
Ўзбекистон делегацияси халқаро тадбирда иштирок этди
Ислом олами таълим, фан ва маданият масалалари ташкилоти (ICESCO) томонидан мусулмон мамлакатлари шаҳарларига “Ислом маданияти пойтахти” мақомининг берилиши ўша мамлакатда ислом цивилизацияси ва қадриятларини ўрганиш ҳамда кенг тарғиб қилиш йўлида амалга оширилган ишларнинг халқаро кўламдаги эътирофи ҳисобланади. Ўз вақтида Ўзбекистоннинг Тошкент ва Бухоро шаҳарлари ушбу нуфузли мақомга муносиб деб топилган.
2023 йилда эса бундай мақомга Мавритания Ислом Республикаси пойтахти Нуакшот шаҳри сазовор бўлди. Шу муносабат билан Мавританияда мамлакат Президенти Муҳаммад Валад Шайх ал-Ғазнави ташаббуси билан халқаро даражадаги тадбир ташкил қилинди.

Унда Мавритания ҳукуматининг таклифи асосида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Дилшодхон Бобожонов ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Жамолиддин Каримовдан иборат юртимиз делегацияси ҳам иштирок этди.

Тадбирда Мавритания Президенти Муҳаммад Валад Шайх ал-Ғазнави, ICESCO Бош котиби Салим ал-Малик, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари, уламолар қатнашишди.
Aнжуман доирасида турли маданий дастурлар, жумладан, қўлёзмалар кўргазмаси, китоблар тақдимоти, илмий семинарлар ҳам ташкил қилинди.
Таъкидлаш лозимки, мазкур тадбир маданий тушунчаларни бирлаштириш, ислом маданиятини халқаро кўламда кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.

Қўшимча малумот



Изоҳлар