18.08.2022
189

МАРКАЗИЙ ОСИЁДА ФАРОИЗ (МЕРОС ИЛМИ)НИНГ РИВОЖЛАНИШИДА САЙЙИД ШАРИФ ЖУРЖОНИЙНИНГ ҲИССАСИ

Мовароуннаҳр диёри исломий илмлар ўчоғи экани барчага маълум. Бу ерда тараққий топган ҳадис, фиқҳ, ақоид, тафсир, калом каби илмлар қаторига кейинчалик фиқҳдан ажралиб чиқиб, мустақил илм сифатида шаклланган фароизни ҳам қўшишимиз мумкин. Бу илмнинг ривожланишига юртимиздан етишиб чиққан имом Бурҳониддин Марғиноний, Алоуддин Косоний, шунингдек, Самарқандий, Насафий алломалар фиқҳга оид асарларида мерос масалаларига тўхталиб ўтиш орқали ўз ҳиссаларини қўшишган. Аллома Саййид Шариф Журжоний эса, бу борада алоҳида хизматлари билан улардан ажралиб туради. Тилшунослик, ақида, калом, тафсир, тасаввуф, мантиқ каби илмларда ижод қилиб катта шуҳрат қозонган аллома мерос илмига ҳам салмоқли ҳисса қўша олди.

Дастлаб, Журжонийнинг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида сўз юритамиз. Алломанинг тўлиқ исм-шарифи Али ибн Муҳаммад ибн Али Журжоний Ҳусайний бўлиб, 740 ҳ. ёки 1340 милодий йилнинг февраль ойида Журжон яқинидаги Таку деган жойда дунёга келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам авлодлари вакили (13-авлод), Зайдия имомларидан ҳисобланган Муҳаммад ибн Зайд Доъийнинг фарзандларидан бири эканлиги сабабли аллома Саййид Шариф деган ном билан машҳур бўлганлар[1]. “Абу Ҳасан” у зотнинг кунясидир.

Бошланғич таълимни ўз юртларида олгач, Ҳиротга аллома Қутбиддин Розий ҳузурларига алломанинг “Шарҳ шамсия” ва “Шарҳ ал-матолиъ” деб номланган мантиққа оид китобларини ўқиш учун боради. Бироқ бир муддат ўтгач, ёши улуғ бўлиб қолганлигини айтиб, “устоз” унга Мисрга, мантиқ илмида номи чиққан шогирди Муборакшоҳ ҳузурига боришни тавсия қилади.[2]

Мисрга кетатуриб, Анатолия ўлкасидан ўтади ва шу ерда одамлар орасида катта шон-шуҳратга эга бўлган Жамолиддин Оқсароийдан дарс олишга қизиқиб қолади. Лекин шайх ҳузурига етиб борганида, аллақачон вафот этган бўлиб чиқади. Шунинг учун Миср сафарини Оқсароийнинг шогирди Мулла Фанорий[3] билан давом эттиради. Мисрда ўн йилча яшаб, Муборакшоҳдан ақлий ва аллома Бобиртийдан нақлий илмларни ўрганади. У ерда шайх Бадриддин Симавий, шоир Аҳмадий ва машҳур табиб Ҳожи пошолар суҳбатида бўлади. Айни мана шу даврда Журжоний Қутбиддин Розийнинг “Шарҳ ал-матолиъ ал-анвор” китобига ҳошия ёзади[4]. Илм олишни ниҳоясига етказганидан сўнг Усмонийлар давлати пойтахти Бурса орқали ўз юртига кайтиб келади.

Она юртида аллома Саъдуддин Тафтазоний ёш Журжонийни Шероз султони шоҳ Шужоъ ҳузурига олиб киради ва у алломани “Доруш-шифо” мадрасасига мударрисликка тайинлайди. Бу ерда олим ўн йил давомида дарс бериш ва фатво айтиш билан бир қаторда, китоб таълиф қилиш билан ҳам астойдил шуғулланади. Натижада олимнинг овозаси барча ёққа кетади. Айниқса, ақлий илмлар[5]  борасида унинг донғи чиққан эди.

Амир Темур ҳазратлари Шерозни қўлга киритганидан сўнг 1387 (789ҳ.) йилда алломани Самарқандга олиб келади. Бу ерда аллома 18 йил мударрисларга раҳбарлик қилади ва кўплаб китоблар ёзишга улгуради. Мовароуннаҳр уламолари, хусусан, аллома Тафтазоний билан олим ўртасида кўплаб баҳс-мунозара ва илмий тортишувлар бўлиб ўтарди. Бу эса алломани Амир Темур наздидаги обрўйи янада ортишига сабаб бўлади.[6]

Саййид Шариф Журжоний Самарқандда Хожа Алоуддин Аттор билан учрашади ва бу учрашув таъсирида тасаввуфга мойиллик пайдо бўлиб, секин-аста сўфийликнинг нақшбандия тариқатига киради. Бу йўлда олим билан мавлоно Низомиддин Хомуш ўртасида дўстлик вужудга келади ва тасаввуф мажлисларида иштирок эта бошлайди[7].

1405 (807 ҳ) йил Амир Темур вафотидан сўнг Журжоний Шерозга қайтиб, қолган умрини шу ерда илмга бағишлаб ўтказади. 1413 (816ҳ) йил вафот этиб, Шероздаги Атиқ жомеъ яқинидаги мозорга дафн этилади.[8]

Саййид Шариф Журжоний ҳаётлик даврида ёрқин из қолдириб, вафотидан кейин ҳам китоблари замонлар оша инсонлар учун асосий манбалардан бўлиб келган кам сонли олимлардан биридир. Калом, араб тили ва адабиёти, фалсафа, мантиқ, астрономия, математика, тарих, фиқҳ, ҳадис, тафсир, тасаввуф каби диний ва дунёвий соҳаларда кўплаб китоблар, шарҳлар, ҳошиялар битиб, ҳақли равишда аллома деган номга сазовор бўлган.

Манбаларда келтирилишича, Шариф Журжоний ўта кучли ақл ва тафаккур соҳиби, олдиндан кўра оладиган зийрак, нозик дидли, балоғат ва фасоҳатда тенгсиз, мунозараларда енгиб бўлмас аллома бўлган. Унинг асарлари, айниқса, тилшунослик, калом, мерос илмига оид китоблари мусулмон ўлкаларидаги мадрасаларда бардавом ўқитиб келинётган асосий мўътабар ва мўътамад манбалардан бўлиб қолмоқда.[9] Бунинг исботи сифатида Туркия, Туркистон, Эрон ва Ҳиндистон каби юртлар олимлари ижозаларининг бир қисми Журжонийга, бошқаси эса Тафтазонийга бориб тақалишини келтиришимиз мумкин. Демак, аллома диёримиз олимларининг кўпчилигига устоз ҳисобланар экан. 

Журжоний ислом фалсафаси кучайган даврда яшаганлиги учун ўзидан олдинги Розий, Байзовий, Омидий каби фалсафадан анча хабардор бўлган. Буни алломанинг калом илмига бағишланган “Шарҳ ал-мавақиф” асари ҳам кўрсатиб турибди. Асар аслида калом илмига бағишланган бўлишига қарамай, унинг деярли 2/3 қисми фалсафа мавзуларини қамраб олган. 

Аллома зуллисонайн олимлардан бўлиб, араб ва форс тилларида ижод қилган. У кишининг “Таърифот”, “Шарҳу тафсири кашшоф”, “Ҳошияту ала Мишкотил масобиҳ”, “Шарҳ алал Кофия”[10] ва бошқа юзлаб асарлари мавжуд ва улар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, аллома Самарқандда яшаб юрган йиллари мерос илмига оид Сирожиддин Сажовандийнинг ҳанафий мазҳабида битилган «Фароиз ас-сирожия» асарига жуда гўзал шарҳ ёзади. Кейинчалик илм толиблари орасида «Шарифия» номи билан машҳур бўлиб кетган мазкур «Шарҳ фароиз ас-Сирожия» асари ҳанафий мазҳабидаги мўътабар манбалардан бирига айланиб, юртимиз мадрасаларида узоқ даврлар мобайнида ўқитиб келинди. Фароиз илми асосан Қуръонда кенг ва батафсил ёритиб берилгани учун бошқа илмларга қараганда ихтилоф камлиги билан ажралиб туради. Шунинг учун ҳатто бошқа мазҳаб вакиллари ҳам ушбу китобга кўплаб мурожаат қилишади.

Саиджамол Масайитов, 

Ўзбекистон ислом академияси тадқиқотчиси

 


 

[1] Зириклий “Ал-аълом”, 5-жилд, 7-б.

[2] Саховий “Ад-довъ ал-ламиъ”, 5, 328-б.

[3] Лакнавий А. “Алфавоид ал-баҳия”, 125-б.

[4] Тош Кубризода “Мифтаҳ ас-саода”, 1-жилд, 167-б.

[5] Ҳожи халифа “Кашф аз-зунун”, 12-жилд, 139-б.

[6] Суютий Ж. “Буғятул вуъот”, 351-б.

[7]Лакнавий А. “Алфавоид ал-баҳия”, 126-б.

[8] Шавконий М.А. “ал бадр ат-толиъ”, 1, 488-б.

[9] Лакнавий А. “Алфавоид ал-баҳия”, 130-б.

[10] Брокельман, 2, 216, 306

Қўшимча малумот

МАНБАЛАРДА “ЛОМИШИЙ” НИСБАСИНИ ОЛГАН МУТАКАЛЛИМ ОЛИМЛАР ҲАҚИДАГИ ХАБАРЛАР ТАҲЛИЛИ
Ислом динининг Марказий Осиёга кириб келиши натижасида ўлкада илм-фан янада ривож топди, нафақат мусулмонларга, балки бутун дунё халқларига устоз бўлган...
“КИТОБ АТ-ТАВҲИД” ВА “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРЛАРИНИНГ ИЛМИЙ-ТАРИХИЙ АҲАМИЯТИ
Абу Мансур Мотуридий аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги икки ақидавий йўналишнинг бири бўлган мотуридия таълимотининг асосчиси ҳисобланади. Тўлиқ исми Абу...
“РИСОЛА АС-САҲОБА” АСАРИДА ИЖТИМОИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЁРИТИЛИШИ
Бошқарувнинг умавийлардан аббосийларга ўтиши, шунингдек, пойтахтнинг Суриядан Ироқ­қа кўчирилиши ислом давлатининг бутун тузилмасида ўзгаришлар бўлганини кўрсатади. Аниқ бир тартиб-интизомга асосланмаган...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry