25.07.2022
231

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИДА ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК МАСАЛАСИ

Бугунги кунда, бутун дунёда бағрикенлик ва миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашга қаратилган янги ғоя ва ташаббуслар пайдо бўлаётгани том маънодаги дўстлик қўрғонининг янада мустаҳкам бўлишга хизмат қилмоқда. Энди бевосита ислом динида бағрикенглик ғояларига бўлган муносабатга тўхталадиган бўлсак, Қуръони каримда инсонларнинг Аллоҳ томонидан қабила ва элат қилиб яртилгани алоҳида қайд этилган: 

Оят маъноси: Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Қуръоннинг мазкур ояти донишманд ва файласуфлар англаган, тарих тасдиқлаган ҳақиқатни яна бир бор таъкидлайди. Дунёдаги бу турфа хиллик Яратганнинг иродаси ва ҳикмати билан боғлиқ. 

Демак, инсон табиатан маданийдир. Шу маънодаки, жамиятсиз ўз ҳаётини қура олмайди, мукаммал бўла олмайди, орзу-умидларига эриша олмайди. Инсонни ўз муҳити “фарзанди”, дейиш мумкин. Чунки, унинг онги тарбия топадиган муҳитидаги мавжуд одатлар, қарашлар таъсирида шаклланади. Бундан ташқари, табиий равишда ҳар бир инсоннинг ички дунёси, мизожи, ўй-фикрлари, майллари, қобилиятлари хилма-хиллиги ҳам инобатга олинса, кишилар ва жамиятлардаги хоҳиш-истаклар, манфаатлар тўқнашувини табиий ҳол сифатида қабул қилиш мумкин.

Имом Мотуридий инсон учун ақл ва тафаккур деган тушунчалар Аллоҳ томонидан бериладиган энг асосий неъмат эканини алоҳида қайд этган. Унинг таъкидлашича, инсонга ақл берилгандан сўнг, албатта инсон бу ақлни ишга солиб тафаккур қилиши ва ҳаётда ўз ўрнини топиши зарур. 

Абу Мансур ал-Мотуридий инсонга таъриф беришда унинг соҳиби ақл эканини биринчи ўринга қўяди. Имом Мотуридий инсон деган тушунча унинг ирқи, миллати ва динидан қатъи назар, Аллоҳ томонидан яратилган мукаммал мавжудот ва У зотнинг бошқа мавжудотлари орасида энг азизи эканини алоҳида уқтиради.

Имом Мотуридий инсоннинг бошқа мавжудотлардан ажралиб туришига Қуръондан Исро сураси, 70-оятни далил келтиради:

Оят маъноси: Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик ва уларни барру-баҳрда – қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) чиқариб қўйдик ҳамда уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик ва уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-устун қилиб қўйдик.

Мотуридийнинг таъкидлашича, Аллоҳ ушбу оятда инсонни гўзал қиёфада, гўзал хулқда яратиб қўйган ҳамда унга яхшилик билан ёмонлик, тинчлик билан зўравонлик, бахиллик билан саховатни бир-биридан ажратиб олиши учун ақл деган улуғ неъматни ато этганига урғу бермоқда. Ушбу фикрларига Имом Мотуридий Қуръондан Тийн сураси, 4-оятни далил келтиради: 

Оят маъноси: Дарҳақиқат, Биз инсонни энг гўзал шаклу шамойилда яратдик. 

Имом Мотуридий Исро сурасидаги 70-оят орқали инсоннинг Аллоҳнинг бошқа махлуқотларидан фарқли равишда яшаши кераклигини алоҳида уқтиради ва ҳар бир инсон (ирқи, миллати, динидан қатъи назар) гўзал хулқда бўлиши лозимлигини таъкидлайди. Имом Мотуридий “Таъвилот ал-Қуръон ал-карим” номли тафсирида шундай дейди:

فعل احلسن فرض واجب على كل أحد

“Яхши (гўзал) феълда (хулқда) бўлишлик ҳар бир инсон учун фарз ва вожибдир (зарур)”.

Мотуридий инсон Аллоҳ томонидан яратилган бошқа махлуқотлар орасида энг азиз ва шарафли бўлишига қарамасдан, у ҳам охир оқибат ўлимга рўбарў келишини таъкидлайди ва ўлим деган тушунча, хавотир инсонни доим хушёрликка чақириб турувчи восита эканини билдиради.

Абу Мансур ал-Мотуридий асос солган таълимотда бошқа динларга бўлган муносабатда бағрикенглик изларини ўрганишга ҳаракат қиламиз. Биринчи навбатда мотуридия таълимотининг самовий динларга бўлган муносабатини таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз. 

Мотуридия таълимотидаги диний бағрикенглик мавзусини ва ўзга дин вакиллари билан муомала қилиш услубини унинг асосчиси шахсида очиб бериш мақсадга мувофиқ. Бунда бизга Абу Мансур ал-Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон ал-карим” номли китобида мавзуимизга тегишли оятлар тафсиридан фойдаланиш фикр ва ҳулосаларимизни кенгроқ, тушунарли ёритиб беришга асос бўлади. 

Имом Мотуридийнинг “Таъвилот” номли асарида мавзуга тегишли оятларга берган тафсирига назар ташлайдиган бўлсак, юқорида айтиб ўтилган иккита хусусиятни кўришимиз мумкин.

Мотуридийнинг дин тушунчасида “тавҳид” масаласи энг асосий марказда бўлган. Мотуридий калом илмида тавҳид назариясини барча нарсалардан устун қўйган ва ўзининг махсус эътиқодий системасини яратган. Бунинг натижасида у инсон қандай динга эътиқод қилишидан қатъи назар, Ягона Аллоҳни билишини энг асосий масала сифатида кўрган. 

Имом Мотуридий дин билан шариат ва имон билан амал алоҳида-алоҳида нарса эканини қатъий таъкидлаган. Бундай кескин эътиқод ҳанафия ва мотуридия таълимотларидан бошқа таълимотларда учрамайди. Ҳатто, суннийликка яқин бўлган ашъарийлар ҳам дин билан шариат ҳамда имон билан амални бир нарса сифатида эътироф этганлар. 

Имом Мотуридийнинг айнан мана шу ақидаси унинг таълимотида бағрикенглик изларининг намоён бўлишига эшик очиб берган. У дин билан боғлиқ барча оятларни тафсир қилишда шубҳасиз, ислом динини биринчи устунга қўяди. У ислом илоҳий динлар орасида энг сўнгги ва мукаммал дин эканини алоҳида таъкидлайди. 

Имом Мотуридийга кўра, самовий динларнинг асли ўзгармайди, у ҳақ, соф бўлиб, илоҳий фитратга асосланган. Ҳаниф, холис ва мухлис сўзларининг маънолари ҳақиқатга олиб борадиган “ҳақ дин” ёки “тавҳид”ни ифодалайди. Олим ушбу фикрларига Юнус сураси, 105-оятни далил келтирган: 

Оят маъноси: Ва (менга буюрилганки), ўзингизни доимо тўғри бўлган динда (исломда) тутинг, ҳаргиз мушриклардан бўлманг!

Олим ушбу оятга таяниб, ҳар бир замонда пайғамбарларга юборилган дин ҳақ дин бўлгани ва бу динлардан бошқасига эътиқод қилинган дин қабул қилинмаслигини таъкидлаган. 

Имом Мотуридийга кўра, дин барча пайғамбарларга юборилган ва инсонларга етказилиши керак бўлган ўзгармайдиган тизимдир. Пайғамбарларнинг динлари бир-бирига ҳеч қачон хилоф бўлмайди. Барча пайғамбарларнинг дини бирдир, яъни тавҳид (яккахудолик) динидир. Имом Мотуридий ушбу фикрларини Анъом сураси, 90-оятнинг тафсирида таъкидлаган: 

Оят маъноси: Ана ўша (юқорида мазкур бўлган зотлар) Аллоҳ ҳидоят қилган кишилардир. Бас, ўшаларнинг йўлларигагина эргашинг! Айтинг (эй Муҳаммад); «Мен сизлардан бунинг учун (яъни Қуръон учун) ҳақ сўрамайман. Бу (Китоб) бутун оламлар учун эслатма (ҳужжат)дир, холос». 

Имом Мотуридий ақидасига кўра, шариат пайғамбарларга берилган йўлдир. Бир пайғамбарнинг шариати бошқа пайғамбарнинг шариатидан фарқли бўлиши табиийдир. Шариатлар ўзгариши, бир-бирини насх қилиши мумкин. Имом Мотуридий ушбу қарашларини Моида сураси, 48-оятнинг тафсирида баён қилган: 

Оят маъноси: Сизга эса (эй Муҳаммад), ўзидан олдинги китоб(ларни) тасдиқлагувчи ва у (китоблар) устида гувоҳ бўлган бу Китобни ҳаққирост нозил қилдик. Бас, одамлар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилинг ва Сизга келган Ҳақдан юз ўгириб, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг! Сизлардан ҳар бир миллат (яъни дин) учун (алоҳида) шариат ва йўл қилиб қўйдик. Агар Аллоҳ хоҳласа эди, ҳаммангизни бир миллат қилиб қўйган бўлур эди. Лекин ўзи ато этган нарсаларда сизларни имтиҳон қилиш учун (ҳар бир миллатга алоҳида шариат йўл қилиб қўйди). Бас, яхши амалларга шошилингиз! Барчангиз Аллоҳга қайтишингиз бор. Сўнг у зот сизларга ихтилоф қилгувчи бўлган нарсаларингизнинг хабарини берур. 

Лекин Имом Мотуридий барча самовий динлар орасида ислом динини биринчи ўринга қўяди. Унинг таъкидлашича, ҳар қандай илоҳий дин кейинги пайғамбарга юборилган дин ҳукми билан ўз мавқеини ёқотади. Лекин илоҳий дин сифатида унинг қадри сақланиб қолади. Имом Мотуридий ушбу фикрларини Оли Имрон сураси, 85-оятнинг тафсирида баён қилган: 

Оят маъноси: Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўргувчилардандир. 

Имом Мотуридийнинг бошқа динлардан ислом динини устун қўйиши табиий ҳолдир. Чунки ҳар бир мусулмон ўз эътиқодини ҳимоя қилиши ва эъзозлаши фарз амалидир. Лекин олим ислом динида диний бағрикенглик катта аҳамият касб этишини “Таъвилот” тафсирининг бир қанча ўринларда алоҳида қайд этиб ўтган. 

Имом Мотуридийнинг таъкидлашича, дин таъзиқ ва мажбурлаш орқали қабул қилинмаслиги зарур. Дин очиқ-ойдин юборилган ва шу сабабли ҳар бир инсон уни ихтиёрий равишда танлаб олиши керак. Шунга кўра, дин имон ишидир, имон эса қалбнинг ҳаракати туфайли рўёбга чиқади. Инсонларнинг қалбларига ҳеч қандай босим ёки мажбурлаш мумкин эмас. Имом Мотуридий ушбу фикрларини Бақара сурасининг 256-оятини тафсир қилишда билдирган:

Оят маъноси: Динга зўрлаб (киритиш) йўқдир. (Зеро) ҳақ йўл залолатдан ажралиб бўлди. 

Имом Мотуридий Анъом сурасининг 90-ояти тавсирида таъкидлашича, Аллоҳ ибодатларни инсонларга севдиради ва шундагина инсон динни танлайди: 

Оят маъноси: Ана ўша (юқорида мазкур бўлган зотлар) Аллоҳ ҳидоят қилган кишилардир. Бас, ўшаларнинг йўлларигагина эргашинг..! Имом Мотуридийнинг таъкидлашича, инсоннинг қиладиган амаллари, яъни имон келтириши бошқалар учун эмас, балки унинг ўзи учун кераклиги ва бунда инсоннинг ўз ихтиёрида бўлиши лозим. Олим бу фикрларига Каҳф сурасининг 29-оятини далил келтиради: 

Оят маъноси: Айтинг: «(Бу Қуръон) Парвардигорингиз томонидан (келган) Ҳақиқатдир. Бас, хоҳлаган киши иймон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин».

 Имом Мотуридий инсонни бирон динга мажбурлаш нотўғри эканига қуйидаги сўзларни далил келтиради:

إنـي بلغـت الرسـالة إليكـم فـا أكرهكـم أنـا علـى اإلسـام وال أحـد سـواي، فمـن شـاء منكـم فليؤمـن ومـن شـاء فليكفـر،.فإنـه إنمـا يؤمـن باختيـاره ومشـيئته، ومـن كفـر فإنمـا يكفـر باختـاره ومشـيئته ال يكـره علـى ذلـك

Турк тадқиқотчиси Саффет Сарикая ўз мақоласида юқоридаги матнни ҳадис деб атаган. Лекин ушбу матнни таҳлил қилганимизда, у ҳадис эмаслиги ва биронта муҳаддисдан ривоят қилинмагани маълум бўлди. “Таъвилот” матнига эътибор қаратганимизда, Имом Мотуридий ушбу матнни бошқа муфассирларнинг сўзи сифатида келтирган ва ҳадис ёки ҳадис эмаслигига ойдинлик киритмаган. 

Мотуридия таълимотида бағрикенглик нуқтаи назаридан кўриб чиқиладиган яна бир масала, бу – инсонларга раҳм-шафқатда бўлишлик ҳамда адолатли муомала қилишликдир. Имом Мотуридий ушбу масалани Оли Имрон сурасининг 159-оятини тафсир қилишда баён қилган:

Оят маъноси: (Эй Муҳаммад) Аллоҳ томонидан бўлган бир марҳамат сабабли уларга (саҳобаларингизга) юмшоқ сўзли бўлдингиз. Агар қўпол, қаттиқ дил булганингизда эди, албатта атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эдилар. Бас, уларни афв этинг, улар учун Аллоҳдан мағфират сўранг ва ишларингизда уларга маслаҳат солинг! Энди (маслаҳат қилгач, бирон ишни) қасд қилсангиз, Аллоҳга суянинг – таваккал қилинг! Албатта Аллоҳ Ўзига суяниб (иш қилгувчиларни) севади. 

Ушбу оятнинг тафсирида Имом Мотуридий шундай дейди: “Дунёларнинг Роббиси ўзининг Аллоҳ ва Раҳмон исмларини Фотиҳа сурасининг бошига хос қилиб қўйган. Кимки Аллоҳнинг Раҳмон исмига тажаллий қилиб (суяниб) имон келтирса, нажот топади ҳамда бу дунёда турли хавотир ва ҳавфлардан омонда бўлган”.

Имом Мотуридийнинг таъкидлашича, Аллоҳнинг меҳрибонлиги ва раҳматини идрок эта олган инсон бошқалар орасида севги, шафқат ва раҳмдилликни намоён қила олади. Аслида ҳам, ер юзидаги жамики инсонлар ва бошқа мавжудотлар орасидаги меҳр ва муҳаббатнинг ифодаланиши Аллоҳнинг Раҳмон сифати билан намоён бўлади. 

Имом Мотуридий инсонлар орасида раҳм-шафқат ва бағрикенгликнинг тарқалиши ер юзида ҳаётнинг гуллаб-яшнашига энг асосий восита эканини қатъий уқтиради. Олим бу ўринда инсонларнинг бир-бирлари билан доим адолатда бўлишлари кераклигини таъкидлайди. У ушбу фикрларини Мумтаҳана сурасининг 8-ояти тафсирида баён қилади: 

Оят маъноси: Аллоҳ сизларни динларингиз тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз диёрларингиздан ҳайдаб чиқармаган кимсалардан – уларга яхшилик қилишларингиздан ва уларга адолатли бўлишларингизда қайтармас. Албатта Аллоҳ адолат қилгувчиларни севар. 

Имом Мотуридий ўз асарида Моида сурасининг 8-оятини тафсир қилар экан, бағрикенглик ва адолат тамойилларини шу даражада юқори чўққига кўтарадики, ҳатто инсонлар орасида ўзаро душманлик авж олган жойда ҳам икки томон адолатдан четга чиқмаслиги ва инсон фақат ўз дўстларига эмас, балки душманларига ҳам ўрнида адолатли муомалада бўлишлиги зарур эканини таъкидлайди:

Оят маъноси: Эй мўминлар, Аллоҳнинг Ўзи учун ҳақ йўлни тутгувчи, адолат билан шаҳодат гувоҳлик бергувчи бўлингиз! Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин! Адолат қилингиз! Шу тақвога яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир. 

Юқорида Имом Мотуридийнинг самовий динларга нисбатан муносабати ҳақида тўхталдик. Энди илоҳий динларга терс бўлган арозий динларга ва унга ибодат қилувчиларга мотуридия таълимотида қандай муносабат билдирилганини таҳлил қиламиз. 

Худди тарихда бўлгани каби, бугунги кунда ҳам инсонлар томонидан тўқиб олинган динларга, бут ва санамларга ибодат қилувчиларги нисбатан айрим мусулмонларнинг муносабати агрессив бўлиб қолмоқда. Ислом динида Аллоҳдан бошқа нарсага сиғинган кимсага мушрик дейилиши ҳаммага маълум. Лекин айрим мусулмонлар ҳиссиётга берилган ҳолда, бундай тоифадаги одамлар билан умуман мулоқот қилмасликка тарғиб қиладилар. Улар ўзларига Қуръондан Тавба сураси, 28-оятни далил қилиб оладилар:

Оят маъноси: Эй мўминлар, ҳеч шак-шубҳасиз, мушриклар нопок кимсалардир, бас, (улар) бу йилдан сўнг Масжид-ал-Ҳаромга яқин келмасинлар! Агар сизлар (мушриклар ҳаж мавсумида Маккага келтирадиган озиқ-овқатлар ва бошқа нарсалар тўхтаб қолиши сабабли) камбағалликдан қўрқсангизлар, (билингки) яқинда (Аллоҳ) хоҳласа, Ўз фазлу карами билан сизларни бой-бадавлат қилажак. Албатта, Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир.

Айнан ушбу оятни Имом Мотуридий қандай тафсир қилганига эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир. Имом Мотуридий ушбу оятдаги “ҳеч шак-шубҳасиз, мушриклар нопок кимсалардир” калимасига эътибор қаратиб шундай дейди: “Бу ерда “нажас” (نجس (калимаси мушрикларнинг феълларига, яъни қилаётган ширк амалларига нисбатан қўлланилган”.

 Имом Мотуридий бу ерда мушрикнинг ҳам инсон эканига урғу беради ва Аллоҳ ширк каби бошқа айрим катта гуноҳларни нопок, яъни “рижс” (رجس (деб атаб, мўминларни ундан четлашишга буюрганини таъкидлайди. Олим ушбу фикрига Қуръондан Моида сураси, 90-оятни мисол келтиради:

Оят маъноси: Эй мўминлар, ароқ (маст қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), бутлар (яъни уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, нажот топишингиз учун уларнинг хар биридан узоқ бўлингиз! 

Имом Мотуридийнинг таъкидлашича, ушбу оят орқали мўминлар Аллоҳ шайтоннинг иши, нопок ишлардан четлашишга чақирмоқда. Лекин биронта мўмин ушбу амалларни нафсига берилиб бажариб қўйса, у нопок бўлиб қолмайди, балки феъли нопок бўлиб, хилқати эса ҳазрати инсон сифатида қолаверади. 

Шу сабабли олимнинг юқоридаги фикридан биз инсон ҳатто Аллоҳдан бошқа мавжудотга сиғинса ҳам, у инсон деган мақомида сақланиб қолишига урғу бераётганини англаб олишимиз мумкин бўлади. Демак, мотуридия таълимотида мусулмон инсон ўзининг эътиқодига асосланиб бошқа дин вакилларига, ҳатто у илоҳий дин бўлмаса ҳам, бағрикенглик асосида муомалада бўлиши мотуридия таълимотининг тарғиби сифатида эътироф этишимизга асос бордир. 

Хулоса ўрнида таъкидлаш мумкинки, Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилот” асарида келтирилган бағрикенглик ғояларини бугунги кунда жамиятимизда аҳоли орасида тинчлик, тотувлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашда тарғиб қилиш мақсадга мувофиқдир.

 

Халилуллоҳ Сайдакбаров,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Диншунослик йўналиши талабаси

 

Қўшимча малумот

Имом Мотуридий ҳаёти ва фаолиятига чизгилар
Муаллиф: Аҳмад Саъд ДаманҳурийТаржимонлар: С.Абдуллаев, О.Икромбеков🗓 Сана: 2023📝 Ҳажми: 264 бет📖 Ушбу китоб мисрлик мотуридийшунос олим Аҳмад Саъд Даманҳурийнинг Имом...
ЗАМОНАВИЙ ТАРИҚАТЧИЛИКНИНГ ИЖТИМОИЙ ЗАРАРЛАРИ
Тасаввуф таълимоти узоқ даврлар мобайнида жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталарини илдиз отишига замин яратган. Ҳозирги пайтда дунёнинг кўп...
УЛАМОЛАР СОХТА CУФИЙЛИК ҲАҚИДА
Тарихан, инсон қалбини поклаш, уни руҳий-маънавий жиҳатдан юксалтиришни мақсад қилган тасаввуф таълимоти юртимизда кенг тараққий этиб келган. Тасаввуф йўлида риёзат...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry