18.08.2022
210

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИДА ҲАДИСЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ УСЛУБЛАРИ

(давоми)

Имом Мотуридийнинг ақида йўналишида тасниф этилган асари “Китобу-т-Тавҳид” ва тафсир йўналишидаги машҳур асари “Таъвилоту-л-Қуръон” асарлари фиқҳий ва ақидавий масалаларда ҳанафийликка оид муҳим манба ҳисобланади. Мотуридий асарларини уч гуруҳда ўрганиш мумкин, бизгача етиб келган асарлари, аллома томонидан тасниф этилган ва бизгача етиб келмаган ҳамда бошқалар томонидан ёзилган бўлиб, Мотуридийга нисбат берилган асарлар. (Бекир Тўпол ўғли., 2015:12-17)

Алломанинг бизгача етиб келиб, кенг ўрганилган асарлари “Таъвилоту-л-Қуръон” ва “Китобу-т-тавҳид” асарларидир. 

Қуйида ана шундай ўринларда фойдаланилган ҳадислардан келтириб ўтамиз. Қадарийларга нисбатан ушбу ҳадисни раддия сифатида келтирган. Расулуллоҳ (с.а.в): “Қадарийлар ушбу умматнинг мажусийларидар.....” дедилар. (Мотуридий., 2003:139) Имом Мотуридий мазкур ҳадисни муътазийлиларнинг: “Аллоҳ таолонинг иродаси кейин пайдо бўлган (яъни муҳдис)” деган фикрига қарши далил сифатида келтириб, бунга ўхшаш фикр мажусийлар томонидан: “нур олдин пайдо бўлиб, кейин қоронғулик ундан ҳосил бўлган” деб айтилган фикрига ўхшатади ва бу ҳадис орқали мўътазилийларнинг фикри ботил эканлигини исботлаб беради.

Мўътазилийларнинг ғоясига раддия сифатида пайдо бўлган мотуридийлик таълимоти кейинчалик ҳам ҳар хил ботил ақидаларга қарши раддия сифатида фаол ривожланиб борган. Имом Баздавийнинг “Усул ад-Дийн” асарида келтирилган ғоялар ҳам ўз даврида авж олган бидаът, залолат, калом борасидаги тортишувларга қарши тасниф этилган муҳим асар ҳисобланган (Баздавий, 2002:8).

Имом Мотуридий қадарийлар ҳақида яна бир ҳадисни “Китобу-т-тавҳид” китобида икки ўринда келтириб ўтади. Набий (с.а.в.)дан: “Менинг умматларим ичида икки тоифа кишилар бор уларга менинг шафоатим бўлмайди: улар қадарий ва муржийлардир” деб айтганлар (Мотуридий., 2003:508- 618). Тақдирни инкор қиладиган қадарийлар ва имонга амалсиз суянадиган муржийлар учун мазкур ҳадис асосида шафоатнинг йўқлиги таъкидланган. Имом Мотуридий ҳаётда қилинадиган ишларни икки қисмга тақсимлаб, дунё ва дин ишидан иборат эканлигини таъкидлайди ва бу масалага қуйидаги ҳадисни далил қилиб келтириб ўтади.

Набий (с.а.в.)дан: “Ким янгилик киритувчига жой берса, унга лаънат бўлсин”, - деганлар (Мотуридий., 2003:556). Янгилик киритиш дин ишида бўлса бу ҳукмга киритилади агар дунёвий ишларда янгилик киритилса у бидъат аҳлидан бўлмайди. Шу билан ислом дини дунё ишларидаги тараққиёт ва янгиликларга қарши эмас, аксинча динда қийинчиликка йўл қўйилмаслиги таъкидланган. 

Имом Мотуридий яшаган давр калом илмида кўплаб ихтилофлар вужудга келган даврга тўғри келади бу даврда кўплаб ботил эътиқодга амал қилувчилар авж олган. Мотуридий “Китобу-т-тавҳид” асарида кўплаб фирқаларни санаб уларга раддия бериб, асосан мўътазилийларнинг қарашларига мунтазам равишда бирма-бир раддиялар берган (Мотуридий., 2003:180). Калом илмида энг кўп ихтилоф ва мунозарага сабаб бўлган қараш “имон” мавзуси ҳисобланиб, Имом Мотуридий ва Имом Ашъарийлар бу масала борасида ўз қарашларига эга бўлган. Ашъарий ва мўътазилийлар: “Имон – тил билан иқрор, дил билан тасдиқ ва арконларга амал қилиш” деб таъриф берган. Имом Мотуридий ва ҳанафийлар имонга “Имон – тил билан иқрор бўлиб, қалб билан тасдиғлаш” деб эътироф этишган ва бу билан икки машҳур имомнинг қарашлари имон бобида бир-биридан фарқ қилган (Абу Муин Насафий., 2017:140).

Абу Ҳанифа ислом ва имон калималари бир маънони англатиши имонсиз ислом ва исломсиз имон бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлайди. Бу қарашни Имом Мотуридий “имон” ва “ислом” сўзлари луғатда бошқа-бошқа маънони англатиши билан, эътиқодий қарашларда икки сўзнинг ҳам маъноси бир маънони билдиришини илмий асослаб: “Ислом имонсиз, имон эса исломсиз бўлмайди” деди (Мотуридий., 2003:736). Имом Мотуридий ўз қарашларига Умар ибн Хаттоб (р.а.) томонидан ривоят илинган Жаброил (а.с.)нинг Пайғамбар (с.а.в.) билан қилган савол-жавоблари ҳақидаги машҳур ҳадис билан асослаб, бу ҳадисни маъносини қувватловчи бошқа муслим ва мўминнинг жаннатга кириши ҳақида келган ҳадислар билан илмий асослаб беради.

Умар ибн Хаттоб (р.а.)дан: “Бир киши Эй Муҳаммад! “Менга исломдан хабар беринг” деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ислом – Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг Расули деб гувоҳлик бермоқлигинг, намозни ўқимоқлигинг, закотни бермоқлигинг, рўза тутмоқлигинг ва йўлга қодир бўлсанг ҳаж қилмоғинг” дедилар. .....У яна: “Менга имондан хабар беринг” деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Имон – Аллоҳга, унинг фаришталарига, китобларига расулларига, охират кунига ва яхшилик ҳамда ёмонлик тақдирдан эканлигига имон келтиришинг” дедилар” (Мотуридий., 2003:631). Мазкур ҳадисда таъкидланганидек, ислом инсоннинг тили ва аъзолари билан амалга оширадиган амаллар ва имон фақат қалби билан ишониб бажарадиган амаллардан иборат эканлиги баён қилинмоқда. Ислом зоҳирий ва имон ботиний амаллар бўлиб, бу иккиси бирисиз мукаммал бўлмайди. Ислом ва имон сўзлари одам, инсон, киши, бани одам сўзларининг айтилиши бошқа-бошқа бўлсада, ундан англанадиган маъно бир хил бўлганидек, бу икки сўз ҳам бир хил маънони англатади.

Имом Мотуридий ўз қарашларини қуйидаги икки саҳиҳ ҳадис билан мустаҳкамлайди.

Расулуллоҳ (с.а.в.): “Жаннатга мўмин киши киради” дедилар ( Бухорий., 1987:4/1540) Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Жаннатга муслим киши киради” дедилар (Муслим., 2004:372). Мазкур ҳадисларнинг ҳар иккисида ҳам мўмин ва муслимнинг жаннатга кириши алоҳида таъкидланган. Бу икки саҳиҳ ҳадисни Имом Мотуридий ўз қарашларига асос қилиб келтирган (Мотуридий., 2003:637). Бу фикрни Абул Муин Насафий қарашида ҳам кўриш мумкин: “Имон билан ислом бир нарса бўлиб, ҳар бир мўмин муслим ва ҳар бир муслим мўминдир”, -дейди (Абу Муин Насафий., 2017:20). Бу каби масалалар ҳозирги даврда ҳам долзарб саналиб, имон ва исломнинг талқин этишда ҳар хил қарашлар мавжудлиги боис бу мавзунинг ҳар томонлама ўрганилиши долзарб ҳисобланади.

Мотуридийлик таълимоти бевосита Имом Аъзамнинг шогирдлари силсиласига бориб етади. Имом Зубайдий айтади: “Имом Мотуридийнинг устозлари Абу Наср Иъёзий ва Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ Жузжонийлар Абу Сулаймон Мусо ибн Сулаймон Жузжонийнинг шогирди бўлган. Абу Сулаймон Мусо ибн Сулаймон Жузжоний Имом Аъзамнинг икки машҳур шогирдлари Абу Юсуф ва Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийларнинг шогирди бўлган. Имом Мотуридийнинг кичик (фиқҳ) ва катта (ақида) фиқҳда Имом Аъзамга шогирдлиги икки ёки уч силсила билан боғланади. Ҳанафий фиқҳи ва эътиқодига эргашиб, мазкур йўналишнинг назариясини яратган Имом Мотуридий ва юртимиз фақиҳ ва мутакаллимлари ислом динида асосий йўналиш ҳисобланган ҳанафийлик ривожи ва тараққиётига катта хизмат қилишган (Паздавий., 2003:20).

Абу Мансур Мотуридий калом илми билан бирга тафсир борасида ҳам, шоҳ асар яратган буюк муфассирдир. Алломанинг тафсири таъвил усулида бўлиб, оятларнинг ақидага оид жиҳатларни кенг ёритиб, таъвил қилиб берилган. Аллома таъвил ҳақида шундай деди: “Таъвил билан тафсирнинг ўртасидаги фарқ, баъзи уламолар айтганидек, тафсирнинг саҳобаларга, таъвилнинг эса фуқаҳоларга оидлигидадир” (Бекир Тўпол ўғли., 2015:24). Бунинг маъноси шуки, саҳобалар (ваҳий тушиши билан боғлиқ барча) воқеа-ҳодисаларнинг бевосита шоҳиди бўлганлар, Қуръон ва у ҳақида нозил бўлган ишларни билганлар. Бинобарин, саҳобалар (ваҳий нозил бўлишини) ўз кўзлари билан кўриб, унинг гувоҳи бўлганликларидан ҳам уларнинг Қуръон оятларига берган тафсирлари ўта аҳамиятлидир. Чунки тафсир – бу, оятдан назарда тутилган маънонинг ҳақиқатидир ва у гўё кўз билан кўрган каби бўлади.Уни билган кишилардан бошқаларга тафсир қилишга рухсат берилмайди. Ана шу маънодан келиб чиқиб, “Ким Қуръонни ўз раъйи билан тафсир қилса, ўзининг дўзахдаги жойига ҳозирлик қилиб қўяверсин” (Имом Термизий. 2010:2956), деб айтилган. Чунки у ўзи тафсир қилаётган оятида шу тафсир қилиши билан Аллоҳ таолога нисбатан шоҳидлик берган бўлади.

Имом Мотуридий асос солган мактабнинг назариясини, унинг эътиқодий қарашларида асосий аҳамиятга эга бўлган оят ва ҳадисларни ўрганиш ва ҳаётга кенг тадбиқ этиш долзарб аҳамият касб этмоқда. Буюк мутакаллим номи билан ташкил этилган Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази томонидан аллома яратган мактаб ва бу йўналишда тасниф этилган асарларни мукаммал ўрганиш, уларни ўзбек тилида академик изоҳли таржималарини амалга оширилиши соф исломий эътиқод бирлигини таъминлашда манбавий заруратини тақоза этмоқда. Шунингдек, мазкур эътиқод дурдоналаридан бугунги кунда ҳар хил оқим ва фирқалар томонидан олдинга сурилаётган ғоявий даъволарга қарши раддия беришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Шукуруллоҳ Умаров, 
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот 
маркази директори (PhD)

 

Фойдаланган адабиётлар

1. Абу Мансур Мотуридий. Таъвилоту Қуръон. Истанбул, Дор ал-Мезон, 2005. 

2. Абу Маоз Ториқ ибн Авз. Ақидату аҳли сунна ва жамоа ли Аби Исо ат-Термизий. Риёз, Дор  ал-Ватан. 2000.

3. Абу Муин Насафий. Табсирату-л-адилла. (таржимаси) Т.: 2017 

4. Абу Ҳанифа. Ал-фиқҳу-л-акбар. 

5. Абу Юср Муҳаммад ибн Паздавий. Усул ад-дийн. Қоҳира. Мактабат ал-азҳария, 2003. 

6. Бекир Тўпол Ўғли. Абу Мансур Мотуридий. Тевелатул Куран. Истанбул. Энсар нашриёти, 2015. 

7. Буюк турк билгини. Имам Матуриди ве Матуридилик. Миллетлерараси тартижмали илми топлами. – Б. 426-427. Истанбул, 2012.

8. Зиёдов Ш. Абу Мансур ал-Мотуридий ва унинг “Китобу-т-таъвилот” асари. – Б. 22-23. Т.: 2009. 

9. Имом Бухорий. Саҳиҳ Бухорий. Риёз, Дор ат-Таъсил, 2017. 

10. Имом Бухорий. Саҳиҳу Бухорий. Байрут, Дору ибн Касир 1987. – Б. 4/1540. 

11. Имом Кеший. Мунтахаб мин Муснад Абд ибн Ҳумайд. Қоҳира. Мактаб ас-сунна, 1998. 

12. Имом Муслим. Саҳиҳу Муслим. Миср, Мактабату-л-имон 2004. – Б. 1/372. 

13. Имом Термизий. Сунани Термизий. Байрут. Кутуб ал-Илмия. 2000. 

14. Мотуридий. Китобу-т-тавҳид. – Б. 139. Анқара, вақф ва диёнат. 2003. 

15. Мотуридий. Китобу-т-тавҳид. – Б. 139. Таҳқиқ: Фатҳулло Халиф, Дор ал-жомият-лмисрия. 2010. 

16. Муҳаммадиев О. Алоуддин ал-Усмандий. Тошкент. Ғафур-Ғулом, 2019. 

17. Оқилов С. Мовароуннаҳрда Мотуридия таълимотининг шаклланиш тарихи. Т.: Мовароуннаҳр, 2012, 140-141. 

18. Рудолф У. Ал-Мотуридий ва Самарқанд суннийлик илоҳиёти. Т.:, 2001. – Б. 180. 

19. Умаров Ш. Кешлик алломалар. Тошкент, Ғ.Ғулом нашриёти. 2019. 

20. Эвадуллаев Т. Иброҳим Саффор Бухорий. Тошкент. Ғафур-Ғулом, 2019.

 

Қўшимча малумот

Имом Мотуридий ҳаёти ва фаолиятига чизгилар
Муаллиф: Аҳмад Саъд ДаманҳурийТаржимонлар: С.Абдуллаев, О.Икромбеков🗓 Сана: 2023📝 Ҳажми: 264 бет📖 Ушбу китоб мисрлик мотуридийшунос олим Аҳмад Саъд Даманҳурийнинг Имом...
ЗАМОНАВИЙ ТАРИҚАТЧИЛИКНИНГ ИЖТИМОИЙ ЗАРАРЛАРИ
Тасаввуф таълимоти узоқ даврлар мобайнида жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталарини илдиз отишига замин яратган. Ҳозирги пайтда дунёнинг кўп...
УЛАМОЛАР СОХТА CУФИЙЛИК ҲАҚИДА
Тарихан, инсон қалбини поклаш, уни руҳий-маънавий жиҳатдан юксалтиришни мақсад қилган тасаввуф таълимоти юртимизда кенг тараққий этиб келган. Тасаввуф йўлида риёзат...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry