25.08.2022
169

VII-VIII АСРЛАРДА ҲАДИСЛАР ЁЗМА ЖАМЛАНИШИНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Саҳобийлар ва ёши улуғ тобеинлар яшаган VII асрда ҳадислар ҳали тўплам шаклига келтирилмаган эди. Бироқ айрим саҳобийларда шахсий фойдаланиш мақсадида турли ашёларга ёзиб олинган ҳадислар мавжуд бўлган. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоғида муайян диний масала юзасидан туғилган саволнинг жавобини бевосита у зотнинг ўзидан олиш имконияти мавжуд бўлгани сабабли ҳадисларни бир жойга йиғиб, жамлаб бориш зарурати бўлмаган. Шу билан бир қаторда, Қуръон оятлари нозил бўлиб турган вақтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам оятлар билан ҳадисларнинг аралашиб кетишининг олдини олиш мақ-садида уларни ёзма жамлашдан қайтарганлар. Қуйидаги ҳадисда ушбу амр ўз аксини топганини кўриш мумкин: 

“Мендан ёзманглар. Ким мендан Қуръондан бошқа нарсани ёзган бўлса, ўчириб ташласин. Мендан ҳадис айтинглар, бунда зарар йўқдир” (Муслим, 2007:400). 

Қуръони карим ислом динининг асосий манбаи бўлиб, унинг лафзи ҳам, маъноси ҳам ўзгартирилмаслиги қатъий шарт қилинган. Шу сабабли Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобийларни биринчи навбатда оятларни ёзишга буюрганлар, ҳадислар эса кейинги босқичда ёзилиши кўзда тутилган. Таъкидлаш жоизки, айрим саҳобийлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадисларни ёзишга рухсат беришни сўраганларида, у зот рад этганига оид кўплаб ривоятлар нақл қилинган. Жумладан, Абу Саид Худрий (612–693) бу ҳақда қуйидаги маълумотни келтиради: 

“Биз Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ҳадис ёзишга рухсат сўрадик. Бироқ у зот кўнмадилар” (M. Hamidullah, 2007:54). 

Илк ислом даврида саҳобийлар орасида ўқиш ва ёзишни биладиганлари кам учраган. Мавжудлари эса Қуръон оятларини ёзиб бориш билан машғул бўлганлар. Вақт ўтиши билан уларга савод чиқаришга бўлган қизиқиш ортиб борган. Натижада Саид ибн Ос (623–679), Саъд ибн Рабиъ Хазражий (ваф. 625), Башир ибн Саъд ибн Саълаба (ваф. 644), Абон ибн Саид ибн Ос (ваф. 634) кабилар ўқиш ва ёзишни ўрганиб олганлар ва ўз навбатида, бошқаларга ҳам ўргата бошлаганлар. Шу тариқа ваҳий котибларининг сони 40 тагача етган (C. Ғаврий, 2009:63). Уларнинг сони кўпайиб бориши ҳадисларнинг ёзма жамланиш жараёнини тезлаштирган. Юқорида билдирилган фикрлардан келиб чиққан ҳолда, асосий эътибор саҳобийларнинг Қуръонни мукаммал ўзлаштириб, оятларни ёдда сақлашларини таъминлаш мақсадида уларнинг хотирасини сайқаллаштириш, оятларнинг ҳадислар билан аралашиб кетишининг олдини олишга қаратилгани сабабли Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дастлаб ҳадисларни ёзиб боришдан қайтарганлар, деган хулосага келиш мумкин. Бунинг мисоли Абу Саид Худрийдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда ҳам кўринади: 

“Биз ташаҳҳуд ва Қуръондан бошқа нарсани ёзмас эдик” (Абу Довуд, 2008:211). 

Шу билан бир қаторда, манбаларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам оятлар билан бошқа нарсаларнинг битта саҳифага ёзилишини истамагани сабабли саҳобийларни ҳадисларни ёзиб боришдан қайтарганларига оид маълумотлар ҳам учрайди (С. Ғаврий, 2009:66). Ўша даврда ёзув воситаларининг камёблигини ҳам бунинг сабабларидан бири сифатида келтириш мумкин. Ҳадис илми бўйича тадқиқотлар олиб борган олим Абдураҳмон Итрнинг “Маъолим ас-сунна ан-Набавия” номли асарида қайд этилишича, ҳадисларни ёзишдан қайтарилишига уларнинг оятлар билан аралашиб кетиши ёки уларга ўхшаб қолиши ҳамда ёзув воситаларининг етишмаслиги сабаб бўлган (Абдураҳмон Итр, 1986:72–73).

Қуръон оятлари нозил бўлаётган дастлабки вақтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобийларни ҳадисларни ёзишдан қайтарган бўлсалар, кейинчалик улар оятларни ўзлаштириш кўникмасига эга бўлганларидан сўнг, уларни ёзишга ҳам рухсат берганлар. Кўплаб ҳадисларда бу ҳақда маълумотларни учратиш мумкин. Жумладан, Абу Ҳурайрадан нақл қилинган ривоятда бундай дейилган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари орасида ҳадисларни мендан яхшироқ биладигани йўқ эди. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос эса, бундан мустасно бўлиб, у ҳадисларни ёзиб борар, мен эса ёзмас эдим” (Ибн Абдулбар,1994:299). 

Умуман, айрим ривоятларда ҳадисларни ёзишдан қайтарилгани, айримларида эса уларни ёзишга буюрилганига оид маълумотлар тадқиқотлар ўртасида турли фикрларнинг юзага келишига сабаб бўлган. Бунга бағишланган алоҳида тадқиқотлар ҳам амалга оширилган (А. Бағдодий, 2008). Вақт ўтиши билан, турли диний-ижтимоий ҳодисаларга боғлиқ равишда ҳадисларнинг адади ҳам ортиб борган. Табиийки, уларнинг барчасини ёдда сақлаш қийинлашиб борган, натижада унутиш ҳолатлари ҳам кузатила бошланган. Бу эса, ўз навбатида, ҳадисларни ёзишга рухсат берилишига сабаб бўлган. Жумладан, манбаларда қайд этилишича, саҳобийлардан бири Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига хотирасининг заифлигидан, ҳадиснинг барча сўзларини ёдида сақлаб қола олмаётганидан шикоят қилиб келади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга “ўнг қўлидан ёрдам сўраш”ни тавсия қиладилар (I.Madani, 2010:19). Ушбу маълумотлар ҳадисларни ёзишга рухсат берила бошлаганини кўрсатади. Абу Муҳаммад ибн Қутайба Диноварий (828–889), Абу Сулаймон Хаттобий (931–998) каби олимлар эса ёзишга рухсат берилган ҳадислар ёзишдан қайтариш маъносида келган ривоятларни насх қилганини таъкидлаганлар. 

Манбаларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (ваф. 683) каби айрим саҳобийларга ҳадисларни ёзишга рухсат берганларига оид маълумотлар учрайди (Абу Заҳв, 1984:54). Улардан Абдуллоҳ ибн Амр ҳадисларни ёзма жамлаган шахс сифатида маълум бўлган. Умуман, илк ислом даврида ҳажман кичик, тизимлаштирилмаган ҳадис тўпламлари мавжуд бўлганига оид маълумотлар ҳам учрайди. Жумладан, Абдуллоҳ ибн Амр ёзма жамлаган ҳадислар тўплами “ас-Саҳифа ас-содиқа” деб номланган (M. Хавлий, 1986:30).

Ушбу тўпламга саҳиҳ ҳадислар киритилган бўлиб, у кейинчалик Абдуллоҳ ибн Амрнинг невараси Амр ибн Шуайб (ваф. 895) томонидан ривоят қилинган. Бундан ўша даврда ўзига хос ҳадис тўпламлари мавжуд бўлгани, улар умумий ном билан “саҳифа” ёки “суҳуф” деб номлангани ҳақидаги хулосага келиш мумкин. Афсуски, ушбу тўплам намуналари бизгача деярли етиб келмаган. Бундай ҳадис тўпламларидан бири ҳиндистонлик олим Муҳаммад Ҳамидуллоҳ (1908–2002) томонидан аниқланган ҳамда тадқиқ этилиб, замонавий нашри амалга оширилган (M.Hamidullah, 2007). Бунинг натижасида илк ислом даврида яратилган ҳадис тўпламларининг ўзига хос хусусиятлари, шу жумладан, таркибий тузилишини тадқиқ қилиш имконияти пайдо бўлди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу даврда ҳадислар одамларнинг шахсий фойдаланишлари учун, тизимлаштирилмаган ҳолда жамланган. 

Шуни таъкидлаш лозимки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўшни минтақаларга юборган мактублари ҳам ўша даврда ҳадисларнинг ёзилганига далил бўлади. Манбаларда қайд этилишича, бундай хатлар Яман, Баҳрайн, Ямома, Хазрамавт, Уммон каби ўлкаларга юборилган (Абу Заҳв, 1984:87). Улар ислом таълимотининг бошқа ҳудудларда кенг тарқалишига хизмат қилган. 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотидан сўнг мусулмонлар ўртасида халифа тайинлаш масаласида ихтилоф, айрим қабилаларнинг диндан қайтиш ёки закотни тўлашдан бош тортиш каби ҳолатлар кузатилди. Ушбу масалаларга ечим топишга бўлган уринишлар натижасида ҳадисларга нисбатан қизиқиш ортиб кетди. Зотан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тириклигида ўзларини қизиқтирган ҳар қандай саволнинг жавобини бевосита у зотнинг ўзидан олган саҳобийлар, энди бунинг учун Қуръон ва ҳадисларга мурожаат қилишга мажбур бўлганлар. Улар орасида барча ҳадисларни тўлиқ ёддан биладиганлари кам бўлган. Шу сабабли ҳадисларни ёзма жамлаш зарурати юзага келган. 

Шу билан бир қаторда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин айрим шахслар

томонидан ғаразли мақсадда ҳадисларнинг асл мазмунини ўзгартириш, тўқима ҳадисларни тарқатиш каби ҳолатлар учрай бошлаган. Ушбу салбий ҳолатнинг олдини олиш мақсадида саҳобийлар имкон қадар камроқ ҳадис ривоят қилишга ҳаракат қилганлар. Жумладан, мусулмон олими Диноварийнинг фикрига кўра, Умар ибн Хаттоб (634–644) халифалиги даврида саҳобийлардан ҳадисларни ривоят қилишда эҳтиёт бўлиш, гувоҳи йўқ бўлган ривоятларни инкор қилиш талаб қилинган (M. Хатиб, 1981:92). Шу тариқа ҳадис ривоят қилинганда унинг ровийлари ҳақида сўраш анъанаси пайдо бўлган. Бунга қадар эса санад ҳақида сўралмас эди. Чунки саҳобийлар бир-бирларини яхши таниганлари сабабли улар орасида ҳадисларнинг ўзгартирилиши ёки тўқилиши деярли кузатилмаган. Муҳаммад ибн Сийрин (653–729)нинг “Дастлаб ҳадиснинг санади ҳақида сўралмас эди. Бироқ фитналар юзага келганидан сўнг инсонлар бир-бирларига “Бизга ровийларингизни айтинглар”, дейдиган бўлдилар. Шу тариқа аҳли сунна вал жамоа томонидан нақл қилинган ривоятлар олиниб, фитна аҳли келтирган ривоятлар эса инкор қилина бошлаган” (Сибоъий, 2000:108-109). деган фикри ҳам юқорида келтирилган маълумотни тасдиқлайди. Бунинг натижасида эса ҳадисларни текшириш, саралаш ва қабул қилишнинг илмий қоида ва услублари шаклланган. Жумладан, ривоятнинг ишончлилик даражасини аниқлашда унинг санади муҳим ўрин тута бошлаган. Санадга бўлган эътибор, айниқса, VIII асрга келиб ортиб кетди. 

Санад устида ҳатто ғарблик тадқиқотчилар томонидан ҳам илмий изланишлар олиб борилганини кўриш мумкин. Немис олими Жозеф Шахт (1902–1969) ушбу тизимнинг илк ислом даврида мавжуд бўлиб, VIII аср ўрталари – IX асрда яратилган ҳадис тўпламларида ўз ривожининг чўққисига чиққанини таъкидлаб ўтган (Schacht, 1979:163).

Ҳадисларни ёзма жамлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида шуни айтиш мумкинки, ушбу фикрни биринчи бўлиб илгари сурган шахс Умар ибн Хаттоб ҳисобланади. Урва ибн Зубайр (643–713) берган маълумотга кўра, у саҳобийлар билан бу ҳақда кенгаш қилган. Саҳобийлар ҳадисларни ёзма жамлаш ҳақидаги таклифга ижобий жавоб берганлар. Бироқ кейинчалик Умар ибн Хаттоб ушбу фикридан қайтиб, саҳобийларга:  “Мен суннани ёзмоқчи эдим. Бироқ сизлардан олдин ўтганлар китоблар ёзиб, ушбу китобларга берилиб кетганларидан Аллоҳнинг Китобини тарк этганлари ёдимга тушди. Мен Аллоҳнинг Китобини бошқа нарсага алмаштирмайман”, деган (Байҳақий, 1984:80-81).

Умуман, саҳобийлар, хусусан, Зубайр ибн Аввом, Абу Убайда Омир ибн Абдуллоҳ (584–639),  Аббос ибн Абдулмутталиб (568–653) кабилар ҳадис ривоятида хатога йўл қўйиш, унга асли йўқ бўлган нарсаларнинг қўшилиб кетишининг олдини олиш мақсадида кўп ҳадис нақл қилишдан тийилганлар. Чунки ислом дини таълимотига кўра, динда хатога йўл қўйиш оғир гуноҳлардан ҳисобланиб, саҳобийлар ушбу масъулиятни чуқур ҳис қилганлар. Бугунги кунда ҳам айни жавобгарлик ҳиссини англамаслик айрим шахслар томонидан ислом динига ёт бўлган ғояларнинг тарқатилишига сабаб бўлмоқда.     Давоми...

 

Азиз Тажиев 

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий котиби, 

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

 

Қўшимча малумот

МАНБАЛАРДА “ЛОМИШИЙ” НИСБАСИНИ ОЛГАН МУТАКАЛЛИМ ОЛИМЛАР ҲАҚИДАГИ ХАБАРЛАР ТАҲЛИЛИ
Ислом динининг Марказий Осиёга кириб келиши натижасида ўлкада илм-фан янада ривож топди, нафақат мусулмонларга, балки бутун дунё халқларига устоз бўлган...
“КИТОБ АТ-ТАВҲИД” ВА “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРЛАРИНИНГ ИЛМИЙ-ТАРИХИЙ АҲАМИЯТИ
Абу Мансур Мотуридий аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги икки ақидавий йўналишнинг бири бўлган мотуридия таълимотининг асосчиси ҳисобланади. Тўлиқ исми Абу...
“РИСОЛА АС-САҲОБА” АСАРИДА ИЖТИМОИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЁРИТИЛИШИ
Бошқарувнинг умавийлардан аббосийларга ўтиши, шунингдек, пойтахтнинг Суриядан Ироқ­қа кўчирилиши ислом давлатининг бутун тузилмасида ўзгаришлар бўлганини кўрсатади. Аниқ бир тартиб-интизомга асосланмаган...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry