28.07.2022
257

АҚИДАВИЙ МАТНЛАРДА ОЛИМЛАРНИНГ МАВҚЕИ БОРАСИДАГИ ФИКРЛАР ТАВСИФИ

Илм жаҳолатнинг акси бўлиб, у кишининг ўқиш, ўрганиш ва ҳаётий тажрибалар орқасидан орттирган билимидир. Ислом нуқтаи назаридан Аллоҳ инсонни яратгач, унга илм олиш учун турли воситаларни, жумладан – эшитиш, кўриш ва ақл-идрокни ато қилди. Қуръони каримнинг: “Аллоҳ сизларни оналарингиз қорниларидан бирон нарса билмайдиган ҳолингизда чиқарди ва шукр қилишингиз учун сизларга қулоқ, кўзлар ва қалбларни берди” (Наҳл сураси, 78) оятида юқоридаги фикр ўз тасдиғини топган. Ислом – бу илм эканлиги Қуръонда нозил қилинган энг биринчи (Алақ сураси, 1–5) оятлар билан далолатлангани ақл эгаларига маълум.

Қуръоннинг 750 га яқин ўринларида илм, унинг инсон учун зарурлги ва у билан боғлиқ от ва феъл ўзаклари учрайди. Аллоҳнинг илми абадий ва чексиз бўлиб, унинг нақадар қудратли зот эканлигига далолат қилади. Илмга бошиданоқ катта эътибор қаратиш натижасида билим моҳиятига илоҳиёт, ҳуқуқшунослик, фалсафий, ижтимоий-ахлоқий каби мусулмон таълимотларида кенг ўрин ажратилган. Билимга интилиш ҳар бир мўмин- мусулмон ва муслиманинг бурчи ва вазифаси сифатида фарз қилинди (Ибн Можа, 224). 

Ислом таълимотига кўра, олимлар ўрни алоҳида ҳурмат-эътиборга эга бўлиб, мавқе нуқтаи назардан бошқаларга нисбатан юқори саналади. Аллоҳ Қуръонда: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур”, дейди (Мужодала сураси, 11-оят) Бундан ташқари, Қуръонда олимлар билан илмга эга бўлмаганлар ўзаро таққосланиб: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?! Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар” дейилади (Зумар сураси, 9-оят).

Илк ислом тарихидан кўриш мумкинки, олимларига нисбатан хурмат билан бир қаторда, уларга асоссиз равишда таъна-дашномлар тоши отилган ва турли туҳматлар қилинган. Табиийки, бу ишларни асосан дин душманлари ва бидъатчилар амалга оширганлар. Бундан ташқари олимлар орасида бўлиб ўтган қизғин баҳслар ва мазҳаб мутаассиблиги натижасида билдирилган фикрлар оқибатида ҳам ҳалқ орасида тарқалган турли-туман гаплар ҳам сабаб бўлган.

Аҳли сунна вал жамоа олимларини ҳақорат қилувчи, таҳқирловчи ва имонсизликда айбловчиларнинг йўлига назар ташланса, уларнинг услублари бир хил эканини кўриш мумкин. Бундай ноўрин ишларнинг сабаби сифатида, олимлар томонидан, ушбу мубтадиъ вакил адашишлари ва бидъатларини кўрсатиб берган вақтларида, уларнинг ўз камчиликларини тузатиш ўрнига ҳавои-нафсларига берилиб кетишларини келтирса бўлади. Олимларни ҳақорат илувчилар, ушбу амаллари билан нодон мусулмонлар кўз ўнгида ўзларини журъатли, уламолардан илимлироқ кўрсатишга харакат қиладилар. Ушбу мубтадиъ тоифалар етук олимларни обрў нуфузиини пасайтириш мақсадида уларни: “Бу олимлар ўз хоналарига беркиниб олиб, воқелик илмини (“фиқҳул-воқеъ) билишмайди”, “Сиёсий масалаларда уларга ишониш керак эмас”, “Улар раҳбарларга хайрихоҳ фатволарни беришади, чунки тобедирлар”, “Улар ҳайз ва нифос масаласидаги олимлар” ва шу зайлдаги беандиша иборалар билан қоралашади. Бу гаплар афақат ҳозир пайдо бўлган, балки мубтадиъ тоифадагиларга мерос бўлиб қолган қадим иллатлардандир.

Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Амр Уқайлий (ваф. мил. 934 й.) Ясаъ Абу Саъдадан ривоят қилиб мубтадиъ тарафдорларининг буюк илм соҳиблари ҳақида айтган ҳақоратларини ўзининг “Китабу-з-Зуафои-л-кабир” асарида: “Кунлардан бир кун Восил ибн Ато одамлар орасида гап бошлаган эди, Амр ибн Убайд: “Унинг гапларини эшитинглар. Ҳасан Басрий, Ибн Сирин, Иброҳим Нахаъий ва Шаъбийларнинг сўзларига келсак, уларда аёлларнинг нажасли латталаридан бошқасини топмайсизлар”, деган сўзларини келтиради. 

Ушбу фикрларнинг давоми сифатида Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Мусо Шотибий (ваф.1388 мил.) ўзининг “ал-Иътисом” асарида: “Бизгача бидъатга эргашувчиларнинг бир вакили фалсафани фиқҳдан устунлигини кўрастиш мақсадида: “Дарҳақиқат, Абу Ҳанифа ва Шофеий каби имомларнинг илмлари аёлларнинг хайз ва нифос тўғрисадаги масалалардан у ёққа ўтмаган” деган сўзлари етиб келди” деб таъкидлайди. 

Ушбу таҳқирлашларнинг бошида турган шахсларга назар ташланса, улар бидъатчи ёки мубтадиъ оқим ва гуруҳларнинг раҳнамолари эканлиги аён бўлади. Бу айбловларининг негизида, етарли илмга эга бўлмаган мусулмонлар орасида ушбу таниқли олимларнинг иззат ва билимларини пастлатиш, “такфир”, “жиҳод”, “мусулмон раҳбарга қарши чиқиш” (хуруж) ва бошқа исломнинг нозик ҳамда муҳим масалаларида уларга мурожаат қилмаслик каби ғаразли мақсадлар ётибди. 

Бу айбловлар ва таҳқирлашларни амалга ошираётган шахсларга баҳо бериш учун ҳадисларга мурожаат қилинса, Убода ибн Сомитдан келган ривоятга кўра Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом: “Орамиздаги кексаларимизни ҳурмат қилмаган, кичикларимизга раҳмли бўлмаган ва илм эгаларимиз ҳақларини билмаганлар бизлардан эмас” деганлар. Шунингдек, Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом саҳобаларидан Ибн Аббос: “Кимки бир фақиҳга озор берса, Расулуллоҳга озор берибди ва ким Расулуллоҳга озор берса, Аллоҳ азза ва жаллага озор берибди”, деган фикрни айтади. 

“Аҳли сунна вал жамоа” олимларининг бу тўғрисидаги фикрларига эътибор берилса, икки мазҳаб асосчилари Абу Ҳанифа ва Имом Шофеий: “Агар олимлар Аллоҳнинг валийлари бўлмаса, демак Аллоҳнинг валийлари йўқ экан” деган сўзларини келтириш мумкин. Яна бир мазҳаб асосчиси Аҳмад ибн Ҳанбал: “Дарҳақиқат олимларнинг гўштлари заҳарлидир! Ким уни ҳидласа касал бўлгай, тотиб кўрган вафот этгай” деб фикр билдирган. 

Қисқа сатрларда олимлик мезони ислом нуқтаи назаридан қандай белгиланиши ҳақида айтиладиган бўлса, олим шундай кишики, у ҳақида бошқа илм аҳллари ундан фатво ва илм олса бўладиган олим деб баҳо берган бўлишса, инобатга олинади. Бундай тавсияни “тазкия” (تزكيــة (дейилиб, бу борада Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан намуна олинган. “Қуръонни 4 кишидан: Ибн Масъуд, Убай ибн Каъаб, Муъоз ибн Жабал ва Абу Хузайфанинг мавлоси Солимдан таълим олинглар” (Бухорий, 3758). Ёки “Бу Умматнинг харом ва ҳалол масалаларини энг яхши билувчиси Муъоз ибн Жабал” (Ибн Ҳиббон, 7131). 

“Аҳли сунна вал жамоа” олимларини айблаш ва таҳқирлаш шу даражага етдики, хатто бу масала эътиқод даражасига кўтарилиб, машҳур уламолар ўзларининг ақидавий асарларида бу мавзуга алоҳида жумлалар ажратишди. Масалан, Абу Ҳанифа ўзининг “ал-Фиқҳу-л-акбар” асарида олимларнинг мавқеини юқори баҳолаб: “Ҳар кимга тавҳид ва ақида илмига доир бирор бир мушкул масала учраб қолса, то бирор олимни топиб, сўраб, аниқлаб олгунга қадар: “Аллоҳнинг наздида тўғри бўлганига эътиқод қилдим”, деб туриши зарур. Олимни излашда таъхир этмагай (кечиктирмагай). Таъхирга йўл қўйса узри қабул этилмас. Агар излашдан тўхтаса, кофир бўлур” дейди. Яъни олимга бўлган эҳтиёжни беъэтибор қолдириш диндан чиқиб қолиш хавфига олиб келишини уқтиряпти. Ҳанафий олими Абу Жаъфар Таҳовий (853-933) ўзининг “ал-Ақидату-т-Таҳовия” асарида: “Аввалда ўтган салаф уламолар ва улардан кейинги тобеийнлар – яхшилар ва асар аҳли ҳамда фиқҳ ва назар аҳли – фақат чиройли сўз билан тилга олинадилар. Кимда-ким уларни ёмон сўз билан тилга олса, бас, у тўғри йўлда эмас экан”, дейди. Олимнинг ушбу жумлаларини шарҳлар экан доктор Солиҳ ибн Абдулазиз ибн Муҳаммад Ол Шайх: “... фақат чиройли сўз билан тилга олинадилар”дан мурод, улар шариатни нақл қилувчилар ва шариат масалаларида фатво берадилар. Улар инсонларга Қуръондаги Аллоҳ сўзларининг маъносини ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг мазмунларини баён қилиб берадилар. Улар соф ақида, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини исбот қилиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат бериладиган мавзу, мункар ва ботил ҳадисларни рад қилиш билан динни ҳимоя қиладилар. Улар илмий ҳимоя билан шариат ҳимоячиларидир”, дейди. 

Муҳаммад Ол Шайх ўз фикрларида давом этар экан: “Олимларни яхшилик билан зикр қилиш ва уларни ёмонлик ва ҳақорат билан эсламаслик икки амрга бўйсунишдир:

Биринчиси: Аллоҳнинг ушбу сўзларига: “Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар (Тавба сураси, 71-оят) ва: Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур” (Мужодала сураси, 11-оят) ҳамда: “Агар уни Пайғамбарга ёки ўзларидан бўлган амирларга етказсалар, уни билиб олишни истовчилар ўшалардан (сўраб) билаверар эдилар” (Нисо сураси, 83-оят). Аллоҳ бу оятларда илмни ва илм аҳлининг фазилатини баён қилиб бермоқда. Ушбу оятларда Аллоҳни илм-маърифат билан таниганлари учун илм аҳли бошқа мўминлардан бир неча даража юқори туришлари кўрсатиб берилган.

Иккинчиси: Аҳли илмни хатога йўл қўйган нарсалари борасида ҳақорат қилиш, омма наздида шариатни ташувчилар ва шариатни нақл қилувчиларни таҳқирлашга киради. Бунинг натижасида инсонларда шариатга бўлган муҳаббат заифлашади. Гўё аҳли илм инсонлар наздида баланд мақом ва юксак даражада бўлмай қоладилар. Шундай бўлса, улар динни нақл қилаётган ва шариатни муҳофаза қилаётган нарса борасида шубҳага тушадилар. Бу ҳолатда ишлар васваса ва турли фикрларга айланиб қолади. Одамларга тушунарсиз бўлган фикрларни аҳли илмга қайтариш йўқолади. Натижада иймон арконлари узилиб кетади. Шунинг учун олимларни таҳқирлаш, саҳобаларни ёмонлик билан зикр қилишга тенг бўлади. Шу мақсадда Таҳовий саҳобалар розияллоҳу анҳум зикридан кейин олимларни келтирди”, деб таъкидлайди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, жамиятда олимларни юқорида айтилган мубтадиъ гуруҳ ва фирқа вакиллари сингари таҳқирлаш натижасида инсонлар орасида илм кўтарилади ва масалаларнинг ечими жоҳилларнинг қўлида қолиши муқаррар бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг: “Дарҳақиқат, Аллоҳ илмни бандалардан тортиб олмайди, уни уламоларни маҳв қилиш йўли билан тортиб олур. Одамлар бирорта ҳам уламо қолмаганидан динни тушунмайдиганларни ўзларига бошлиқ қилиб оладилар. Сўнг, улардан сўрайдилар. Улар билмасдан фатво айтадилар. Ўзлари ҳам адашадилар, ўзгаларни ҳам адаштирадилар” деган ҳадислари шунга далолат қилади. 

Шунинг учун ҳозирги кунда илм олиш имкониятлари ҳар тарафлама давлат томонидан яратилиб берилган бир пайтда, мавжуд олимлар ҳамда устозларнинг ҳаётий ва илмий тажрибаларидан кенг фойдаланиш ва бу олинган билимларни юрт ва жамият равнақи йўлида ишлатиш давр талабига айланган. 

Ҳабибулло Сагдиев,

Тарих фанлари бўйича фалсафа

доктори, доцент

Қўшимча малумот

Имом Мотуридий ҳаёти ва фаолиятига чизгилар
Муаллиф: Аҳмад Саъд ДаманҳурийТаржимонлар: С.Абдуллаев, О.Икромбеков🗓 Сана: 2023📝 Ҳажми: 264 бет📖 Ушбу китоб мисрлик мотуридийшунос олим Аҳмад Саъд Даманҳурийнинг Имом...
ЗАМОНАВИЙ ТАРИҚАТЧИЛИКНИНГ ИЖТИМОИЙ ЗАРАРЛАРИ
Тасаввуф таълимоти узоқ даврлар мобайнида жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталарини илдиз отишига замин яратган. Ҳозирги пайтда дунёнинг кўп...
УЛАМОЛАР СОХТА CУФИЙЛИК ҲАҚИДА
Тарихан, инсон қалбини поклаш, уни руҳий-маънавий жиҳатдан юксалтиришни мақсад қилган тасаввуф таълимоти юртимизда кенг тараққий этиб келган. Тасаввуф йўлида риёзат...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry