Олма-ота шаҳрида “Янги Марказий Осиё учун истиқболлар: барқарор ва демократик жамиятни шакллантиришда диннинг роли” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди
2022 йил 7-8 сентабрь кунлари Қозоғистон Республикасининг Олма-ота шаҳрида “Янги Марказий Осиё учун истиқболлар: барқарор ва демократик жамиятни шакллантиришда диннинг роли” мавзуида халқаро конференция ўтказилди.
Конференцияда АҚШ, Австралия, Австрия, Россия, Покистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Тожикистон каби мамлакатлардан кўзга кўринган олим ва мутахассислар иштирок этдилар.
Жумладан, унда иштирок этган Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ходимлари, хусусан, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Замонавий ислом тадқиқотлари бўлими бошлиғи Зафар Фахриддинов анжуман иштирокчиларини юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган тизимли ва жадал ислоҳотлар билан яқиндан таништирдилар. Диний бағрикенгликни таъминлашдаги Ўзбекистон тажрибаси анжуман ташкилотчилари ва қатнашчилари томонидан юксак баҳоланди. Ўзбекистон бу борада қўшни давлатлардан анча олдинда экани эътироф этилди.
Конференция иши икки кун давом этди. Биринчи куни мутахассислар томонидан тажовузкор экстремизм ва унга қарши кураш чора-тадбирлари, миллий хавфсизлик, диний эркинлик, дин ва фуқаролик жамияти, барқарор ҳамда демократик Марказий Осиё мамлакатларининг диний соҳада олиб бораётган сиёсати, кўп миллатли ҳамда кўп динли жамиятда конфессиялараро мулоқотни ривожлантириш соҳасида ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш, диний эркинлик соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш, турли дин вакиллари ўртасида ўзаро ишонч ҳамда ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлаш каби долзарб ва муҳим масалалар муҳокама қилинди.
8 сентябрь куни конференциянинг якуний қисми бўлиб ўтди. Унда илмий-амалий маърузалар сарҳисоб қилиниб, эътиқод эркинлиги ҳамда динлараро мулоқотни таъминлаш бўйича фикр алмашилди, шунингдек, келгусидаги ўзаро ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олинди.
Мазкур конференция турли дин вакиллари эътиқод эркинлигини янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини халқаро миқёсда янада фаол тарғиб этишда катта кўмак бериши шубҳасиз.
Изоҳлар