21.12.2023
81

ЗАМОНАВИЙ ТАРИҚАТЧИЛИКНИНГ ИЖТИМОИЙ ЗАРАРЛАРИ

Тасаввуф таълимоти узоқ даврлар мобайнида жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталарини илдиз отишига замин яратган. Ҳозирги пайтда дунёнинг кўп мамлакатларида Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандия тариқати катта нуфузга эга. Чунки, мазкур тариқатда ислом шариати мезонлари бузилишига йўл қўйилмай, чин инсоний фазилатларни илгари сурган.

Ҳозирги кунда эса, тасаввуф деганда тор маънодаги турли маросимбозлик, тариқатга ружу қўйиш, «пирпарастлик», худойима-худойи ва эҳсонма-эҳсон юриш, бошқалардан ажратиб турадиган либослар кийиш, бошқалардан ажралиб турадиган турфа расм-русумларга берилиб яшаш тушуниладиган бўлиб, одамларга тариқатни шундай тушунтирадиган айрим тоифалар ҳам кўпайиб бормоқда. Шунингдек, бу тоифалар ҳақиқий мумтоз тасаввуф вакилларининг тасаввуфни комил мусулмон етиштиришдаги бир восита холос экани ҳақидаги ўгитларини унутиб, мусулмон кишиларнинг асосий мақсади тариқатга кириш, пирга қўл бериб, унинг хизматини қилиш экани ҳақидаги нотўғри талқин ва даъволарни илгари сурмоқдалар. Шу сабабли, соҳа мутахассислари томонидан бундай тоифаларни мумтоз тасаввуф намояндалари ва вакилларидан фарқлай билиш ҳамда уларни бошқа турли оқимлардан ажратиб кўрсатиш мақсадида уларга нисбатан «тариқатчилар» атамаси истеъмолга киритилди.

Тариқатчилар деганда тасаввуфнинг фақат ташқи жиҳатларига, маросимчилик, турли зикр мажлисларига асосий эътиборни қаратиб, унинг фалсафий-ирфоний хусусиятларидан бехабар фаолият юритаётган, муайян бир кишини пир деб санаб, унинг этагидан тутувчи, жамиятнинг бошқа аъзоларидан четлашиб, пир хизматини ҳаётдаги энг асосий мақсад деб билувчи кишилар ёки жамоалар, гуруҳлар тушунилади. Мазкур гуруҳ ва жамоалар орасида қабрларга сиғиниш, пирларни ҳаддан зиёд улуғлаш, пирларнинг таҳоратидан ортган сувларни ичиш, дунёвий илмлардан, тараққиёт ютуқларидан четланиш каби турли зарарли ҳамда исломий нуқтаи назардан бидъат-хурофот деб баҳоланувчи ҳолатлар кенг тарқалган.

Баъзи кишилар тариқатга кирганларини пеш қилиб, ташқи қиёфа ва маросимларга катта аҳамият берадилар, аммо оилалари, фарзандлари олдидаги мажбуриятларини унутиб қўядилар. Улар оиласини ўзларича «Аллоҳга таваккал қилиб» мажбурий таъминотини тарк этиб, пир хизматини оила олдидаги вожиб масъулиятдан устун қўймоқдалар. Шу йўл билан, тасаввуфнинг асл моҳиятини англамаган ва ҳақиқатидан бехабар жоҳиллик отига минганлар тариқат аҳлига ҳам, тасаввуф номига ҳам доғ тушурмоқдалар. Тариқатчилар фаолияти туфайли ижтимоий низоларга сабаб бўлаётган ҳолатлар ҳақида фикр юритар эканмиз қуйидаги ҳолатларни ҳам назардан четда қолдирмаслик керак бўлади. Тариқатчилар орасида:

- тариқатда бўлмаганларга нисбатан паст назар билан қараш кузатилади;

- илм олишга бўлган рағбатнинг сусайиши – гўёки «кўпгина авлиёлар ўқимасалар ҳам катта мақомларга етишганлар» қабилида иш тутиш;

- оилали тариқатчилар оилаларининг таъминотини «Аллоҳга таваккал» қилиб, пирдан вазифа олганлик баҳонасида оила моддий таъминотидан бош тортиш ҳолатлари;

- замонавий тараққиёт ютуқларига салбий муносабатда бўлиш, замонавий кийим кийиб юрганларга нисбатан яхши фикрда бўлмаслик ва ҳ.к.

Бугунги кунда юртимиз ҳудудида фаолият олиб бораётган тариқатчилар умумий хавфсизликка таҳдид солмаяптилар, дейиш мумкиндир. Бироқ, бу – масалага доир бир неча муаммолар мавжуд. Шунингдек, тариқатчилар тарафдорларининг кўпайиши, моддий базасининг мустаҳкамланиши, тариқатлар ўртасидаги келишмовчиликларнинг чуқурлашуви жиддий ижтимоий муаммоларни келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас. Тариқатчилар томонидан шариат талабларининг нотўғри талқин қилиниши, анъанавий ислом тамойилларига зид бўлган қоидалар ишлаб чиқилиши тариқат тарафдори бўлмаганлар ва расмий дин ходимлари ўртасида норозиликлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари айрим тариқатчилар халқона табобат усуллари орқали даволаш, турли ўт дамламалар тайёрлаб сотиш, суфий табобати, суфий гимнастикаси, суфий жанг санъати каби марказларни очиб, шу орқали одамларнинг эътиборини жалб қилиш усулларидан ҳам фойдаланишмоқда. Бундай тариқатчилар ислом асосларини бузиб талқин қилиш, турли бошқа динларнинг таълимотларини ва амалиётларини тасаввуфга оид, деб тарғиб этиш, ислом динига алоқаси бўлмаган турли буддавийлик ғояларини мусулмонлар орасида тарқалишига, уларнинг эътиқодлари бузилиши, соғлом ақидага путур етишига сабаб бўлмоқдалар. Ўзларининг ноқонуний фаолиятларини халқ табобати билан хаспўшлашга уринмоқдалар. 

Тариқатчилар орасида учраб турадиган ўз гуруҳ аъзоларини пирига қўл бермаган бошқа оддий мусулмонлардан устун қўйиш, «пири йўқнинг – дини йўқ» қабилидаги гапларни гапириб, ўзларича ибодат деб билаётган маросимбозликлар туфайли кибрга берилиб кетишларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Тасаввуф одамларни турли табақаларга бўлиш, бировни бошқасидан устун қўйиш, одоб-ахлоқни қўйиб маросимбозликка берилиш, кимнингдир хизматига зўр бериб ўз ташвишларини ҳал этишдан четлашиб кетиш, ўзига ўхшаш бир инсонни бандага хос бўлмаган сифатлар билан улуғлаб, уни муққадаслаштириб олишга чақирмаган. Тасаввуф кишилар орасида тенглик, биродарлик, ижтимоий адолат, жамиятга манфаатли меҳнат фаолияти билан машғул бўлишни тарғиб этган. Баҳоуддин Нақшбанднинг «дил ба Ёру даст ба кор» шиори бунинг ёрқин исботидир.

Марказий Осиё тасаввуфи ва тариқатчилик ўртасидаги номутаносиблик айнан ўша улкан илмий мерос ва анъанавийликдан узоқлашишнинг натижасидир. Мумтоз тасаввуфга хос гўзал ахлоқ, юксак маънавий фазилатларни шакллантириш, комил инсон, нафс тарбияси, ватанпарварлик каби ғоялар халқимизнинг асрлар давомида такомилига етиб борган маънавий бойлигини ташкил этади. Ҳозирги шароитда ҳам тасаввуфнинг ана шундай хусусиятларини кўрсатиб бериш, кишиларни турли асоссиз ғоялар ва маслакларга адашиб кириб қолишининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 3311 сонли хулосаси асосида тайёрланган "Тасаввуфга кириш" китобидан.

Қўшимча малумот

Имом Мотуридий ҳаёти ва фаолиятига чизгилар
Муаллиф: Аҳмад Саъд ДаманҳурийТаржимонлар: С.Абдуллаев, О.Икромбеков🗓 Сана: 2023📝 Ҳажми: 264 бет📖 Ушбу китоб мисрлик мотуридийшунос олим Аҳмад Саъд Даманҳурийнинг Имом...
УЛАМОЛАР СОХТА CУФИЙЛИК ҲАҚИДА
Тарихан, инсон қалбини поклаш, уни руҳий-маънавий жиҳатдан юксалтиришни мақсад қилган тасаввуф таълимоти юртимизда кенг тараққий этиб келган. Тасаввуф йўлида риёзат...
Академия вакилларининг Индонезия Уламолар кенгаши аъзолари билан учрашуви ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Дин ва миллатлараро муносабатлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов бошчилигидаги делегация аъзолари Индонезия...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry