ва Хуросон номлари ила зикр қилинган. Исломий тарих китобларида Бухоро, Самарқанд, Насаф, Термиз, Косон, Шош, Фарғона, Марв, Насаф, Урганч, Ўзган ва бошқа шаҳарларнинг номлари ҳам зикр қилинган. Мазкур шаҳарларнинг барчаси диёримиздадир, улардан кўплари ҳозирги вақтгача ўзининг қадимий номлари билан аталади.

Бутун Ислом оламига маълум ва машҳурки, бу ўлка барча илмларда, жумладан, Ислом илмларида ҳам жаҳонга донг таратган буюк алломаларни етиштирган. Мазкур илмлар ичида ҳадис, тавҳид, наҳв, фиқҳ ва бошқа кўпгина илмлар бор. Биз эса ҳозир фақат Мовароуннаҳрдаги тафсир ва муфассирлар ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Мусулмонлар келиб, фатҳ қилганларидан сўнг Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу диёрларни ҳам Ислом нури билан мунаввар қилди. Ерлик аҳоли Исломни қабул қилганларидан сўнг аввалги мусулмонлар янги мусулмонларга Ислом илмларини ўргата бошладилар. Ушбу илмлар ичида тафсир илми ҳам бор эди. Маълумки, бу диёрларнинг туб аҳолиси Исломдан аввал ҳам баъзи бир илм ва маданият турларидан хабардор эдилар.

Ушбу сабабга кўра, аллома Ибн Халдун таъкидлаганидек, уларда Ислом илмларини қабул қилиш ва ривожлантиришга лойиқ малака бор эди. Бир оз вақт ўтиши билан муҳаддислар мадрасаси пайдо бўлди ва улар Қуръон тафсири тўғрисидаги асарларни жамлаган биринчи кишилар деб эътироф қилиндилар. Уларнинг сардори имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий эди. «Кашфуз-зуннун» номли китобда зикр қилинишига кўра, у зот «Ат‑Тафсирул‑кабир» номли алоҳида бир тафсир китобини таълиф қилган экан. Лекин афсуски, мазкур китоб бизгача етиб келмаган.

Шунга қарамасдан, имом Бухорий тафсир илмида улкан асар қолдириб кетган, у зотнинг «Ал‑Жамиъус-саҳиҳ» китобида Қуръони Карим тафсирига оид мингдан зиёд ҳадис мавжуд.

Иккинчи ҳижрий асрда тафсир илми ҳадисдан ажраб, алоҳида илм бўлгандан сўнг, Мовароуннаҳрдан улкан муфассирлар етишиб чиқдилар ва шуҳратлари бутун жаҳонга таралди. Улардан баъзиларини зикр қилиб ўтамиз: 

1.Имом Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий. Самарқанд яқинидаги Мотурид қишлоғида таваллуд топган ва ҳижрий 333 йилда вафот этган. Ул зотнинг аксар асарлари тавҳид илмида, яъни илми каломда бўлган. 

У киши Ҳанафий мазҳабида бўлиб, имом Аъзамнинг шогирдлари имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳининг икки восита ила шогирди бўлган. Яъни, у кишининг устози имом Муҳаммаднинг шогирди бўлган.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи фуқаҳолар ва муҳаддислар чақирган нарсага чақирган. У киши жуда ҳам машҳур бўлиб, Мовароуннаҳрда барча унга мурожаат қилган. Улар у кишидан фиқҳ, усули фиқҳ ва бошқа диний илмларни ўрганганлар. 

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи усул бўйича «Китабул‑жадал»ни ва фиқҳда «Маахизуш-шариъа»ни таълиф қилганидан кейин шуҳрати яна ҳам ошиб кетди. Шундан кейин илми каломда шуҳрат қозониб, Хуросон аҳли ушлаган мазҳаб соҳибига айланди. Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг ақийдадаги мазҳаби Абулҳасан Ашъарийнинг мазҳабига тенг бўлди. 

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Таъвилату аҳлис-сунна» номли тафсирида мўътазила, хавориж, рофиза, карромий, жаҳмий, мушаббиҳа, мунажжим, фолбин ва бошқаларнинг фикрларини муноқаша қилган ва ҳаммаларига раддия берган. У киши Аҳли сунна ва жамоанинг мазҳабини қўллаб-қувватлаган.

Саъдуддин Тафтазоний, имом Таҳовий, имом Умар Насафий, Фахрулислом Баздавий, Ибн Ҳумом ва бошқа уламолар ақоид илмининг мотуридия йўналишида кўзга кўринган уламолардан бўлдилар.

Имом Мотуридий ўзининг «Таъвилату аҳлис-сунна» номли тафсирида илми калом уламолари йўлидан борган ва Қуръони Карим оятларини ақийдада Аҳли сунна ва жамоа мазҳабини қўллаб, тафсир қилган. 

Имом Мотуридий ўз тафсирида асарларни нақл қилиш билан бирга, раъйни ҳам ишлатган, нақл билан бирга, ақлни ҳам ишлатган.

Имом Мотуридий муайян мазҳабга таассуб қилмаган, ҳақиқатни излаган. У киши масалага умумий тарзда назар солган. 

Имом Мотуридий Қуръони Каримни Қуръон билан, Суннат билан, саҳобалар ва тобеъинларнинг сўзлари билан тафсир қилишга алоҳида аҳамият берган. Шу билан бирга, Ҳанафий бўлгани учун тафсирда раъй мактаби бўйича ақлни ҳам ўз ўрнида ишлатган. Бир оятнинг таъвилида бир неча қавл бўлса, уларни ҳам келтирган.

Имом Мотуридий ўз тафсирида сабаби нузулни ҳам зикр қилган. Ўзидан аввал ўтган муфассирларнинг қавлларидан ҳам фойдаланган. У кишининг тафсирида фиқҳ, луғат ва калом илми ҳам керагича ўрин олган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, имом Мотуридийнинг «Таъвилату аҳлис-сунна» номли тафсири қомусий асардир. Аммо минг афсуслар бўлсинким, бу тафсир яқингача нашр этилмаган эди. Фақатгина милодий 2005 йилга келиб, доктор Маждий Бослум бу улуғ тафсирни учта қўлёзмаси асосида нашрга тайёрлади ва чоп қилди. «Таъвилату аҳлис-сунна» тафсирини Байрутдаги «Дарул‑кутубил‑илмийя» нашриёти биринчи бор нашр этди. Китоб ўн жилддан иборат бўлиб, 6230 бетдан иборатдир

«Қуръон илмлари» китобидан

 

Қўшимча малумот

МАНБАЛАРДА “ЛОМИШИЙ” НИСБАСИНИ ОЛГАН МУТАКАЛЛИМ ОЛИМЛАР ҲАҚИДАГИ ХАБАРЛАР ТАҲЛИЛИ
Ислом динининг Марказий Осиёга кириб келиши натижасида ўлкада илм-фан янада ривож топди, нафақат мусулмонларга, балки бутун дунё халқларига устоз бўлган...
“КИТОБ АТ-ТАВҲИД” ВА “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРЛАРИНИНГ ИЛМИЙ-ТАРИХИЙ АҲАМИЯТИ
Абу Мансур Мотуридий аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги икки ақидавий йўналишнинг бири бўлган мотуридия таълимотининг асосчиси ҳисобланади. Тўлиқ исми Абу...
“РИСОЛА АС-САҲОБА” АСАРИДА ИЖТИМОИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЁРИТИЛИШИ
Бошқарувнинг умавийлардан аббосийларга ўтиши, шунингдек, пойтахтнинг Суриядан Ироқ­қа кўчирилиши ислом давлатининг бутун тузилмасида ўзгаришлар бўлганини кўрсатади. Аниқ бир тартиб-интизомга асосланмаган...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry