01.08.2022
341

“ИМОМ МОТУРИДИЙ” – БИЗ КУТГАН АСАР

Мозий ҳақиқатнинг тарозусидир 

Улуғ аждодимиз, аллома, имом Абу Мансур Мотуридий ҳақида, у зотнинг салоҳияти, ақида, фиқҳ, тафсир илмига қўшган улкан ҳиссаси тўғрисида хос давраларда, анжуманларда кўп ва хўб эшитганмиз. Не ажабки, ҳазрат илгари сурган таълимот, ҳаётий-диний тутум, фалсафа бугун ҳам ўз кучини, ўз долзарблигини йўқотган эмас. Зеро, турли мафкуралар зимдан курашаётган, ҳар хил фирқалар кўпайган ҳозирги даврда миллатни, айниқса, ёшларни тарбиялашда, уларнинг маънавиятини ўстиришда, эзгуликка эш бўлишида, нотўғри йўллардан қайтаришда имом Мотуридийнинг улуғвор ғоялари, ўгитлари ўта муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари маънавиятга, маърифатга оид суҳбатларда улуғ аждодларимиз таълимотини кенг ёйишга, уларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида бадиий асарлар, фильмлар яратишга даъват қилиб келади. Чунки буюклар ибратини халқ орасида кенг тарғиб этишда, қалбларга сингдиришда адабиётнинг ўрни каттадир. Шу нуқтаи назардан қараганда, куни кеча Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида тақдимоти бўлиб ўтган, таниқли адиб Луқмон Бўрихон қаламига мансуб “Имом Мотуридий” романи худди шундай эзгу ниятда битилган, давр талабига мос, биз кўпдан бери кутган асар бўлди, деб бемалол айтишимиз мумкин. 

Романда сомонийлар замонасига хос тарихий воқеалар, жараёнлар қатида ҳазрати имом сиймоси якқол намоён бўлади.  Ўзбекистон қаҳрамони, йирик адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров китоб сўз бошисида таъкидлаганидек, ёзувчи Луқмон Бўрихон тарих саҳифаларида етиб келган маълумотларни мисқоллаб йиғиб, ўрганиб, таҳлил ва талқин қилиб буюк илоҳиётшунос олимнинг ҳаётий, инсоний қиёфасини бадиий тарзда ёртишга эришган. Роман мароқ билан ўқилади. Ўқувчини беҳад завқ-шавққа кўмади. Ҳатто, соҳа мутахассисларини ҳам баъзан зериктириб қўядиган илмий, ақидавий баҳс-мунозалар ҳам қизиқарли, ҳаяжонли ифода этилган. Энг муҳими, китобхон “Имом Мотуридий”ни ўқиб шунчаки қизиқарли, ҳаяжонли воқеалар занжирига ошуфта бўлиб қолмайди, балки қайсидир маънода илмга ҳам эришади. Баҳс-мунозаларда кўтарилаётган масалаларнинг ҳақиқатини, ақида бобидаги устивор йўналишларни ўрганиб олади. 

Бироз кенгроқ таърифлайдиган бўлсак, роман бадиий асар бўлишига қарамасдан уни ўқиган китобхон Ислом динининг соф ақидасидан ўзига хос таълим олади. Аҳли суннат вал жамоат мазҳабининг эътиқодий масалалари Абу Мансур Мотуридий номидан романдаги диалогларда моҳирлик билан сингдириб юборилган. Фикримча, айнан мана шу асарнинг энг асосий  жиҳатидир. Чунки  Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва у зотнинг саҳобаларидан нақл қилинган ва ота-боболаримиз амал қилиб келган эътиқод масалаларини билиш бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам муҳим ва долзарбдир. Зеро,  мана шу қадимий асосий эътиқодни, яъни аҳли суннат вал жамоат мазҳабининг эътиқодий масалаларни билмаганлар адашиб турли бузуқ ниятдаги янги чиққан ақидапараст фирқаларга эргашиб кетиши натижасида муқаддас ислом динимиз бузиб кўрсатилаётгани, бундай адашган ёшлар эса дунёҳамжамиятига катта ташвиш келтириб чиқараётгани бугун барчага маълум. Бир йирик халқаро конференцияда таъкидланганидек, бунинг давоси ‒ буюк бобокалонимиз Абу Мансур Мотуридий ҳазратлари кўрсатиб берган йўлдан юрмоқ ва ул зотнинг таълимотига амал қилмоқдир.   

Асарнинг тағин бир эътиборли жиҳати шундаки, гарчанд у мақтовга лойиқ улуғ зот ҳақида бўлса-да, муаллиф қаҳрамонини кўр-кўрона, баландпарвоз сатрлар тизмаси билан мадҳ этишдан қочади. Унинг дарвешона қиёфаси ва феъл-атворини, худди шу содда, оддий сурат остига улкан қалб, улкан билим, мустаҳкам эътиқод жо бўлганини самимий сатрларда маҳорат билан ифодалайди. У кишининг севгиси ҳам бошқача: хаёлотида жонланган пок, ҳур, гўзал сиймога кўнгил қўяди. Бу ерда адиб тасаввуф унсурларини яхши билиши, улардан унумли фойдалангани кўриниб турибди. Асарда имом Абу Мансур Мотуридийнинг баҳс-мунозараларга сабаб масалаларнинг моҳиятини чуқур англаши, билимдонлиги, закийлиги ишонарли, теран ифодаланган. Шунингдек, у зотнинг мардлик, ҳозиржавоблик, олижаноблик каби инсоний хусусиятлари ҳам сатрлар аро якқол кўринади. Умуман, Луқмон Бўрихон қаламига мансуб мазкур романда деярли барча образлар, персонажлар пухта ишланган. Муаллиф, гарчанд салбий йўсундаги образлар бўлишига қарамай, Восиқ Лаълий, Идрис Шомий каби образларни қоп-қора рангга бўяб ташламайди. Уларнинг, аввало илм эгалари эканлигини доимо назарда тутади. Илм эгалари эса табиийки, қатор инсоний фазилатлардан холи бўлмайди. Масалан, Восиқ Лаълий ўз насабига бино қўйиш, ҳасадга берилиш оқибатида болалик чоғларидан бери дўсти бўлган инсоннинг рақибига айланса-да, уни тез-тез виждон безовта қилиб туради. Жумладан, имом Абу Мансурни ҳоким жазолаш учун кетганини эшитиб изтиробга тушади, Мотуридийнинг ўлдирилишини асло хоҳламайди. Кўнглида тавба-тазарруга, соғинчга ўхшаш эзгу ўйлар чарх уради. Муҳаммад билан баҳслашиш учун унинг уйига борган Восиқнинг кечинмасини ёзувчи қўйидагича ифодалайди:

“Восиқ ва Муҳаммад қучоқ очиб кўришдилар. Восиқ дўстини бағрига босаркан, унинг озиб-тўзиб, бир тутамгина бўлиб қолганини пайқади. Ўкинчми, меҳрми, шафқатми кўнглидан лип этиб ўтди.”

Шу парчада ҳам биз ҳасад гирдобида сарсон юрган виждоннинг ғира-шира шарпасини илғаймиз.

Романдаги Холид Халаж образи ҳам ўзига хос. У табиатан мард, жасур жангчи. Салтанантга, динга садоқати бисёр. Лекин у очиқ душман билан майдонда савашишга ўрганган, холос. Тақдир тақозасига кўра  Самарқандга муваққат ҳоким бўлгач, олимлар ўртасидаги зиддиятларга, фитналарга дуч келади. Ҳамма аҳли илмни ҳам зиёли, тақводор деб билгани учун  осонгина алданади, қарама қаршиликлар гирдобида қолади. Сири фош бўлган Шомийни қатл қилган лаҳзадаги унинг руҳий ҳолатини ёзувчи чиройли, сермазмун ифодалайди:

“Холид Халаж худди хумори босилган майхўрдай энтикиб, сузилиб турарди. У қози томонидан жўнгина алдангани, оёғи сингани, аҳли пешво тилини тополмай хотинига куни қолгани, ҳамма-ҳаммаси учун гўё қасос олган эди.”

  Сомонийлар ҳукмронлиги даврида илму фан, маданият, адабиёт ва санъат гуллаб-яшнагани ҳақида тарихий асарлардан маълум. Луқмон Бўрихоннинг “Имом Мотуридий” романида жонлантирилган амир Аҳмад Сомоний образи ҳам ёрқин бўёқларда ўқувчига тақдим этилган. Мазкур шахснинг илмга, эътиқод масалаларига ғоят эътиборли эканлиги таъсирчан, жонли лавҳаларда ўз аксини топган. Дарвешона либосда ҳазрат Мотуридий зиёратига бориши, саройда ғоят жиддият билан олимлар баҳсини ташкил этиши, динга, илмга муносабати шулар жумласидан. Аҳмад Сомоний образи орқали ўтмишда барча ҳукмдорлар ҳам золим, жоҳил бўлмаганига, улар орасида адолатни, эътиқод софлигини, халқ манфаатини  жидду жаҳд билан ҳимоя қилганлари ҳам кўплигига яна бир карра гувоҳ бўламиз.

Албатта, мен бир оддий ўқувчи сифатида роман мутолааси жараёнида ўзим илғаган жиҳатларга бироз тўхталиб ўтдим, холос. Унинг бадиий хусусиятларини, ёзувчининг маҳоратини кенг ва чуқур таҳлил қилиш, таърифлаш адабиётшунослик мутахассисларига ҳавола. Лекин фурсатдан фойдаланиб, мазкур асарнинг энг муҳим хислатини тилга олиб ўтишни истардим. Луқмон Бўрихон аллома Абу Мансур Мотуридий ҳаёти ва ижоди ҳақида қалам тебратар экан, у зотнинг фаолиятдаги бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини, аҳамиятини йўқотмаган қирраларини бўрттириб кўрсатади. Ҳазрат имомнинг эътиқодда собитлиги, ислом ақидасининг жасур муҳофизи эканлиги, диний бағри кенглиги, илмга интилиши, илмгина дунёни қутқаради деб билиши шулар жумласидан. Холид Халаж маҳкум Шомийни қатл қилгач, ҳазрат изтироб билан айтган қуйидаги сўзлари гўё бугуннинг ҳам шиори каби жаранглайди:

“– Қилич иши?! Ул саваш майдонида эмасму? Ахир Идрис Шомий бу ён тиғ ўқталиб келмади. Анинг яроғи фикр эди, ғоя эди. Фикрни фикр ила, ғояни ғоя ила даф этмоқ, буни аҳли илм, аҳли қалам бажармоқ лозим эди.”

Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона, одилона сиёсатнинг туб моҳиятида юртимизни барча соҳаларда равнақ топтириш,  халқ фаровонлиги, Ватанимиз  шону шуҳратини дунёга ёйишдек эзгу ғоялар ётибди. Бунинг учун миллатни, айниқса, ёшларни юксак маънавият, маърифат руҳида тарбиялаш лозим саналади. Шунинг учун ҳам Президентимиз томонидан илмга, таълимга, адабиёт ва санъатга бемисл даражада эътибор қаратилган. Чунки мазкур соҳаларгина таълим-тарбия, руҳий юксалиш борасидаги энг муҳим омиллар сирасига киради. 

Шу нуқтаи назардан олиб қараганда ёзувчи Луқмон Бўрихоннинг “Имом Мотуридий” романи биз юқорида тилга олган эзгу мақсадларга хизмат қилишига ишонамиз. Янги Ўзбекистоннинг янгича дунё қарашига, янгича мавқеига мос шундай гўзал, сермазмун асарлар кўпаяверсин. 

 

                                                               Масъудхон ИСМОИЛОВ,

                                            Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти, тарих фанлари номзоди
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2022-йил 30-июл, 154-сон

 

 

Қўшимча малумот

Имом Мотуридий ҳаёти ва фаолиятига чизгилар
Муаллиф: Аҳмад Саъд ДаманҳурийТаржимонлар: С.Абдуллаев, О.Икромбеков🗓 Сана: 2023📝 Ҳажми: 264 бет📖 Ушбу китоб мисрлик мотуридийшунос олим Аҳмад Саъд Даманҳурийнинг Имом...
ЗАМОНАВИЙ ТАРИҚАТЧИЛИКНИНГ ИЖТИМОИЙ ЗАРАРЛАРИ
Тасаввуф таълимоти узоқ даврлар мобайнида жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталарини илдиз отишига замин яратган. Ҳозирги пайтда дунёнинг кўп...
УЛАМОЛАР СОХТА CУФИЙЛИК ҲАҚИДА
Тарихан, инсон қалбини поклаш, уни руҳий-маънавий жиҳатдан юксалтиришни мақсад қилган тасаввуф таълимоти юртимизда кенг тараққий этиб келган. Тасаввуф йўлида риёзат...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry