19.09.2022
230

ҲАҚИҚАТНИНГ СЕРҚИРРА ЖИЛОСИ

Кўҳна Шарқ масаллар ва ишораларга бой бадиий адабиёти билан машҳур. Хусусан, тасаввуфий адабиёт ва ислом ахлоқига оид асарларда мавзуни масаллар орқали ёритиш услуби кенг тарқалган. Кўрлар ва фил ҳақидаги масал Ҳинд субконтинетида вужудга келиб, у ердан бошқа минтақа ва маданиятларга кенг тарқалиб кетган машҳур бадиий тимсоллардан биридир. Илк бор Ригведада учраши қайд этилган мазкур масалда бир гуруҳ кўрлар филни пайпаслаш орқали англаб етишга ҳаракат қилганлари тасвирланган. Уларнинг ҳар бири филнинг муайян аъзосинигина ушлаб кўргач, фил ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлдим, деб ҳисоблайди. Аммо филни ўзаро тавсифлаб бераётганларида бир-бирига зид таърифлар юзага чиқа бошлайди ва баъзилари бошқаларини нотўғри маълумот беришда айблайдилар. Ҳолбуки, уларнинг бирортаси филнинг қандайлиги тўғрисида тўлақонли ҳаққоний таъриф бера олмайди. Қиссадан ҳисса, айримлар шахсий кечинмаларини мутлақ ҳақиқат, деб қабул қилиб, бошқаларнинг шахсий кечинмаларини инкор қилишга мойил бўладилар. Шунинг учун, инсон муайян масалада фақат қисман ҳақ бўлиши, моҳиятдан қисман хабардор бўлиши мумкинлиги, бир кишининг субъектив фикри мутлақ ҳақиқат бўла олмаслигини эътиборга олиш керак [1:46-47].

Ушбу масал “Кўрлар ва фил ҳикояти” номи билан дунё бўйлаб тарқалар экан, турли даврларда ва доираларда турлича талқин этиб келинган. Масал тўғри ва нотўғри, ҳақиқат ва ёлғон, умумий ва хусусий, жипслик ва тарқоқлик, билим ва нодонлик каби бардавом мавзуларга тимсол вазифасини ўтаган. Айниқса, тасаввуф адабиётида бу каби рамзий тимсоллардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилгани боис, мутасаввифлар “Кўрлар ва фил ҳикояти”дан унумли истифода этганлар. Ушбу мавзу турфа муаллифлар асарларида турли мақсадларни ёритишга хизмат қилган ва табиийки, айрича хулосаларга келинган. Имом Ғаззолий, Ҳаким Саноий, Жалолуддин Румий, Алишер Навоий каби мутасаввифлар асарларидан ўрин олган мазкур ҳикоятнинг талқинлари қиёсий таҳлил этилса, бир мавзу доирасида тасаввуф ғояларининг тадрижий ривожини кузатиш мумкин бўлади. Ушбу ҳикоят илк бора Имом Ғаззолийнинг “Кимиёи саодат” асарида мўжаз тарзда зикр этилган. 

Ғаззолий талқини. Бештари хилоф дар миёни халқ чунин аст-ки ҳама аз важҳе рост гуфта бошанд-у лекин баъзе набинанд, пиндоранд-ки, ҳама бидиданд. Ва масали эшон чун гуруҳейи нобиноёнанд-ки, шинида бошанд-ки ба шаҳри эшон пил омадааст. Хоҳанд-ки вайро бишиносанд. Якеро даст бар гўши вай омад, ва якеро бар пой, ва якеро бар дандон. Чун бо дигар нобиноён расиданд-у сифати пил азешон пурсиданд. Онки, даст бар пой ниҳода буд гуфт: “Монанди сутунест”. В-онки, бар дандон ниҳода буд, гуфт: “Монанди амудест”. Вонки, бар гўш ниҳода буд, гуфт: “Монанди гилемест”. Ҳама рост гуфтанд-у ҳама хато карданд. Ки пиндоштанд-ки жумлаи пилро дарёфтаанд-у наёфта буданд. [2:50-51].

“Халқ ўртасидаги кўпгина келишмовчиликлар сабаби – барчалари бир жиҳатдангина тўғри гапирадилар-у лекин айрим (бошқа жиҳатлар)ни кўрмай туриб ҳаммасини кўрганман, деб ўйлайдилар. Улар мисоли шаҳарларига фил келганини эшитиб қолган ва уни ўрганмоқчи бўлган кўрлар жамоаси бўлиб, бири қўли билан унинг қулоғини пайпаслабди, бири эса оёғини, яна бири тишини. Бошқа кўрлар ҳам етиб келиб, улардан филнинг васфини сўрашганда, оёғини пайпаслагани: “Устунга ўхшаркан”, – дебди. Тишини ушлаб кўргани: “Сопга ўхшаркан”, – дебди. Қулоғини сийпагани: “Гиламга ўхшаркан”, – дебди. Барчалари тўғри айтдилар-у барилари хато қилдилар. Филни тўлиғича қамраб олдик, деб ўйлаганлари ҳолда, қамраб ололганлари йўқ”.

Имом Ғаззолий ушбу ҳикоятни “Кимиёи саодат”нинг сабабият қонунлари ва моддиюнчиларнинг хатоларига бағишланган фаслига бадиий иллюстрация сифатида илова қилган ва ўз хулосасини олдиндан айтиб, уни мисол келтириш билан тасдиқлаган. Мазкур ҳикоят орқали юзаки, шошма-шошарлик билан юзага келган дастлабки хулосалар, гарчи ҳақиқатнинг бир қисмини ёритган тақдирда ҳам хатодан бошқа нарса эмаслигини образли ёритиб берилган. Яъни қисман ёритилган ҳақиқат мутлақликка даъво қилмаслиги керак. Ҳақиқатни тўлиқ қамраб ололмаган юзаки ва хато хулосалар эса енгиб ўтилиши шарт бўлган тўсиқлардан биридир. Зеро, бу юзакилик чегарасидан ошиб ўтилмас экан, ҳақиқатни тўлиқ англаб бўлмайди. Шахснинг субъектив тажрибаси ҳар доим ҳам объектив хулоса учун етарли асос бўла олмайди. У барча мавжуд билимларни умумлаштириб, якуний хулосага келишга, яъни моҳиятни англашга интилиши керак. Дастлабки юзаки хулосада депсиниб туриб қолиш эса – жиддий нуқсон ва инсонларнинг жаҳолатга берилиб кетишларининг сабабидир. Демак, Имом Ғаззолий келтирган мисолдаги “кўрлар”нинг ҳолатини ижобий баҳолаб бўлмайди. Улар ҳақиқатни топдим деб ўйласалар хато қилган бўладилар, изланишдан тўхтасалар жаҳолатда қолишлари муқаррар.

Саноий талқини. Имом Ғаззолий билан деярли бир вақтда яшаган Ҳаким Саноий мазкур ҳикоядан бироз бошқача хулоса чиқарган. Саноий ўзининг “Ҳадиқату-л-ҳақиқат” (Ҳақиқат боғи) асарида воқеани бадиийлаштириб, шеърий шаклда тақдим этади. Унинг талқинидаги ҳикоя воқеалари “ернинг бир четидаги катта шаҳар”да юз беради. Ушбу шаҳарнинг барча аҳолиси кўрлардан иборат бўлиб, иттифоқо, шу ердан лашкарлари билан ўтиб кетаётган бир подшоҳ шаҳар яқинидаги даштга чодир тикади. Унинг баҳайбат фили бўлиб, одамлар уни кўргани ошиқадилар. Кўрларнинг орасидан ҳам бир нечтаси шошганча филнинг шакл-у шамоилини билиш мақсадида етиб келадилар. Кўзлари кўрмагани туфайли филни қўллари билан пайпаслай кетадилар. Аммо ҳар бири филнинг биргина аъзосини ушлаб кўргач, фил тўғрисида аниқ тасаввурга эга бўлганига қатъий ишонади. Шаҳарга қайтиб боргач, фил тўғрисида сўраб-суриштирган бошқа кўрларга ўз билганларини бирин-кетин таърифлай кетадилар. Кўрларнинг филга берган васфлари Имом Ғаззолий келтирган ҳикоядаги сифатлар билан уйғун. Лекин Имом Ғаззолийга кўра, қиссадан ҳисса – кишиларнинг моҳиятни англамасдан хулоса чиқаришлари муолажа қилиниши лозим бўлган нуқсон сифатида талқин этилган бўлса, Саноий бу ҳикоя орқали Мутлақ Ҳақиқатининг англаб бўлмас Моҳияти тўғрисидаги ғояни илгари сураётгандек туюлади. Ҳикоятга хулоса ясар экан, қуйидаги мисраларда ўз фикрини баён қилиб беради: 

Ҳар бири кўрди бўлаклардан бўлак,

Ҳар яке дида жузве аз ажзо,

Барчаси қилди хатокорлик демак.

Ҳамагонро назар фитода хато.

Ҳеч бир дил баридан огоҳ эмас,

Ҳечро дил з-куллий огаҳ не,

Ҳеч кўрга билим ҳам ҳамроҳ эмас.

Илм бо ҳеч кўр ҳамраҳ не.

Барчасини англамоқ амри маҳол,

Жумлагиро хаёлҳои маҳол,

Тек қотиргай, тўнка янглиғ бемажол,

Карда монанд ғатфараи бежавол.

Халоиқ бил, Тангридан огоҳ эмас, 

Аз Худои халоиқ огаҳ нест,

Оқиллар бу гапга ҳеч йўл бор демас.

Уқалоро дарин сухан раҳ нест,

[3:9-10] (шеърий таржима мақола муаллифиники)

Яъни Саноийнинг фикрича, Ҳақиқатни ҳар тарафлама англашнинг имкони йўқ. Ҳар ким ўзининг улушига, иқтидорига яраша англай олади, лекин барибир Ҳақиқатни тўла қамраб ололмайди – чунки бу имконсиз. Онг муайян босқичга етганда тўхтаб қолишдан бошқа илож тополмайди. Саноий охирги мисраларида кўрлар филнинг моҳиятини англай олмаганлари каби, яратиқлар Яратганни англай олмасликларига ишора қилади. Шу билан бирга, Саноийнинг хулосасини Ғаззолийникига зид, деб бўлмайди. Балки бу ўринда ҳикояни келтиришдан бошқа-бошқа мақсадлар кўзланган, дейиш мумкин. Ғаззолий сабабият қонунларидаги Олий сабаб – Тангри эканини англашга чақиради. Саноий эса, Тангрининг моҳиятини англаб бўлмаслигини айтади. Ушбу фикрни Ғаззолий ҳам ўрни келганда тасдиқлаган. Бу эса бир ҳадисда Аллоҳга мурожаат қилина туриб, “Субҳāнака, мā ‘арафнāка ҳаққа ма‘рифатика” – “Биз Сенинг маърифатингни батамом англай олмадик”, дейилгани билан ҳамоҳангдир. Шу сабабли, Саноий мисолидаги “кўрлар”ни билимсизликлари учун айблаб бўлмайди. Чунки англаб бўлмас нарсани англашнинг имкони йўқ. Балки, шунинг учун Саноий “шаҳар аҳлининг барчаси кўр”, деган таърифни қўллагандир. Яъни бу масалада бировнинг бошқасидан устунлиги йўқ. Ниманидир билишга интилган ва ҳосил бўлган билимни бошқаларга улашганлар эса олимлар – улар умуман англашга ҳаракат қилмаганлардан кўра афзалроқ, лекин “кўр”ликда улар ўзаро тенг.

Румий талқини. Форс тасаввуфий адабиётида жўшқин шеърияти билан ажралиб турувчи Мавлоно Жалолуддин Румий талқинидаги ҳикоятдан “кўрлар” образи буткул йўқолади. Унинг ўрнида қоронғу хонага яширинган филни пайпаслаб англаб етмоқчи бўлган бир гуруҳ ҳиндлар тасвирланган. Фикрий бағрикенгликка бардавом риоя қилувчи, ижтимоий муносабатлардаги зиддиятли жиҳатларни юмшатишга алоҳида урғу берувчи Мавлоно Румий жисмоний камчиликни мисол тариқасида келтиришдан атай қочган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Румийга кўра, қоронғу хонада филни пайпаслаб, “англашга” ҳаракат қилаётган зулматдаги кимсалар, филнинг қайси аъзосини ушлаб бирор нарсага ўхшатсалар, филни тўлиқ англаб етдим, деб фикр қиладилар. Ҳар кимнинг таърифи ҳар хил чиққач, ўрталарида ихтилоф кўтарилади. Агар, ҳар бирининг қўлида шам бўлганда эди, ихтилофлар ўз-ўзидан барҳам топарди. Румий масаланинг моҳиятни англамай туриб зиддият чиқарувчи кимсаларнинг билимсизлигини кўрсатади. “Шам” бу ерда – жаҳолат зулматини ёритувчи маърифат тимсолини ўтайди. Шу билан бирга маърифат шами зуматдаги кимсалардан ҳар бирининг қўлида бўлиши шарт. Акс ҳолда, маърифатдан бебаҳра тараф, ҳақиқатни англаб етган тарафни инкор қилишда давом этаверади. Кейинги мисраларда Румий гап қалб билан англанадиган, кўнгил кўзи билан мушоҳада қилинадиган маърифат ҳақида кетаётганига ишора қилади [4:114-115]. Бу ўринда Румийнинг хулосаси гарчи, шаклан фарқ қилса ҳам, моҳиятан Имом Ғаззолийникига яқин эканини кўриш мумкин. Чунки, Румий ҳам ҳақиқатни англаш мумкинлигини инкор қилмайди. У масъулиятни ҳақиқатни англай олмаётган кишилар зиммасида қолдиради. Улар маърифат ҳосил қилмаганлари учун ихтилоф чиқишига жавобгар экани англашилади. 

Навоий талқини. Кўҳна ҳикоят Алишер Навоийнинг “Лисону-т-тайр”  асарида “Маърифат водийси” баёнига илова сифатида ўрин олган. Бир гуруҳ кўрлар тақдир тақозоси билан Ҳиндистонга бориб, қайтадилар. Бир киши улардан “Филни кўрдингизми?” – деб сўрайди. Улар ижобий жавоб қайтарганларида, далил сўрайди. Улар эса филни кўрмаган, сўраб-суриштириб ҳам олмаган бўлиб чиқадилар. Ҳар бири филнинг бир аъзосига қўл тегизиб, шу ҳақда маълумотга эга бўлган эдилар. Кўрларнинг таърифлари аввалги муаллифлар келтирган таърифлар билан ҳамоҳанг, бироқ, санаб ўтилган фил аъзолари сони кўпроқ. Кўрлар келтираётган таърифлар филда мавжуд бўлса-да (Гарчи ул сўзлар бори воқе эди), бу кўрлик юзасидан берилган таърифлар эди (Барчаси умё юзидин сўз деди). Уларнинг баёнотида нуқсон кўп, зиддиятлар бисёр, тартиб эса йўқ эди (Лек нуқсон эрди тақрир ичра кўп, Йўқ эди тартиб тағйир ичра кўп).  Шу ерга етганда, Навоий ҳикоятга янги сиймо киритади: 

Чун ҳакими комили ҳинду нажод, 
Пилбонлиғ шевасида устод.
Бўлди ул тақрирларға мустаме
Нақл қилғонларға бўлмай мумтане.

Деди ҳар бир улча воқиф эрдилар,
Пил ҳолидин нишоне бердилар [5:216-217].

Филбонлик соҳасида устоз мақомидаги комил донишманд ҳинди кўрларнинг баёнотларини эътироз билдирмай тинглаб, гарчи улар талашиб-тортишиб бири-бирига зид гапларни айтишган бўлса-да ҳар бири фил тўғрисида билганларича хабар бердилар, деган хулосани беради. Зеро, кўрлар филни кўрмай туриб тавсифлаётган эдилар. Аммо ушбу сифатларни умумлаштирса, фил тўғрисида тасаввур ҳосил бўлади. Уларнинг таърифи кўз билан кўрганга яқин, сўзлари эса чин эди.

Бу ўринда Навоий кўрларни Ҳақиқат изловчи муридларга қиёс қилаётгани англашилади. Улар ўзларича Ҳақиқатга етишдим деб турлича таърифу тавсифларга берилсалар ҳам асл мақсадни юзага чиқара олмайдилар. Тажрибали филбон – муршидгина эса уларга ортиқча эътироз билдирмай, йўсинларини тўғрилаб, Ҳақиқатдан воқиф қила олиши мумкин. Филбоннинг зиммасида зиддиятни юмшатиш вазифаси ҳам бор.

         Масални илк бор қўллаган Имом Ғаззолийни мўлжал қилиб оладиган бўлсак, қолган муаллифлар ёндошувидаги қисқача умумий фарқли жиҳатлар қуйидагиларда кўринади:  

- Ғаззолий ва Саноийда: шаҳар аҳолиси кўрлардан иборат экани, 

уларнинг бир гуруҳи бошқаларига филни таърифлаб бериши, кўрлар тўғри айтганлари ҳолда хато қилганлари; фарқли жиҳати – подшоҳ образи, кўрларнинг англай олмаслиги;

- Ғаззолий ва Румийда: Жоҳиллар ўз жаҳолатлари учун айбдор эканлари, Жаҳолатни енгиш мумкин ва зарурлиги; фарқли жиҳати – кўрлар эмас, қоронғу ҳонадаги кишилар, Румий талқинида уларнинг айнан ҳиндлар эканини тўғрисида илк бор айтиб ўтилган. Бу ривоятнинг илдизларига ишора бўлиши ҳам мумкин;

- Ғаззолий ва Навоийда: Ҳикоят асосий мавзуга иллюстрация тарзида берилгани; фарқли жиҳати – Навоийда барча нарсани тушунтириб берувчи филбон образи пайдо бўлган ва муаммо ўз ечимини топган.

         Ушбу ҳикоятдан ўрта асрлар тасаввуфий тафаккурнинг тадрижий ривожини қуйидагича кузатиш мумкин:

  1. Имом Ғаззолий – Ҳақиқатни юзага чиқариш зарурати мавжудлиги;
  2. Ҳаким Саноий – ақл ҳақиқатни тўлиқ қамраб ололмаслиги;
  3. Румий – Ҳақиқатга қалб билан англаб етиш мумкинлиги;
  4. Навоий – Ҳақиқатга етиш учун йўлбошчи-муршидга эҳтиёж борлиги.

Мазкур зарбулмасалнинг турфа кўринишлари даврлар оша тасаввуфий қарашлар ва ёндошувлар эволюцияси ва матн талқини борасидаги ўзгаришларни кузатиш ҳамда тадқиқ этишда намуна бўлиши бўлиб хизмат қилиши мумкин. Асосийси ҳикоя талқинларидаги умумий ва фарқли жиҳатларни ёритишда даврийликка алоҳида эътибор қаратиш муҳим. Натижада биргина ҳикоя мисолида инсоният тафаккурининг серқирра жилоси ва Ҳақиқатга етишиш борасидаги уринишларини ёритиб бериш имкони юзага чиқади. Бунда тасаввуфий қарашлар тараққиёти масалдаги айнан қайси образнинг бирламчи аҳамият касб эта боришида ҳам намоён бўлади. Асардан асарга кўчиб борувчи масаллар ва улардаги образлар талқини тасаввуф адабиётини тушуниш учун хизмат қилади ва бугунги кун ўқувчиси ва тадқиқотчиси учун уларни атрофлича ўрганиш аҳамиятини очиб беради.

АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ:

  1. Paul J. Griffiths. An Apology for Apologetics: A Study in the Logic of Interreligious Dialogue. Eugene: Wipf & Stock, 2007.
  2. Ғаззолий, Абу Ҳомид Муҳаммад ибн Муҳаммад. Китоби Кимёи саодат. Теҳрон: Кутубхонав-у чопхона-и марказий, ҳ-ш. 1333/1955 м.
  3. Саноий, Ҳаким Маждуд ибн Одам. Ҳадиқату-л-ҳақиқат ва шариату-т-тариқат. Тошбосма нашр. Нашр йили ва жойи кўрсатилмаган.
  4. Румий, Мавлоно Жалолиддин. Маснавийи маснавий (тарж. Жамол Камол). Тошкент: Фан, 2003.
  5. Навоий, Низомиддин Мир Алишер. Лисону-т-тайр // Алишер Навоий Тўла асарлар тўплами. Тошкент: Ғ.Ғулом номидаги НМИУ, 2011.

 

Зафар Фахриддинов,
Имом Мотуридий халқаро 
илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи

 

 

 

 

 

 

Қўшимча малумот

МАНБАЛАРДА “ЛОМИШИЙ” НИСБАСИНИ ОЛГАН МУТАКАЛЛИМ ОЛИМЛАР ҲАҚИДАГИ ХАБАРЛАР ТАҲЛИЛИ
Ислом динининг Марказий Осиёга кириб келиши натижасида ўлкада илм-фан янада ривож топди, нафақат мусулмонларга, балки бутун дунё халқларига устоз бўлган...
“КИТОБ АТ-ТАВҲИД” ВА “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРЛАРИНИНГ ИЛМИЙ-ТАРИХИЙ АҲАМИЯТИ
Абу Мансур Мотуридий аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги икки ақидавий йўналишнинг бири бўлган мотуридия таълимотининг асосчиси ҳисобланади. Тўлиқ исми Абу...
“РИСОЛА АС-САҲОБА” АСАРИДА ИЖТИМОИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЁРИТИЛИШИ
Бошқарувнинг умавийлардан аббосийларга ўтиши, шунингдек, пойтахтнинг Суриядан Ироқ­қа кўчирилиши ислом давлатининг бутун тузилмасида ўзгаришлар бўлганини кўрсатади. Аниқ бир тартиб-интизомга асосланмаган...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry