28.08.2022
189

VII-VIII АСРЛАРДА ҲАДИСЛАР ЁЗМА ЖАМЛАНИШИНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ (давоми)

Ҳадисларнинг ёзма жамланиш тарихи борасида тадқиқотчилар томонидан турли фикрлар билдирилган. Жумладан, ҳадисларни ўрганган олим Абисон Мутайрий ўзининг “Тарих тадвин ас-сунна ва шубуҳат ал-мусташриқин” номли асарида ҳадисларнинг ёзма жамланиш тарихини китобат (تصنيف) тасниф), تأليف) таълиф), تدوين) тадвин), كتابة) босқичларига ажратган ҳолда тадқиқ қилган (Мутайрий, 2002). Мазкур босқичлар маълум муддат давом этган тарихий давр бўлиб, уларнинг ҳар бирида ҳадисларнинг ёзилиши ва жамланиши ўзига хос кўринишда кечган. Мазкур атамаларнинг ҳар бири ўзига хос мазмун-моҳиятга эга бўлиб, жумладан, “китобат” бирор нарсага ёзилган сўз ёки рақамни, “тадвин” ёзувларни бир жойга жамлашни, “таълиф” турли мавзуларга оид ёзувларни бир жойга жамлашни, “тасниф” эса ёзувларни боб ва фаслларга ажратилган ҳолда, яъни муайян тартибга солинган ҳамда тизимлаштирилган шаклда жамлашни ифодалайди (Ғаврий, 2009:57–58).

Мутайрийнинг келтиришича, ҳадислар ёзма жамланиш тарихининг китобат босқичи ҳижрий биринчи йилда бошланиб, сўнгги саҳобий халифа Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг вафотига қадар, яъни ҳижрий 83 йилгача давом этган (Мутайрий, 2002:35). Ушбу даврда саҳобийлар томонидан шартномалар, васиқалар, мактублар ва фиқҳий масалаларнинг ечимлари ёзиб борилган. Жумладан, саҳиҳ тўпламларда Абу Бакр (632–634) закот масаласига оид ҳадисдан нусха кўчиртириб, зарур бўлганда ундан фойдаланганига оид маълумотлар берилган (Бухорий, 1997:309). Умар ибн Абдулазиз (681–720) Мадина шаҳри волийси сифатида фаолият кўрсатганида Солим ибн Абдуллоҳ (ваф. 724)дан ушбу нусхани сўраттириб олгани маълум. Шу билан бир қаторда, умавий ҳукмдор Ҳишом ибн Абдулмалик (724–743) ундан бир нечта нусха кўчиртириб, халифалик таркибидаги ўлкаларга амалий қўлланма сифатида тарқаттирган. Али ибн Аби Толиб (656–661)да ҳам айрим фиқҳий масалаларга оид ҳадислар ёзилган саҳифа бўлган (Сибоъий, 2000:41).

Саҳобийлар орасида Абдуллоҳ ибн Амр, Абдуллоҳ ибн Масъуд (ваф. 652), Абдуллоҳ ибн Аббос (619–687), Анас ибн Молик (613–711) кабилар ҳадисларни ёзма жамлашда қолганларга нисбатан фаолроқ бўлганлар. Қибтий (ваф. 660), Саъд ибн Убода Ансорий (ваф. 635), Абу Мусо Ашъарий (ваф. 664), Самура ибн Жундуб (ваф. 677), Абу Рофеъ, Абу Ҳурайра (603–678), Жобир ибн Абдуллоҳ (606–697), Абдуллоҳ ибн Абу Авфа (ваф. 705), Ҳаммом ибн Мунаббиҳ (660–750), Абдуллоҳ ибн Амр, Абу Салама Нубайт ибн Шарит Ашжаий кабиларда эса ўзларининг шахсий саҳифалари мавжуд бўлган (Ғаврий, 2009:76–77). Улар орасидан Абдуллоҳ ибн Амр, Анас ибн Молик, Саъд ибн Убода, Самура ибн Жундуб кабилар ҳадисларни ёзиб бориш учун шахсан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан рухсат сўраганлар (Мутайрий, 2002:41–45). 

Юқорида келтирилган маълумотлар ҳадис-ларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тириклигидаёқ саҳобийлар томонидан ёзила бошланганини кўрсатади. Жумладан, Абу Бакр Анас ибн Моликка закот масалаларига оид, Умар ибн Хаттоб Утба ибн Фурқад ва Абу Убайда ибн Жарроҳ (584–639)га, Али ибн Аби Толиб Усмон ибн Аффон (576–656)га, Оиша бинт Абу Бакр (ваф. 678) Муовия ибн Абу Суфён (608–680) га, Абдуллоҳ ибн Зубайр (623–693) Утба ибн Масъудга ҳадислар ёзилган хатларни юборганлари манбаларда қайд этилган (Мутайрий, 2002:46-47). Бироқ VII асрнинг биринчи ярмида ҳадислар китоб шаклида жамланмаган ҳолатда бўлганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. 

Шуни таъкидлаш керакки, илк ҳадис тўплам-лари муайян фиқҳий масалага оид ҳадисларни ўзида жамлаган “жуз” (جزء – (кўплик шакли “ажзоъ” (أجزاء (кўринишида бўлиб, “қисм”, “бўлак” деган маъноларни англатади – китобларидан иборат бўлган. Ушбу тўпламларнинг ўзига хос хусусияти сифатида шуни айтиш мумкинки, уларда фақат битта мавзуга оид ҳадислар қамраб олинган эди. Жумладан, Зайд ибн Собит (611–665)да фароиз, Жобир ибн Абдуллоҳда ҳаж масалаларига оид ҳадислар жамланган мана шундай тўпламлар бўлгани маълум (Мутайрий, 2002:39–40).

VII асрнинг ўрталарига келиб, мусулмон жамиятларида содир бўлган ижтимоий-сиёсий ҳодисалар, шу жумладан, ҳадисларни ёддан билган саҳобийларнинг вафот эта бошлаши, янги юзага келган масалаларнинг ечимларини топишга бўлган уриниш, суннани турли салбий ташқи омиллардан ҳимоя қилиш зарурати натижасида ҳадисларни тадвин қилиш эҳтиёжи пайдо бўлди.

Шу тариқа, VII асрнинг охирларига келиб, ҳадисларни тадвин қилиш жараёни бошланди (Madani, 2010:18–19).

Манбаларда ҳадисларни ёзма жамлашга расмий буйруқ берган илк шахс сифатида Умар ибн Абдулазизнинг номи зикр этилган (Ж.Ҳамроқулов,  2014). Бироқ аслида бунга қадар ҳам расмий  доирада ушбу ишни амалга оширишга бўлган ҳаракатлар кузатилган. Жумладан, Умар ибн Абдулазизнинг отаси Абдулазиз ибн Марвон (ваф. 705) ҳамда бобоси Марвон ибн Ҳакам (623–685)лар ҳадисларни ёзма жамлаш бўйича расмий топшириқ берганлар.

Маълумки, Абдулазиз ибн Марвон Мисрда волий бўлиб фаолият кўрсатаётганида тобеин-лардан бўлган Касир ибн Муррага хат ёзиб, ундан Абу Ҳурайрадан бошқа ровийлар нақл қилган ҳадисларни ёзиб юборишини сўрайди. Чунки Абу Ҳурайра томонидан ривоят қилинган ҳадислар бунга қадар Марвон ибн Ҳакам томонидан ёздириб олинган эди. Бунга ўхшаш мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Умуман, ҳадисларни тадвин қилиш жараёни саҳобийлар даврининг охирларида бошланиб, тобеийлар томонидан давом эттирилган. Жумладан, саҳобийларнинг шогирдларидан бўлган Макҳул (ваф. 730), Зуҳайрий, Робиа ибн Абдураҳмон (ваф. 759) кабилар ҳадисларни тадвин қилганлар. Ушбу жараён ўша вақтда саҳобийлар мавжуд бўлган барча шаҳар ва қишлоқларни қамраб олган бўлиб, асосан, таҳорат, намоз, закот ва бошқа ибодат  масалаларига оид ҳадисларни жамлаш қизиқиш кузатилган.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, ушбу даврда ҳадисларни тадвин қилиш расмий ва илмий йўналишларда кечган. Халифа ва волийлар томонидан чиқарилган буйруқлар ҳам ҳадисларнинг ёзилиш жараёнини тезлаштирган. Бу ҳақда суннани биринчилардан бўлиб ёзган шахслардан бири Абу Бакр Муҳаммад ибн Муслим  Зуҳрий (671–741) қуйидаги маълумотни келтиради: “Умар ибн Абдулазиз бизга суннани ёзма жамлаш вазифасини топширди. Биз уларни дафтарларга жамладик. Сўнгра ҳар бир волийга биттадан дафтар юборилди” (ибн Абдулбар, 1994:331). 

Умар ибн Абдулазиз бундай вазифаги юқоридаги мисолдан ташқари Мадина қозиси Абу Бакр Муҳаммад ибн Амр ибн Ҳазм (616–674) ҳам топширгани маълум. У Мадина аҳли орасида тарқалган ҳадисларни жамлаган бўлса, Ибн Шиҳоб Зуҳрий ҳадислар билан бир қаторда, саҳобийларнинг фиқҳий қарашларини ҳам тўплаб борган. 

Биринчилардан бўлиб Ибн Шиҳоб Зуҳрий, Абу Зинод, Солиҳ ибн Кайсон (660–757) каби шахслар ҳадисларни тадвин қилиш билан  шуғулланганлар. Улардан кейин ушбу вазифани Маккада Абдулмалик ибн Абдулазиз ибн Журайж (699–767), Муҳаммад ибн Исҳоқ (703–768), Мадинада Саид ибн Абу Аруба (689–773), Робиъ ибн Субайҳ, Молик ибн Анас (711–795), Басрада Ҳаммод ибн Салама (ваф. 783), Куфада Абу Абдуллоҳ Суфён ибн Саид ибн Масруқ Саврий (716–777), Шомда Абу Амр Авзоий, Хуросонда Абдуллоҳ ибн Муборак (736–798), Яманда Маъмар ибн Рошид (714–770), Райда Жарир ибн Абдулҳамид (728–804), Санъода Абдураззоқ ибн Ҳумом Санъоний (744–826)лар давом эттирганлар (Абу Заҳв, 1984:244).

Илмий йўналишда тобеинлар орасидан етишиб чиққан олимлар саҳобийлар ёдда сақлаган ёки ёзиб қўйган ҳадисларни ёдлаш, ўрганиш ҳамда тадвин  қилиш билан машғул бўлганлар. Айни вақтда улар саҳобийларнинг фиқҳий қарашларини ҳам жамлаб борганлар. Натижада ҳадис тўпламларига саҳобийларнинг фикрларини ҳам киритиш одат тусига айланган. Бунинг тасдиғини қуйидаги маълумотда ҳам кўриш мумкин. Солиҳ ибн Кайсон:  “Мен Зуҳрийнинг олдига бордим. Биз илм талабида ҳадисларни ёзишга қарор қилдик. Шу тариқа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган ривоятларни ёзиб олдик. Сўнгра Зуҳрий:  “Саҳобийлардан нақл қилинганларини ҳам ёзамиз, улар ҳам сунна ҳисобланади”, – деди. Мен: “Улар сунна эмас, уларни ёзмаймиз”, деб жавоб бердим. Зуҳрий саҳобийларнинг сўзларини ҳам ёзди, мен эса ёзмадим”, деган (Ибн Абдулбар, 1994:332). 

VII асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб ҳадисларни илмий йўналишда тадвин қилиш жараёнига саҳобийларнинг шогирдларидан бўлган  Абдуллоҳ ибн Зайд (591–652), Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб (610–693), Муҳаммад ибн Ҳанафия (636–700), Омир Шаъбий (641–723), Ҳасан ибн Абулҳасан Басрий (642–728), Урва ибн Зубайр (644–713), Ато ибн Абу Рабоҳ (647–732), Муҳаммад ибн Сийрин (653–729), Муовия ибн Қурра (656– 731), Саид ибн Жубайр (665–714), Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ибн Абу Толиб (676–732), Курайб ибн Аббос (ваф. 712), Солим ибн Абулжаъд (ваф. 718), Макҳул Шомий (ваф. 730), Қатода ибн Диома (ваф. 736), Сулаймон ибн Мусо (ваф. 737), Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Уқайл ибн Абу Толиб (ваф. 762), Амр ибн Шуайб ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (ваф. 895), Сулаймон  ибн Қайс, Хулос ибн Амр, Башир ибн Нуҳайк каби олимлар салмоқли ҳисса қўшганлар. 

Умуман олганда, тобеинлар даврида ҳадисларни илмий ўрганиш саҳобийлар даврига қараганда кенг тарқалган. Бунга ривоятларнинг турли ҳудудларга ёйилиши, санад йўлларининг кенгайиши, ровийлар исм ва куняларининг хилма-хиллиги, ҳадисларни ёддан билган шахсларнинг вафот этишлари, арабларга хос бўлган ёдда сақлаш малакасининг заифлашиши, турли бидъатларнинг кўпайиши каби бир қатор омиллар сабаб бўлган.

Тобеинлар орасида Мужоҳид ибн Жабр (645–722), Саид ибн Жарир (665–714), Абу Қилоба (ваф. 723), Зайд ибн Абу Униса (ваф. 742), Абу Зубайр Муҳаммад ибн Муслим (ваф. 746), Айюб ибн Абу Тамима (687–749), Ҳишом ибн Урва ибн Зубайр (680–763) кабиларда ҳадислар жамланган саҳифалар мавжуд бўлган (Заҳравоний, 2005:75).

VIII асрда кичик тобеинлар ҳамда улардан кейингилар ҳадисларни тадвин қилишни давом эттирганлар. Ушбу даврда ривоятларни тизим-лаштирилган, шу жумладан, алоҳида бобларга ажратилган ҳолда жамлаш анъанаси шаклланган. Шу билан бир қаторда, бу даврда илк мусаннаф тўпламлари ҳам яратила бошланган. Саҳобий ва тобеинлар даврининг охирларига келиб ҳадислар алоҳида бобларга ажратилган ҳолда тадвин қилинган бўлсада, бироқ уларни тасниф қилиш жараёни кейинги даврларда амалга оширилган (Заҳравоний, 2005:80). Умуман, ҳадисларни тадвин қилиш тахминан ҳижрий 70 йилда бошланиб, 120 йилга қадар давом этган (Мутайрий, 2002:50).

Ҳадисларни тасниф қилиш эса ҳижрий 120 йилдан бошланиб, тахминан 150 йилга қадар давом этган (Мутайрий, 2002:83). Ушбу босқичда илк  сунан тўпламлари вужудга кела бошлаган, Макка, Мадина, Шом, Ироқ ва Миср каби ҳудудларда тасниф жараёни кенг тус олган. Абдулмалик ибн  Журайж, Саид ибн Абу Аруба, Абдураҳмон ибн Амр Авзоий, Маъмар ибн Рашид, Шўъба ибн Ҳажжож (702–777), Суфён Саврий, Зоида ибн Қудома (ваф. 778), Ҳаммод ибн Салма (ваф. 783), Лайс ибн Саъд (713–791), Абу Авона Ваззоҳ ибн  Холид, Молик ибн Анас каби олимлар ҳадисларни тасниф қилинишига улкан ҳисса қўшганлар. 

Этник хилма-хиллик, турли дин ва маданиятлар қоришуви, ислом тарқалган ҳудудларнинг географик жиҳатдан тезлик билан кенгайиб бориши натижасида мусулмон жамиятида юзага келаётган турли масалаларга жавоб топиш, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг пайдо бўла бошлаган турли адашган диний оқимларнинг деструктив фаолиятига қарши курашиш, жамиятдаги айрим ғоявий ва фикрий бўлинишларга барҳам бериб, эътиқодий бирликни асраб қолиш зарурати ҳадисларни ўрганишга бўлган қизиқишнинг кескин ўсишига сабаб бўлди. Зеро, турли оқимлар, кўп ҳолларда ҳатто айрим шахслар томонидан ҳадислардан турли мақсадларда фойдаланиш, асли мавжуд бўлмаган  ҳадисларнинг тўқилиши, мавжудларига эса ислом таълимотига тўғри келмайдиган ёт шарҳ ва таъвилларнинг берилиши жараёни айрим  мусулмонларнинг тўғри йўлдан адашишларига олиб келди. Буларнинг натижасида олимлар олдида ҳадисларни илмий-танқидий ўрганиш, саралаш, жумладан, ишончлисини ишончсизидан ажратиб бериш, қабул қилишдек муҳим ва кечиктириб бўлмас вазифа туғилди. Улар томонидан ишлаб чиқилган ҳадисларни саралаш ва қабул қилишнинг илмий тамойиллари, қонун-қоидалари мутаассиб оқимлар ботил ақидавий қарашларининг тўқима ҳадислар ёки ривоятларга берилган нотўғри шарҳ ва таъвил кўринишида кенг тарқалиб кетишининг олдини олишга хизмат қилди. 

Шу сабабли илк ислом даврида саҳобийлар орасида Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб кабилар ушбу заруратни англаб етган ҳолда, ҳадисларга турли тўқима ривоятлар аралашиб кетишининг олдини олишга, саҳиҳ ривоятларни ёзма ёки оғзаки шаклда узатиш орқали жамлаш ва сақлаб қолишга алоҳида эътибор қаратдилар. Саҳобийлар даврида ҳадисларнинг ёзма жамланиш жараёни китобат – мавжуд ёзув воситаларига уларни ёзиб бориш орқали кечди. Кейинчалик, ҳукмдорлар ва қозиларнинг турли масалалар юзасидан ҳукм чиқариш фаолиятини осонлаштириш мақсадида саҳобийлар даврида турли ашёларга ёзилган ҳадисларни девонларга тўплаш вазифаси амалга оширилди. Бу ҳадис илми тарихида ривоятлар ёзма жамланишининг тадвин босқичи сифатида намоён бўлди.

Муҳаддис олимлар томонидан ҳадисларни ёзма жамлаш методологияси ва услублари янада ривожлантирилгач, ҳадислар жамланган алоҳида китобларни яратиш – таълиф, сўнгра яратилган ушбу китобларни муайян тартиб ва тизимга солган ҳолда бобларга ажратилган ҳолда қайта ишлаш – тасниф жараёни содир бўлди. Шу тариқа II/VIII  асрнинг иккинчи ярми – III/IX аср бошларида бугунги кунда бизга қадар етиб келган ҳадис тўпламларида қўлланилган деярли барча ёндашув ва услублар шакллантирилиб, такомиллаштирилди. Кейинги даврда яратилган барча тўпламлар асосан ушбу услублар атрофида тасниф этилди.

МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ

1. Абдураҳмон Итр. Маъолиму-с-суннати-н-набавия. – Иордания: Мактабату-л-манор, 1986.

2. Абисон Мутайрий. Тарих тадвини-с-сунна ва шубуҳату-л-мусташриқин. – Қувайт: Жомиъату-л-Қувайт, 2002. 

3. Абу Бакр Аҳмад ибн Али ибн Собит Хатиб Бағдодий. Тақйиду-л-илм. – Қоҳира: Дору-л-истиқома, 2008.

4. Абу Бакр Байҳақий. ал-Мадхал ила-с-сунани-л-кубро. – Қувайт: Дору-л-хулафа ли-л-китоби-л-исломий, 1984.

5. Абу Довуд Сулаймон ибн Ашъас. Сунан. – ар-Риёз: Мактаба дори-с-салом, 2008. Ж. 4.

6. Абу Бакр Байҳақий. ал-Мадхал ила-с-сунани-л-кубро. – Кувайт: Дору-л-хулафа ли-л-китоби-л-исломий, 1984.

7. Абу-л-Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож. Саҳиҳу-л-Муслим – ар-Риёд: Мактаба дори-с-салом, 2007. Ж. 7.

8. Абу Умар Юсуф ибн Абдулбар. Жомиъ баёни-л-илм ва фазлиҳи. – Ар-Риёд: Дор ибн Жавзий, 1994.

9. Гиргас В.Ф. Арабско-русский словарь к Корану и хадисам. – Москва: Диля, 2006.

10. Джон Бёртон. Мусульманское предание: Введение в хадисоведение. – Москва: Диля, 2006.

11. Ж. Ҳамроқулов. Ҳадис илми истилоҳлари. – Тошкент: Мовароуннаҳр, 2014.

12. Joseph Schacht. The Origins of Muhammadan Jurisprudence. – London: Clarendon Press, 1979.

13. Ibrahim Madani. The Preservation of Hadith / a Brief Introduction to the Science of Hadith. – New York: Madania Publications, 2010.

14. Муҳаммад Абдулазиз Хавлий. Тарих фунуни-л-ҳадиси-н-набавий. – Байрут: Дор ибн Касир, 1986.

15. Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Саҳиҳу-л-Бухорий. – ар-Риёз: Мактаба дори-с-салом, 1997. Ж. 2.

16. Муҳаммад ибн Матор Заҳравоний. Тадвину-с-суннати-н-набавия нашъатуҳу ва татаввуруҳу мина-л-қарни-л-аввал ила ниҳояти-л-қарни-т-тасиъи-л-ҳижрий. – Мадина: Мактаба дори-л-минҳаж, 2005.

17. Муҳаммад Ижож Хатиб. ас-Сунна қабла-т-тадвин. – Байрут: Дору-л-фикр, 1981.

18. Muhammad Hamidullah. The Emergence of Islam. – India: Adam Publishers & Distributors, 2007.

19. Муҳаммад Муҳаммад Абу Заҳв. ал-Ҳадис ва-л-муҳаддисун ав инояту-л-уммати-л-исломия би-с-суннати-н-набавия. – Байрут: Дору-л-китоби-л-арабий, 1984.

20. Мустафо Сибоъий. ас-Сунна ва маканатуҳа фи-т-ташриъи-л-исломий. – Байрут: Дору-л-варроқ, 2000.

21. Саййид Абдулмажид Ғаврий. ас-Суннату-н-набавия ҳужжийятуҳа ва тадвинуҳа. – Байрут: Дор ибн Касир, 2009.

 

Азиз Тажиев 
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий котиби, 

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Қўшимча малумот

МАНБАЛАРДА “ЛОМИШИЙ” НИСБАСИНИ ОЛГАН МУТАКАЛЛИМ ОЛИМЛАР ҲАҚИДАГИ ХАБАРЛАР ТАҲЛИЛИ
Ислом динининг Марказий Осиёга кириб келиши натижасида ўлкада илм-фан янада ривож топди, нафақат мусулмонларга, балки бутун дунё халқларига устоз бўлган...
“КИТОБ АТ-ТАВҲИД” ВА “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРЛАРИНИНГ ИЛМИЙ-ТАРИХИЙ АҲАМИЯТИ
Абу Мансур Мотуридий аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги икки ақидавий йўналишнинг бири бўлган мотуридия таълимотининг асосчиси ҳисобланади. Тўлиқ исми Абу...
“РИСОЛА АС-САҲОБА” АСАРИДА ИЖТИМОИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЁРИТИЛИШИ
Бошқарувнинг умавийлардан аббосийларга ўтиши, шунингдек, пойтахтнинг Суриядан Ироқ­қа кўчирилиши ислом давлатининг бутун тузилмасида ўзгаришлар бўлганини кўрсатади. Аниқ бир тартиб-интизомга асосланмаган...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry