26.07.2022
327

МОВАРОУННАҲР ТАСАВВУФИ ВА МОТУРИДИЙЛИК АҚИДАСИ

Мовароуннаҳрга ҳанафийлик таълимоти Абу Ҳанифа ҳаётлик давридаёқ Хуросон орқали кириб кела бошлаган. Илк аббосийлар даврида Хуросоннинг Мовароуннаҳр ҳудудига яқин шаҳарларида ҳанафийлар устун бўлгани манбаларда қайд этилади. Ҳанафийлик таълимоти нафақат фиқҳий, балки ақидавий масалаларга ҳам ўз таъсирини ўтказди. Шу билан бир қаторда, диндаги руҳий йўналиш, яъни тасаввуф ҳам Мовароуннаҳрда ҳанафийлик таъсирида бўлди.

Мовароуннаҳрдаги илк тасаввуф даври Ҳаким Термизий, Абу Бакр Калободий, Юсуф Ҳамадоний каби шахсиятлар номлари билан боғлиқ. Юқорида номлари зикр этилган алломаларнинг  асарларида ақида масаласида ҳанафийлик анъаналари яққол акс этади. Гарчи юқорида номи келтирилган олимлар Абу Мансур Мотуридийнинг асарлари билан таниш бўлганлари ҳақида маълумотлар учрамаса-да, аммо уларнинг йўналиши ҳанафийлик-мотуридийлик тамойилларига мутлақ тўғри келади.

Тасаввуф вакиллари мовароуннаҳрлик ҳанафий фақиҳлар билан яхши муносабатда бўлганлар. Зеро, аксар мовароуннаҳрлик суфийлар фиқҳда ҳанафийлик мазҳабига эргашганлар.

Мовароуннаҳрнинг энг кўзга кўринган ҳамда минтақа тасаввуфий таълимотлари асослари яратилишига муҳим ҳисса қўшган Муҳаммад ибн Али Ҳаким Термизий (ваф. 932 й.) яшаган дастлабки даврда фиқҳий нуқтаи назардан ҳанафий мазҳаби кенг тарқалган эди. Ҳаким Термизий ҳам ҳанафий мазҳабида бўлган. Ҳаким Термизийнинг ҳанафий мазҳабида бўлганини унинг «Баён ал-фарқ» асарида имон ҳақида келтирган қуйидаги фикрлари ҳам тасдиқлайди. Чунончи, у бундай ёзади: «Имон жумҳур уламолар наздида ва шариатга кўра Ҳақни тасдиқ этиш, қалб билан қабул қилиш ва тил билан тасдиқлашдир. Имон ўз зотига кўра қуёш каби ноқис бўлмайди (камаймайди), лекин худди қуёш нурининг тафти ҳавода булут, туман, қаттиқ иссиқ ёки қаттиқ совуқ турганда камроқ бўлгани каби имон нурининг тафти ҳам баъзи сабабларга кўра камаяди». Ушбу қарашлар Абу Ҳанифанинг «ал-Фиқҳ ал-акбар» асаридаги энг асосий мавзулардан ҳисобланган имон ҳақидаги фикрларига тўлиқ мувофиқ келади.

Минтақадан аҳли ҳадиснинг энг таниқли вакиллари Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Доримий ва бошқа бир қанча буюк муҳаддислар етишиб чиққанига қарамасдан, бу ерда аҳли ра’йнинг мавқеи анча баланд эди. Буни сиёсий-ижтимоий вазият билан бирга, албатта, минтақадаги ҳанафий мазҳаби уламоларининг самарали фаолиятининг натижаси, деб баҳолаш мумкин.

Умуман олганда, Ҳаким Термизий жуда сермаҳсул аллома бўлган. Унинг 60 га яқин асари ҳамда савол билан мурожаат қилган замондошларига ёзган 200 дан зиёд рисола ва мактублари бизгача етиб келган. Ундан кўплаб Мовароуннаҳр суфийлари таъсирланганлар. Айниқса, нақшбандия тариқати учун унинг асарлари катта аҳамиятга эга бўлган. Ҳаким Термизийнинг асарларида ҳанафийлик таъсири яққол сезилиб турса-да, аммо баъзи асарларида ҳанафийликдаги айрим услубларни танқид қилиб кетган ўринлар ҳам учрайди. Бундай ўринларни зоҳирий фиқҳий ва ботиний суфий қарашларнинг номутаносиблиги, деб ҳам баҳолаш мумкин. Ҳозирги кун ислом уламолари асарларида “тасаввуфий фиқҳ” атамаси қўлланилмоқда. Айнан Ҳаким Термизий шу масалани ўз даврида биринчилардан бўлиб илмий асослаб чиққан эди. Жумладан, миср муфтийси Али Жумъа ўз маърузаларида зоҳирий фиқҳ ва суфий фиқҳни фарқлаган. Суфий фиқҳ ўз навбатида ботиний фиқҳдан бошқа эканини кўрсатиб беради. Масалан “таҳорат” фиқҳий жиҳатдан муайян аъзоларни поклаш бўлса, суфиёна фиқҳ нуқтаи назаридан гуноҳлардан покланиш босқичидан бошланади. Суфий фиқҳ, яъни шаръий аҳкомларнинг суфиёна талқини ҳақида Имом Ғаззолий “Иҳё” асарида, ундан олдинроқ Ҳаким Термизий “ал-Акёс ва-л-муғтаррин” асарида, Имом Қасталоний “Асрор ас-сиём” асарида муҳокама қилганлар. Улардан кейингилар эса шу мазмунда уларнинг йўлини тутганлар. Хусусан, Ҳаким Термизий “ал-Акёс ва-л-муғтаррун” (Зийраклар ва ўзига ром бўлганлар) асарида таҳорат олиш мисолида бу мавзуни батафсил очиб беради: “Ўзига ром бўлган киши таҳоратида сувни кўп сарфлаб ҳаммаёғини хўл қилиб олиб, шу иши билан таҳоратини улуғламоқчи бўлади. Аллоҳнинг буйруғини тўлиқ бажарганлик ҳисси уни эгаллаб олади, ўз ичида ғурурлана бошлайди. Ваҳоланки, у таҳорат одобларини четга суриб қўйиб, сув қуйишга кўпроқ аҳамият қаратади. Унинг зеҳни таҳоратнинг ҳикмати, унинг мазмун-моҳияти, шаръий мақсадларидан холи. Зийрак киши эса, Аллоҳнинг муроди ва шариат мақсадларини кўзлайди”. 

Тасаввуфнинг минтақадаги кейинги ривожида бухоролик Абу Бакр Муҳаммад Калободий (ваф. 990/995 й.) ўрни муҳим. Тасаввуф анъанасини тизимлаштириш мақсадида Калободий томонидан ёзилган “Таарруф ли мазҳаб аҳл ат-тасаввуф” асарида Мовароуннаҳр ва бошқа минтақа суфийларининг ақидавий масалалар бўйича қарашлари очиб берилган. Асарда исломнинг илк уч асрида тасаввуфда кўтарилган мавзулар, суфийларнинг қарашлари, ихтилофли масалалар жамланган. Асар 75 бобдан иборат бўлиб, унинг 26 таси айнан ақидавий масалаларга бағишланган. “Таарруф”да 10 асрга қадар минтақа суфийларининг фиқҳий, ақидавий ва тасаввуфий масалаларга қаратилган қарашлари жамланган. Калободий китобдаги услубига кўра, аввал бир масала бўйича аксарият суфийларнинг фикрларини, бу хусусда нима деганларини зикр қилади, сўнгра масалага оид барча фикрларни келтиради. Кўп ўринларида шахсий муносабатини ҳам билдириб ўтади. 

Ғарб тадқиқотчиларининг хулосасига кўра, Калободий “Таъарруф”да Мовароуннаҳрнинг барча кўзга кўринган шайхлари Абу Ҳанифа издошлари бўлганини исботлашга уринган. Шунингдек, Калободий таълимотининг ўзига хос хусусияти ҳам шундаки, у шофеий/ашъарий ва ҳанафий/мотуридийларни илоҳиёт-ақида масалаларида бир хил кўришга интилади. Мотуридийлик ва ашъарийлик таълимотларини тенг кўриш анъанаси кейинчалик ҳам бир қатор олимлар асарларида ўз аксини топган. Шулардан энг кўзга кўрингани, Саъдуддин Тафтазоний (ваф. 1390 й.)нинг “Ақоид ан-Насафийя” асарига ёзган шарҳи ҳисобланади.

Калободий ўз асарида имон ҳақида суфийлар келтирган барча гапларни келтириб, амал ҳам имондан экани, имон зиёда ва ноқис бўлиши ҳақидаги қарашига мойил бўлади. Яъни бу масалада Калободий аҳли ҳадис қарашларига яқин бўлади. Умуман олганда, у юқорида айтилганидек, шофеий/ашъарий ва ҳанафий/мотуридийларни айрим илоҳиёт-ақида масалаларида мувофиқлаштиришга, улар ўртасида деярли ихтилоф йўқ, эканини асослаб беришга интилган.

Мовароуннаҳрда хожагон ва яссавия тариқатлари шаклланишида муҳим ўрин тутган машҳур суфий Юсуф Ҳамадоний (1048–1141) ҳам мотуридийлик анъанасининг давомчиси сифатида намоён бўлади. Яссавия тариқати эпоними – Аҳмад Яссавий ва хожагон шайхи Абдухолиқ Ғиждувонийни тарбиялаган Юсуф Ҳамадонийнинг Марказий Осиё тариқатлари, хусусан, нақшбандия шаклланишидаги ўрни жуда муҳим. Юсуф Ҳамадоний ҳақида унинг шогирди Абдухолиқ Ғиждувоний ЎзРФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланаётган “Рисолаи соҳибия” асарида шундай ёзади: “Яхши ёки ёмон ортидан намоз ўқир эдилар, қибла аҳлидан ҳеч кимни кофир демас эдилар. “Яхшилик ҳам ёмонлик ҳам тақдири Худодан”дер эдилар, Гўр азоби, Мункар-Накир савол-жавоби ҳақ, Расул шафоати, меърожи ҳақ, ашараи мубашшара жаннатийдир, дийдори Ҳақ таоло ҳақ, анбиёлар авлиёлардан афзалдир, имон ҳақиқатдир мажоз эмас. Имон камаймайди ҳам кўпаймайди ҳам, дер эдилар”. “Рутбат ал-ҳаёт” асарида эса Ҳамадоний “имон ва ислом бир нарсами?” саволига берган жавоби ҳам унинг ақидада ҳанафийлик йўлини тутганини исботлайди. Жумладан, у бундай дейди: “Юнус” сурасидаги оятда ислом ва имон калималари бир хил маънода қўлланнан: “Мусо деди: «Эй қавмим! Аллоҳга имон келтирган экансиз, бас, Унга таваккул ҳам қилингиз, агар мусулмон бўлсангиз, албатта». Саҳиҳ ҳадиси шарифда Пайғамбар (а.с.)дан “Имон етмишдан ортиқ бўлимдан иборат”, бошқа бир ҳадисда “Ислом етмишдан зиёд бўлимдир”, деб ривоят қилинган. Бу эса имоннинг ислом, исломнинг эса имон эканига далилдир”. Яъни Юсуф Ҳамадоний ўз йўли – хожагон асосини ҳанафий-мотуридий ақидаси тамойиллари устига барпо қилиш тавсиясини шогирдларига берган эди.

Юсуф Ҳамадонийнинг шогирди Аҳмад Яссавий “Девони ҳикмат” асарида тасаввуфий мавзулар билан уйғун ҳолда ақидавий масалаларни ҳам муҳокама қилади. Жумладан, 18-ҳикматда ёзади: 

Ожиз бўлиб ётқанда, фаришталар кирганда

“Ман Роббук” (Роббинг ким) деб сўрганда на қилғайман Худоё?

Элтиб гўрга қўйганда, етти қадам ёнғанда

Сўргувчилар кирганда, на қилғайман Худоё?

83-ҳикматда

Малак ул-мавт фармон бирлар жоним олса,

Оға ини барча йиғлаб куюб-ёнса,

Етти қадам босқандин сўнг хабар берса

Мункар-Накир кириб савол сўрар эрмиш.

Мункар-Накир кириб савол сўрур бўлса,

Ул ўтлиғ амуд бирла урур бўлса,

Яшин ёшнаб жону таним ўтқа ёнса

Қийнаб жоним тор лаҳадда куёр эрмиш.

Бу хусусда Абу Ҳанифа «ал-Фиқҳ ал-акбар» асарида: “Қабрда Мункар ва Накир исмли фаришталарнинг кириб, марҳумдан савол сўрашлари ҳақ ва ростдир. Қабрда бандага руҳнинг қайтарилиши, қабрнинг кофирлар ва баъзи гуноҳкор мусулмонларни сиқиши, уларнинг қабр азобини тортишлари ҳақ ва ростдир”, деб ёзган. 

Юсуф Ҳамадонийдан кейин ҳам нақшбандияда ҳанафийлик-мотуридийлик анъаналари давом этди. Айниқса, нақшбандия тариқатининг назарий тамойилларини тартибга келтирган машҳур нақшбандий шайхи Хожа Муҳаммад Порсо (1345–1419)нинг ижоди ҳам нақшбандия тариқатида мотуридия таълимотининг ўрни нақадар муҳим бўлганини кўрсатиб беради. Маълумки, Баҳоуддин Нақшбанднинг халифаларидан Яъқуб Чархий ва айниқса, Хожа Муҳаммад Порсо жуда сермаҳсул ижод қилиб, ўзларининг асарлари билан нақшбандиянинг тариқат сифатида шаклланишига муҳим ҳисса қўшган. Порсонинг нақшбандия тариқати учун дастур бўлиб хизмат қилган “Фасл ал-хитоб” асарида ҳам Имом Мотуридий ҳақида ҳамда унинг таълимотига асосланган ақидавий масалалар ечимини кўриш мумкин. Маълумки, “Фасл ал-хитоб” асари нақшбандийликда энциклопедик аҳамиятга эга бўлиб, унда 500 га яқин ақида, шариат, тариқат, диний фирқаларга оид масалалар ҳанафийлик нуқтаи назаридан муҳокама қилинган.

Жумладан, Порсо “Фасл ал-хитоб”да “Муқаллиднинг имони” ҳақидаги бобда Абу Ҳанифа, Абулҳасан Рустуғфаний ҳамда Абулҳасан Ашъарий ва мўътазилийларнинг ихтилофли гапларини келтириб ўтгандан сўнг, бу масалада мотуридияга мувофиқ равишда “муқаллиднинг имони саҳиҳ”, дея хулоса қилади: “Имон Аллоҳнинг ягоналиги ва бошқа сифатларини қатъий тасдиқ этишдир. Қатъий тасдиқ яхши мартабадир. Албатта, ориф банда муқаллиддан юқори даражада. Муқаллид ҳақ йўлда бўлса, у мўмин ҳисобланади”. Мотуридийликда шаҳодат калимасини тақлидан айтган киши ҳам мўмин ҳисобланади. Уларнинг имони зоҳиран эътиборга олинади, қалбларининг ҳолати Аллоҳга ҳавола қилинади. Ашъарийлик таълимотида эса, муқаллиднинг имони “диний ақидаларлар учун етарли эмас”, деб баҳоланади. Жумладан, ҳанафий уламо Абдураҳим ибн Али Шайхзода (ваф. 1538 й.) “Назм ал-фароид” асарининг “Муқаллиднинг имони саҳиҳми ёки йўқ?” деб номланган 26-фаслида ёзади: “Жумҳур ҳанафий олимлари тавҳид, нубувват каби дин арконларига тақлидан имон келтирган кишининг имони саҳиҳ бўлишига иттифоқ қилганлар. Жумҳур ашъарий машойихлари эса, диний арконларга тегишли масалаларда тақлидий имон етарли эмас (адам ал-иктифа’) эканлигини айтганлар. Шайх Ашъарий тақлидчининг имони саҳиҳлигига унинг барча масалаларда қатъий ақлий далилларни билишини шарт қилиб қўйган”.

Порсо “Фасл ал-хитоб”да алоҳида фаслни Имом Мотуридий ва Ҳаким Самарқандий васфига бағишлайди.

Порсонинг бошқа бир муҳим асари Абу Ҳанифанинг “ал-Фиқҳ ал-акбар” асарига ёзган шарҳи ҳисобланади. 

Баҳоуддин Нақшбанднинг яна бир халифаси Яъқуб Чархийнинг нақшбандийлар орасида энг кўп тарқалган, асрлар давомида қайта-қайта нашр этилган “Тафсири Чархий” асарида ҳам мотуридий ва унинг таълимоти асосида ақидавий масалалар муҳокама қилинган. Тафсири Чархийда Имом Мотуридийни “Ҳазрати раиси миллат”, “аҳли сунна ва жамоанинг пешвоси” деб келтирилиб, “Инфитор”, “Шамс” суралари тафсирида ундан иқтибослар келтиради. Шунингдек, унинг издоши Абул Муин Насафий (ваф. 1114 й.)нинг “Табсират ал-адилла” асаридан ҳам иқтибослар келтирилган. 

Мовароуннаҳр минтақасида тасаввуфнинг кейинги ривожи нақшбандия-мужаддидия тариқати билан кўп жиҳатдан боғлиқ. Маълумки, нақшбандия-мужаддидиянинг асосчиси ҳиндистонлик Аҳмад Сирҳиндий (1564–1624) ҳам ҳанафий мазҳаби таълимотининг ҳимоячиси сифатида намоён бўлган. Машҳур “Мактубот” асарида ҳанафий мазҳаби таълимотини бошқа мазҳаблардан устун қўйгани учун ҳам асосан бошқа мазҳаб уламолари адабиётларида унга таъналар билдирилган. Нақшбандия-мужаддидиянинг Марказий Осиё минтақадасиги энг ёрқин вакили Мусохон Даҳбедий асарларида ҳам айнан мотуридийлик тамойиллари устувор экани кўзга ташланади. ХVIII асрга келиб Бухорода ҳукмронлик қилган Манғитлар сулоласи даврида тариқатлар ва шайхларининг фаоллиги бирмунча сусайди. Айни вақтда илдизи хожагон-нақшбандия тариқатига бориб тақаладиган мужаддидия тариқати Марказий Осиёда кенг ёйила бошлади. Бу сулукнинг мазкур ҳудудда етакчи тариқатга айланиши бевосита ХVIII асрда яшаб ўтган тариқат пешвоси ҳамда Махдуми Аъзамнинг еттинчи авлоди Муҳаммад Мусохонхўжа ибн Исохўжа Даҳбедий (ваф. 1776 й.) билан боғланади. Тахминан 1756 йилларда Мусохон Даҳбедий нақшбандия тариқатини ўз диёри – Мовароуннаҳрга қайтариб олиб келди ва ривожлантирди. Мусохон Даҳбедий фаолиятининг муҳим жиҳати ҳам айнан шунда намоён бўлади. Мусохон Даҳбедийнинг бизга қадар етиб келган 10га яқин асари ичида “ад-Дурр ал-макнун” асарида тавҳид масаласини батафсил кўриб чиққан. Унга кўра тавҳид – Аллоҳни ягона деб билмоқ, шунга дил билан эътиқод қилмоқ ва уни тил билан айтмоқдир. Тасаввуфни Ҳиндистондан Ўрта Осиёга қайта олиб келган бу шахснинг эътиқодий масалалар бўйича ёзган ишлари мотуридийликка асосланган.

Нақшбандийликнинг яна бир йирик намояндаси Сўфи Аллоҳёр (1644–1724) ўз асарларида ҳанафийлик-мотуридийлик анъанаси давомчиси ва фаол тарғиботчиси сифатида намоён бўлади. “Саботул ожизин” асарида ақоид илмини ўрганиш зарурлиги шундай баён қилинган: 

“Ақийда билмаган шайтона элдур, 

Агар минг йил амал деб қилса елдур”. 

Яъни зарурий ақоидни билмаган кишилар ҳар қанча ибодат қилсалар ҳам соф ақидани билмаганлари сабабли қилган ибодатлари уларга наф бермайди. Асардаги ақидавий масалаларни Сўфи Аллоҳёр айнан мотуридийлик тамойиллари асосида очиб беради.

Эрур жаннату дўзах ҳоло мавжуд

Яратибдур ани халқига Маъбуд.

Мўътазилийларга кўра дўзах ва жаннат ҳали яратилган эмас.

Қуйида ашъарийлар ва мотуридийлар ўртасидаги ихтилофли ҳисобланган масалаларда Сўфи Аллоҳёр ёзган нарсалар қайд этилади:

Худодин ҳар не келди рост билғил

Тилинг бирла яна иқрор қилғил

Мусулмонлиғ йўлида булдур имон

Муни билмай киши тонгла пушаймон

Яқин билгилки, имон бўлмағай кам

Эрур бирдек, зиёда бўлмағай ҳам.

Ашъарийларга кўра, имон – тил билан айтиш, дил билан тасдиқлаш ва шариат рукнларини бажаришдир. Шундан келиб чиқиб, имон зиёда ва нуқсонли бўлади. Яна бир ўринда:

Эрур бир маънода имону ислом

Буни билса керак ҳар хосу ҳар он.

Ашъарийларга кўра, имон ва ислом алоҳида тушунчалардир. Шунингдек, имон махлуқ ё махлуқ эмаслиги тўғрисидаги масала ҳам мотуридия таълимотига кўра баён қилинган:

“Яна имонда айди аҳли таҳқиқ,

Худодиндур ҳидоят бирла тавфиқ.

Худонинг феъли ул махлуқ эмасдур,

Киши ҳаргиз ани махлуқ демасдур”

Уч минг мисрадан ортиқ ҳажмдаги “Сабот ал-ожизин” асари бутун туркий халқлар адабиётида ўзига хос ўрин тутишидан ташқари мотуридия таълимотини талқин этувчи мўътабар манзумадир. Сўфи Аллоҳёр “Сабот ал-ожизин”да ақидавий масалаларни алоҳида эмас, балки суфиёна дунёқараш билан моҳирона омихталаштирилган ҳолда ўқувчига тақдим этади. 

Мовароуннаҳрдаги тариқатлар шаклланиш даврини кўрадиган бўлсак бу жараёнлар ҳам айнан мотуридийлик таъсири остида кечгани аён бўлади. Яссавий ва хожагон шайхлари айнан ҳанафийлик-мотуридийликнинг энг кучли тарғиботчилари сифатида фаолият юритдилар. Аста-секин тасаввуфий ғояларнинг Мовароуннаҳр илмий ва бадиий адабиётига кириб бориши асносида Яъқуб Чархий, Хожа Муҳаммад Порсо, Алишер Навоий, Сўфи Аллоҳёр, Бобораҳим Машраб асарларида мотуридийлик руҳияти яққол кўзга ташлана борди. 

Буюк мутасаввиф шоир Алишер Навоий эса суфий ва авлиё зотлар ҳаёт йўлларига бағишлаган “Насоимул муҳаббат” асарида Абу Мансур Мотуридийни авлиё сифатида васф этади.

Алишер Навоий фиқҳий масалаларга бағишланган “Сирож ал-муслимин” асарида мотуридийлик анъанасининг ёрқин тарғиботчиси сифатида намоён бўлади. Шоир моҳирона тарзда ақидавий масалаларни назмда баён қилади:

Бурун ул нимаким, фарз этти Яздон,

Эрур оқилға болиғ бўлгач имон.

Анинг маънисидур тил бирла иқрор,

Қўнгул бирла инонмоғлиғ дағи бор.

Шунингдек, асарда шафоат, Аллоҳнинг сифатлари, тақдир каби эътиқодий масалалар айнан ҳанафийлик-мотуридийлик анъанаси доирасида талқин қилинган.

Марказий Осиёда ташкил топган яна бир тариқат – кубровияда ҳам ақидага оид масалалар аҳли сунна ва жамоа эътиқодига мувофиқ баён қилинган. Нажмиддин Кубронинг “Фавойиҳ ал-жамол” асарида “Валийнинг аломатлари” бўлимида валийларга хос бўлган “каромат”, “Рисола илал ҳоим”да қазою-қадар, “Усули ашара”даги тавба ҳақидаги матнларда ҳам “ҳанафийлик-мотуридийлик” анъанаси кўзга ташланади.

Асосан Фарғона водийсида тарқалган қодирия тариқати намояндалари ҳам ақида ва фиқҳий мазҳабда ҳанафийлик-мотуридийлик анъанасига эргашганлар. Ваҳоланки, бу тариқатнинг бошқа минтақалардаги аксарият вакиллари шофеъий/ашъарийлар ёки ҳанбалийлардир. Фарғонада қодирия тариқатининг кенг ёйилишини Қўқон хонлари даври билан боғлиқ ҳисобланади. Қўқон хонлари қодирий шайхларга катта эътибор кўрсатганлар. Қодирия тариқати XIX аср охири ва ХХ аср бошларидаги Фарғона адабий муҳитига сезиларли таъсир кўрсатиб, натижада ўз даврининг машҳур ижодкорлари етишиб чиқди. Масалан, фарғоналик адиблардан Қорий Хўқандий (1828–1906), Муҳаммад Сиддиқ Рушдий, Ҳазиний (1867–1923), Фурқат, Хоний (1884–1967) ва бошқа машҳур шоирларнинг қодирия тариқатига мансуб эканликларини ўз асарларида айтиб ўтганлар. Масалан, Қорий Хўқандий ўзи учун Абдулқодир Гилоний – Ғавс ал-аъзамни маънавий пир деб билади: 

Бу дунё уқбасидин ихтиёрича ўтолмайдур,

Ҳидоят этгали Ғавси замон бир авлиё даркор,

Замона ошносига кўнгулни бермағил Қорий,

Ўзин олуда қилмой сохлогон соҳибдуо даркор.

Қорийнинг бошқа кўплаб байтлари ҳам унинг қодирияга мансублигини намоён этади:

Тариқи шайх Абдулқодир ушлаб тожи сар қилғон,

Ўтуб куйида Қорий дарбадар бўлғон қаландарман.

Фурқат эса:

Ё ғуломи шайхи ғавси қодирия, раҳбарим

Бўлдингиз шаҳри Наманганда фано, айланг мадад...

Фурқатий йўлларда қолди Ғавси Аъзам дастгир,

Қўл тутарга йўқ эрур бир раҳнамо, айланг мадад.

Ҳазинийнинг Девонида шундай сатрлар учрайди:

Сулуким – қодирия, раҳбаримдур пиру-пийроним,

Саҳарлар зикри илаллоҳни одат қилмасам бўлмас.

Шу билан бирга Ҳазиний Имоми Аъзамга эргашишига ишора қилиб ёзади:

Ишқ дарсини ўқурға бир муаллим топмадим,

Кимга айтсам, айтадур: “Кўфада Нўъмонинг керак”.

Юқоридаги фикрлар Мовароуннаҳр тасаввуфи тариқатлари қандай қандайлигидан қатъи назар, ақидада ҳанафийлик-мотуридийлик анъанасига эргашганини намоён этади.

XVIII аср иккинчи ярми Қўқон адабий муҳитида шаклланган истеъдодли нақшбандий суфий шоирлардан бири Азимхожа Эшон ўзининг ўша давр учун янгича дунёқараши ва тасаввуфий ғояларининг кенг кўлами билан ўзбек тасаввуф адабиёти тарихида маълум из қолдирган ижодкор ҳисобланади. Гарчи нақшбандий тариқатига мансуб бўлсада, Азимий тахаллуси билан танилган бу шахснинг ижоди юқорида зикр этилган Фарғона адабий муҳитида шаклланган қодирий шоирларга таъсир кўрсатган. Унинг 4000 мисрадан зиёд адабий мероси ғазал, мухаммас, мусаддас, мураббаъ ва мустаҳзод жанридаги шеърларни ўз ичига олиб, шоир уларда ўзининг ҳанафийлик мазҳаби ва нақшбандийлик йўлини тутганини бот-бот айтиб ўтади. Хусусан, “Мурод ал-ошиқин” девонидаги “Қулмиз” радифли ғазалида ёзади: 

Эрурмиз Абу Ҳанифа мазҳаб, Нақшбандий нисбат ҳам,

Шариат нахлидан топган самар, тотган мазо қулмиз.

Наът мусаддасда эса яна шундай ёзади:

Расулни ваъдасидин дохили шафоатмиз,

Сулуки хуфядамиз Нақшбандий нисбатмиз. 

Азимхўжа Эшон ақидавий масалаларни, хусусан Аллоҳнинг сифатлари мавзусини ўз шеърларида айнан ҳанафийлик-мотуридийлик тамойиллари асосида ёритиб беради. 

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, жаҳондаги барча нақшбандийлар ҳанафий мазҳабида бўлиб, мотуридий таълимотига эргашганлар, деб бўлмайди. Мисол тариқасида нақшбандиянинг холидия тармоғи асосчиси Холид Нақшбандий (1779–1826) манбаларда шофеийлик мазҳабида эканини кўрсатувчи нисба билан келтирилади: Абулбаҳо Зиёуддин Холид ибн Аҳмад ибн Ҳусайн Шаҳразурий Салафий Шофеий Нақшбандий Мужаддидий. Ваҳоланки, кейинги давр ҳанафийларининг энг кўзга кўринган олимларидан Ибн ал-Обидин унинг шогирди ҳисобланади.

Холид Нақшбандийнинг ақидага оид асарларида унинг ашъарийликка мойил бўлгани намоён бўлади. Жумладан, Холид Нақшбандий ўзининг “ал-Иқд ал-жавҳарий фи-л-фарқ байна қудрат ал-абд ва касбиҳи инда ал-Матуридий ва-л-Ашъарий” асарининг кўп ўринларида Ашъарийни мақтайди, жумладан “унинг ақидага оид китоблари қатъий далиллар ва равшан исботлар билан тўла, масалалар чуқур тадқиқ қилингани ва шарҳлангани”ни таъкидлайди. Зеро, у яшаган муҳитида таниқли мўътазила ва бидъатчи тоифалар билан кўп мунозара қилгани боис шунга эҳтиёж бўлганини, Имом Мотуридий эса бидъатчи тоифалардан узоқда тургани туфайли салаф солиҳларнинг йўлидан бориб, баъзи ақидавий масалаларга чуқур киришмаган, зеро бунга эҳтиёж бўлмаганини айтиб ўтади. Сўнгра ўзининг ақидада тутган йўли ҳақида шундай ёзади: “Ушбу мискин банданинг мазҳаби салафи солиҳлар мазҳаби бўлгани, тутган йўли айни саҳобийлар ва етакчи тобеийлар йўли сиддиқия тариқати бўлгани боис, у зотлар қайтарган (ақидавий) масалаларга шўнғишимда қийинчилик бўлди. Аммо бу масала муҳим диний масалалардан экани (уммаҳат ал-масаил) ҳамда аксарият эътиқодий масалаларнинг асоси экани, унда мавжуд мавҳумлик ва чалкашлик ҳолати ҳамда масалаларнинг ёйилиб кетиб, аниқлик йўқлиги туфайли бу борада Имом Ашъарий ва икки мазҳаб мутааххир уламоларига эргаша бошладим”. 

Бундан кўриш мумкинки, жаҳондаги ҳамма нақшбандийлар ҳам ҳанафий эмас. Нақшбандия-холидия уламолар ўртасида тезда нуфузга эга бўлиб, унинг такялари усмонийлар империяси бўйлаб тарқалиб кетган. Нақшбандия-холидия Ҳижоз орқали Индонезия (1840 й.), Малайзия, Цейлон, Мозамбикка, Шимолий Туркия орқали Кавказгаёйилди. Кавказда нақшбандия-холидия Имом Шомил бошчилик қилган “мюридизм” ҳаракатига ғоявий асос бўлиб хизмат қилган. Айрим етакчи ғарб мутахассислар қайд этганидек, Марказий Осиё тарихи кўп жиҳатдан минтақадаги фаол суфий жамолар тарихидир34. Ушбу қараш маълум маънода ўз асосларига эга экан, Марказий Осиё тасаввуфи тарихи ва истиқболига оид чуқур, қамровли ва изчил тадқиқотлар олиб бориш муҳим аҳамият касб этади. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Мовароуннаҳр минтақасида ҳанафий мазҳаби кенг тарқалгани боис, унга монанд бўлган мотуридийлик таълимоти асосида ақидавий масалалар муҳокама қилинган. Шу сабабли минтақа тасаввуфи ҳам ақидавий масалаларда мотури-дийликка асосланган. Тасаввуф Мовароуннаҳр аҳолиси ҳаётида катта ўрин эгаллаган. Айниқса, мўғуллар босқини ҳамда ундан кейинги даврларда, яъни XIII асрдан кейин Мовароуннаҳрда фақиҳларнинг жамиятга таъсири камайиб, суфийларнинг таъсир доираси кенгайгани кузатилади. Айнан суфийлар ҳанафийлик таълимотининг давомчиси, ҳимоячиси ва тарғиботчиси бўлиб саҳнага чиқдилар. Улар ҳаттоки ҳукмдорлардан шариат талабларини бажаришни талаб қила оладиган даражага етдилар. Умуман олганда, Мовароуннаҳрнинг аксар суфийлари фиқҳда – ҳанафий, ақидада – мотуридий, тариқатда – яссавий, нақшбандий бўлганлар.

Иброҳим Усмонов,

Тарих фанлари номзоди, доцент

Қўшимча малумот

Имом Мотуридий ҳаёти ва фаолиятига чизгилар
Муаллиф: Аҳмад Саъд ДаманҳурийТаржимонлар: С.Абдуллаев, О.Икромбеков🗓 Сана: 2023📝 Ҳажми: 264 бет📖 Ушбу китоб мисрлик мотуридийшунос олим Аҳмад Саъд Даманҳурийнинг Имом...
ЗАМОНАВИЙ ТАРИҚАТЧИЛИКНИНГ ИЖТИМОИЙ ЗАРАРЛАРИ
Тасаввуф таълимоти узоқ даврлар мобайнида жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталарини илдиз отишига замин яратган. Ҳозирги пайтда дунёнинг кўп...
УЛАМОЛАР СОХТА CУФИЙЛИК ҲАҚИДА
Тарихан, инсон қалбини поклаш, уни руҳий-маънавий жиҳатдан юксалтиришни мақсад қилган тасаввуф таълимоти юртимизда кенг тараққий этиб келган. Тасаввуф йўлида риёзат...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry