21.07.2022
242

ИНСОН ТАБИАТИ ВА НАФС ТАРБИЯСИ

     «Агар унга ёмонлик етса, чидамсиздир. Ва агар яхшилик етса, кўп ман қилувчи (бахил)дир» (Маориж сураси, 20–21-оятлар). 

      Яъни инсон нафси қўлидаги нарсани (эҳсон, садақа қилиб) чиқаришга рози бўлмайди. Демак, мазкур оятда инсон ана шундай аҳволда, яъни хасис, шошқалоқ ва сабрсиз қилиб яратилгани хабар берилмоқда. Инсон ўзига фойдаси тегадиган нарсани яхши кўрадиган, ёқтирмайдиган ва озор берувчи нарсаларни ёмон кўрадиган қилиб яратилгандир. Аллоҳ таолонинг буйруқларини тўкис адо этган кишиларга У Зот ваъда қилган неъматларни ёдга олса, бу нарса уни хайрли ишларга шошилишга, охиратда ваъда қилинган нарсаларга етишиш учун дунёда яхши кўрган нарсасини тарк қилишга ундайди. Чунки инсон зоти аслида ўзи лаззат оладиган нарсаларни яхши кўрадиган қилиб яратилгандир. 

      Аслида бахиллик, хасислик, шошқалоқлик каби қораланган хулқ-атворлар инсоннинг табиатида бор ва булар унинг туғма хусусияти бўлса-да, инсонга ўз нафсини тарбия қилиш имкони берилган. У нафсини ўша қораланган табиатлардан халос қилиб, уларнинг акси бўлган мақтовли феъл-атвор ҳамда ёқимли сифатлар доирасига киритиши мумкин. Шунинг учун инсон ўз нафсини тарбия қилиши лозим бўлади. Ахир, инсон йиртқич ҳайвонларни қўлга ўргатиб, уларни инсонлардан қочиш, итоат қилишдан бош тортиш каби табиий хусусиятларидан чиқариб олиш имконига эга. Шу даражадаки, улар бориб-бориб одамларга бўйсуниб, итоат этадиган ҳайвонларга айланиб қоладилар. Натижада одамлар улардан доимий равишда фойдаланишга муяссар бўладилар. Худди шунингдек, инсон ўз нафсини ҳам тарбия қилса, уни ўзининг асл хилқатидан чиқариб, ўзига итоаткор қилиб олиши мумкин. Ана шунда ундан сўралган нарсани (яхшиликларни) чин кўнгилдан адо этиши осон кечади. Нафсни тарбия қилиш туфайли инсоннинг оғир ишларга бардош қилиши енгил кечади. 

      Инсон аслида лаззатланадиган нарсаларни яхши кўрадиган ва озорга, азобга сабаб бўладиган нарсаларни ёмон кўрадиган қилиб яратилган бўлса-да, унда ўша лаззатли нарсани ундан ҳам лаззатлироғи учун тарк қилиш хусусият ҳам мавжуд. Шунингдек, (бошига келган) азият ва мусибатдан кўра каттароқ мусибатдан қутулиш мақсадида (нисбатан кичик азият ва мусибатга) бардош берадиган ва сабр-тоқат қиладиган этиб яратилган. Шундай экан, инсон дунё неъматларини охират неъматлари билан, иккита лаззатнинг яқинроқдагисини узоқдагиси билан солиштирадиган бўлса, охират лаззати буюкроқ ва абадийроқ эканини кўради. Шунда энг яқин икки лаззатни узоқдаги икки лаззат учун тарк қилиши енгил кечади. Агар дунё мусибатини охират мусибати билан, дунё азобини охират азоби билан солиштириб кўрадиган бўлса, охират азобининг қаттиқ ва абадий экани маълум бўлади.

      (Ҳаётда) инсоннинг келажакдаги лаззатлар умидида нақд лаззатларни тарк қилишига ва шу туфайли қийинчиликлар унга енгил кечишига далолат қилувчи ҳолатлар кўп. Гоҳида инсон учун сафарга чиқиб, оламни кезиш, сафар машаққатларига сабр-тоқат қилиш, ҳаётини хавф ва оғир вазиятлар остига қўйиш ҳамда лаззатларни тарк этиш осон кечиши мумкинлигини кўрасиз. Масалан, тижорат қилиш, унинг ортидан фойда ва даромад қилиш мақсадида ўз юртини қўйиб, олис юртларга сафар қилган киши сафар давомида ўзига етадиган қийинчиликлар ва машаққатларга чидайди, чунки у ўзи тарк қилиб кетаётган лаззатлардан кўра каттароғига эришишни умид қилади. Шунга кўра, инсон охират неъматлари ҳақида фикр юритса, ундаги азоблар ҳақида (чуқур) тафаккур қилса, дунёдаги нақд лаззатлардан воз кечиши осон бўлади ва қийинчиликларга бардош бериши енгил кечади. 

      Оятнинг яна бир маъноси шуки, инсон табиатан лаззатларни яхши, қийинчиликларни эса ёмон кўрадиган қилиб яратилгани учун ўзи яхши кўриб турган нақд нарсани келажак жаннатга алмаштиришга буюрилган. Шундан келиб чиқиб, у мудом келажакда бўладиган ўша неъматларга олиб борадиган амаллар билан банд бўлади. Шунингдек, у келажакда бўладиган азоблардан қочишга буюрилгани учун улардан қутулиб, нажот топишига сабаб бўладиган амалларга доимо жидду жаҳд қилиб яшайди. Валлоҳу аълам!

 

"Таъвилот"дан дурдоналар 

Қўшимча малумот

Имом Мотуридий ҳаёти ва фаолиятига чизгилар
Муаллиф: Аҳмад Саъд ДаманҳурийТаржимонлар: С.Абдуллаев, О.Икромбеков🗓 Сана: 2023📝 Ҳажми: 264 бет📖 Ушбу китоб мисрлик мотуридийшунос олим Аҳмад Саъд Даманҳурийнинг Имом...
ЗАМОНАВИЙ ТАРИҚАТЧИЛИКНИНГ ИЖТИМОИЙ ЗАРАРЛАРИ
Тасаввуф таълимоти узоқ даврлар мобайнида жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталарини илдиз отишига замин яратган. Ҳозирги пайтда дунёнинг кўп...
УЛАМОЛАР СОХТА CУФИЙЛИК ҲАҚИДА
Тарихан, инсон қалбини поклаш, уни руҳий-маънавий жиҳатдан юксалтиришни мақсад қилган тасаввуф таълимоти юртимизда кенг тараққий этиб келган. Тасаввуф йўлида риёзат...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry