21.12.2023
84

УЛАМОЛАР СОХТА CУФИЙЛИК ҲАҚИДА

Тарихан, инсон қалбини поклаш, уни руҳий-маънавий жиҳатдан юксалтиришни мақсад қилган тасаввуф таълимоти юртимизда кенг тараққий этиб келган. Тасаввуф йўлида риёзат чеккан буюк шайхларнинг ислом дунёсидаги адади чексиз бўлиб, шулардан бир қанчаси Туронзаминда туғилиб, вояга етган. Улар яратган таълимот ва илгари сурган ахлоқий-ирфоний, маънавий-маърифий ғоялар ҳозирда ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Шу билан бирга, барча замонларга тасаввуфни ва унинг ички тармоқлари ўлароқ тараққий этган турфа тариқатларни тирикчилик манфаатлари воситасига айлантирган сохта «тассавуфчи»лар ҳам топилиб турган. Бугунги кунда ҳам сохта тариқатлар ва ўз атрофида шогирдлар тўплаётган нолойиқ пир-шайхлик даъвосидаги шахслар кўзга ташланмоқда. Кўр-кўрона тақлид ёки жоҳиллик сабаб дуч келган одамнинг этагини тутиб, «комил шайх» билиб, уларга қўл бераётганлар ҳам бор. Бу эса ўзини ҳақиқий маънода тасаввуф вакили санаган ва унинг талабларига бўйсунишни бурч билган кишилар ва тасаввуфни шахсий манфаатлар воситасига айлантирган кимсалар ўртасидаги ғоявий ихтилофларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган.

Машҳур мутасаввиф Абдулқодир Жилоний (1077-1166) «Сирру-л-асрор ва мазҳару-л-анвор фимо йаҳтожу илайҳи-л-аброр» асарида тасаввуф аҳлини ўн икки тоифага бўлиб, улардан фақат бир тоифа «суннийлар», қолган ўн бир тоифа «бидъатчилар» эканини таъкидлайди. Суннийлар – гап-сўз ва ҳатти ҳаракатлари шариат ва тариқатга уйғун бўлганлар, деб келтиради.

Аҳмад Яссавий (ваф.1166) ўз ҳикматларида сохта суфийни ҳақиқий суфийдан ажратиб турувчи хусусиятларни баён қилган:

Сўфи бўлуб нафс учун ҳар дам эшикка боқасен, Назр олиб келдиму деб ҳар дам кишига боқасен, Аллоҳнинг лаънатин бўйнунгга ҳар дам тоқасен, Сўфинақш бўлдинг вале ҳаргиз мусулмон бўлмадинг. Сўфи бўлиб моли кас олмоқ учун қилдинг жадал, Зоҳиринг сўфинамодур, ботининг дуну дағал, Эй бехабар, эй бехабар, шармандасен рўзи азал, Сўфинақш бўлдинг вале ҳаргиз мусулмон бўлмадинг.

Айни кунимизда турли тортишув ва баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган масалалардан бири «шайх» масаласидир. Бир томондан, тариқатни даромад манбаига айлантирган, саводсиз, жоҳил «пирлар» кўпайиб кетаётгани, иккинчи томондан мурид-шогирдлар томонидан пирни улуғлашда ҳаддан ошиб, муболағага йўл қўйиш, пирнинг сўзини шариат ҳукмидан ҳам устун қўйиш масаласидир. Тариқатчилар орасида пиридан бошқанинг сўзини, ҳақиқат бўлса ҳам, қабул қилмаслик, мўътабар китоблар, уламоларнинг сўзларини тан олмай, беписанд қараш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.

Улуғ мутасаввуф шоир Хожа Аҳмад Яссавий тасаввуфни шон-шуҳрат ва манфаат воситасига айлантирган саводсиз «шайх»ларни ҳайвондан ҳам пасткаш дея тилга олади:

Оми шайхлар қулоқ, думсиз ҳимор бўлғой, Ҳимматлари дунё молин йиғор бўлғой, Халойиқни йўл озғуруб кетор бўлғой, Ондоғ шайхлар баҳойимдин батар эрмиш.

Абу Язид Бистомий: «Агар бир киши ҳатто осмонга кўтарилаётганини кўрсангиз ҳам, то Аллоҳнинг буйруғи ва қайтариғини маҳкам тутганини, шариат ҳукмини бажараётганини кўрмагунингизча унга алданиб қолманг», деганлар.

Баҳоуддин Нақшбанд: «Тариқатимизни сизга тушунтирайлик, агар шариатга ва суннатга тўғри келса йўлимизда давом этаверамиз, агар тўғри келмаса воз кечамиз», – деб айтганлар.

Мавлоно Румийда, дуч келган одамга «қўл» бериб кетавермай, огоҳ бўлишга ундайдиган байтлар кўп, қуйидаги мисралар ҳам шу ҳақда:

Эй, басо иблис одам рўйи ҳаст, Бас, ба ҳар дасти нашояд дод даст. Дасти ноқис дасти шайтон аст-у дев, З-он ки, андар банди таклиф аст-у рев.

Мазмуни: Одам юзли қанча-қанча иблислар бор. Бас, (тўғри келган) ҳар қўлга (шайх, пир деб) қўл беравермаслик лозим. Ноқис шайхнинг қўли шайтон ва девнинг қўлидир. Чунки бу қул қилиб олиш таклифи ва хийладир.

Юқоридагилардан хулоса қилиб, шуни айтиш мумкинки, тасаввуф ўз тарихий тараққиёти давомида соф номига доғ бўлиб тушадиган кўплаб нодон ва жоҳил, текинхўр ва тамаъгир, сохта ва риёкор суфийларни, пуч даъволарни олға сурган бузғунчи гуруҳлар ва тариқатларни гувоҳи бўлиб келган. Тарих чархпалаги қайта айланиб келиб, бугунги глобаллашув даврида ҳам улар янгича қиёфа ва шаклларда намоён бўлмоқда. Саводсиз, гумроҳ сохта пир-шайхлар фақат ҳозирги кунимизда эмас, балки, ўтмиш даврларда ҳам соф тасаввуфга ўзларининг ножўя ҳаракатлари билан иснод тушириб келганлар. Шу сабабдан ўтмишда бўлгани каби бугунги кунда «тасаввуф» сўзи одамлар онгида салбий маъно касб этиб қолмоқда. Ҳақиқий тасаввуфни сохтасидан ажратиш, огоҳликка алоҳида эътиборли бўлиш ҳозирги давр талаби бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси 3311 сонли хулосаси асосида тайёрланган "Тасаввуфга кириш" китобидан.

Қўшимча малумот

Имом Мотуридий ҳаёти ва фаолиятига чизгилар
Муаллиф: Аҳмад Саъд ДаманҳурийТаржимонлар: С.Абдуллаев, О.Икромбеков🗓 Сана: 2023📝 Ҳажми: 264 бет📖 Ушбу китоб мисрлик мотуридийшунос олим Аҳмад Саъд Даманҳурийнинг Имом...
ЗАМОНАВИЙ ТАРИҚАТЧИЛИКНИНГ ИЖТИМОИЙ ЗАРАРЛАРИ
Тасаввуф таълимоти узоқ даврлар мобайнида жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталарини илдиз отишига замин яратган. Ҳозирги пайтда дунёнинг кўп...
Академия вакилларининг Индонезия Уламолар кенгаши аъзолари билан учрашуви ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Дин ва миллатлараро муносабатлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов бошчилигидаги делегация аъзолари Индонезия...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry