13.12.2021
305

Хаббозий

 

Абу Муҳаммад Жалолуддин Умар ибн Муҳаммад ал-Хўжандий ал-Хаббозий

(ваф. 691/1292)

Хаббозий 629/1232 йилда Мовароуннаҳр шаҳарларидан бири бўлган Хўжандда туғилган. Ўз юртида таълим олгандан сўнг Хоразмда ҳам илм талаб қилган, кейин эса Бағдодга йўл олган.  Маълум вақтдан сўнг Шомга келиб, Иззия Баррония мадрасасида мударрислик қилган. Ҳаж зиёрати учун Маккага бориб, у ерда бир йил яшаган Хаббозий Шомга қайтиб, Ҳотуния Баррония мадрасасида дарс бера бошлайди ва умрининг охиригача шу ерда яшаб қолади. Ўша вақтда мазкур мадрасада дарс бера олиш учун ўз замонасининг энг кучли ҳанафий олими бўлиш талаб қилинар эди. Хаббозийнинг ҳаёти ҳақида сўз юритувчи манбалар унинг чиндан ҳам ушбу васфга эга олим, фиқҳнинг ҳам фуруъ, ҳам усулини жуда яхши билган фақиҳ, айни пайтда ибодат ва зуҳд аҳли бўлганига гувоҳлик беради.

Унинг шогирдари ичида Абул Аббос Аҳмад ибн Масъуд Кўнявий, Бадрут-тавил номи билан танилган Довуд ибн Ағлабек ибн Али Румий ва Ҳибатуллоҳ ибн Аҳмад Туркистоний каби машҳур олимлар бор эди.

Хаббозий 691/1292 йилда Шомда вафот этган ва Суфия қабристонига дафн этилган. Баъзи манбаларда унинг 671/1272 йилда вафот этгани ҳам қайд этилади.

Асарлари. 1. «ал-Муғний фи усулил фиқҳ». Муаллифнинг энг муҳим асаридир. Асар 1983 йил Муҳаммад Мазҳар Бақо тарафидан Маккада нашр этилган. “Муғний”га 10 дан ортиқ шарҳлар ёзилган. Улардан бири муаллифнинг ўзига тегишли. Қолган шориҳлар эса Аловуддин Али ибн Мансур Мақдисий, Муҳаммад ибн Аҳмад Туркманий, Шиҳобуддин Аҳмад ибн Иброҳим Ойинтобий, Жамолуддин Маҳмуд ибн Аҳмад Кўнявий, Сирожуддин Умар ибн Исҳоқ Ғазнавий, Мансур ибн Аҳмад Хоразмий, Ибн Соиғ Зумуррудий, Аловуддин Али Асвад, Муҳаммад ибн Юсуф Исбирий ва Айюбийзода Мустафолардир. 2. «Шарҳул Ҳидоя». Бурҳонуддин Марғиноний “Ҳидоя” асарининг шарҳи. Турли номлар остида кўплаб қўлёзма нусхалари мавжуд асарнинг баъзи нусхалари шу номларда учрайди: “Мушкилотул Ҳидоя” (Сулаймония кутубхонаси. Жоруллоҳ Афанди, нр. 780); “Хошия ъалал Ҳидоя” (Сулаймония кутубхонаси. Домад Иброҳим Пошо. Нр. 616; Асад Афанди, нр. 89; Янги Жомеъ, нр. 406); “Шарҳул Ҳидоя” (Сулаймония кутубхонаси. Гиресун, нр. 33; Турҳон Волида Султон, нр. 141); “ал-Кифоя фи шарҳил Ҳидоя” (Сулаймония кутубхонаси. Маҳмуд Пошо, нр. 212). 3. «ал-Ҳодий фи усулид-дин». Каломга доир ушбу асарнинг айни номдаги (Сулаймония кутубхонаси. Лолали, нр. 2483) ҳамда “Китобул Ҳодий” номи (Сулаймония кутубхонаси. Фотиҳ. 3169) билан қайд қилинган нусхалари мавжуд.

(Туркия Диёнат Вақфи энциклопедияси асосида тайёрланди)

Қўшимча малумот

Жамолиддин Ғазнавий
Жамолиддин Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ҒазнавийВаф. 593/1197Жамолиддин Ғазнавийнинг ҳаёти ҳақида кўп маълумот сақланиб қолмаган. Машҳур ҳанафий фақиҳи Аловуддин Косоний...
Сирожиддин Ғазнавий
Абу Ҳафс Сирожуддин Умар ибн Исҳоқ ибн Аҳмад ал-Ғазнавий аш-Шиблийваф.773/1372Таҳминан 704/1304 йилларда Ғазнада туғилган. Сирожул Ҳиндий лақаби билан танилган. Илк...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry