04.08.2022
205

АБУ ШАКУР СОЛИМИЙ КЕШИЙ – ИМОМ АБУ МАНСУР МОТУРИДИЙНИНГ БУЮК ДАВОМЧИСИ

Мотуридия таълимоти ривожига катта ҳисса қўшган уламолардан бири Абу Шакур Солимий Кешийдир. Алломанинг тўлиқ исми – Абу Шакур Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ас-Саъид ибн Шуайб ал-Кеший ас-Солимий ал-Ҳанафий ал-Макшифийдир.

Алломанинг куняси Абу Шакур эканидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, шарқона анъанага мувофиқ унинг “Шакур” исмли ўғли бўлган бўлгани эътиборидан мазкур куня билан аталган бўлиши мумкин ёки ҳанафий мазҳаби асосичиси Имоми Аъзам “Абу Ҳанифа (Тўғри миллат отаси)” деган маънодаги куня берилгани каби алломага ҳам “Абу Шакур (шукр қилувчиларнинг отаси)” маъносидаги куня билан аталган бўлиши ҳам эҳтимол қилинади. 

Алломага “Кеший” нисбаси туғилиб ўсган жойи қадимги Кеш шаҳрига нисбатан берилган, баъзи араб тилига оид манбаларда “Кашший” ёки “Кассий” нисбаси билан зикр қилинган. Алломанинг буюк мутакаллим олим бўлиб етишишига ўша давр илмий муҳити ҳам таъсир кўрсатган. Чунки Кеш тарихи Марказий Осиёнинг энг кўҳна шаҳарлари – Самарқанд, Бухоро, Хива тарихи сингари қадимийдир. Насаф ва Кеш шаҳарларидан илм-фан соҳасидаги салмоқли ишлари билан дунёга танилган олиму фузалолар етишиб чиққан. Манбаларда биргина Кеш вилоятида VII асрдан XII асргача 60 дан ортиқ муҳаддис, муфассир, фақиҳ ва тарихчи олимлар етишиб чиққани тилга олинади. 

Абу Мансур Мотуридий “Имом ул-ҳудо (Тўғри йўл имоми)” деган буюк номга сазовор бўлгани каби Абу Шакур Солимий Кеший ҳам “ал-Муҳтадий (тўғри йўлда юрувчи)” номига сазовор бўлган. Алломага мазкур “ал-Муҳтадий” номи ким томонидан берилгани ёки ўзига нисбатан ишлатилгани тўғрсида бирор маълумот учрамайди. Мазкур ном алломанинг калом илмида маълум бир мавқега эга бўлганини билиб олиш мумкин. Чунки фиқҳ фани билан машғул алломаларга “фақиҳ” ёки “мужтаҳид” ёки ҳадис фани билан шуғулланганларга “муҳаддис” ёки “ҳофиз” каби унвонлар билан қўлланилган. Ўша даврда барча исломий илмлар чўққисига чиққан илмий муҳитдан хулоса қилиб айтиш мумкинки, бундай улуғ ном ҳар қандай олимга ҳам берилмаган. Одатда бундай улуғ ном ва унвон ўзининг илмий асарлари ёки тарбиялаб етиштирган шогирдлари билан илм-фан ривожига ҳисса қўшган алломаларга берилиши эътиборидан Абу Шакур Солимий Кешийга берилиши ҳар жиҳатдан ўринли бўлган. Масалан, Абу Шакур Солимий билан бир даврда яшаб ижод қилган Абул Муин Насафийга ҳам “ал-Фақиҳ ал-ҳанафий”, “Сайф ул-ҳақ (ҳанафий фақиҳ ва ҳақиқат қиличи), “Раису аҳли-с-сунна вал-жамоа (Аҳли сунна вал-жамоа раиси)” каби буюк номлар берилган.

Алломага “Ҳанафий (ҳанафий мазҳабига мансуб киши)” нисбаси эса эътиқод ва амал қилган мазҳаби ҳанафий мазҳабига нисбатан берилган. Умумий маънода ҳанафий мазҳабига мансуб барча уламолар ҳанафий ҳисоблансада, лекин барчасига “Ҳанафий” нисбаси қўлланмаган. Кўпинча бирор мазҳаб ёки фирқага мансуб эканини билдириб турадиган, бундай нисбалар бошқа мазҳаб ва фирқаларга мансуб уламолардан ажралиб туриши учун берилган. 

Аллома “Солимий” нисбаси билан машҳур бўлган. Турк тадқиқотчиси Умар Туркмен муаррих Самъонийнинг “ал-Ансоб” асарига суяниб, “Солимий” нисбаси илк ислом давридаги Мадинада яшовчи иккита араб қабилаларидан бири Хазраж қабиласининг таркибига кирадиган Солим ибн Авф ибн Амр ибн Авф ибн Хазражнинг авлодларига нисбатан қўлланганини келтириб, Абу Шакур Кешийнинг насл-насабини ҳам ушбу қабилага боғлайди.

Аллома қадимий Кеш воҳасида V/ХI асрнинг биринчи ярмида туғилган. Чунки алломанинг ўзи “Тамҳид” асарида ҳижрий 470/1077 йилларда Шайх ул-ислом Имом Зоҳид Абу Бакр Муҳаммад ибн Ҳамза ибн Муҳаммад Хатиб Самарқандийдан (ваф. 491/1098 й.) таълим олиб, унинг ҳузурида фақиҳлик даражасига етганини зикр қилган. Мазкур асарнинг бошқа жойида у 460 ҳ./1068 м. йилларда Самарқандда ушбу устози олдида “Китоб ас-Сариқа” (Ўғрилик қитоби) ва бошқа фиқҳий мавзуларда сабоқ олганини таъкидлаган. 

Мазкур маълумотларга асосланиб, Абу Шакур Солимийнинг таваллуди 441/1060 йиллар атрофида бўлганини айтиш мумкин. Чунки классик исломий илмларни ўрганиш талаба йиргирма ёшдан кейин ўрганади. Мазкур маълумотлар алломанинг таваллуди ҳижрий V асрнинг биринчи ярмида бўлган ва Самарқанд шаҳрида таълим олган, дейишга асос беради. Бундан ташқари, Самарқанд шаҳри ўша даврда қорахонийлар давлатининг пойтахти бўлган. Одатда кўплаб уламолар пойтахт шаҳарда таълим-тарбия ва ижод билан шуғулланишган. Шу эътибордан Абу Шакур Солимий ҳам Самарқанд шаҳрига келиб таълим олган ва бунга унинг қариндошлари мазкур шаҳарда яшагани ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин. 

Ислом дини калом илмида мутакаллимларга қўйилган талаблардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, у тафсир, ҳадис, калом, фиқҳ, усул ул-фиқҳ, балоғат, мантиқ ва бошқа исломий илмлардан етарли даражада хабардор бўлиб, маҳаллий урф-одатларни ҳам яхши билган. Бунга алломанинг “Тамҳид” асарини мутоала қилган киши яна бир марта амин бўлади. 

Абу Шакур Кешийнинг илмий мероси, хусусан, унинг “Китоб ал-меърож” асари ҳақида энг биринчилардан бўлиб маълумот берган аллома Фазлуллоҳ Муҳаммад ибн Айюб Моживийдир (ваф. 666/1268 й.). У “ал-Фатово ас-суфия фи тариқ ал-баҳоия” номли асарида “Китоб ал-меърож”нинг таркибий тузилиши ва фасллари ҳақида маълумот берган. Мазкур аллома Абу Шакур Кешийдан тахминан бир аср кейин яшаб ижод қилган.

Ҳожи Халифа “Кашф аз-зунун” асарида Абу Шакур Кеший ақоид илмига оид иккита –“ат-Тамҳид фи баён ат-тавҳид” ва “Китоб ал-меърож” асар ёзгаганини зикр қилган. Аммо Ҳожи Халифа “Китоб ал-меърож” асарининг ёзилиш тарихини қуйидагича зикр қилган: “(Машҳур тасаввуф намоянларидан Иброҳим ибн Адҳамга аббосий халифа Ҳорун ар-Рашид  минг динор берганида, уни қабул қилмайди ва қўлини ўзининг гилами остига киргизиб, бир ҳовуч жавҳарлар чиқаради”. Ҳожи Ҳалифанинг зикр қилишича, мана шу ривоят Абу Шакур Кешийнинг юқоридаги “Китоб ал-меърож” асарини ёзишга туртки бўлган. 

Абу Шакур Солимий “Тамҳид” асари муқаддима ва турли эътиқодий мавзулар билан номланувчи ўн иккита бобдан иборат. Муаллиф ҳамду санодан кейин асарнинг ёзилиш  сабабини қуйидагича баён қилган: “Мендан баъзи дўстларим ибораси билан тушунарли ёки ишораси билан идрок қилинадиган тарзда маърифат ва тавҳид асослари тўғрисида тамҳид (қўлланма) ёзиб беришимни сўрадилар. Мен бу борада уларнинг таклифига жавобан ушбу асарни ёздим ва уни “Ат-Тамҳид фи баён ат-тавҳид (Тавҳид баёни ҳақида қўлланма)” деб номладим”.

Ҳақиқатда, Абу Шакур Солимийнинг ўзи айтганидек, мазкур асар енгил ва содда услубда ёзилган бўлиб, араб тилидан бошланғич маълумотга эга киши ҳам ундан бемалол фойдалана олади. Бу ўқувчиларга мотуридия таълимотини янада мукаммал ва чуқурроқ ўрганиш имкониятини беради. 

“Тамҳид” асаридаги баён қилинган ўн иккита бобнинг ҳар бири мавзуси қанчалик кенг қамровли ёки мўжаз эканига қараб, учтадан йигирматагача фасллардан ташкил топган. Қолаверса, боб мавзулари орасида мантиқий кетма-кетлик ва боғлиқликка риоя қилинганини кузатиш мумкин. Абу Шакур Солимий “Тамҳид” асарини ёзишда Қуръон оятлари, Пайғамбар (с.а.в.) ҳадислари, саҳоба, тобеин ва табаа тобеинлар сўзлари, Абу Ҳанифа, Абу Юсуф, Муҳаммад ибн Ҳасан, Молик ибн Анас, Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий каби машҳур уламолардан эътиқодий мавзуларда нақл қилинган ривоятлар ҳамда бир қанча асарларга таянган ҳолда иш тутганини кўриш мумкин.

Муаллиф “Тамҳид” асарини ёзишда бевосита ўз устозларининг асарларидан, бошқа таниқли ҳанафий мазҳаб уламоларининг калом ва бошқа фанларга оид муҳим асарлардан фойдаланганини кўриш мумкин. Баъзи ўринларда муайян бир асардан иқтибос олганига очиқча ишора қилган бўлса-да, кўп ўринларда бу ҳолат кузатилмайди. 

ЎзРФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти асосий фондида Абу Шакур Солимийнинг “Ат-Тамҳид фи баён ат-тавҳид” асарининг 2638, 8736, 4604, 8160 рақамлари остида сақланаётган тўртта қўлёзма нусхалари ва 11455, 6976, 15194, 18908, 14315 рақамлари остида сақланаётган тошбосма нусхалари ҳамда ЎзФАШИ Ҳамид Сулаймон фондида 2418-рақам остида битта қўлёзма нусхаси сақланаётгани аниқланди. 

К. Броккельман берган маълумотга кўра, “Тамҳид” асарининг қўлёзма нусхалари Туркиянинг “Ашир” I. 524/V, 1222, “Селим Оға” 587, “Шеҳид” 1153 ва “Сулаймония” кутубхоналарида учта қўлёзма нусхалари 524, 525 ва 2167 рақамлар остида сақланмоқда.

Кўплаб китобларга ёзилган шарҳлар муаллифи Нуриддин Мулла Али Қорий (ваф.1014/1606 й.) “Шарҳ ал-фиқҳ ал-акбар” асарида Абу Шакур Кеший илмий меросини ўрганган ва ундан фойлаган. Мўмин киши катта гуноҳлар қилиш билан кофир бўлмаслик масаласини шарҳлашда Абу Шакур Кешийнинг “Тамҳид” асарида келтирган сўзлари билан қўллаб-қувватлайди. Бундан ташқари шуни таъкидлаб ўтиш керакки, Мулла Али Қорий Хуросоннинг Ҳирот шаҳрида туғилади ва Ҳирот шаҳри рофизийлар ҳукмронлигига ўтгандан сўнг Маккага кўчиб кетади. Бундан Абу Шакур Кешийнинг илмий мероси қўшни Хуросон ҳудудида ва Макка шаҳрида кенг тарқалган, деб айтиш мумкин бўлади. 

Баёзий Зода (ваф. 1687 й.) “ал-Усул ал-мунифату лил-имам Аби Ҳанифата (Имом Абу Ҳанифанинг эътиқодий қарашлари)” китобида Абу Ҳанифанинг эътиқодий қарашларини изоҳлашда Абу Шакур Кешийнинг “Тамҳид” асаридан унумли фойдаланган. Бундан ташқари Баёзий Зода “Ишорату-л-маром (Хоҳиш-истак ишораси)” асарида Абу Шакур Кешийнинг мотуридия таълимоти уламоларининг бири сифатида зикр қилган. 

Усмонийлар давлатининг охирги даврида яшаб ижод қилган Аҳмад Рифат Афанди (ваф. 1293/1876 й.) тасаввуф ва тариқатлар тарихига оид “Миръату-л-мақосид фи дафъ ал-мафосид (Фасодларни даф қилишда мақсадлар кўзгуси)” китобида мўътабар манбалар қаторида Абу Шакур Кешийнинг “Тамҳид” асаридан фойдаланган. Муаллиф ушбу асарини усмонийлар ҳукмдори Султон Мурод V га (1840-1904) туҳфа қилган. 

Европалик шарқшунослардан мотуридия таълимоти пайдо бўлиши ва шаклланиш тарихи борасида илмий изланишлар олиб борган тадқиқотчилар Абу Шакур Кешийнинг “Тамҳид” асарининг калом илми ривожида муҳим ўрин тутишида ижобий фикр билдиришган. Жумладан, Клауде Жиллот “Ўрта Осий илоҳиёти ва Хуросон муаллифи” номли калом илми тарихига бағишланган илмий тадқиқотида қуйидагиларни келтиради: “Юқорида кўриб ўтилганидек, Мовароуннаҳрда V/XI асрнинг иккинчи ярмига қадар калом илмига оид мукаммал асарлар мавжуд эмас эди. Айнан шу даврга келиб, Абу Шакур Солимий (ҳиж. V асарнинг 2-ярмида яшаган) ўзининг калом илмига бағишланган мукаммал асари “ат-Тамҳид фи баён ат-тавҳид”ни ёзди. Бу асар мотуридия таълимотини янада ривожлантиришга  катта ҳисса бўлди”. Бу ўринда Клауде Жиллотнинг таъбири билан айтганда, Кешийнинг “Тамҳид” асари мотуридия таълимотининг ривожида Мотуридийнинг “Китоб ат-тавҳид” асаридан кейин, иккинчи ўринда туради. 

Мотуридия таълимоти тарихи ва ривожланиш босқичлари хусусида самарали илмий тадқиқот олиб борган германиялик шарқшунос олим Ульрих Рудольф “Ал-Мотуридий ва Самарқанд суннийлик илоҳияти” номли илмий тадқиқотида Абу Шакур Солимийнинг жавҳарлар (атомлар) ва аразлар (акциденциялар) ҳақидаги қарашларини қуйидагича юқори баҳолайди: “...Шундай қилиб, Абу Шакур Солимий шундай таърифни тақдим этадики, у Мотуридий антологиясига оид қайдларда етишмаётган аниқликни киритади. Аммо, шунга қарамай, унинг асари билан “Китоб ат-тавҳид” ўртасида ёндошлик очиқ-ойдин кўриниб туради. Унинг бу ўринда айтаётган гаплари Мотуридийнинг фикр юритиш йўналиши сифатида маълумдир”. Германиялик тадқиқотчининг юқоридаги фикрларидан Абу Шакур Кеший “Тамҳид” асарида мотуридия таълимотида инсонда илм ҳосил қилувчи  воситаларининг бири бўлган ақлнинг ҳақиқати ва таърифи ҳамда функциялари борасида бошқа мутакаллим олимлар тақдим қилмаган батафсил ва илмий маълумотларни келтирганини англаш мумкин.

Турк олимларидан Сўнмез Кутлу “Темур даври ва ундан кейинги асрларда калом илмига оид адабиётларнинг Туркистон диёридаги манбалари” номли мақоласида Абу Мансур Мотуридийдан бошлаб, Амир Темур давригача яшаб ижод қилган мутакаллимлар ва уларнинг калом илмига оид асарлари ҳамда мазкур китобларнинг баъзи бирлари бугунги кунда қайси тадқиқотчи олимлар томонидан қачон ва қайси нашриётларда нашр қилингани тўғрисида муҳим маълумотлар берилган.

Турк тадқиқотчиларидан Жаъфар Қарадаш “Ислом тушунчасида охират ҳаёти” номли  асарида охират ҳаётининг абадийлиги мавзуида ва бу борада турли фирқаларнинг қарашлари ҳақида баҳс юритишда бевосита Абу Шакур Кешийнинг “Тамҳид” асаридан унунмли фойдаланганини зикр қилган. Мазкур турк тадқиқотчисининг калом илмига оид кўплаб манбалар бўлишига қарамасдан айнан “Тамҳид” асарига мурожаат этгани бугунги кунда ҳам унинг қанчалик аҳамиятга эга эканидан хабар беради. 

Туркиядаги Шукурова университети тадқиқотчиси Ўмер Садикер “Ҳанафий-мотуридий анъанасида бидъат мазҳаблар ва исломдан ташқари динлар: Абу Шакур ас-Солимий мисолида” номли катта илмий мақоласида ислом динига мансуб турли адашган фирқа ва оқимлар ва уларнинг таснифи ҳақида муҳим маълумотлар бериб ўтилган. Ҳақиқатда мақола муаллифи таъкидлаганидек, ислом динига мансуб адашган фирқа ва оқимларнинг нотўғри эътиқодий қарашларини англашда ва уларга етарлича асосли илмий раддиялар беришда Абу Шакур Кешийнинг “Тамҳид” асарининг ўрни беқиёсдир. Бундан ташқари мазкур мақолада башарият динлари тарихи ва уларнинг эътиқодий қарашлари каби муҳим мавзулар ҳақида “Тамҳид” асаридан фойдаланган ҳолда баҳс юритилган. 

Мармара университети доктори Меҳмет Умит “Абу Шакур Солимийнинг халифалик борасидаги қарашлари” номли илмий мақоласининг кириш қисмида алломанинг ҳаёти ва шахсияти бироз тўхталиб ўтгач, “Тамҳид” асарининг “Халифалик ва амирлик” деб номланувчи XI бобида келтирилган қарашлар борасида баҳс юритади. Мазкур мавзуда аҳли сунна вал жамоанинг қарашини Абу Шакур Кеший аниқ-равшан ва қисқа тарзда ифодалаб берганини эътироф этади.

Мурат Килавуз “Янги бир нашр муносабати билан Абу Шакур ас-Солимийнинг ат-Тамҳидига оид мулоҳазалар” номли мақоласида Абу Шакур Кешийнинг Имом Абу Мансур Мотуридийнинг издоши ва давомчиси бўлгани таъкидлаш билан бирга муташобеҳ сифатлар борасида унинг қарашлари Мотуридий фикрларига тўлиқ мос келишини айтиб ўтган. Яъни Қуръон ва ҳадисларда келган муташобеҳ сифатлар борасида ҳанафий мазҳабида икки хил қараш мавжуд бўлсада, Абу Шакур Кеший Мотуридийнинг фикрларини қўллаб-қувватлагани ва ҳимоя қилганини зикр қилиб ўтган.

Соатмурод Примов,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

 

Қўшимча малумот

Имом Мотуридий ҳаёти ва фаолиятига чизгилар
Муаллиф: Аҳмад Саъд ДаманҳурийТаржимонлар: С.Абдуллаев, О.Икромбеков🗓 Сана: 2023📝 Ҳажми: 264 бет📖 Ушбу китоб мисрлик мотуридийшунос олим Аҳмад Саъд Даманҳурийнинг Имом...
ЗАМОНАВИЙ ТАРИҚАТЧИЛИКНИНГ ИЖТИМОИЙ ЗАРАРЛАРИ
Тасаввуф таълимоти узоқ даврлар мобайнида жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталарини илдиз отишига замин яратган. Ҳозирги пайтда дунёнинг кўп...
УЛАМОЛАР СОХТА CУФИЙЛИК ҲАҚИДА
Тарихан, инсон қалбини поклаш, уни руҳий-маънавий жиҳатдан юксалтиришни мақсад қилган тасаввуф таълимоти юртимизда кенг тараққий этиб келган. Тасаввуф йўлида риёзат...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry