29.07.2022
207

АЛОУДДИН АЛ-УСМАНДИЙ АС-САМАРҚАНДИЙНИНГ МОТУРИДИЯ ТАЪЛИМОТИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Мовароуннаҳр халқларининг маънавий мероси хазинасида муҳим ўрин тутган фақиҳ ва мутакаллимларнинг меросини ўрганиш халқимизнинг бугунги маънавий уйғонишида ғоят катта илмий ва амалий аҳамият касб этади. Марказий Осиё фақиҳларининг ҳар бири ўз илмий услуби ва яшаган даври шароитига қараб ислом ҳуқуқи, айниқса, ҳанафий мазҳаби ривожи йўлида салмоқли хизматлар қилиб, ўзларидан барҳаёт асарлар қолдирганлар. Шундай алломалардан бири, ўз даврининг етакчи фақиҳ ва мутакаллим олими, мутафаккир Муҳаммад ибн Абд ал-Ҳамид ал-Усмандий ас-Самарқандийдир. Аллома ҳозирги кунгача ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган улкан илмий мерос қолдирди. Хусусан, унинг қаламига мансуб “Лубоб ал-калом”, “Тариқат ал-хилоф байн ал-аслоф”, “Базл ан-назар фи ал-усул”, “Ҳаср ал-масоил ва қаср ад-далоил” ва “Мухталаф ар-ривоя” асарлари алоҳида аҳамиятга эга.

Олимнинг тўлиқ исми – Абу-л-Фатҳ Алоуддин Муҳаммад ибн Абд ал-Ҳамид ибн Умар ибн ал-Ҳасан ибн ал-Ҳусайн ал-Усмандий ас-Самарқандий бўлиб, туғилган ва вафот этган йили ҳақида манбаларда турли маълумотлар келтирилган. Баъзи манбаларда “Аллома 408/1017 йилда Самарқандда туғилиб, 502/1109 йилда шу ерда вафот этган”, деб келтирилса, кўпчилик манбаларда “У 488/1095 йили Самарқанд қишлоқларидан бири “Усманд”да таваллуд топиб, 552/1157 йилда 64 ёшида вафот этган”, дейилади. 

Табақот асарларида Абу-л-Фатҳ Муҳаммад ибн Абд ал-Ҳамид ибн ал-Ҳусайн ибн ал-Ҳасан ибн Ҳамза ал-Усмандий, Самарқанд аҳлидан бўлиб “Оламнинг устуни” (“ал-Ало ал-олам”) сифати билан машҳурдир, деб келтирилади. 

Ёзма манбаларда аллома туғилиб ўсган жойнинг “Асманд” ёки “Усманд” деб номланиши билан боғлиқ кўпгина ихтилофлар мавжудлиги келтирилган. Баъзи олимлар бу жой “Асманд” деб номланган ва алломанинг нисбати Асмандий бўлган, деб келтиришса, бошқалари қишлоқнинг номини “Усманд”, яна баъзилари эса “Саманд” шаклида баён этганлар. 

Алломанинг отаси – Абд ал-Ҳамид ибн Умар ал-Усмандий Самарқанднинг етук олимларидан саналиб, сўзга чечанлиги ва моҳир ваъзхонлиги билан ҳам халқ орасида танилган. Тўлиқ исми – Абу Муҳаммад Абд ал-Ҳамид ибн Умар ибн ал-Ҳусайн ибн ал-Ҳасан ибн Ҳамза ибн Тоҳир ал-Усмандий бўлиб, манбаларда унинг фақат исми ва у ривоят қилган ҳадисгина ёзиб қўйилган. Унинг бирор мансаб эгаси ёки ўз даврида мавқеи қандай бўлгани, ҳатто туғилган ёки вафот этган йиллари ҳақида ҳам бирорта маълумот келтирилмаган.  

Кўпчилик манбаларда аллома отасининг исми “Абд ал-Ҳамид”, баъзисида “Абд ал-Мажид” ёки “Абд ар-Рашид” шаклида қайд этилган. Баъзи табақот муаллифларининг ал-Усмандий ўрнига ар-Розий нисбасини қўллаганликлари ҳамда Абу Ҳомид, Абу Бакр каби куняларни зикр этганликлари истинсох (нусха кўчириш)даги хато туфайли юзага келганлигини айтишимиз мумкин. Отасининг исми ва кунясидаги тартибсизлик сабабидан Каҳҳола ўзининг “Муъжам ал-муаллифийн” асарида бу исм билан иккита алоҳида кишини зикр этиб келтирган. 

Аллома отасининг кучли муҳаддис ва ҳадис ровийси бўлганлиги ёш Алоуддиннинг ўзига хос илмий муҳитда камол топганлигига далолат қилади ҳамда келажакда ўз даврининг етук фақиҳи ва мунозарачи олими бўлиб етишишига мустаҳкам замин яратиб берган эди. Ёзма манбаларда Алоуддиннинг ҳаёти ҳақида жуда кам маълумотлар келтирилган. Фақат унинг 64 йил умр кўриб, 552/1157 йилда (баъзи манбаларда Бухорода) вафот этганлиги қайд этилади , холос. 

Аксар тарихчи олимларнинг асарларида алломанинг илм талабида кўплаб мамлакатларга сафар қилганлиги ҳақида ҳам қайд этилади. Абу Саъд Абд ал-Карим ас-Самъонийнинг таъкидлашича, Муҳаммад ибн Абд ал-Карим аш-Шаҳристоний аллома билан Марвда бир неча бор учрашган. Бундан ташқари, Усмандийнинг Абу Ҳафс Нажмуддин Умар ан-Насафий, Абу-л-Муийн ан-Нашвоний, Алоуддин ас-Самарқандий ва Нуруддин Аҳмад ибн Маҳмуд ас-Собуний каби мотуридия мазҳабининг йирик намояндалари билан ҳамаср бўлганлиги қайд этилади. 

Таниқли араб олими Абу-л-Вафо ал-Қураший ўзининг “ал-Жавоҳир ал-музийа фи табақот ал-ҳанафийа” (“Ҳанафий уламолар таржимаи ҳолларидаги ёрқин жавҳарлар”) асарида келтиришича, аллома 552/1157 йилда Бағдодга Шамс ибн Ҳисом ибн Бурҳон билан биргаликда муборак ҳаж ибодатини адо этиб қайтган. 

Алоуддин ал-Усмандий ўз илмий фаолиятини асосан, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида олиб борган бўлиб, шунингдек, ўша даврдаги кўпчилик замондошлари каби илм талабида кўпгина мамлакатларга сафар қилган.

Манбаларда унинг Ҳижоз мамлакатларига, хусусан, ҳаж ибодатини адо этиш мақсадида Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварага сафар қилганлиги, қайтишда Бағдод, Марв ва шу каби ўша даврнинг кўзга кўринган илм ўчоқларига бориб уламолар билан турли масалалар бўйича илмий баҳс-мунозараларда иштирок этганлиги қайд этилган. 

Манбаларда келтирилишича, аллома фиқҳ илмини устози Ашраф ибн Муҳаммад ал-Алавийдан олган. Имом Ашраф ал-Алавий эса фиқҳ бўйича таълимни отаси Абу-л-Ваззоҳ Муҳаммад ал-Алавийдан, у эса отаси Абу Шужоъ ал-Алавийдан олган ҳамда ундан ҳадис ривоят қилган.

Ас-Самъоний “аз-Зайл” асарида зикр қилишича, у ҳақда Марв қозиси Қози Муҳаммад ибн Утба ас-Сойиғий ривоят қилган. Имом Ашраф ал-Алавийнинг отаси Самарқанддаги Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳу мадрасасида таҳсил олган. Ҳижозга сафар қилиб, Бағдодга ҳожи бўлиб келган ва Самарқандга қайтиб умрининг охиригача дарс бериш ва илмни ёйиш билан шуғулланган. 491/1098 йилнинг шаввол ойида 54 ёшида вафот қилган ва Самарқанддаги машҳур “Чокардиза” қабристонига дафн этилган.

Шунингдек, манбаларда алломанинг Али ибн Умар ал-Харротдан ҳадис тинглаганлиги ҳақида келтирилади. 

Алоуддин Усмандий ҳадис борасидаги илмларини “Садр аш-шаҳид” лақаби билан машҳур бўлган Ҳусомиддин Умар ибн Абд ал-Азиз ибн Моза ал-Бухорийдан ўрганган. Аллома устозининг “Шаҳид” деб номланишига сабаб, 536/1141 йил Султон Санжар билан қорахитой Гурхон орасида рўй берган “Қатавон” жангида қатнашиб, унда Султон Санжар мағлубияти туфайли душман қорахитой Гурхон қўлидан вафот топади. Шу сабабли, у шаҳидлик мартабасига эришади. Ушбу жангда уламолардан бир жамоаси ўлдирилган бўлиб, аксар олимлар томонидан уларга “шаҳид” даражаси берилган. Ҳисом аш-шаҳид, Садр аш-шаҳид, Саффор аш-шаҳид кабилар шулар жумласидандир. 

Алоуддин ал-Усмандий қатор исломий илмларда, айниқса, фиқҳ, ҳадис ва калом илми, шунингдек, турли мазҳаблар ўртасидаги ихтилофларни ўрганадиган махсус соҳа ҳисобланган илму-л-хилоф бўйича етук олим ҳисобланган. У мазкур соҳалардаги илм аҳллари орасида бўладиган баҳс ва мунозараларда ўзининг чуқур билими, беназир иқтидори ва фавқулодда салоҳияти билан ажралиб турган. Шунинг учун ҳам у илм аҳли орасида “ал-Ало ал-олам” (“Оламнинг устуни”), “ал-Ало” (“Устун”), “ал-Ало ас-Самарқандий”, “Алоуддин” (“Диннинг устуни”) каби юксак лақаблар билан машҳур бўлган. Алоуддин Муҳаммад ал-Усмандий биз авлодларга улкан илмий-маънавий мерос қолдирган бўлиб, уларнинг ҳаммаси араб тилида ёзилган. Қуйида алломадан бизгача етиб келган бой илмий-маънавий мерос намуналари ҳақида қисқача тўхталамиз: 

1. “Ҳаср ал-масоил ва қаср ад-далоил” (“Муайян масалалар ва қисқа далиллар”). Бу асар Нажмуддин Умар Насафийнинг “ал-Манзума фи илм ал-хилоф” номли китобига ёзилган шарҳ бўлиб, унинг учта қўлёзма нусхаси Истанбулдаги Сулаймония кутубхонасида сақланади. Алломанинг ушбу асарига кўплаб шарҳлар ёзилган. Имом ас-Суғдий, Абу-л-Мафохир Муҳаммад ибн Маҳмуд ас-Судайсий томонидан ёзилган шарҳлар шулар жумласидандир.

2. “Тариқат ал-хилоф фи ал-фиқҳ байн ал-а’иммат ал-аслоф” (“Ўтган алломалар ўртасида фиқҳ илмидаги ихтилоф йўллари”) асарида фиқҳ илмида фаолият кўрсатган кўплаб олимларнинг қарашлари ва фикр-мулоҳазаларидаги ихтилофларни баён қилган. Ушбу қимматли асар мисрлик тадқиқотчи олим Муҳаммад Закий Абдулбарр томонидан тадқиқ этилиб, 1990 йилда Қоҳирадаги “Дор ат-турос” матбаасида нашр этилган. 1992 йилда эса Шайх Али Муҳаммад Муъавваз ва Шайх Одил Аҳмад Абдулмавжуд каби олимлар томонидан таҳқиқ қилиниб, Ливан (Байрут)да “Дор ал-кутуб ал-илмийя” матбаасида нашр этилган.

3. “Базл ан-назар фи ал-усул” (“Фиқҳ асос-ларига чуқур назар”). Бу асар ҳам мисрлик тадқиқотчи олим Муҳаммад Закий Абдулбарр томонидан илмий тадқиқ этилиб, 1992 йилда, аввалги асар сингари, Қоҳира шаҳридаги “Дор ат-турос” матбаасида чоп этилган.

4. “Оламий” номи билан машҳур “ат-Таълиқа фи ал-фиқҳ” (“Фиқҳ илмида изоҳ”) номли асари фиқҳ илмининг фуруъ (тармоқлари) масала-ларига бағишланган бўлиб, қатор муаллифларнинг ёзишича, у бир неча жилддан иборат йирик асардир.

5. “ал-Амолий фи ат-тафсир” (“Тафсир илмида имло қилинган масалалар”) ёзма манбаларнинг далолат қилишича, алломанинг бу асари Қуръони каримга бағишланган тафсир ҳисобланади.

6. “Мухталаф ар-ривоя” (“Ривоятларнинг турлилиги”) бу асар фиқҳ илмига оид асардир. Мисрнинг “Дор ал-кутуб ал-Мисрийя” кутубхонасидаги Ҳанафий фиқҳи бўлимида 1815-рақамли қўлёзманинг 41789-рақам остида сақланаётган микрофильм нусхасида: “Мухталаф ар-ривоя” Муҳаммад ибн Абд ал-Ҳамид ибн Ҳусайн ибн Ҳасанга тегишли” деб ёзилган. Асарнинг дастлабки бетлари йўқ. Яна бир бошқа нусхаси эса Мисрнинг “Мустафо Фозил” кутубхонасидаги Ҳанафий фиқҳи бўлимида 119-рақамли қўлёзманинг 8356-рақамли микрофильми сақланмоқда.

7. Ҳанафий мазҳабига оид “ал-Муътариз ва ал-мухталиф” асари.

8. Абу-л-Лайс Наср ибн Муҳаммад Самарқандийнинг ҳанафий фуруъул фиқҳи (фиқҳ илми тармоқлари)га доир “Уйун ал-масоил” китобига шарҳ.

9. “Ал-Фавоид ал-Алоийя” асари.

10. Шайх Нуруддин Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад ас-Собуний ал-Ҳанафийнинг “ал-Ҳидоя мин усул ал-эътиқод ва илм ал-калом” асарига шарҳ.

11. “Лубоб ал-калом” (“Калом илмининг жавҳари”) асари.

12. Насафийнинг “Манзума”сига шарҳ. Ушбу асар илму-л-хилофга бағишланган;

13. “Ал-Мийзон фи усул ал-фиқҳ” (“Усулу-л-фиқҳда мезон”) асари. Асар уммонлик тадқиқотчи олим Доктор Навзат Содиқ Сулаймон томонидан ўрганилиб, 2009 йилда “Дор Дажла” нашриёти томонидан нашр этилган.

Манбаларда алломанинг турли соҳалар бўйича йигирмага яқин асарлар ёзгани қайд этилади. Ҳозирда уларнинг қўлёзма ва микрофильм нусхалари дунёнинг қатор кутубхоналари асосан, Туркия, Миср ва Саудия Арабистони қўлёзма фондларида сақланмоқда.

Алломанинг “Лубоб ал-калом”, “Тариқат ал-хилоф байна ал-аслаф”, “Мийзон ал-усул фи ал-фиқҳ” ва “Базл ан-назари фи ал-фиқҳ” каби асарлари бизгача етиб келган ва асосан Туркия, Миср ва Уммон тадқиқотчи олимлари томонидан ўрганилиб, нашр этилган.

Аллома ўзининг “Лубоб ал-калом” асарида калом илмига оид муҳим масалаларнинг таҳлилида, кўриниб турганидек, мотуридия ақидавий мазҳаби амал қилган тамойилларга таянган. Бу эса, ҳозирги ғоялар кураши авж олган бир даврда аждодларимиз қолдирган бой илмий-маънавий мерос халқимиз, хусусан, ёшларимизга муқаддас динимизнинг асл мазмун-моҳиятини тушунтириш, уларда мафкуравий иммунитет ҳосил қилиш, айниқса, ақидавий масалалар ҳақида баҳс юритувчи калом илмининг мотуридийя йўналиши қарашларини баён қилиш, ботил даъволарни илгари сураётган айрим оқим ва фирқаларга ғоявий зарба беришда дастуриламал сифатида муҳим омиллардан ҳисобланади. 

Мухтасар қилиб айтилса, муаллиф ўз ғоялари ва фикрларини асарларида баён қилишда Қуръони карим ва ҳадиси шарифларга алоҳида эътибор қаратиш билан бир қаторда, мутақаддим ўтган улуғ олимлар, хусусан, буюк ватандошимиз Имом Абу Мансур ал-Мотуридий каби аждодлармиз асарларидан кенг ва унумли фойдаланган. 

Отабек Муҳаммадиев,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот

маркази директор ўринбосари

Қўшимча малумот

Имом Мотуридий ҳаёти ва фаолиятига чизгилар
Муаллиф: Аҳмад Саъд ДаманҳурийТаржимонлар: С.Абдуллаев, О.Икромбеков🗓 Сана: 2023📝 Ҳажми: 264 бет📖 Ушбу китоб мисрлик мотуридийшунос олим Аҳмад Саъд Даманҳурийнинг Имом...
ЗАМОНАВИЙ ТАРИҚАТЧИЛИКНИНГ ИЖТИМОИЙ ЗАРАРЛАРИ
Тасаввуф таълимоти узоқ даврлар мобайнида жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталарини илдиз отишига замин яратган. Ҳозирги пайтда дунёнинг кўп...
УЛАМОЛАР СОХТА CУФИЙЛИК ҲАҚИДА
Тарихан, инсон қалбини поклаш, уни руҳий-маънавий жиҳатдан юксалтиришни мақсад қилган тасаввуф таълимоти юртимизда кенг тараққий этиб келган. Тасаввуф йўлида риёзат...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry