07.08.2022
162

АЛОУДДИН САМАРҚАНДИЙ “ШАРҲ АТ-ТАЪВИЛОТ” АСАРИ МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИНИ ЎРГАНИШДА МУҲИМ МАНБА

Ҳозирги даврда динни тўғри англашда, ислом динининг асл инсонпарварлик, бағрикенглик ғояларини очиб беришда, уларни халқимизга соф ҳолда етказишда алломаларимизнинг асарлари муҳим ўрин тутади. Мана шундай мўътабар манбалардан бири Алоуддин Самарқандий (ваф. 539/1144-45) нинг[1] “Шарҳ ат-Таъвилот ал-Қуръон”[2] асари бўлиб, албатта алломанинг асари Қуръони карим тафсири мотуридий таълимотини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.     

Алломанинг ушбу шарҳни ёзишида Абул Муин Насафийнинг хизмати ниҳоятда катта бўлган. Чунки Алоуддин Самарқандийнинг ўзи Насафий билан Мотуридийнинг «Таъвилот» асарини бирга мутолаа қилганини ва Насафий жоиз, деб топган жойларга шарҳ ёзиб илова қилиб борганлиги ва кейинчалик ушбу шарҳларни алоҳида китоб ҳолига келтирганлигини таъкидлайди. У ўз асарида Мотуридийнинг сўзларини шарҳлаш билан бир қаторда ўз фикрларини ҳам баён этган. Олим ўз тафсирида Муҳаммад (с.а.в.) ҳадислари, саҳобий ва тобеинлар сўзларини жамлаш билан бир қаторда ақидавий ва фиқҳий масалаларни ечишда ҳанафийлик анъаналарига асосланган фикрларни ҳам келтиради. 

“Шарҳ ат-Таъвилот” асарини ўқиган киши муаллифнинг калом илми бўйича ҳам юксак мақомга етганлигини билиши мумкин. Олим ақидавий масалалар бўйича қарашларида Имом ал-Мотуридий изидан борган. Шунингдек, у Қуръонни шарҳлаш услубида ҳам Имом ал Мотуридийдан таъсирланган. Юқорида айтилганидек, Мотуридий Қуръонни шарҳлашда ўзига хос йўл яратиб, асосан, оятларни шарҳлашда таҳлилий фикр юритишга асосланади. 

Алоуддин Самарқандий тафсирининг кириш қисмида Имом Мотуридийнинг асарини юқори баҳолаб, унинг баъзи тушунишга қийин бўлган жойларни енгиллаштиришни мақсад қилиб шарҳ ёзганини маълум қилган. 

Шу билан бирга алломанинг асарида бошқа машҳур тафсир асарлардаги каби оятма-оят шарҳ берилганига кўра, уни фақат Мотуридий тафсирида тушуниши қийин бўлган жойларни шарҳлаш билан чегараланмай Қуръоннинг бошидан оятма-оят, ақидавий масалаларга келганда кенг шарҳлар берганини кўриш мумкин. 

Шунингдек, у ҳадислар, ривоятларни чуқур билишига қарамай, шарҳлашда уларга кўп ҳолларда мурожаат қилмайди. Луғат олимлари сўзларини номларини зикр этмай келтиради. Қироат турларидан мисолларни деярли келтирмайди. Шунга кўра, у Имом Мотуридий каби Қуръон оятларини Қуръон, сунна, саҳобий ва тобеинлар сўзларидан фойдаланмайди. Бу ривоятлар Таъвилот ал-Қуръон зикр этилгани боис бўлса керак, уларни қайта зикр этмай, фақат алоҳида ҳолларда ҳадислардан саҳобий ва тобеинларни зикр этади. 

У Қуръонни шарҳлашда аввал суранинг Маккада ёки Мадинада нозил бўлганини айтиши билан бир қаторда агар оятнинг баъзи қисми Маккада бошқаси Мадинада нозил бўлган бўлса ажратиб кўрсатиб ўтади. Масалан, Бақара сураси Мадинада нозил бўлган, фақат واتقوا يوما...  281- ояти арафа куни Минода (Маккада) нозил бўлган[3]. Бундан кейин эса, оятларнинг сонини зикр этади: “Бақара сураси оятлари - 286 та”[4]

Шуни айтиш жоизки, Алоуддин Самарқандий Имом Мотуридийнинг тафсири матнини тўлиқ шарҳламаган, балки унинг тафсиридаги баъзи лозим топган жойларига изоҳ бериб ўтган. 

Тафсирга диққат билан назар солинса, Алоуддин Самарқандий Имом Мотуридийнинг тафсирини шарҳлашда асосан, уч хил йўналишга асосланади: 

Биринчиси, Мотуридийнинг фикрларини янада қувватлантиришга ҳаракат қилиши, бунда Алоуддин Самарқандий Имом Мотуридийнинг чуқур таҳлилларини янада изоҳлайди. 

Иккинчиси, Имом Мотуридий тафсирида умумий маъно берилган ҳамда қисқача сўз юритиш билан чекланилган ўринларга аҳамият қаратиб, уларни ўз таҳлилий фикрлари билан бойитади.

 Масалан: …فلا تجعلوا لله أندادا  

“Аллоҳга бировни баробар, тенг қилманглар[5] ояти шарҳида Мотуридий أنــدادا  (бирлиги ند (сўзини шарҳлаб “яъни унга тенг қилиш, ибодатда шаклларни илоҳ қилиб олиш, буларнинг маъноси бир хилдир”[6], дейди. 

Алоуддин Самарқандий бу маънони бергач, яна шундай шарҳ беради: “نــد] надд] сўзи баъзан, унга бирор шаклни баробар қилиш маъносида келса, баъзан, нарсанинг зидди маъносида ҳам келади. 

Бу икки хил маънони ифодалаши мумкин: Аллоҳдан бошқани илоҳ, деб номламаслик ва шакл қилиб олмаслик ҳамда ибодат қилишда ҳақли деб, бошқа нарсани унинг шакли демаслик[7]

Учинчиси, баъзан оят шарҳи бўйича Алоуддин Самарқандий, Имом ал-Мотуридий фикрларини аниқлаштириши. 

Масалан, у: والذين يؤمنون بما أنزل إليك

“(Улар) Сизга нозил қилинган нарсаларга имон келтирадилар”[8] оятида Имом ал Мотуридийнинг “(Нозил қилинган нарсалар) икки хил маънони бериши мумкин: биринчиси, Қуръондан нозил қилганлари, иккинчиси, Қуръон каримда келмаган шариат қоидалари ва ҳукмлар”[9] деб айтган шарҳини келтиради.

 Сўнг, бу фикрларни яна ҳам аниқлаштириб, шундай дейди: “Оятнинг маъноси, Аллоҳнинг бу оятдаги муроди Қуръон ва ҳадисда нозил қилган барча ваҳийсидир, чунки буларнинг ҳаммаси Аллоҳ томонидан нозил қилинган ваҳийдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган ваҳий икки хил бўлган: биринчиси, тиловат қилинадиган, иккинчиси, тиловат қилинмайдиган (яъни тиловати бекор бўлиб, ҳукми қолган). Буларнинг ҳаммаси Жаброил алайҳиссалом, фаришталар олиб келган ёки қалбига илҳомлантирилган ваҳийлардир. Чунки, Аллоҳ таоло Қуръон каримда “(Муҳаммад) ҳавойи нафсидан гапирмайди, у (айтаётган сўзлар) ваҳийдир”[10], деган. [11]

Шундай қилиб, Алоуддин Самарқандий ўз давридаги Қуръон шарҳи ва калом илми бўйича вужудга келган муаммоларни Имом Мотуридий услуби асосида ҳал этишга ҳаракат қилиб, Мотуридийнинг тафсирини янги шарҳлар билан бойитган ва шу йўл билан ҳанафий мазҳабини ҳимоя этишга ҳаракат қилган. 

Маълумки, Мотуридий ва унинг мактаби намояндалари ақидавий масалаларни ечишда ўз даврининг янгича услубини киритганлар ҳамда Мовароуннаҳрдаги калом илми ривожига муҳим ҳисса қўшганлар[12]

Имом Мотуридий ва Алоуддин Самарқандий тафсирларида ўз давридаги мавжуд оқимларга илмий раддиялар берилган, ақидавий масалаларга доир оятларга эса, суннийлик йўналишига мос тарзда ечимлар келтирилган. Шу жиҳатдан олиб қараганда ҳам, Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилот аҳли-сунна” асари ва Алоуддин Самарқандий асарлари тафсиршуносликнинг ҳанафийлик йўналиши бўйича нодир манбалардан ҳисобланади.

 

Ихтиёр Абдураҳмонов, 
Имом Мотуридий халқаро 
илмий-тадқиқот маркази етакчи илмий ходими


 

[1] Алоуддин Самарқандийнинг усулул фиқҳ ва фуруъул фиқҳ бўйича етук олим бўлиб, “Туҳфат ал-фуқаҳо”, “Мабсут”, “Зиёдот”, “Мизон ал-усул фи натоиж ал-уқул”, “ал-Лубоб фи усул ал-фиқҳ”,  “Шарҳ ат-Таъвилот” асарларини яратган (М. Комилов. Мовароуннаҳр илмининг ривожи ва фақиҳ Алоуддин ас-Самарқандий. – Т.: Истиқлол,  2006. – 207 б).

[2]  Баъзи манбаларда “Шарҳ ат-Таъвилот” деб ҳам номланади

[3]  Шарҳ ат-Таъвилот (Қўлёзма). Шарқшунослик қўлёзмалари институти. № 3249. – В. 15а

[4]  Шарҳ ат-Таъвилот (Қўлёзма). Шарқшунослик қўлёзмалари институти. № 3249. – В. 15а

[5]  Бақара сураси, 22-оят.

[6] Ал-Мотуридий. Таъвилот аҳлис-сунна. /Маждий Бослум таҳқиқи. – Байрут, 2005. Ж. 1. Б. 401

[7]  Шарҳ ат-Таъвилот (Қўлёзма). Шарқшунослик қўлёзмалари институти. № 3249. – В. 40а

[8]  Бақара сураси, 4-оят.

[9] Ал-Мотуридий. Таъвилот аҳлис-сунна. /Маждий Бослум таҳқиқи. – Байрут, 2005. Ж. 1. Б. 374.

[10] Нажм сураси, 3-оят.

[11]  Шарҳ ат-Таъвилот (Қўлёзма). Шарқшунослик қўлёзмалари институти. № 3249. – В. 21 а

[12]  Голдциер И. Лекции об исламе.–Лейпциг. 1912. – Б. 72-152. Рудольф У. Мотуридий ва Самарқанд суннийлик илоҳиёти. – Тошкент, 2001; Рудольф У. ал-Матуриди и суннитская теология в Самарканде. – Алматы: 1999. Ҳуснидинов З. Ислом: йўналишлар, мазҳаблар, оқимлар. – Тошкент: Мовароуннаҳр, 2000.   

Қўшимча малумот

Имом Мотуридий ҳаёти ва фаолиятига чизгилар
Муаллиф: Аҳмад Саъд ДаманҳурийТаржимонлар: С.Абдуллаев, О.Икромбеков🗓 Сана: 2023📝 Ҳажми: 264 бет📖 Ушбу китоб мисрлик мотуридийшунос олим Аҳмад Саъд Даманҳурийнинг Имом...
ЗАМОНАВИЙ ТАРИҚАТЧИЛИКНИНГ ИЖТИМОИЙ ЗАРАРЛАРИ
Тасаввуф таълимоти узоқ даврлар мобайнида жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталарини илдиз отишига замин яратган. Ҳозирги пайтда дунёнинг кўп...
УЛАМОЛАР СОХТА CУФИЙЛИК ҲАҚИДА
Тарихан, инсон қалбини поклаш, уни руҳий-маънавий жиҳатдан юксалтиришни мақсад қилган тасаввуф таълимоти юртимизда кенг тараққий этиб келган. Тасаввуф йўлида риёзат...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry