20.10.2022
136

“Имом Абу Мансур Мотуридий фаолияти ва мотуридия ақидавий мазҳаби” мавзуидаги халқаро илмий конференция

ПРЕСС-РЕЛИЗИ

2022 йил 20 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Имом Абу Мансур Мотуридий фаолияти мотуридия ақидавий мазҳаби” мавзусида халқаро илмий конференция ўтказилди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда туризм, хусусан, зиёрат туризми соҳасини жадал ривожлантиришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 июлдаги “Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-338-сонли қарорида Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Марғилон, Қўқон, Термиз ва бошқа тарихий шаҳарларда буюк алломаларнинг илмий ва маданий мероси тўғрисида семинар,  симпозиум, конференция, илмий-амалий анжуманлар ўтказиш ҳамда илмий-оммабоп нашрларда материаллар эълон қилиш орқали сайёҳларни жалб қилиш вазифаси белгиланган. Шу билан бирга, ушбу Қарор билан тасдиқланган Туркий дунё доирасида “Табаррук зиёрат” туризм концепциясини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасининг 22-бандида Самарқанд шаҳрида “Имом Абу Мансур Мотуридий фаолияти ва мотуридия ақидавий мазҳаби” мавзусида илмий конференция ташкил этиш масаласи қўйилган.

Ушбу вазифанинг ижросини таъминлаш, хусусан, мотуридийлик таълимоти кенг тарқалган Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи давлатлардан сайёҳларнинг юртимизга оқимини янада кўпайтириш мақсадида Самарқанд шаҳрида “Имом Абу Мансур Мотуридий фаолияти ва мотуридия ақидавий мазҳаби” мавзусида халқаро илмий конференция ўтказиш муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон қадимдан жаҳон илм-фани ва ислом цивилизацияси ривожига ўз асарлари, яратган умрбоқий таълимотлари, инсоният тараққиёти учун хизмат қилувчи эзгу ғоялари ҳамда кашфиётлари билан бебаҳо ҳисса қўшган алломалар замини бўлиб келган. Жумладан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, Маҳмуд Замахшарий, Абул Муин Насафий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Абул Баракот Насафий, Абу Ҳафс Насафий, Абу Мансур Мотуридий каби алломалар бугунги кунда жаҳон илмий жамоатчилигининг катта қизиқиши ва эътиборига сазовор бўлмоқда.

Ушбу алломалар қаторида калом ва ақида илмининг буюк намояндаси, ҳозирги вақтда дунё мусулмонларининг қарийб ярми эътиқод қиладиган мотуридийлик таълимоти асосчиси ҳисобланган мутакаллим олим Абу Мансур Мотуридийнинг номи алоҳида аҳамиятга эга. У яратган эътиқодий тизим ислом динига ёт бўлган турли оқимлар ғояларига нақлий ва ақлий далиллар асосида раддиялар бериш орқали мусулмонларнинг эътиқодий бирлигини таъминлашга хизмат қилиши билан ўта муҳим ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, бугунги кунда алломанинг илмий меросини ўрганиш ҳамда кенг тарғиб қилиш долзарб вазифалардан бири саналади.

Ташкил этилган “Имом Абу Мансур Мотуридий фаолияти ва мотуридия ақидавий мазҳаби” мавзусидаги ушбу халқаро илмий конференция мазкур вазифалар ижросини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли ҳисобланади.

Ушбу халқаро илмий конференцияда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Мотуридий, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, соҳага оид илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчилар, мутахассислар қатнашдилар. Шунингдек, конференцияда Туркия Республикаси ва Миср Араб Республикасидан етук олим ва мутахассислар ҳам иштирок этдилар. 

Конференция давомида иштирокчилар томонидан Имом Абу Мансур Мотуридий ҳаёти ва илмий мероси, мотуридия ақидавий мазҳаби шаклланишининг тарихий босқичлари, мотуридия таълимотининг бугунги кундаги аҳамияти, замонавий мотуридийшунослик ҳамда бу борада олиб борилаётган тадқиқотларга оид бир қатор муҳим илмий масалалар кенг муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, конференцияда олимлар мотуридийлик таълимотининг ўзига хос хусусиятлари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилдилар. Хусусан, бугунги кундаги долзарб ақидавий масалаларга ечим топишда мотуридийлик таълимотининг ўрни ва аҳамияти, ушбу таълимотнинг мўътадиллиги иштирокчилар томонидан алоҳида эътироф этилди. Мазкур симпозиум иши доирасида Имом Мотуридий ва мотуридий алломаларининг илмий меросини халқаро жамоатчиликка етказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Конференцияда қатнашган халқаро экспертлар, мутахассис ва олимлар томонидан иштирокчиларнинг маърузалари ҳамда бошқа илмий натижалар алоҳида тўплам шаклида нашр этилиши маъқулланди.

 

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот

 маркази матбуот хизмати

 

Қўшимча малумот

Имом Мотуридий ҳаёти ва фаолиятига чизгилар
Муаллиф: Аҳмад Саъд ДаманҳурийТаржимонлар: С.Абдуллаев, О.Икромбеков🗓 Сана: 2023📝 Ҳажми: 264 бет📖 Ушбу китоб мисрлик мотуридийшунос олим Аҳмад Саъд Даманҳурийнинг Имом...
ЗАМОНАВИЙ ТАРИҚАТЧИЛИКНИНГ ИЖТИМОИЙ ЗАРАРЛАРИ
Тасаввуф таълимоти узоқ даврлар мобайнида жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталарини илдиз отишига замин яратган. Ҳозирги пайтда дунёнинг кўп...
УЛАМОЛАР СОХТА CУФИЙЛИК ҲАҚИДА
Тарихан, инсон қалбини поклаш, уни руҳий-маънавий жиҳатдан юксалтиришни мақсад қилган тасаввуф таълимоти юртимизда кенг тараққий этиб келган. Тасаввуф йўлида риёзат...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry