10.08.2022
198

АБУ МАНСУР МОТУРИДИЙ ВА САМАРҚАНДДА ИККИ КАЛОМ МАКТАБИ – ДОРУЛ ЖУЗЖОНИЯ ВА ДОРУЛ ИЁДИЯ

Мовароуннаҳрда калом илмининг ривожида Абу Мансур ал-Мотуридийнинг хизматлари беқиёсдир. У асос солган таълимот кейинчалик Самарқанд калом мактаби доирасидан чиқиб, бутун ислом оламига тарқалиб, суннийликдаги икки йирик мактабнинг бири сифатида танилди. 

Мотуридийлик таълимоти моҳиятини, пайдо бўлиш сабабларини тушунмоқ учун унинг асосчиси ҳаёти, жамиятда тутган мавқеини аниқлаш муҳим аҳамият касб этади. Бу борада қилинган ишларнинг сўнггиларидан бири профессор У.Рудольф томонидан бажарилган монографик изланишдир. Немис тадқиқотчиси Мотуридий борасида мавжуд бўлган барча тарихий-биографик асарлардаги маълумотларни тўлиқ қиёслаб ўрганиб чиқди. Аммо, мазкур жанр адабиёти асосан ҳанафийлар биографик адабиёти ва “шаҳарлар тарихи” адабиётига тобедир. Маълумки, мотуридилик таълимоти XI асрдан бошлаб кенг оммага танила бошлаганлиги учун унинг шахсига бўлган қизиқиш шу даврлардан эътиборан кучая бошлади. Натижада, буюк аллома вафотидан қарийб икки аср ўтгандан сўнг унинг ҳақидаги маълумотлар биографик адабиётга туша бошлади. Шу сабабли биографик адабиётдаги Абу Мансур ал-Мотуридий ҳақидаги мавжуд оз сонли маълумотлар бир асардан иккинчисига кўчиб юради. Боз устига кўчирилаётган пайтда унга қўшимча чалкашликлар киритилади.

Манбаларда кўрсатилишича, Абу Мансур ал-Мотуридий асли Самарқанднинг Мотурид (Мотурит) қишлоғидан бўлиб, унинг нисбаси шу қишлоқ номига боғланади, тўлиқ исми эса Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ҳанафий ал-Мотуридий ас- Самарқандийдир. Манбаларда, Абу Мансур ал-Мотуридий икки аллома – Абу Бакр ал-Жузжоний ва Абу Наср ал-Иёдийлар қўлида таҳсил кўргани алоҳида қайд этилади, гарчи маълумотлар жуда оз бўлсада, унинг бу олимлардан қайси соҳада ва нима ўргангани ҳақида тўла тасаввур ҳосил қилиш мумкин.

III/IX асрга келиб, Мовароуннаҳрнинг Бухоро ва Самарқанд шаҳарларидаги диний муҳит бутунлай ҳанафийлашиб бўлган эди. Шу тариқа Мовароуннаҳр ва Хуросонда имон масаласи муҳим аҳамият касб этганлиги сабабли ҳанафий мазҳабига мансуб олимларнинг VIII-X асрдаги фаолиятларида калом масалалари асосий ўринни эгаллади.

Бундай вазият кейинги асрларга келиб Мовароуннаҳрда хоҳ фиқҳий масалаларда, хоҳ ақидавий таълимотда куфалик Имом Абу Ҳанифанинг йўлини тутган қатор уламоларнинг етишиб чиқишига сабаб бўлди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мовароуннаҳрлик олимларнинг барчаси «ҳанафий фақиҳлари» деб аталар эдилар. 

Демак, Мовароуннаҳрда калом илмининг шаклланишига II/VIII асрдаги сиёсий вазиятлар сабаб бўлган. Сиёсий вазиятлардан келиб чиқиб фаолият олиб борган муржиийлар ушбу ҳудудда «имон» масаласини ҳал қилиш орқали калом илмининг дастлабки ривожланиш босқичларини белгилаб бердилар. Лекин кейинги даврларда муржиийлар фаолияти умуман йўқолиб кетди. Мовароуннаҳрда кейинги асрларда калом илмининг ривожида Абу Ҳанифанинг ақидавий фикрларини маҳкам тутган ҳанафий уламоларидан Аҳмад ибн Исҳоқ Абу Бакр ал-Жузжоний (III/IX аср), Абу Сулаймон Мусо ибн Сулаймон ал-Жузжоний, Абу Наср ал-Иёдий ҳамда Абу Мансур ал-Мотуридий (в. 333/944-45 й.) каби олимлар ўзларининг катта ҳиссаларини қўшдилар.

IX аср иккинчи ярмида Самарқанд калом мактаби тарихида янги бир тенденция пайдо бўлади. У Абу Сулаймон ал-Жузжоний шогирди Абу Бакр ал-Жузжоний ва унинг ҳанафий ўқувчилари номи билан боғлиқдир. Уларнинг калом соҳасидаги асарлари бизгача етиб келмаганлиги боис, уларнинг мазкур фан ривожига қўшган ҳиссалари ҳақида бирор фикр билдириш қийин. Лекин мазкур мактаб вакиллари – Абу Мансур ал-Мотуридий ва ал-Ҳаким ас-Самарқандий ижодлари билвосита устозларнинг билим доиралари анча кенг ва салмоқли бўлганлигидан дарак беради. 

«Дорул Жузжония» 

Мазкур даврда Мовароуннаҳрда турли илм соҳалари ривожланган эди. Хусусан, Самарқанд шаҳрида муҳаддислар уйлари, маҳаллалар, гузарлар, масжид ва мадрасалар каби ҳадис толиблари йиғиладиган жойлар ҳадис илми марказлари бўлган. Шулардан бири “Дорул Жузжония” номли илм даргоҳи бўлиб, у ерда X-XII асрларда муҳаддислар қизғин фаолият кўрсатганлар.

Самарқанд ҳадис ва калом мактабида кечган жараёнларни ўзида тўла акс эттирган деярли ягона манба Абу Ҳафс ан-Насафийнинг (вафоти 1142 йил) «Китоб ал-қанд фи маърифат уламо Самарқанд» асаридир. 

«Китоб ал-қанд» ҳадис илмининг илм ар-рижол соҳасига тегишли тарихий-биографик жанрда яратилган асардир. Тарихий-биографик асарлар араб адабиётида жуда кенг тарқалган. Мусулмон жамиятининг ўрта асрлардаги диний маданияти тарихини ўраганишда улар катта аҳамиятга эга. «Китоб ал-қанд» асари VIII-XII асрлардаги Мовароуннаҳр, хусусан, Самарқанд маънавий муҳитини, жумладан, ҳадис илми тараққиётини ўзида акс эттирган муҳим ва қимматбаҳо манбадир. Айнан мазкур манба биз тадқиқ этаётган «Дорул Жузжония» ҳақида илк маълумотлар ўз аксини топган. 

«Китоб ал-қанд»да яна Дор ал-жузжонияда 1051 йили ҳадис айтган ал-ҳофиз Абу Масъуд Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Бажлий, 1052 йили имло қилган аш-шайх ал-имом ал-хатиб Абд ал-Жаббор ибн Аҳмад, 1065-66 йили дарс берган аш-шайх ал-қоди ал-имом Абу Наср Мансур ибн Аҳмад ал-Ғазақий каби уламоларнинг номлари зикр этилади.

«Дорул Жузжония»да муҳаддис ва мутакаллимлар имло тарзида дарс ўтар, илм толиблари эшитганларини ёзиб борар эдилар. Бу илм масканида дарслар тонг отмасданоқ бошланар эди. Тингловчилар ёзган ҳар бир ҳадис ва масалалари қайси куни ва қайси соатда айтилганини ҳам қайд этиб борардилар. «Китоб ал-қанд»да бу ўқув муассасасининг номи 18 ўринда зикр этилади. Мазкур асарда номи келган, «Дорул Жузжония» фаолияти билан боғлиқ уламоларнинг барчаси XI-XII асрда яшагандирлар. Демак, IX-X асрларда рационалистик илмлар соҳасида фаолият олиб борган мутакаллимлар маркази ҳисобланган «Дорул Жузжония» мазкур даврда муҳаддислар марказига айланган. 

«Дорул Жузжония» илмий фаолиятида самарқандлик уламоларнинг хизматлари катта бўлди. Ушбу даврда бу илм масканида самарқандликлар билан бир қаторда хуросонлик муҳаддислар ҳам қизғин фаолият олиб бордилар. Жумладан, Абул Фатҳ Солиҳ ибн Муҳаммад ас-Суфий ал-Муқри ал-Муаддиб ар-Розий (ваф. 1038 й.) айнан шу вақтда “Дорул Жузжония”да ҳадисдан дарс берган суфийлик йўлидаги тақводор, фозил, имом, муфтий, фиқҳ ва назар (мунозара) илмларининг билимдони бўлган мударрис эди. Унинг 1018 йили шу жойда имло қилган ҳадисини Абул Бади Мансур ибн Муҳаммад ас-Самарқандий ёзиб қолдирган. Абул Фатҳ Самарқанддаги энг обрўли кишилардан бўлиб, у вафот этганда Чокардиза қабристонидаги Абу Мансур Мотуридий мақбараси ёнига дафн этилди. Абу Ҳафс Насафий «Китоб ал-қанд»да яна «Дорул Жузжония»да 1051 йили ҳадис айтган ал-ҳофиз Абу Масъуд Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Бажлий, 1052 йили имло қилган аш-шайх ал-имом ал-хатиб Абд ал-Жаббор ибн Аҳмад, 1065-66 йили дарс берган аш-шайх ал-қодий ал-имом Абу Наср Мансур ибн Аҳмад ал-Ғазақий каби олимларнинг номларини ҳам зикр этади. 

«Дорул Жузжония»нинг ўз жонкуяр ихлосмандлари бўлиб, улар ўз ҳаётларини бу илм маскани билан боғлаганлар ва у ерда доимий равишда ҳадисдан дарс берганлар. Абу Ҳафс Насафий бундай муҳаддисларни «Дорул Жузжония» ҳалфоларидан эди», дея зикр этади. «Ҳалфо» сўзи араб тилида бирор нарсага қаттиқ боғланганликни англатади. Улардан ал-имом ал-адиб Абу Муҳаммад Абд ал-Жалил ибн Абдулмавжуд ал-Юзахкатий ас-Саккок (в. 1098- 99) ва аш-шайх ал-имом Солиҳ ибн Ҳайён ас-Сағоний (XI-XII асрлар) каби уламоларнинг номларини зикр этиш мумкин.

«Дорул Жузжония» ҳадис илми марказларидан бўлиши билан бирга Самарқандда ана шу номдаги қабристон ҳам мавжуд эди. Манбада «Самарқандда вабо тарқалган йили вафот этган» дея номи битилган олим аш-шайх ал-имом аз-зоҳид ал-хатиб Абу Муҳаммад 2-шўъба. Мотуридийлик таълимотининг мўътадилликни таъминлашдаги аҳамияти 229 Абд ал-Жаббор ибн Аҳмад ад-Дорий (в. 1057 йилдан кейин) ва «Дорул Жузжония» билан қўшни бўлган ас-саййид ал-олим Абул Ҳасан Али ибн Ҳамза ас-Самарқандий (в. 1120) каби муҳаддислар ана шу қабристонга дафн этилганлар.

Абу Ҳафс Насафий яшаган даврда Самарқандда бир қатор мадрасаларда талабаларга ҳадис илмидан сабоқ берилар эди. Абу Ҳафс Насафийга ҳадис ривоят қилган Аш-шайх ал-воиз Бакр ибн ал-Ямон ал-Усрушанийни Абу Ҳафс Насафий «Бакрон кўчасидаги мадрасанинг соҳиби» (соҳиб ал-мадраса) дея зикр этади. Самарқанддаги яна бир ҳадис илми маркази ал-қодий ал-имом Салмон мадрасаси бўлиб, унда четдан келган муҳаддислар ҳам дарс берар эдилар. У ерда шайх ас-сунна ал-қодий ал-имом Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад ал-Балхий ал-қодий ал-имом Салмонга халифалик қилган. Алп Чағрибек мадрасасининг қошида аш-шайх Али ибн ал-Ҳасан ал-Мустамлий дарсхонаси (мактаб) бўлиб, Абул Ҳасан унда отасидан сўнг унинг ўрнига Қуръондан мударрислик қилган.

Самарқандда ҳадисдан дарс берган мударрислар орасида турли ҳадис илми марказларидан келган муҳаддисларни учратиш мумкин. Зу-л-Фадл Ҳамза ас-Соботий Самарқанднинг Амир-наванд маҳалласида яшаб, муфти ва мударрислик вазифаларини бажарган. Зоминлик муҳаддис аш-шайх ал-имом аз-зоҳид Абул Ҳасан Али ибн Аби Саҳл аз-Зоминий Самарқанддаги Фарохий Амир-наванд маҳалласида мударрислик қилган. Бухорода мударрислик қилган аш-шайх ал-имом ар-раис Саид ибн Муҳаммад ал-Хоразмий ҳам Самарқандда бўлган. Абу Ҳафс Насафий Бухорода бўлганида у билан учрашган.

Самарқанддаги масжидлар ҳам халқ орасида илм-маърифат тарқатувчи марказлардан эди. XI аср бошларида шаҳар жоме масжиди қаршисидаги Шухнок маҳалласида яшаган муаззин Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ас-Самарқандий ва Абу Муҳаммад Абд алВоҳид ибн Аҳмад ас-Самарқандийлар шу масжидда илм-маърифатга чақирувчи ҳадисларни ривоят қилганлар.

Мазкур масжидда Абу Ҳафс Насафийга замондош бўлган муҳаддис аш-шайх ал-қодий ал-имом ал-ҳофиз Абу Саъд Абдуллоҳ ибн Аби-л-Музаффар Насафий (в. 1128-29) ҳам маърузалар қилган. Абу Ҳафс Насафий унинг маърузаларида иштирок этар эди. Абу Саъд Насафий вафот этганида Абу Ҳафс Насафий катта жамоат билан биргаликда «Саййид Бағдод» мадрасасида унинг жанозасини ўқиганлар ва Чокардиза қабристонига дафн этганлар. Бу масжидда шошлик уламолардан Умар ибн Наср аш-Шоший ҳам ҳадислар имло қилган. Масжидларда жума ва ҳайит маърузаларида одоб-ахлоққа доир ҳадислар ривоят қилинарди ва уларнинг, албатта, тўлиқ исноди келтирилар эди.

Самарқанд жоме масжидида Бағдод ва Хуросондан келган уламолар ҳам ҳадис имло қилиб дарс ўтар эдилар. Шаҳардаги «Сиккат Аббод», «Дарвозача», «Сиккат Рустуж» маҳалла ва кўчаларидаги масжидларда ҳам уламолар ўз маърузалари орқали илм-маърифат тарқатганлар.

т.ф.н., доц. Шовосил Зиёдов
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази директори

 

Қўшимча малумот

Имом Мотуридий ҳаёти ва фаолиятига чизгилар
Муаллиф: Аҳмад Саъд ДаманҳурийТаржимонлар: С.Абдуллаев, О.Икромбеков🗓 Сана: 2023📝 Ҳажми: 264 бет📖 Ушбу китоб мисрлик мотуридийшунос олим Аҳмад Саъд Даманҳурийнинг Имом...
ЗАМОНАВИЙ ТАРИҚАТЧИЛИКНИНГ ИЖТИМОИЙ ЗАРАРЛАРИ
Тасаввуф таълимоти узоқ даврлар мобайнида жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталарини илдиз отишига замин яратган. Ҳозирги пайтда дунёнинг кўп...
УЛАМОЛАР СОХТА CУФИЙЛИК ҲАҚИДА
Тарихан, инсон қалбини поклаш, уни руҳий-маънавий жиҳатдан юксалтиришни мақсад қилган тасаввуф таълимоти юртимизда кенг тараққий этиб келган. Тасаввуф йўлида риёзат...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry