29.08.2022
210

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДАН ИСЛОМШУНОСЛИК: ЗАМОНАВИЙ ҲОЛАТ ВА ИСТИҚБОЛ

Янги Ўзбекистонда исломшунослик соҳасида ҳам залворли ислоҳотлар, тубдан янгиланишлар амалга оширилмоқда. Юртимизда “Миллий тикланишдан миллий юксалиш”га ўтиш жараёнида диний-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган янгиланишлар, ўзгаришлар ўзининг аҳамияти билан ажралиб туради. Буни аждодларимизнинг бой миллий-маънавий меросини, хусусан, миллий қадриятларимиз даражасига кўтарилган қўлёзма меросимизни ўрганиш борасида яққол кўриш мумкин. 

Дунё мамлакатлари Ўзбекистон ислом дини, таълимоти, санъати ва маданиятини дунёга ёйган қадимий юрт эканлигини одилона эътироф этмоқда. Юртимиздан жаҳон фани ва маданиятига ўзининг серқирра илмий мероси билан улкан ҳисса қўшган минглаб алломалар етишиб чиққан. Уларнинг нодир қўлёзма асарлари дунёнинг турли мамлакатлари фондларига тарқалган ва ҳозирда ўша фонд-ларнинг кўрки даражасидаги маънавий бойлигига айланган ҳамда бу халқаро ҳамжамият томонидан тўлиқ тан олинган. 

Юртимизда Қуръони карим матнининг ўзбекча изоҳли таржималарининг яратилиши исломшунослик, хусусан, қуръоншунослик фанининг сезиларли ютуқларидан бўлди. Шайх Усмонхон Алимов, Шайх Абдулазиз Мансур, Шайх Муҳаммамад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Шайх Аловуддин Мансур каби уламолар томонидан амалга оширилган тафсир ва таржималар аждодларимиз ҳамда ҳозирги кунда биз эътиқод қилиб келаётган ислом дини таълимоти асосларини тўлақонли англашга хизмат қилади. Бу йўналишдаги тадқиқотлар бугунги кунда жадал давом этмоқда. Жумладан, Шайх Абдулазиз Мансур томонидан амалга оширилаётган Қуръони каримнинг янги тўлдирилган изоҳли таржимаси якунланиб, 2018 йил ушбу изоҳли таржиманинг янги нашри амалга оширилди. Олим томонидан амалга оширилган Қуръони каримнинг рус тилидаги таржимаси ҳам илм аҳли ва китобхонларга тақдим этилди. 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳам таълим, ҳам илмий даргоҳ сифатида исломшунослик соҳаси ривожида сезиларли ўрин эгаллаб келмоқда. Жумладан бу илмий даргоҳда олиб борилган илмий изланишларнинг каттагина қисмини ҳам Қуръони карим ва унинг тафсирларига бағишланган тадқиқотлар ташкил этади. Улар жумласига “Мовароуннаҳр ҳанафий мазҳаби тафсирларининг қиёсий таҳлили (XIII-XV асрлар)”, “Абу Бакр Жассос “Аҳком ал-Қуръон” тафсирининг ҳанафий мазҳаби ривожидаги аҳамияти”, “Абу-л-Баракот ан-Насафийнинг тафсир илмида тутган ўрни”, “Абу-л-Лайс ас-Самарқандийнинг Мовароуннаҳр тафсиршунослигида тутган ўрни”, “Абу Ҳафс Насафий “Тайсир фи-т-тафсир” асарининг манбашунослик тадқиқи” мавзуларидаги тадқиқотларни киритиш мумкин. 

Ҳадис манбаларини илмий таҳлил қилиш ҳам исломшуносликнинг муҳим йўналишларидан бўлиб, соҳа бўйича чуқур илмий тадқиқотларни амалга ошириш имконияти мавжуд. Мана шу мақсадда Самарқандда ҳадис илмий мактабининг очилиши соҳа ривожига катта таъсир кўрсатади. Жумладан, ҳадисшунослик манбалари, ҳадис тўпламларидаги матнларни таҳлил қилиш, ҳадис маъноларини тўғри талқин қилиш ҳозирги кунда долзарблик касб этмоқда. Мазкур соҳада «Абдуллоҳ Субазмунийнинг «Кашфу-л-осор» асари ҳадис илмига оид манба», «Абу Ҳафс Насафийнинг «Китобу-л-қанд фи маърифат уламо Самарқанд» асари – Самарқандда ҳадис илми тарихи бўйича муҳим манба», «Ҳаким Термизийнинг «Наводиру-л-усул» асари ҳадис ва тасаввуф илмига оид муҳим манба», «Мовароуннаҳр ва Хуросон олимларининг ҳадис илми ривожида тутган ўрни (Бухорий, Муслим, Термизий)», «Имом Доримийнинг ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаси», “Абдулҳамид Кеший илмий меросининг VIII-IX асрлар Мовароуннаҳр ҳадис илми ривожидаги ўрни”, “Имом Бухорийнинг “ат-Тарих ал-кабир” асари ҳадис илмига оид муҳим манба”, “Ҳадисларнинг диний ақидапарастликка қарши моҳияти” мавзуларидаги илмий тадқиқотлар амалга оширилган. Шунингдек, Академияда амалга оширилаётган Имом Бухорий “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асаридаги ахлоқ-одобга бағишланган ҳадисларнинг талқинига бағишланган грант лойиҳаси ҳам бу борадаги муҳим илмий тадқиқотлардан саналади.

Ислом ҳуқуқшунослигига бағишланган тадқиқотлар ҳам каттагина ҳажмни ташкил этади. «Мовароуннаҳр фиқҳ илми ривожида Алоуддин Самарқандийнинг ўрни ва «Туҳфат ал-фуқаҳо» асарининг аҳамияти», «IX аср Мовароуннаҳр маданий ҳаётида Имом Бухорийнинг мавқеи ва унинг «Жомиу-с-саҳиҳ» асаридаги фиқҳий масалалар», «Маждуддин Уструшанийнинг Мовароуннаҳр фиқҳ илми тарихида тутган ўрни», «Абу Зайд Дабусий меросининг Мовароуннаҳрда фиқҳ илми ривожида тутган ўрни», «Бурҳонуддин Маҳмуд Бухорийнинг «Муҳит» асари ва унинг Мовароуннаҳр қозилигида тутган ўрни», «Ислом ҳуқуқшунослиги ва ҳанафий мазҳаби тараққиётида Ўрта Осиё фақиҳларининг ўрни», «Лутфуллоҳ Насафийнинг «Фиқҳи Кайдоний» асари ва унга ёзилган шарҳ ва ҳошиялар таҳлили», «Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ҳидоя» асари – муҳим ҳуқуқий манба», «X–XIII асрлар Мовароуннаҳр ижтимоий муносабатларига оид процессуал ва нотариал ҳужжатлар», «Абу Ҳафс Кабир Бухорий ва ҳанафий фиқҳи». «Аловуддин Бухорий «Ҳайрату-л-фуқаҳо» асарининг ислом манбашунослигида тутган ўрни», “Мусулмон мамлакатларидаги фатво марказлари ва уларнинг ўзига хос хусусиятлари” мавзуларидаги диссертациялар ва улар асосида яратилган монографиялар соҳага оид муҳим тадқиқотлардан саналади. 

Исломшуносликнинг муҳим соҳаларидан бўлган тасаввуф таълимотини тадқиқ этишга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Жумладан, “Тасаввуф таълимотининг тарихий-фалсафий моҳияти”, “Рушдий “Тазкиратул-авлиё” асари матнларининг шарқ агиографик манбаларини ўрганишдаги аҳамияти”, “Тасаввуф таълимотида валийлик тушунчасининг диний-фалсафий талқини (Алишер Навоийнинг «Насойим ул–муҳаббат» асари асосида)”, “Мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг тасаввуфий-ирфоний қарашлари («Шарҳи рубоиёт» асари асосида)” мавзуларидаги тадқиқотлар соҳанинг ривожини ўрганишга бағишланган тадқиқотлардан саналади. 

Ўзбекистон ислом дунёсида мўътадил ақидавий мактаб сифатида танилган ва эътироф этилган Абу Мансур Мотуридий асос солган мотуридийлик калом мактабининг ватани саналади. Мотуридийлик таълимотининг илмий-назарий асосларни ишлаб чиқишга хизмат қилган мутакаллим олимлар илмий меросини ўрганишга қаратилган муҳим ишлардан бири Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот марказининг очилиши бўлди. Мазкур марказ Мотуридий ва мотуридийшунос олимлар илмий меросини ўрганиш, таржима ва тадқиқ этиш орқали турли ғаразли оқимлар иддаоларига илмий асосланган раддиялар бериш билан шуғулланади. Буюк мутафаккир, мотуридийлик таълимотининг асосчиси имом Абу Мансур Мотуридий ўзи яшаган даврдаёқ замондош олимлар томонидан эътироф этилган ва “Имому-л-мутакаллимин” – “Калом илми билимдонларининг пешқадами”, “Мусаҳҳиҳу ақоиди-л-муслимин” – “Мусулмонлар ақидасини тўғриловчи”, “Рофеъ аълому-ш-шариъа” – “Шариат байроқдори” каби шарафли номларга сазовор бўлган.

Дунёда пайдо бўлаётган ғоявий курашлар, дин ниқобидаги экстремистик ва террористик ҳаракатларнинг олдини олиш, уларга қарши курашиш жараёнида мўътадил ақидавий таълимот асосчиси Абу Мансур Мотуридий ва мотуридийшунос олимлар илмий меросини чуқур ўрганиш, уларнинг ақида ва калом илми ривожига қўшган ҳиссасини тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу умуминсоний ғоялар руҳида тарбиялаш, уларда маънавий ва маърифий қарашларимизга ёт бўлган зарарли таъсирларга қарши мафкуравий иммунитетни кучайтириш муҳим аҳамият касб этади. Сўнгги йилларда ақида илмига оид тадқиқотларнинг сони ва илмий савияси кўтарилди, манбавий асослари кучайди. Калом илми масалаларига бағишланган “Саъдуддин Тафтазонийнинг темурийлар даври Мотуридия таълимоти ривожига қўшган ҳиссаси”, “Абу-л-Муин Насафий илмий меросининг Мовароуннаҳр калом таълимоти ривожидаги аҳамияти”, Абу Ҳафс Умар Насафийнинг “Ақоид” асари ва унинг шарҳлари таҳлили”, “Абу-л-Муин ан-Насафий ва унинг мотуридийа таълимоти ривожига қўшган ҳиссаси («Табсирату-л-адилла» асари асосида)” каби тадқиқотлар илмий асосланганлиги билан ажралиб туради. 

Дунё эътироф этган ислом цивилизацияси маркази мақомига эга юртимизнинг минглаб алломалари, улар яратган бой илмий маънавий мерос ҳақида маълумот бериш, уни дунёга танитиш юртимизнинг ислом цивилизацияси ривожидаги юксак ўрни ва аҳамиятини илмий асосда чуқур ўрганиш ҳамда халқимизга етказишда энциклопедияларнинг ўрни катта. Ушбу соҳа бўйича амалга ошириладиган ишлар «Ислом энциклопедияси»нинг яратилиши Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. 2018-2028 йиллар мобайнида энциклопедиянинг 50 мингдан ортиқ мақола, безак материаллари, харита ва чизмалар киритилган 20 жилдлигини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш режалаштирилган. “Ислом энциклопедияси” кенг қамровли илмий-академик нашр бўлиб, бундай лойиҳа мамлакатимиз тарихида илк маротаба амалга оширилмоқда. 2020 йили энциклопедиянинг биринчи жилди нашр этилди, ҳозирда унинг иккинчи жилди нашр арафасида. Уни нашрга тайёрлаш жараёнига юртимизнинг кўзга кўринган олимлари, диний уламолари жалб этилган. «Ислом энциклопедияси» ўзининг мазмун-моҳияти, мундарижаси, хусусиятлари билан бошқа шу соҳадаги энциклопедиялардан тубдан фарқ қилади. 

Ўзбекистонда исломшуносликнинг илмий, назарий асосларини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилган муҳим ишларнинг маълум қисми диссертациялар, монографиялар ва илмий мақолаларда ўз аксини топган. Жумладан, биринчи марта олий малакали илмий кадрлар рўйхатига янги «Исломшунослик» мутахассислиги киритилди. Ушбу мутахассислик таркибига «Ислом тарихи ва манбашунослиги», «Қуръоншунослик, ҳадисшунослик», «Фиқҳ, калом илми. Илоҳиёт», «Мумтоз шарқ адабиёти ва манбашунослиги» ихтисосликлари киритилган ва юқоридаги ихтисосликлар бўйича фан доктори илмий даражасини олиш бўйича диссертациялар ҳимоясига ихтисослашган Илмий кенгаш очилиб, ўз фаолиятини олиб бормоқда. Илмий кенгашда исломшуносликнинг долзарб муаммоларига бағишланган илмий тадқиқотлар натижасида шаклланган 100 га яқин диссертациялар ҳимоя қилинган.

Академияга Европа, Африка, Америка, Австралия ва Осиё мамлакатларининг 20 дан ортиқ давлатларидан ташриф ва мурожаатлар амалга оширилганди. Айниқса, Миср Араб Республикаси Бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, исломшунос олим Аҳмад ат-Тойиб бошчилигидаги делегация, Ислом тараққиёт банки Президенти Бандар Ҳажжар бошчилигидаги делегациянинг ташрифлари халқаро алоқаларни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. 

Ўзбекистонда дунёвий ва диний билимлар уйғунлигида мутахассис тайёрловчи олий таълим муассасаси Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Қуръон илмлари, ҳадиси шариф, ислом ҳуқуқи, ақида, тасаввуф, ислом иқтисодиёти ва молияси, ислом тарихи, манбашунослиги ва фалсафаси каби диний таълим йўналишлари, диншунослик, халқаро муносабатлар, хорижий тиллар, зиёрат туризми ҳамда мумтоз шарқ адабиёти сингари дунёвий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича бакалавр ва магистрлар, шунингдек, ушбу соҳада чуқур тадқиқотлар олиб борувчи илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш устида ишламоқда. Республикадаги барча ислом таълим муассасалари фаолиятини ўқув-меъёрий ва ўқув-услубий жиҳатдан таъминлаш ҳамда мувофиқлаштириш, ислом динининг асл моҳиятини ва инсониятни эзгуликка элтувчи дин эканлигини илмий асосланган ҳолда теран ўрганиш ҳамда тарғиб этиш, илмий тадқиқотлар натижалари бўйича диний-маърифий, маънавий-ахлоқий йўналишлардаги илмий, илмий-оммабоп адабиётларни тайёрлаш ва нашр қилиш билан шуғулланмоқда. Шунингдек, Интернет жаҳон ахборот тармоғида таълим ресурсларини яратиш ва мунтазам янгилаб бориш, малакали хорижий мутахассисларни таълим жараёнига жалб қилиш, Академия мутахассисларини нуфузли хорижий олий диний таълим ва илмий муассасаларга малака ошириш ҳамда тажриба орттириш учун юбориш каби муҳим вазифаларни амалга оширишни назарда тутади.

 

Зоҳиджон Исломов, 
Филология фанлари доктори, профессор 
Ўзбекистон халқаро ислом академияси 
Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори

Қўшимча малумот

Имом Мотуридий ҳаёти ва фаолиятига чизгилар
Муаллиф: Аҳмад Саъд ДаманҳурийТаржимонлар: С.Абдуллаев, О.Икромбеков🗓 Сана: 2023📝 Ҳажми: 264 бет📖 Ушбу китоб мисрлик мотуридийшунос олим Аҳмад Саъд Даманҳурийнинг Имом...
ЗАМОНАВИЙ ТАРИҚАТЧИЛИКНИНГ ИЖТИМОИЙ ЗАРАРЛАРИ
Тасаввуф таълимоти узоқ даврлар мобайнида жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталарини илдиз отишига замин яратган. Ҳозирги пайтда дунёнинг кўп...
УЛАМОЛАР СОХТА CУФИЙЛИК ҲАҚИДА
Тарихан, инсон қалбини поклаш, уни руҳий-маънавий жиҳатдан юксалтиришни мақсад қилган тасаввуф таълимоти юртимизда кенг тараққий этиб келган. Тасаввуф йўлида риёзат...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry