16.08.2022
216

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИДА ҲАДИСЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ УСЛУБЛАРИ

Ислом тарихидан маълумки, “Аҳли сунна” деб номланган соф исломий ақида тарафдорлари Хуросон, Ироқ, Шом ва бошқа давлатларда ашаърийлар ва Мовароуннаҳр диёрларида мотуридийлар яшаганлар. Аҳли сунна ва жамоа эътиқодининг икки раиси бўлиб, улар Имом Шофеий ва Абу Ҳанифалар бўлишган. Бу икки шайхнинг эътиқодий йўналишини назарий асослаб берган икки буюк эътиқод имомлари Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий Самарқандий ва Абу Ҳасан Ашаърий Басрийлар бўлган. (Оқилов С., 2012:11) Мазкур икки йирик ақидавий йўналишнинг ҳам пайдо бўлиши мўътазилийлик ғояларига қарши раддия сифатида аҳли сунна қарашларини қўллаб-қувватлаш учун вужудга келган. Ироқ ва Хуросон уламолари ўртасидаги ҳар хил ақидавий ва фиқҳий ихтилофларни бартараф этиш учун бу ақидавий мактабларга эҳтиёж катта бўлган. Имом Мотуридий ва ундан кейинги мутакаллимлар Абу Юср Муҳаммад ибн Абдулкарим Баздавий, Абул Муин Насафий, Имом Баёзий ва Ибн Ҳумомлар Абу Ҳанифанинг калом илмида қадарийларга қарши раддия сифатида тасниф этган “ал-Фиқҳ ал-Акбар” асари ва алломанинг фиқҳий йўналишини давом эттиришган (Оқилов С., 2012:03). “Ал-Фиқҳу ал-Акбар” асарининг Имом Аъзамдан Имом Мотуридийгача бўлган ровийлар санади қуйидагича силсила орқали етиб келган. Имом Аъзамдан ўғли Ҳаммод ибн Абу Ҳанифа ривоят қилган, ундан Иъсом ибн Юсуф асарни ривоят қилган ва Абу Муқотил Ҳафс ибн Солим ундан эшитган ва Абу Муқотилдан Имом Мотуридийнинг устози Наср ибн Яҳё ривоят қилган. Шу тариқа Абу Ҳанифа (р.а.) таълимоти Имом Мотуридийгача етиб келган (Оқилов С., 2012:08).

Имом Мотуридий Самарқанддан етишиб чиқиб, Мовароуннаҳр тафсир, фиқҳ ва калом илми тараққиётига катта ҳисса қўшган. Мовароуннаҳрда мотуридия калом мактабининг вужудга келиши ҳамда ҳанафийлик мазҳабининг кенг тарқалишида Самарқанддаги илмий муҳитнинг ривожланишида шу даврнинг муҳаддислар, фақиҳлар ва мутакаллимларининг хизмати катта бўлган. Мотуридия таълимотининг пайдо бўлиши ҳанафий мутакаллимлари Абу Муқотил Самарқандий (ваф. 208/823 й.) ва Аҳмад ибн Наср Атакий (IX аср) номлари билан боғлиқ бўлиб, бу икки аллома ҳадис илми борасида ҳам машҳур бўлган. Абу Муқотил Самарқандий, унинг шогирди Абу Бакр Аҳмад ибн Наср Атакий, икки ўғли – Салим ибн Ҳафс (ваф. 211/826 й.) ва Умар ибн Ҳафс (ваф. 219/834 й.)лар Самарқандда фаолият олиб борган улуғ муҳаддислар сифатида ҳам зикр этилади (Умаров Ш., 2019:45).

Абу Ҳафс Умар ибн Ҳафс ибн Салим Самарқандий Абу Муқотил Самарқанд қозиси бўлган ва кўплаб муҳаддислардан ҳадис ўрганган. У ҳанафий йўналишида улуғ фақиҳ, мутакаллим ва муҳаддислардан саналган. Имом Аъзамнинг калом илмига оид машҳур «Фиқҳ ал-акбар» асарининг Имом Мотуридийга етиб келиши Ҳафс ибн Салим Самарқандий Абу Муқотилнинг шогирдлари орқали бўлганлиги манбаларда таъкидланади. Абу Ҳафс Умар ибн Ҳафс ибн Салим Самарқандий эса ўз даврида икки улуғ муҳаддислар Абдулҳамид Кеший ва Абдураҳмон Доримийлардан ҳадис ривоят қилган (Умаров Ш., 2019:125).

Мовароуннаҳр калом ва фиқҳ илми ривожида етук аллома Имом Мотуридийдек улуғ мутакаллимнинг етишиб чиқишида ҳам юртимиз муҳаддисларининг калом ва фиқҳ илмидаги етук шогирдлари: Абу Муқотил Самарқандий, Аҳмад ибн Наср Атакий, Салм ибн Ҳафс ва Умар ибн Ҳафс Самарқандийнинг хизматлари бор. Муҳаддиснинг ҳаёти ва илмий фаолияти Мовароуннаҳрда ҳадис, фиқҳ, тафсир ва калом мактабларининг пайдо бўлиб, тараққий этишида муҳим роль уйнаган (Умаров Ш., 2019:126).

Буюк каломшунос олим, шарқ мутакаллимлари устози, “Ҳидоят имоми” дея эътироф этилган аллома Имом Мотуридийнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрни ислом оламида буюкдир. Имом ўзининг эътиқоди йўналиши билан шарқ калом мактабига асос солган ва унинг асарлари аҳли сунна ва жамоа эътиқодини ўрганиб, тўғри йўлни танлаб олишда бебаҳо асарлардан ҳисобланган. Имом Мотуридий ўзининг эътиқодий қарашларини икки йўналиш: нақлий ва ақлий далиллар билан асослаган. Бу ҳақда алломанинг ўзи шундай деб таъкидлайди: “Диннинг танишликнинг асли икки йўли мавжуд бўлиб, бу эшитиш ва ақл юритишдан иборат” деган (Буюк турк билгини., 2012:427).

Имом Мотуридий яшаган даврлар калом илми борасида энг мунозара ва баҳсларга бой давр бўлиб, ҳар хил эътиқодий оқимлар фаолият олиб борган ва улардан мўътазилий йўналиши кенг тарқалган. Мўътазилий тарафдорлари томонидан ақлни диннинг асоси деб эътироф этиб, ақлни нақлдан устун қўйиб унга кенг тарғиб қилиш даври бўлган. Улар ўз ақлий қарашлари нақлий далилларга қарши келса ҳам ақлий далилни устун қуйишган. Мўътазилий қарашларида фақат мутовотир ҳадислар олинган ва бошқа ҳадислар далил сифатида олинмаган. Бу даврда ҳадис аҳли ва муҳаддислар бу каби эътиқодий қарашларга ўз муносабатларини билдириб, уларга қарши илмий баҳслар олиб боришган. Мўътазилийлар ҳаракати аббосий халифаларидан ал-Маъмун (813-833), ал-Муътасим (833-842) ва алВосиқ (842-847) даврларида авж олди [4:22-23]. Бу даврда бундан ташқари қадарийлар, муржийлар ва рофизийларга хос қарашлар ҳам жамиятда мавжуд бўлган. Имом Мотуридий ислом тарихида кенг тарқалиб кетган ҳар хил эътиқодий қарашларни бир хил тизимга солиш ва уларни нақлий ва ақлий далилларга таяниб исботлаб бериш каби буюк ишларни амалга оширган. У ўзининг эътиқодий қарашларида келтирган масалаларнинг ҳукмида оят ва ҳадисга таяниб ҳукм чиқаришга катта эътибор қаратган. Эътиқодий қарашларини мустаҳкамлашда биринчи нақлий далил оят ва ҳадисни келтириш билан ақлонийлардан (фақат ақлга таянадиганлар) катта фарқ қилган.

Имом Мотуридий ўзининг “Китобу-т-тавҳид” асарида кўплаб оятларни далил сифатида келтириш билан бирга ҳадислардан ҳам кўп ўринларда фойдаланган. Имом ўз қарашларини нақлий далиллар билан илмий исботлаб берган. Барча илмларнинг негизида Қуръон ва ҳадис бўлгани каби калом илми ҳам бу икки манбага асосланган. Фиқҳ илмида “аҳли ҳадис” ва “аҳли рай” нинг бўлгани каби калом илмида ҳам “аҳли ҳадис мутакаллим” ва “аҳли рай мутакаллим” бўлган. (Буюк турк билгини., 2012:427)

Имом Мотуридий “аҳли рай мутакаллим” бўлиб ўз қарашлари билан кенг тарқалган оқимларга қарши далил келтириш ва улар томонидан илгари сурилган қарашларга раддия беришда ҳадисларнинг ўрни катта аҳамиятга эга эканлигини асосли кўрсатиб берган. Имом Мотуридий “Китобу-т-тавҳид” асарида асосий масалаларда Қуръондан далил келтириб, йигирма олти масалада ҳадиснинг ўзидан далил келтириб ўтган ва бундан ташқари ўз фикр ва қарашларини қувватлантириш мақсадида бошқа кўплаб ҳадисларга мурожаат қилган. Имом ҳадислардан асосан мутовотир, саҳиҳ ҳадислардан фойдаланган ва баъзи ўринларда оҳод ҳадислар ҳам келтириб ўтилган.
Давоми…

Шукуруллоҳ Умаров, 
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот 
маркази директори (PhD)

Қўшимча малумот

МАНБАЛАРДА “ЛОМИШИЙ” НИСБАСИНИ ОЛГАН МУТАКАЛЛИМ ОЛИМЛАР ҲАҚИДАГИ ХАБАРЛАР ТАҲЛИЛИ
Ислом динининг Марказий Осиёга кириб келиши натижасида ўлкада илм-фан янада ривож топди, нафақат мусулмонларга, балки бутун дунё халқларига устоз бўлган...
“КИТОБ АТ-ТАВҲИД” ВА “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРЛАРИНИНГ ИЛМИЙ-ТАРИХИЙ АҲАМИЯТИ
Абу Мансур Мотуридий аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги икки ақидавий йўналишнинг бири бўлган мотуридия таълимотининг асосчиси ҳисобланади. Тўлиқ исми Абу...
“РИСОЛА АС-САҲОБА” АСАРИДА ИЖТИМОИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЁРИТИЛИШИ
Бошқарувнинг умавийлардан аббосийларга ўтиши, шунингдек, пойтахтнинг Суриядан Ироқ­қа кўчирилиши ислом давлатининг бутун тузилмасида ўзгаришлар бўлганини кўрсатади. Аниқ бир тартиб-интизомга асосланмаган...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry