Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Туркиянинг Салжуқ университети билан ҳамкорликда онлайн-илмий семинар ўтказилди
Жорий йилнинг 07 апрел куни Aбу Мансур Мотуридий ва унинг издошлари бўлган алломаларнинг ҳаёти ва бой илмий-маънавий меросини халқаро жамоатчиликка етказиш, ислом оламида мўътадил таълимотни кенг тарғиб қилиш мақсадида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Туркиянинг Салжуқ университети билан ҳамкорликда онлайн-илмий семинар ўтказилди.
Семинарда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари билан бир қаторда, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари, соҳага оид илмий изланишлар олиб бораётган маҳаллий ва хорижий тадқиқотчи олимлар ва мутахассислар иштирок этдилар.
Семинар давомида Туркиянинг Анқара университети профессори, исломшунос олим Исмаил Ҳакки Ўнал “Ислом дунёсида Абу Ҳанифанинг роли” мавзусида маъруза қилди. Исмаил Ҳакки Ўнал ҳанафия мазҳаби доирасида бир неча йиллар давомида олиб борган тадқиқотлари ва ҳанафийлик борасидаги илмий фикрлари билан ўртоқлашди. Олимнинг таъкидлашича, бугунги кундаги фиқҳий масаларга ечим топишда мазҳаб тутиш вожиб, хусусан, Пайғамбар алайҳис-саломга энг яқин даврда яшаган ва илмий изланишлар олиб борган йирик фақиҳ Абу Ҳанифа мазҳабининг манбаларига мурожаат қилиш муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бош илмий ходими тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Абдуллатиф Аллоқулов “Абу Ҳафс Умар Насафийнинг мотуридийлик таълимоти тараққиётидаги ўрни” мавзусида маъруза қилди. Олим Абу Ҳафс Умар Насафийнинг “Ақоид” асари ва ушбу асарни мотуридийлик таълимоти ривожидаги муҳим манбаа эканлигига алоҳида тўҳталиб ўтди.
Шу билан бирга Абдуллатиф Аллоқулов мотуридийлик таълимоти мўътадил таълимот эканлигини, бугунги ақидавий муаммоларни ҳал этишда ушбу ақидавий таълимотни кенг жамоатчиликка етказиш олимлар олдида турган долзарб вазифа эканлигини таъкидлаб ўтди.
Онлайн семинар олимлар ва мутахассисларнинг ҳанафийлик мазҳаби ва мотуридийлик таълимоти борасидаги ўзаро фикр алмашинувига бой бўлди. Олимлар келгусида бу йўналишдаги икки томонлама илмий ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олдилар.
Izohlar