02.08.2022
304

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИНИНГ БОЛҚОН ЯРИМ ОРОЛИДА ТАРҚАЛИШИ ХУСУСИДА

Пир Муҳаммад Ускубий (ваф. 1020/1611 й.) усмонийлар давлати ўз чўққисига чиққан даврда яшаган ҳанафий фақиҳларидан бири бўлиб, унинг ҳаёти ва илмий меросига қизиқиш охирги ўн йилликларда кучаймоқда. Туркиялик тадқиқотчилар томонидан бугунгача олиб борилган илмий ишларда олим ҳаёти ва ижоди деярли тўла ёритилган бўлса-да, уларнинг барчасида тадқиқотчилар назаридан четда қолиб келаётган бир жиҳат бор, у ҳам бўлса Ускубий ижодига Ўрта Осиё фақиҳларининг таъсиридир. Ўрта Осиё фақиҳлари меросининг Болқон ярим оролида тарқалишига Ускубий шахсияти яққол мисол бўлади.

Олимнинг шахсий ҳаёти ҳақида бизгача кам маълумот етиб келган. Унинг отаси Болқон ярим оролидан усмонийлар империясига хизмат қилиш учун мажбуран олиб келинган болалардан (“девширме”) бўлиб, манбаларда Ҳасан ёки Абдуллоҳ деб номланган. Пир Муҳаммад эса отасидан фарқли равишда ҳарбий соҳадан кўра, кўпроқ диний фанларга қизиқиш билдиради. У ўспиринлик чоғида суфийликдаги бектошийлик тариқатига қизиқиш билдиргани маълум. Пир Муҳаммад кейинчалик тасаввуфдан кўра, кўпроқ фиқҳ илмига қизиқа бошлайди ва Истанбулда ўз даврининг энг машҳур фақиҳларидан Муҳаммад-афанди Чивизодага (ваф. 995/1587 й.) шогирд тушади.

Пир Муҳаммад Истанбулда машҳур фақиҳ даражасига эришгач, Анатолия ташқарисида жойлашган мадрасаларда дарс бера бошлади. Аввалига Йенипазар шаҳридаги (бугунги Сербия, Jeni Pazar) мадрасада дарс берган пайтида кўча безорилари ҳужумига дучор бўлади. Бунинг оқибатида бир кўзидан ажралган олим кейинчалик “Як-чашм”, “Кўр-муфтий” деб атала бошлади. 990/1582 йилларда Болгариянинг Ҳезарград шаҳридаги “Мақтул-Иброҳим пошо мадрасаси”да мударрислик қиларкан, жинсий заиф киши ҳақида берган мунозарали фатвоси сабабли мударрисликдан четлатилади. Орадан бироз ўтиб, Скопье (бугунги Шимолий Македония пойтахти, усмонли туркчада Üsküp) муфтийси лавозимига таъйин қилинади. Узоқ йиллар шаҳар муфтийси лавозимида ишлаган олим 1020/1611 йилда шу ерда вафот этди. 

Ускубийнинг икки нафар асар ёзгани маълум ва улар бизгача етиб келган. Улардан биринчиси фатволар жамланмаси бўлиб, манбаларда “Муин ал-муфтий” (Фатво берувчиларга ёрдам берувчи), “Фатовойи Кўрмуфтий” ёки “Фатовойи Ускубий” деб аталган. Асарнинг энг қадимий учта нусхаси Болқон ярим ороли давлатлари кутубхоналарида сақланиши маълум: 

  1. Сараево шаҳридаги Шарқшунослик институти (Sarajevo Oriental Institute Library) кутубхонаси No 55. Ушбу қўлёзма асар 1036/1626 йилда Сербиянинг Крушевац (Kruševac, усмонли туркча “Alacahisar”) шаҳрида Бакр ибн Иброҳим Cajozade Travnicanin томонидан кўчирилган.
  2. Травник шаҳридаги Arhiv Srednje Bosne архивида No 59 рақамли нусха 1037/1627 йилда Муҳаммад ибн Юсуф Амирзода Буснавий томонидан кўчирилган.
  3. Сараево Шарқшунослик Институти кутубхонаси No 4709. Ушбу нусха 1044/1634 йилда Умар ибн Ҳасан Буснавий Сарожий томонидан кўчирилган. “Муин ал-муфтий”нинг Ўзбекистонда сақланувчи нусхалари ҳақида маълумот учрамади. Ускубийнинг иккинчи асари “Заҳир ал-қузот” ҳам Туркия кутубхоналарида сақланади. “Муин ал-муфти”даги фатволарни ўз мазмунига кўра қуйидаги уч қисмга бўлиш мумкин: 

а) илоҳиёт илмига доир масалалар;

б) маҳаллий урф-одат, маданият, диний хусусиятга хос фиқҳий масалалар;

в) суфийлик тариқатлари, уларнинг амалиёти билан боғлиқ саволлар.

Ускубий асаридаги ҳар бир фатво одатда икки қисмдан тузилган – усмонли туркча савол ҳамда жавоб қисми. Жавоб қисми одатда қисқа усмонлича матндан иборат. Ундан сўнг муаллифнинг жавобига асос бўлган асл арабча манбадан иқтибос келтирилади. Асардаги фатволарнинг умумий сони мингтадан ортиқ.

“Муин ал-муфтий”даги фатволарни услубига кўра ҳам уч турга ажратиш мумкин:

а) арабча манбадаги фатво усмонли туркчага айнан таржима қилиш билан чекланган;

б) арабча фатвога Ускубийнинг усмонли туркча фикри қўшимча қилиб изоҳланади;

в) арабча манбадан қисқа жавоб келтириш билан чекланилган. Бу хил фатволар асарда  жуда кам.

Маълум бўлдики, “Муин ал-муфти” иқтибослардан таркиб топган жамланма фатволар тўпламидир. Шу билан бирга мазкур тўплам ҳанафий мазҳабининг 16-асргача тарихи бўйича нафақат Усмонли турк империяси, балки Ўрта Осиё ҳудуди бўйича ҳам қимматли манба вазифасини бажариши мумкин. Қуйида келтириладиган иккита иқтибос бунга асос бўлади: “Муин ал-муфтий”даги иқтибослар таҳлил қилинганида, уларнинг асосий қисми Ўрта Осиёлик фақиҳларга тааллуқли экани аниқланди: “Фатово Қозихон” (183 марта), “Муҳит Сарахсий” (98), “Хулосат ал-фатово” (86), “Ҳидоя” (64), “Фусул ал-имодиййа” (34), “Татиммат ал-фатово” (36), Абул Лайс ас-Самарқандий (22), “Мабсут” ас-Сарахсий (21), Шамс ал-аимма ас-Сарахсий (17), “Захират ал-фатово” (15), Ҳалвоний (14), “ал-Воқиъот ал-ҳусомийя” (22), “Қунйа” (13), “Мажмаъ ал-фатово” (10), Садр аш-шариа ас-соний (9), “Навозил” (9). Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Усмонли Туркия мадрасаларида Ўрта Осиёда ёзилган барча фиқҳий асарларнинг нусхалари мавжуд бўлган. Бу асарлар кейинчалик Болқон ярим оролидаги мусулмон ҳудудларга ҳам олиб кетилган.

Зафар Нажмиддинов,

Тарих фанлари номзоди, доцент

Ўзбекистон халқаро ислом академияси докторанти

Қўшимча малумот

Имом Мотуридий ҳаёти ва фаолиятига чизгилар
Муаллиф: Аҳмад Саъд ДаманҳурийТаржимонлар: С.Абдуллаев, О.Икромбеков🗓 Сана: 2023📝 Ҳажми: 264 бет📖 Ушбу китоб мисрлик мотуридийшунос олим Аҳмад Саъд Даманҳурийнинг Имом...
ЗАМОНАВИЙ ТАРИҚАТЧИЛИКНИНГ ИЖТИМОИЙ ЗАРАРЛАРИ
Тасаввуф таълимоти узоқ даврлар мобайнида жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталарини илдиз отишига замин яратган. Ҳозирги пайтда дунёнинг кўп...
УЛАМОЛАР СОХТА CУФИЙЛИК ҲАҚИДА
Тарихан, инсон қалбини поклаш, уни руҳий-маънавий жиҳатдан юксалтиришни мақсад қилган тасаввуф таълимоти юртимизда кенг тараққий этиб келган. Тасаввуф йўлида риёзат...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry