03.08.2022
252

ИМОМ МОТУРИДИЙ ҚАРАШЛАРИДА ГУНОҲИ КАБИРА ҚИЛГАН МЎМИНЛАР МАСАЛАСИ

Пайғамбар алайҳиссалом вафотларидан кўп ўтмасдан у зотнинг ўзлари хабар бериб кетганларидек, мусулмонлар орасида фирқаланиш ҳолатлари кузатила бошлади. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳалифалик даврида закот бермай, мусулмонлик қилишни даъво қилган кимсалар ўртага чиқди. Усмон розияллоҳу анҳу даврида эса, у олиб бораётган сиёсатни қоралаб, бузуқ қарашлари билан мусулмонларни унга қарши қайрайдиган кимсалар пайдо бўлди. Айниқса, Али розияллоҳу анҳу даврига келиб, ҳозирги фирқа ва оқимлардан кўпига асос вазифасини ўтаб берган ва бераётган хаворижлар пайдо бўлиб, ўзларидан олдин ҳеч ким даъво қилиб чиқмаган ўта бузуқ қарашларни мусулмонлар орасида тарғиб қилишни бошлаб юбордилар. Ўзлари тутган йўлдан бошқасида бўлган мусулмонларни кофирга чиқардилар. Уларнинг моллари, ор-номуслари ва қонларини ўзларига ҳалол қилиб олдилар. Ҳақ ва тўғри йўлдаги аҳли сунна вал жамоага мансуб барча уламолар ўз асарлари, бизга қолдирган бой илмий меросларида уларнинг ботил қарашларини кескин қоралаб чиқдилар. Ҳам нақлий ва ҳам ақлий далиллар билан уларга кучли раддиялар бердилар. Хаворижлар илгари сурган қарашлар ичида энг хатарлиси – бу гуноҳи кабира қилган мусулмонни кофирга чиқариши бўлди, десак хато қилмаган бўламиз. Бу борада мўътазилийлар ҳам хаворижлар тутган йўлни тутдилар. Фақат гуноҳи кабира қилган мусулмон икки манзил – имон ва куфр ўртасида бўлади, деган мантиқсиз фикр билан улардан фарқ қилдилар.

         Бу хусусда энг тўғри ва мўътадил қарашни, шубҳасиз, аҳли сунна вал жамоа уламолари тақдим этдилар. Улар Қуръони карим, ҳадиси шариф ва ақлий далиллар асосида гуноҳи кабира қилган мусулмонга тааллуқли тўғри ҳукмни баён қилиб бердилар. Имом Мотуридийнинг “Тавҳид” ва “Таъвилот ал-Қуръон” асарига мурожаат қилар эканмиз, уларда хаворижлар ва мўътазилийларнинг бу борадаги қарашлари кескин танқид остига олинганини кўрамиз. Уларнинг далил-ҳужжатларидан ҳар бирига кучли раддиялар тақдим қилинганининг шоҳиди бўламиз. Жумладан, Имом Мотуридий Бақара сураси, 62-оятини шарҳлаш асносида қуйидагиларни ёзади: “Мўътазилийлар Аллоҳ таолонинг “Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар”, деган сўзини ушлаб олиб, гуноҳи кабира қилган мусулмонда хавф ва хафалик бўлади. Агар мўмин бўлганида, унда хавф бўлмас эди. Чунки Аллоҳ таоло мўминга хавф ва хафалик бўлмаслигини хабар қилган. Бинобарин, бу оят гуноҳи кабира қилган вақтда унинг имондан чиқишига далолат қилади, дедилар. Уларга бундай дейилади: (Аллоҳ таоло бу оятда) ҳамма вақт уларда хавф ва хафалик бўлмайди, демаган. Шундай экан, баъзан хавф бўлиши, баъзан бўлмаслиги эҳтимоли бор. Чунки ҳар бир мўмин, ҳатто пайғамбарлар ҳам қайта тирилиш (қиёмат куни) ва унинг даҳшатидан қўрқиб яшайди... Қачонки, жаннатга кириб, ўз жойларини эгаллаб бўлсалар, улардаги хавф ва хафалик кетади. Шунга кўра, мўминда айрим вақтларда хавф бўлса, айримларида у бўлмайди. Валлоҳу аълам!”.

         Имом Мотуридийнинг таъкидламоқдаки, мўътазилийлар даъво қилгандек, кишида хавф ва хафалик бўлиши унинг мўмин эмаслигига ҳужжат бўлолмайди. 

Имом Мотуридий ўзининг “Таъвилот ал-Қуръон” асарида “Ахир, мўмин киши билан фосиқ (итоатсиз) кимса тенг бўлурми?! ... “Ўзларингиз (дунёда ишониш ўрнига) инкор этган дўзах азобини тотингиз!” – дейилур” (Сажда сураси:18,20) оятларини тафсир қилиш асносида қуйидагиларни ёзган: “Сўнгра хаворижлар ва мўътазилийлар бундай дейдилар: “Агар фосиқ кимса сизлар айтгандек мўмин бўлганида, бу оятнинг ҳеч бир маъноси бўлмас эди. Аллоҳ таоло мўмин билан фосиқ кимса баробар эмас, деб зикр қилган экан, у мўмин эмас. Мўминнинг охир оқибати жаннат ва у ерда мангу қолиш, фосиқнинг жойи дўзах бўлиб, (диний матнларда) зикр қилинганига кўра, у ерда абадий қолувчидир. Агар гап сизлар айтгандек бўлганида, иккиси баробар бўлар эди”, дедилар ёки шунга ўхшаш гапни айтдилар. 

Уларга бундай жавоб берилади: Биз ҳам, сизлар ҳам бу оятда зикр қилинган фосиқдан мурод мўмин эмаслигида, мўмин киши билан фосиқ кимса тенг бўлмаслигида ҳамфикрмиз. Чунки оятда фосиқлик имоннинг муқобилида зикр қилинган. Бунинг далили ўша оятнинг охиридир. Зеро, унда: “Ўзларингиз (дунёда ишониш ўрнига) инкор этган дўзах азобини тотингиз!” [Сажда сураси, 20] – деб, инкор этиш ибораси зикр қилинган. Инкор этиш – бу имон ва тасдиқнинг муқобилидир. Унинг муқобилида зикр қилинган ҳар қандай фосиқлик куфр ва инкордир. Демак, оятдаги фосиқ мўмин эмасдир. Аммо сиз имоннинг муқобилида зикр қилинмаган бирорта фосиқликни келтиринг-чи?! Лекин имондан бошқа нарсалар – маъсият ва ёмонликлар муқобилида зикр қилингани бордир...”. 

Имом Мотуридийнинг юқоридаги гапларидан аён бўладики, фосиқ билан мўмин баробар бўлмаслиги ҳақидаги оятларда келган фосиқликдан мурод куфрдир. Бунга у имоннинг муқобилида зикр қилингани далилдир. Имоннинг муқобилида келган ҳар қандай фисқ сўзи – бу куфрдир. Бундан бошқача бўлиши мумкинлигини даъво қилган киши ўз далилини келтириши лозим. 

Мўътазилийлар: “Аллоҳ таоло мўмин жонни ноҳақдан атайлаб ўлдиришга ўхшаган айрим катта гуноҳлар ҳақида хабар бериб, улар ўз соҳибининг дўзахда абадий қолишига сабаб бўлишини таъкидлаган. Масалан, У: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай” (Нисо сураси, 93), деган”, дейдилар. Қози Абдул Жаббор қуйидагиларни ёзади: “Аллоҳ таоло: “Ким Аллоҳ ва (Унинг) пайғамбарига итоатсизлик қилса ва ҳудудларидан тажовуз қилса, уни дўзахга абадий (қолиши учун) киритур” (Нисо сураси, 14) деб, гуноҳкорлар дўзахда азобланишлари ва у ерда абадий қолишларини хабар берган”. Имом Мотуридийга кўра: “(Қуръони каримда бир мўминни) қасддан ўлдирган киши дўзахда абадий қолиши зикр қилинган оятлар икки хил тушунилади. Бириниси, ўлдиришни ҳалол деб ҳисоблагани, иккинчиси, дия (хун ҳақи)ни қасд қилгани сабабли (дўзахда абадий қолади) ...”. 

Бу борада аллома Бобартий ҳам Имом Мотуридий билан ҳамфикрлигини унинг қуйидаги сўзларидан билиб оламиз: “Улар (мўътазилийлар) ушлаб олган далилга жавоб қуйидагичадир: бизнинг фикримизча, қоида шуки, Қуръонда абадий қолиш қайди билан зикр қилинган таҳдид оятлари ўша ишни ҳалол ҳисоблаб қилувчиларга тегишлидир. Улар ўша ишни ҳалол деб билганлари учун кофир бўлганлар ва шу боисдан уларга ҳақиқатдан ҳам кофирликлари сабабли уларни дўзахда абадий қолдириш билан таҳдид қилинган”.

Имом Мотуридий зикр қилишича, Аллоҳ таоло Қуръони каримда гуноҳи кабира қилган мўминларга нисбатан имон исмини ишлатган. Бу нарса шунга далолат қиладки, гуноҳи кабира қилиш билан киши мўминликдан чиқмайди. Иккинчидан, Аллоҳ таоло оз бўлса-да, яхшилик қилган киши унинг ажрини, албатта, олади деб хабар қилган. Агар гуноҳи кабира қилган киши дўзахда абадий қоладиган бўлса, яхши амаллар қилганига қарамай, унинг ажрини умуман олмаган бўлиб чиқади. Аллоҳ таоло эса ваъдасига асло хилоф қилмайди. 

Қолаверса, гуноҳи кабира қилган мўмин дўзахда абадий қолади, деб ҳукм қиладиган бўлсак, бу иш унинг ёмон амалига ортиқча жазо бўлади. Бу гап Аллоҳ таолонинг бандани у қилган ёмон амалига қараб жазолаши ҳақидаги ваъдасига тўғри келмайди. 

Имом Мотуридий бундай дейди: “Аллоҳ Ўзининг пайғамбари (Муҳаммад алайҳиссалом)ни ўзлари учун, мўминлар ва мўминалар учун истиғфор айтишга амр этган. Сўнгра истиғфор айтишга бўлган амр куфр ёки ширкни собит қилиш учун деб тушунилмайди. “На пайғамбар ва на мўминлар мушриклар учун истиғфор (гуноҳларини кечиришини) сўрашлари жоиз эмас” (Тавба сураси, 113) ояти, шунингдек, мўминлар учун истиғфор айтишга амр этгани бунинг далилидир”. 

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, гуноҳи кабира масаласи кеча ёки бугун ўртага чиққан эмас, балки унинг илдизи исломнинг қариб илк асрларига бориб тақалади. Имом Мотуридий асос солган мотуридийлик ва Абул Ҳасан Ашъарий асос солган ашъарийликдан таркиб топган аҳли сунна вал жамоа уламолари ҳар доим мусулмонларнинг ҳақ йўлдан адашиб кетишларининг олдини олганлар. Чунки гуноҳи кабира қилган мўминни шу амали туфайли кофирга чиқариш биргина инсоннинг мусулмон бўлишини дунё ва дунёдаги барча нарсадан кўра қийматлироқ деб баҳолаган Ислом динининг мақсадларига тўғри келмайди. Бу каби нозик масалаларда мусулмонларга ҳақ йўлни кўрсатиб бериш учун Имом Мотуридийнинг бой илмий мероси устида янада самаралироқ меҳнат қилиш бугуннинг долзарб масалаларидан биридир.

Алоуддин Ҳофий,

Имом Бухорий халқаро

илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Қўшимча малумот

Имом Мотуридий ҳаёти ва фаолиятига чизгилар
Муаллиф: Аҳмад Саъд ДаманҳурийТаржимонлар: С.Абдуллаев, О.Икромбеков🗓 Сана: 2023📝 Ҳажми: 264 бет📖 Ушбу китоб мисрлик мотуридийшунос олим Аҳмад Саъд Даманҳурийнинг Имом...
ЗАМОНАВИЙ ТАРИҚАТЧИЛИКНИНГ ИЖТИМОИЙ ЗАРАРЛАРИ
Тасаввуф таълимоти узоқ даврлар мобайнида жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталарини илдиз отишига замин яратган. Ҳозирги пайтда дунёнинг кўп...
УЛАМОЛАР СОХТА CУФИЙЛИК ҲАҚИДА
Тарихан, инсон қалбини поклаш, уни руҳий-маънавий жиҳатдан юксалтиришни мақсад қилган тасаввуф таълимоти юртимизда кенг тараққий этиб келган. Тасаввуф йўлида риёзат...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry