17.05.2021
297

Др. Давронбек Махсудов: "Мотуридийлик ақидаси бизни бирлаштиради"

"Мотуридийлик таълимоти ёғду мисоли мусулмонларни тўғри йўлга йўналтиради. Уларнинг Aҳли сунна тамойиллари асосида бирлашувига хизмат қилади. Шу сабабдан мазкур таълимотга доимий эҳтиёж сезилади". 

 

МАРЯМ АЙБЕКА СИНАН

 

Ўзбекистондаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Др. Давронбек Махсудов билан Имом Мотуридий ҳақида суҳбатлашдик. У киши сабр-тоқат билан бизга марказнинг мақсади ва Имом Мотуридий ҳақида гапириб берди.

 

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази қачон ташкил этилган? Марказни очиш фикрини ким илгари сурган? Ўзбекистон Республикасининг ушбу марказни ташкил этишдан кўзлаган асосий мақсади ҳақида маълумот бера оласизми? Марказда қандай ишлар амалга оширилади? Марказнинг яқин ва узоқ истиқболдаги мақсадлари ҳақида маълумот берсангиз.

  1. Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 августдаги “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4802-сонли Қарори асосида ташкил этилган. Таъкидлаш керакки, ушбу марказнинг пойдеворига бундан бирмунча вақт илгари, 2020 йил 3-5 март кунлари ўтказилган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференцияда асос солинган эди.

Ушбу марказ мутафаккир аждодимиз, мотуридийлик таълимоти асосчиси Абу Мансур Мотуридий ва унинг издошлари меросини чуқур ўрганиш, уларнинг ақида ва калом илми ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу умуминсоний ғоялар руҳида тарбиялаш, уларда маънавий ва маърифий қарашларимизга ёт бўлган зарарли таъсирларга қарши мафкуравий иммунитетни кучайтириш мақсадида ташкил этилганини айтиш мумкин.

Ҳурматли доктор Давронбек Махсудов, ўзбекистонликлар Имом Мотуридийни қай даражада танийдилар? 

Маълумки, бугунги кунда қарийб 2 млрд.га яқин сунний мусулмонларнинг тахминан 750 млн. нафарини мотуридийлик ақидавий таълимоти издошлари ташкил этса, қолган қисми эса ашъарийлик таълимоти издошлари ҳисобланадилар. Бироқ уларнинг аксарияти ўзлари мансуб бўлган ақидавий таълимот асосчиси ҳақида етарли маълумотга эга бўлмасликлари мумкин. Шунга қарамай, улар ашъарийлик ёки мотуридийлик таълимоти издошлари сифатида эътироф этилаверадилар. 

Мустақилликнинг илк йилларида мотуридийлик таълимоти диний таълим муассасаларида ўқитиб келинган бўлса, бугунги кунга келиб, мазкур марказ олдига Имом Мотуридийнинг номини кенг жамоатчиликка халқчил тилда етказиш каби муҳим вазифа қўйилган. Айни вақтда Марказнинг Интернет ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида мотуридийшунослик соҳасида олинган илмий натижаларни оммалаштириш, яъни халққа етказиш ишлари амалга оширилмоқда. Умид қиламанки, илгари Имом Мотуридий ҳақида мутахассисларгина етарли маълумотга эга бўлган бўлсалар, бугунги кунга келиб Марказнинг фаолияти натижасида халқ орасида ҳам Имом Мотуридий номи танилиб бормоқда.

Бугунги кунда халқимиз Имом Мотуридий тимсолида буюк мутафаккир, қомусий олим, мотуридийлик таълимотининг асосчиси, ислом фалсафасига билиш назариясини илк бор татбиқ этган, ўз даврида турли бидъатчи оқимларнинг бузғунчи ғояларига қарши маърифат билан курашган алломани кўрадилар. Биз учун Имом Мотуридий барча мусулмонларнинг жипслиги ва бирдамлиги тимсоли бўлиб ҳам ҳисобланади.

Ислом дини ниқоби остида фаолият олиб бораётган сохта салафийлик, ваҳҳобийлик, шиалик ва бошқа оқимлар, радикал ҳаракатлар ҳақида нима дея оласиз? Абу Ҳанифа ва Имом Мотуридийнинг йўллари туркий миллатлар учун нажот йўли бўлиши мумкинми?

Жудаям муҳим ва қизиқарли савол бўлди. Тарихга назар ташласак, адашган оқимлар илк ислом даврида вужудга келганини кўриш мумкин. Жумладан, хорижийларнинг фаолиятини бунга мисол қилиб келтириш мумкин. Шундан сўнг мўътазилийлик, жаҳмийлик, мужассима, мушаббиҳа, қадарийлик, жабарийлик каби бир қатор оқимлар ҳам юзага келди. Улар ислом манбалари саналган Қуръон ва суннани бузиб талқин қилдилар. Натижада ягона бўлган Қуръон ва ҳадисларни бошқача тушунишлар, бу эса, бир эътиқоддаги диндошларнинг бўлиниши, бир-бирига адоватда бўлишига олиб келди.

Ишончим комилки, бундай бўлишида авваламбор, билимсизлик ва динни яхши билмаслик каби сабаблар бор.

Имом Мотуридий, Имом Ашъарий ва бошқа шу каби буюк ислом мутафаккирларининг амалий саъй-ҳаракатлари, жаҳолатга қарши маърифат асосида, яъни деструктив ғояларга қарши раддия услубидаги китобларни ёзиш билан қарши курашиш, оддий халққа соф ислом таълимотини етказиб беришда жонбозлик кўрсатиш орқали юқорида санаб ўтилган оқимларнинг фаолиятига чек қўйдилар. 

Бугунги кунда ҳам турли экстремистик ва террористик оқимларнинг бузғунчи ишларига гувоҳ бўлиб турибмиз. Жумладан, ҳизбут-таҳрир, “ИШИД”, сохта салафийлик, ваҳҳобийлик ва бошқа шу каби гуруҳлар мусулмонлар орасида ирқий, миллий, диний низоларнинг юзага келишига, эътиқодий бўлинишларнинг пайдо бўлишига, умуман, қирғинбарот қон тўкишларга сабаб бўлмоқда. 

Таъкидлаш лозимки, ислом чинакам инсонпарвар ва тинчликпарвар дин бўлиб, унда зўравонлик ва бузғунчиликнинг ҳар қандай кўриниши қатъй қораланган. Бунга кўплаб оят ва ҳадисларни далил қилиб келтириш мумкин. Шу нуқтаи назардан, мазкур адашган оқимларнинг муқаддас динимизга ҳеч қандай алоқаси йўқ эканини алоҳида таъкидлаш лозим. 

Айни вақтда марказ ҳам жаҳолатга қарши маърифат асосида, яъни Имом Мотуридий ва унинг издошлари бу борада қўллаган услуб ва методларнинг замонавий талқини орқали курашишни йўлга қўйишга интилмоқда.

Абу Ҳанифа ва Имом Мотуридийнинг йўллари туркий миллатлар учун нажот бўла олиши масаласига тўхталсак, сир эмаски, тарихда ушбу зотларнинг тутган йўллари мусулмон миллатларини бирлашишига сабаб бўлган эди.  Бугунги кунда ҳам шундай бўлишига ишончимиз комил. 

Муҳтарам доктор Давронбек жаноблари, Туркияда баъзи одамлар Имом Мотуридийни фақатгина мутафаккир сифатида эътироф этиб, унга ақида имоми сифатида эргашишга ҳожат йўқ, деб ҳисоблайдилар. Ўзбекистонда ҳам шундай фикрлайдиган инсонлар учрайдими? Сиз ўзингиз бундай қарашларга қўшиласизми?

Дарҳақиқат, Имом Мотуридийни нафақат ислом илмларини чуқур эгаллаган етук аллома, балки дунёвий илмлардан ҳам хабардор бўлган қомусий олим, буюк мутафаккир сифатида эътироф этиш лозим. У диний илмлар билан бир қаторда, дунёвий фан соҳаларида ҳам самарали илмий фаолият олиб борган. Жумладан, унинг калом илмига биринчилардан бўлиб билиш назариясини киритиши, ўз таълимотида ақлга алоҳида ўрин бериши фикримизнинг далили бўла олади. Бироқ, менинг фикримга кўра, уни фақатгина мутафаккир олим сифатида эътироф этиш тўғри эмас. Агар олимнинг илмий меросига назар ташлайдиган бўлсак, у “Таъвилот ал-Қуръон”, “Китоб ат-тавҳид” каби ақида илмига бағишланган асарларни ёзганини кўрамиз. Бу эса унинг ақида соҳасида етук олим ва имом бўлганини кўрсатади. 

Унга ақида имоми сифатида эргашиш масалага келсак, бугунги глобаллашув ва мафкуравий хилма-хиллик кузатилаётган бир вазиятда айнан мотуридийлик ва ашъарийлик каби таълимотлар мусулмонларнинг бирлашишида, исломга ёт бўлган турли иллатларнинг бартараф этилишида муҳим ўрин тутади. Ахир бутун дунё Имом Мотуридийни нафақат буюк ақида имом сифатида, балки бутун дунёда кенг тарқалган икки ақидавий йўналишдан бири – мотуридийлик таълимотининг асосчиси сифатида ҳам эътироф этмоқдаку. Буни ҳисобга олиш ҳам керак.

Ўзбекистонда барча юртдошларимиз Имом Мотуридийни асосан буюк ақида имоми сифатида биладилар ва унга шу нуқтаи назардан қарайдилар. Шу сабабли деярли барча Имом Мотуридий асос солган ақидавий таълимотга эргашиш лозим, деб ҳисоблайдилар. 

Имом Мотуридий асос солган аҳли сунна ақидавий таълимоти бугунги кунда дунёда ақидавий масалаларга боғлиқ муаммоларни бартараф этишда қандай ўрин тутади? Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори сифатида бунга оид айрим таклифларни айтсангиз.

Саволингиз учун ташаккур. Таъкидлаш лозимки, Имом Мотуридий асос солган таълимот пайдо бўлган даврдан ҳозирги кунга қадар реал ҳаётда амалий аҳамиятга эга бўлиб келган. Маълумки, ислом динида эътиқодда адашган тоифалар, бузғунчи гуруҳлар бугун пайдо бўлиб қолмаган. Уларнинг ғоявий илдизи илк ислом тарихига бориб тақалади. Ўз даврида забардаст ислом уламолари бундай оқимларга илмий асослантирилган раддияларни билдирганлар, уларга қарши маърифат билан курашганлар. Имом Мотуридий ҳам бу борада пешқадамлардан бири бўлган, шу сабабли ҳам унга “мусаҳҳиҳ эътиқод аҳли сунна” лақаби берилганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Ушбу мактаб вакиллари IX асрдан буён айнан ақида борасидаги ихтилофларга жавоб бериш ва мўътадил таълимотни тарқатиш бўйича самарали ишларни амалга ошириб келмоқдалар. Бизнинг олдимизда турган муҳим вазифалардан бири эса, уларнинг фикрларини замонавий талқинлар асосида жамоатчиликка етказишдан иборат. 

Умуман, мусулмонлар мотуридийликдек мўътадил таълимотга муҳтож. Чунки, ушбу таълимот маёқ каби мусулмонларга тўғри йўналишни кўрсатиб туради ва уларнинг аҳли сунна таълимоти доирасида жипслашишларига ва бирлашишларига хизмат қилади.

Марказ ва соҳа мутахассислари ҳозирда классик асарларни ўрганиш билан бир қаторда барча замонавий ахборот етказиш воситалари саналгаан ОАВ, ижтмоий тармоқлар орқали мўътадил таълимотни етказиш зарур саналади.

Имом Мотуридий ислом дунёсида бўлиниш ва тафриқаланишнинг олдини олишга хизмат қилган қандай қоидаларни жорий қилган? Улар ҳақида маълумот бера оласизми?

Саволингиз жуда ҳам қизиқарли бўлди. Биринчи навбатда шуни таъкидлаш лозимки, мотуридийлик таълимотида ақл ва нақлни мўътадиллик билан ушлаш орқали кенг жамоатчиликка ўрта йўл кўрсатиб берилган. Шу сабабли ушбу таълимот барча мусулмонларнинг эътиборига сазовор бўлган. Демак, шариат ва дин доирасида ақлдан ҳар қанча фойдаланса бўлади.

Сизнингча, бутун турк дунёсида мотуридийлик таълимотига бўлган эътибор сусайиб кетганми? Бу борада сизнинг фикр ва қарашларингиз қандай?

Ажойиб савол бердингиз. Менинг фикримча, бугунги глобаллашган даврда биз нафақат мотуридийлик, балки бошқа кўплаб бебаҳо қадриятларимиздан бироз узоқлашгандекмиз. Тўғри, ҳозирги кунга қадар мотуридийлик таълимоти турли тадқиқотчилар томонидан кенг ўрганилмоқда, айрим мутахассислар ақидавий матнларга замонавий шарҳларни яратиш устида ҳам илмий изланишлар олиб бормоқдалар. Лекин бугунги туркий дунёдаги ислоҳотлар натижасида яна биз мотуридийликка қайтмоқдамиз.

Имом Мотуридий ўзбек мусулмонлари томонидан қандай қабул қилинади? Имом Мотуридий ҳақида ўзбек халқи етарли маълумотга эгами? 

Ўзбекистонда ҳозирда мотуридийлик таълимоти ривожининг янги босқичи бошланди десам муболаға бўлайди. Чунки давлат ҳам халқ ҳам бунга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шунингдек ушбу таълимот Ўзбекистон бўйлаб кенг ёйилган ва барча аҳли илмлар уни тарғиб қилишга ҳаракат қиладилар. Тўғри, Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти ҳақида барча юртдошларимиз етарли маълумотга эга бўлмасликлари мумкин. Бироқ бу вақтнинг иши. Агар амалга оширатган ишларимизда бардавом бўлсак керкли натижаларга эршамиз. 

Туркий халқлар бирлиги ва ҳаётида мотуридийлик таълимоти қандай ўрин тутади? Бу борада сизда қандай таклифлар бор? Агар бу борада таклифларингиз бўлса, уларни Туркия Кенгаши доирасида тегишли мамлакатлар билан бўлишишни хоҳлайсизми?

Тўғри, бошқа халқлардан фарқли ўлароқ қадим туркий халқлар мотуридийлик таълимотига таянганлар. Эндиликда ҳам ушбу халқларни янада жипслашишига катта таъсир этади. Албатта, бу ҳолат Туркия Кенгаши доирасида ҳам ҳисобга олинади. Таъкидлаш керакки, Туркия Кенгаши борасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан билдирилаётган ташаббуслар бизни ҳар томонлама қувонтиради. 

Умуман олганда, мотуридийлик таълимоти нафақат туркий тилли халқлар, балки барча мусулмонларнинг бирлашиши, жипслашишида ҳам муҳим ўрин тутади.

 

Туркия газетаси мухбири 

Марям Айбека Синан

 

 

 

 

 

     

 

 

 

  

 

 

 

 

 

           

 

 

Қўшимча малумот

Имом Мотуридий ҳаёти ва фаолиятига чизгилар
Муаллиф: Аҳмад Саъд ДаманҳурийТаржимонлар: С.Абдуллаев, О.Икромбеков🗓 Сана: 2023📝 Ҳажми: 264 бет📖 Ушбу китоб мисрлик мотуридийшунос олим Аҳмад Саъд Даманҳурийнинг Имом...
ЗАМОНАВИЙ ТАРИҚАТЧИЛИКНИНГ ИЖТИМОИЙ ЗАРАРЛАРИ
Тасаввуф таълимоти узоқ даврлар мобайнида жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталарини илдиз отишига замин яратган. Ҳозирги пайтда дунёнинг кўп...
УЛАМОЛАР СОХТА CУФИЙЛИК ҲАҚИДА
Тарихан, инсон қалбини поклаш, уни руҳий-маънавий жиҳатдан юксалтиришни мақсад қилган тасаввуф таълимоти юртимизда кенг тараққий этиб келган. Тасаввуф йўлида риёзат...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry