28.07.2022
253

АБУ МАНСУР МОТУРИДИЙ “ИРШОД АЛ-МУБТАДИИЙН” АСАРИНИНГ ТАЖВИД ИЛМИ ТАРИХИДАГИ ЎРНИ

Ўрта асрларда Самарқандда яшаб ижод қилган Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Ҳанафий Мотуридий Самарқандий (тахм. 257/870–333/944) фанда Қуръони каримни илмий асосда ўрганиб, бу ҳақда чуқур назарий хулосалар қилган ва Қуръон таъвили ва тажвиди бобида ҳам махсус асарлар ёзган машҳур аллома саналади. Унинг “Китоб ат-тавҳид”, «Таъвилот аҳл ас-сунна» (ёки “Таъвилот ал-Қуръон”), “Китоб ал-мақомот”, “Маъхаз аш-шаръ”, “Китоб радд ал-усул ал-хамса” (ёки “Китоб ал-усул”), “Фавойид” каби асарлари илм аҳли наздида катта эътибор қозонган. Мазкур асарлардан айримлари Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида ҳам мавжуд. Шу жумладан, “Таъвилот аҳл ас-сунна” асардан Институт фондида икки нусха бор: биринчиси – асарнинг иккинчи жилди, ўн иккинчи асрда кўчирилган энг қадимги нусха; иккинчиси –асарнинг унчалик тўла бўлмаган нусхаси.

Абу Мансур Мотуридийнинг илмий мероси кейинги асрларда қуръоний илмлар ривожига катта таъсир кўрсатди; уларга бир қанча шарҳлар ҳам ёзилган, тадқиқотларда олимнинг исми ёки асарлари номи эслатилади. Чунончи, ХII асрда яшаб ижод этган самарқандлик олим Алоуддин Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий томонидан ёзилган шарҳнинг ўн учинчи асрда кўчирилган қадимий қўлёзмаларидан икки нусхаси ЎзР ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида сақланади.

Абу Мансур Мотуридий илмий меросида ислом динининг қатор долзарб масалалари (Қуръони каримга шарҳ, мунозарали ақида ва тушунчалар, исломдаги баъзи оқимлар – муътазилия, қароматияга муносабат) таҳлил қилинганини кўрамиз. Мовароуннаҳрда олим ёзган асарларнинг қадимги нусхалари ва уларга ёзилган шарҳлар озми-кўпми борлиги, унинг илмий меросига эътибор сақланганидан дарак берса, баъзи нусхаларнинг XIX асрга тегишли эканлиги, унинг ўзига хос давомийлигини англатади. 

Ҳозирги вақтда Абу Мансур Мотуридий асарларидан баъзилари нашр этилганлиги билан бир қаторда, унинг ислом маданиятига қўшган ҳиссаси ҳақида қатор тадқиқотлар ҳам ёзиб чоп қилинган. Унинг асарлари мусулмон Шарқида ҳам, Европада ҳам ўрганиб келинмоқда.

Олимнинг юбилейи ўтказилган 2000 йили ЎзР ФА Шарқшунослик институти хазинасида Абу Мансур Мотуридийнинг форс тилидаги Қуръони карим тажвидидан иборат асарининг мукаммал қўлёзмасини топишга муяссар бўлдик; бу ҳақда илмий мақолалар ҳам чоп этилиб, асар мазмуни ҳақида илмий жамоатчилик эътиборига етказилди. Мазкур китоб Институт хазинасида 4019/II рақамли мажмуа таркибига киритилган (75 б – 112 б варақлар). Кўчирилган йили қайд этилмаган, бироқ қоғозига асосланиб XIX асрга тегишли дейиш мумкин. Асарнинг номи матн бошланишидан олдин келган қисқа маълумотномада «Иршод ал-мубтадиийн фий тажвиди Каломи рабб-ул-оламин» («Қуръон ўқишга киришганлар учун қўлланма») шаклида қайд этилган. Ундан сўнг асар муаллифининг исми «Жамолиддин Самарқандий, яъни Имом Абу Мансур Мотуридий» деб ёзилган ва маълумот олинган манба – “Шарҳи Қутбийа “ асари кўрсатилган. 

«Шарҳи Қутбийа» номли асар Шотибий асарига ёзилган шарҳлардан бири саналади ва унинг тўла исми манбаларда Абу Муҳаммад Қосим Фираъ Шотибий (ваф. 590/1194) шаклида берилган. “Шотибий” нисбаси унинг Андалусия (Испания)нинг Валенсия провинциясидаги Албаида (Албайза) дарёси бўйида жойлашган Хатива (Шатива) номли шаҳардан келиб чиққанини англатади. Шотибий Қуръони карим тажвидига оид араб тилида «Ҳирз ал-амани ва важҳ ат-таҳани» номли назмий асар ёзган. Унда Қуръони карим қироати тарихида машҳур еттита қорининг қироатлари ҳақида сўз боради. Бу асар ислом оламида кенг танилган бўлиб, форс тили ва бошқа тилларга таржима қилинган, унга кўплаб шарҳлар ҳам ёзилган. Шотибий китобининг шарҳларидан бирига бағишлаб ёзилган асарлардан бири “Қутбийяи шарҳи Шотибийя” деб аталади. Унинг ёзилган йили ҳақида маълумотга эга эмасмиз, лекин битта қўлёзмаси 1079 / 1668–1669 йили Пешаварда кўчирилгани маълум. 

Ўрта Шарқдаги форсийзабон муҳитда, Шотибий асари билан бирга, Имом Мотуридийнинг юқорида қайд этилган тажвиди ҳам кенг муомалада бўлган. Бошқача қилиб айтганда, Мовароуннаҳрда Қуръони каримни тажвид қоидалари асосида ўқиш анъанаси анча илгари бошланган, дейиш мумкин. 

Абу Мансур Мотуридий ўзи ҳақида китобнинг бошланғич сатрларида «камина Самарқандий» деб эслатиб ўтади ва унинг таъкидлашича, бир гуруҳ дўстлари, сен араб тилида кўп нарса ёзасан, бироқ бизлар ул ёзилганлардан ҳаммасининг ҳам мазмунини тўла англаб етавермаймиз; шу сабабдан, бизга форс тилида бирор нарса ёзиб бергил, деб илтимос қиладилар. Муаллиф мазкур асарни ўз даврида мавжуд адабиётлардан кенг фойдаланган ҳолда ва устози Шамсиддин Муҳаммад ибн Холид Жунбадийдан эшитган баъзи маълумотлар асосида ёзганини таъкидлаб ўтади. Шуни айтиш керакки, Абу Мансур Мотуридий фиқҳ ва калом соҳаларида ўз даврининг таниқли олимлари Абубакр Аҳмад Жузжоний ва Абу Наср Аҳмад Ибодийдан илм ўргангани ҳам манбаларда қайд этилган.

«Иршод ал-мубтадиийн» ўн бобдан иборат ва улар қуйидаги тартибда санаб ўтилган:

1-Фотиҳа сурасининг тажвиди; 2-ҳарфлар кетма-кетлиги тартиби; 3-ҳарфлар талаффузида равм ва ишмом ҳолатлари; 4-вуқуф; 5-идғом ва унинг хиллари; 6-маддлар, яъни Қуръонда ҳарфларни чўзиб ўқиладиган жойлар; 7-махориж (ҳарфларни тўғри талаффуз қилиш); 8-нуни сокин ва танвин; 9-таҳқиқ ва қироат ҳақида; 10-ҳижойи мусҳаф. Китобнинг охирги қисмида турли суралардан тажвид бобида мисоллар ҳам берилган.

ЎзР ФА Шарқшунослик институти хазинасида Абу Мансур Мотуридийнинг тажвидга оид яна битта форсча асарининг қўлёзмаси бор. Бу асар 12149 рақамли қўлёзма-мажмуанинг 60а63а варақларида берилган, XIX асрда кўчирилган; «Ушбу рисола шайх Абу Мансур Мотуридий, раҳматуллоҳи алайҳнинг «Фотиҳа сураси тажвиди китобидир», деган жумла билан бошланади. Иккала қўлёзма матнини қиёсладик. Улар асосан ўхшаш, лекин бир мунча фарқлари ҳам бор. 12149/IV рақамли қўлёзманинг матни 4019/II рақамли қўлёзма матнига нисбатан қисқартирилган. Демак 12149/IV рақамли қўлёзмадаги «Фотиҳа сураси тажвиди» номли рисола Абу Мансур Мотуридий томонидан ёзилган мустақил асардир (ёки кейинги кўчирувчи томонидан қисқартирилган).

Абу Мансур Мотуридий «Иршод ал-мубтадиийн» асарининг яна бир қўлёзмаси Теҳрон университети кутубхонасида сақланади. Тахминимизча, мазкур қўлёзманинг 1011 (1602) йилдаги нусхасидан 1201 (1788) йили кўчирилган. Иккала қўлёзмани қиёслаганда, Тошкент қўлёзмаси матни нисбатан тўлароқ эканлиги маълум бўлди. Теҳрон қўлёзмасида матн айрим жойларда қисқартирилган (ўнинчи бобнинг Мусҳаф нусхаларига оид катта қисми берилмаган) ва яна айрим таҳририй фарқлар ҳам мавжуд (Тошкент қўлёзмаси матнида ҳадислар тўлароқ берилган). 

Яна бир муҳим томони, Абу Мансур Мотуридийнинг ушбу тажвид асари, унда берилган қоидаларнинг мукаммаллиги жиҳатдан, тажвидга оид бошқа рисолалардан ажралиб туради. Бу асар кейинги давр уламолари ижодига ҳам таъсир кўрсатган ва Мовароуннаҳрда ундан тажвид соҳасида асосий манбалардан бири сифатида фойдаланганлар. Жумладан, Усмон ибн Ҳофиз Раҳмонқули Толиқонийнинг 1084 (1674) йили ёзилган ва 1115 (1704) йили Ҳофиз Муҳаммад Содиқ Бухорий томонидан кўчирилган тажвид қоидаларига оид «Хулосат ар-русум» рисоласида фойдаланилган манбалар зикр этиларкан, Меҳрон, Андароний, Саховий, Ибн Аммод, Шотибий, Жазарий, Исфаҳоний каби машҳур тажвидшунослар қаторида шайх Мансур Мотуридийнинг «Иршод ал-мубтадиийн» рисоласи ҳам кўрсатилган. Сайид Али ибн Азизон хожа Мир Ҳусайн Бухорийнинг 1107 (1695) йилда ёзилган ва 1282 (1865) йили Абдулваҳоб Абдулмуталлиб Охунд Шоший томонидан кўчирилган «Қироат ас-сабъатин» рисоласида «Бизнинг мазҳабимиз усулини эгаллаган, бизнинг Абу Мансур Мотуридий», деб қайд этилган.

Абу Мансур Мотуридийнинг «Иршод ал-мубтадиийн» номли тажвидга оид асарининг илмий ва амалий аҳамияти ҳозирги вақтда ҳам ўз долзарблигини сақлаб қолган. Аввало фан тарихи, аниқроғи, юртимизда Қуръони карим тажвиди илмининг ўтган асрлар давомидаги ривожини ўрганиш бўйича муҳимдир. Зеро, ватандошимиз Абу Мансур Мотуридий Мовароуннаҳрда биринчилардан бўлиб Қуръони каримни илмий асосда ўрганишга киришган, бу ҳақда чуқур назарий хулосалар қилган, хусусан Қуръон таъвили ва тажвиди бобида махсус асарлар ёзган олим саналади. 

Умуман олганда, Абу Мансур Мотуридий яшаган даврда Мовароуннаҳрда калом илмининг ривожланиши фалсафий-диний тафаккурнинг ўсганлигини, назарий хулосалар қилиш имкони кенгайганини, бошқача қилиб айтганда, аҳоли ўртасида умумий маданий ва илмий савиянинг ортганлигини англатади. Омма орасида Қуръон сураларини тажвид қоидалари асосида ўқишга эҳтиёж туғилиши ҳам бунинг ёрқин мисолидир. 

Абу Мансур Мотуридий илмий меросига бағишланган илмий тадқиқотларда, унинг қаламига мансуб бўлмаган ва кейинги асрларда бошқалар томонидан унга нисбат бериб ёзилган асарлар борлиги айтилади. Чунончи, Мотуридий илмий меросининг таниқли тадқиқотчиларидан бўлмиш Ульрих Рудольф бундай асарларни Мотуридий номидан ёзилган сохта асарлар деб номлаган. Ўзбекистонда Мотуридий илмий мероси бўйича бир қанча тадқиқотлар эълон қилган ва олимнинг асрлар давомида шуҳрати ортиб бориши билан унинг номини ўзлаштириб олиш ҳоллари кўпайиб борганини таъкидлаган.

Омонулло Бўриев,

Тарих фанлари номзоди, доцент

Қўшимча малумот

Имом Мотуридий ҳаёти ва фаолиятига чизгилар
Муаллиф: Аҳмад Саъд ДаманҳурийТаржимонлар: С.Абдуллаев, О.Икромбеков🗓 Сана: 2023📝 Ҳажми: 264 бет📖 Ушбу китоб мисрлик мотуридийшунос олим Аҳмад Саъд Даманҳурийнинг Имом...
ЗАМОНАВИЙ ТАРИҚАТЧИЛИКНИНГ ИЖТИМОИЙ ЗАРАРЛАРИ
Тасаввуф таълимоти узоқ даврлар мобайнида жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталарини илдиз отишига замин яратган. Ҳозирги пайтда дунёнинг кўп...
УЛАМОЛАР СОХТА CУФИЙЛИК ҲАҚИДА
Тарихан, инсон қалбини поклаш, уни руҳий-маънавий жиҳатдан юксалтиришни мақсад қилган тасаввуф таълимоти юртимизда кенг тараққий этиб келган. Тасаввуф йўлида риёзат...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry