30.07.2022
290

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИНИНГ ЎҚИТИЛИШИ, ТАРИХ ВА БУГУНГИ КУН

Аҳли сунна вал-жамоанинг икки ақидавий таълимотидан бири бўлмиш мотуридия йўналишининг вужудга келиши, ривожланиши ва кенг ёйилиши ҳозирги Ўзбекистоннинг ўтмиши билан бевосита боғлиқ. Ушбу таълимотни баён қилиб берувчи асосий манбалар Шайх Абу Мансур Мотуридий (в. 333 ҳ.) раҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб “ат-Тавҳид” ва “Таъвилоту аҳлис-сунна” асарлари ҳисобланади. Кейинчалик бу таълимотнинг ривожига энг кўп ҳисса қўшган олим шубҳасиз Абул Муин Насафий (418/508 ҳ) раҳимаҳуллоҳ бўлиб, унинг “Табсиратул-адилла” асари Имом Мотуридийнинг “ат-Тавҳид” китобига маънавий шарҳ ва асарнинг кенг ёритиб берувчи баёни саналади. Шунингдек, Абул Муин Насафий раҳимаҳуллоҳнинг “ат-Тамҳид фи илмит-тавҳид” ва “Баҳрул-калом” асарлари мотуридия таълимотини оммага етказишда муҳим манба бўлиб келмоқда. Ундан кейинги даврларда мотуридийлик таълимоти йўналишида ёзилган асарлар юқоридаги манбаларга таянади.

Мовароуннаҳр мадрасаларида мотуридия таълимоти босқичма-босқич ўқитиб келинган. ХVI асрдан бошлаб то ХХ аср бошларигача бошланғич мактабларда Сўфи Оллоҳёрнинг туркий тилда назм қилинган “Саботул ожизин” китоби талабаларга ёдлатилган. Бу пайтда бошланғич мактаб талабасининг ёши кўпи билан 15 ёшгача бўлган. 

Мадраса таълими 15 ёшдан то 45 ёшгача давом этган. Фанлар уч хил ном билан аталган: шаръия, арабия ва ҳикамия. Мударрислар ҳар бир фандан уч хил китобдан дарс ўтганлар: матн, шарҳ ва ҳошия. Матнлар қисми барча мадрасаларда қатъий равишда таълим берилган. Шарҳлари эса, дарслик сифатида мударрисларнинг хоҳишларига қараб таълим дастурига киритилган. Ҳошияларни талабалар ўзлари ўрганиш жараёнида мустақил ўқиб кетишлари шарт ҳисобланган.

Шундай қилиб, олий мадрасаларнинг энг зўр мударрислари ҳар бир матн китобини асосан тўрт шарҳ билан бирга дарс берганлари учун таълимнинг энг юқори савияда ўтиши “Чор-китоби” ўқиш деб аталган. Бу тарзда ўқиб чиққан талабалар ҳамма жойда юксак қадрланган. Дунёга донғи кетган мударрислар эса, шарҳлар билан бир қаторда ҳошиялардан ҳам дарс айтганлар. Агар мударрис матнни шарҳ билан бирга ўқитмасдан, фақат матн ўқитаётган бўлса, шарҳ ўрнига, одатдан ташқари, ўзи хоҳлаган матн китобларини қўшиб ўқитган. 

Мадрасанинг биринчи босқичида Сирожиддин Ўший (в. 575 ҳ) раҳимаҳуллоҳнинг “Бадъул-амолий” қасидаси ёдлатилган. Шу билан бирга Нуриддин Али ибн Султон Муҳаммад Қорий (в. 819 ҳ.1606 м.) раҳимаҳуллоҳнинг “Зовъул-маолий” номли шарҳи ўқитилган. 

Иккинчи босқичда Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг “Ал-фиқҳ ал-акбар” матни билан бирга Абул Мунтаҳо Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Мағнисовий раҳимаҳуллоҳнинг шарҳи қўшиб ўқитилган. 

Кейинги босқичда Абу Ҳафс Умар Насафий раҳимаҳуллоҳнинг “Ал-Ақоид ан-насафия” матни ёдлатилиб, Саъдуддин Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ томонидан битилган “Шарҳул-ақоид ан-насафия” асари ўқитилган. Мударрис “Шарҳ ал-ақоид ан-насафия” китобидан дарс айтиш жараёнида Аллома Хаёлий, Мулло Аҳмад, Рамазон Афанди ва Мулло Илёс ҳошияларидан фойдаланган. Бундан ташқари қуйидаги ҳошиялар талабаларнинг мустақил ўқишлари учун вазифа сифатида белгилаб берилган: “Мулло Қосим”, “Қори Камол”, “Қул Аҳмад”, “Чалабий”, “Охунди Шайх”, “Абдурраҳмон” ва “Исматуллоҳ” ҳошиялари. 

Ниҳоят, сўнгги босқичда Жалолиддин Даввоний раҳимаҳуллоҳнинг “Шарҳ ал-ақоид ал-азудия” (Мулло Жалол) асари мударрис томонидан “Хонақоҳий” ҳошияси билан қўшиб ўқитилган. Талабаларга “Татиммат ал-ғавоший”, “Мавлоно Шариф”, “Абдулҳаким” ва “Такмилат ал-ҳавоший”.

Бир вақтнинг ўзида фанларнинг шаръий, арабий ва ҳикамий турларига оид битта-биттадан китоб биргаликда ўқитиб борилаверган. 

Мадрасаларда мотуридийлик таълимоти ақоид ва илми каломга доир китоблардан ташқари, тафсир фани орқали ҳам ўргатилган. Бу борада Абул Баракот Насафийнинг  “Мадорик ат-танзил ва ҳақоиқ ат-таъвил” асари, шунингдек, Носируддин ибн Умар ал-Байзовий  раҳимаҳуллоҳнинг “Тафсир ал-Қозий” асарига ёзилган “Шайхзода”, “Ҳусомиддин”, “Абдулҳаким” ҳошиялари алоҳида ўрин тутган. 

Ҳозирги Ўзбекистон мадрасаларида ҳам ўтмишдаги таълим услубига ҳамоҳанг равишда ўрта-махсус ислом билим юртларида ақоид фанидан дастлаб Сирожиддин Ўший (в. 575ҳ) раҳимаҳуллоҳнинг “Бадъул-амолий” қасидаси ёдлатилади. Шу билан бирга Нуриддин Али ибн Султон Муҳаммад Қорий (в. 819 ҳ.1606 м.) раҳимаҳуллоҳнинг “Зовъул-маолий” номли шарҳи ўқитилади. Мударрис манзумага ёзилган бошқа уламолар шарҳларидан кенг фойдаланади.

Кейинги босқичда “ал-Ақида ат-Таҳовия” матни ёдлатилиб, унга қўшимча равишда Абу Ҳафс Сирожиддин Ғазнавий шарҳи ўқитилади. Мударрис Акмалиддин Бобартийнинг “ал-Ақида ат-Таҳовия”га ёзган шарҳи ва бошқа манбалардан фойдаланади. 

Ўзбекистондаги Олий таълим ислом билим юртлари талабаларига ақоид фанидан Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг “Ал-фиқҳ ал-акбар” асари матни билан бирга Нуриддин Али ибн Султон Муҳаммад Қорий (в. 819 ҳ. 1606 м.)нинг “Минаҳ ар-ровз ал-азҳар шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар” китоби ўқитилади. Мударрис Низол Ол Рошшийнинг “ал-Бадр ал-анвар шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар” китобидан фойдаланади. 

Кейинги босқичда Абу Ҳафс Умар Насафийнинг “ал-Ақоид ан-насафия” матни ёдлатилиб, Саъдуддин Тафтазоний томонидан битилган “Шарҳул-ақоид ан-насафия” асари ўқитилади. Мударрис бу шарҳдан дарс айтиш жараёнида аллома Фарҳорийнинг “ан-Ниброс” номли асаридан ҳамда аллома Хаёлий, Рамазон Афанди ва Касталий ҳошияларидан фойдаланади.

Шунингдек, талабаларга тафсир фанидан ўқитиладиган Абул Баракот Насафийнинг “Мадорик ат-танзил ва ҳақоиқ ат-таъвил” асари орқали ҳам мотуридия таълимоти ўргатилади.

Ҳайдархон ЙЎЛДОШХЎЖАЕВ,

тарих фанлари номзоди

 

Қўшимча малумот

Имом Мотуридий ҳаёти ва фаолиятига чизгилар
Муаллиф: Аҳмад Саъд ДаманҳурийТаржимонлар: С.Абдуллаев, О.Икромбеков🗓 Сана: 2023📝 Ҳажми: 264 бет📖 Ушбу китоб мисрлик мотуридийшунос олим Аҳмад Саъд Даманҳурийнинг Имом...
ЗАМОНАВИЙ ТАРИҚАТЧИЛИКНИНГ ИЖТИМОИЙ ЗАРАРЛАРИ
Тасаввуф таълимоти узоқ даврлар мобайнида жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталарини илдиз отишига замин яратган. Ҳозирги пайтда дунёнинг кўп...
УЛАМОЛАР СОХТА CУФИЙЛИК ҲАҚИДА
Тарихан, инсон қалбини поклаш, уни руҳий-маънавий жиҳатдан юксалтиришни мақсад қилган тасаввуф таълимоти юртимизда кенг тараққий этиб келган. Тасаввуф йўлида риёзат...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry