18.07.2022
296

БУРҲОНИДДИН МАҲМУД БУХОРИЙ

(1156–1219)

Бурҳониддин Маҳмуд Бухорийнинг маънавий мероси ҳақида кўплаб манбаларда хабар берилса-да, унинг шахсияти ва Шарқда Оли Моза номи билан шуҳрат қозонган оиласига доир маълумотлар деярли кам ўрганилган. Бурҳониддин Маҳмуд Бухорий гарчи ҳаёти давомида Бухоро ва Самарқандда яшаб ижод этган бўлса-да, алломанинг шоҳ асари бўлмиш «ал-Муҳит» (Уммон ёки Қўрғон) асарида келтирилган маълумотларга таяниб айтиш мумкинки, у 1156 йили ҳозирги Марғилон шаҳрида таваллуд топган. Бурҳониддин Маҳмуд Бухорий ҳанафийлик мазҳабига доир фиқҳий асарларда Бурҳониддин, бурҳонул-ислом, садрул-ислом, садруддин, бурҳон аш-шариа каби ном ва унвонлар билан зикр қилинади. Бу унвонлар албатта асар муаллифининг юқори илмий салоҳият соҳиби бўлганлигини кўрсатади.

Бурҳониддин Маҳмуд Бухорийнинг бобоси Бурҳонул Кабир Сарахсда, сўнгра Ўзгандда шамсул-аимма Бакр ибн Муҳаммад ибн Али ибн Фазл ибн Ҳасан Заранжарийдан (ваф.XII) фиқҳ илмини ўрганган. 

Шунингдек, Бурҳониддин Маҳмуд Бухорийнинг вояга етиши, фиқҳ илми соҳасида машҳур бўлишида унинг Бухоро ва Самарқандда Оли Моза ёки Садрлар номи билан машҳур бўлган оиласи ҳам муҳим рол ўйнади.

Бурҳониддин Маҳмуд Бухорийнинг оиласи Бухорога кўчиб келгунига қадар «Оли Моза», «Бани Умар ибн Марвон» номлари билан танилган. Бундан кўринадики, сулола насл тарафидан бешинчи халифа деб эътироф этилган умавий Умар ибн Абдулазиз ибн Марвонга (ваф. 719 й.) бориб тақалиши ҳақидаги фаразлар ҳам мавжуд. 

Бурҳониддин Маҳмуд Бухорийнинг фақиҳ сифатида танилишида унинг Самарқанддаги фаолияти муҳимдир. Бухорода Оли Моза оиласи билан маҳаллий олимлар ва сўнгги Қорахонийларнинг хони ҳисобланган Қилич Арслонхон Усмон (1202–1212 йй.) ўртасидаги зиддиятларнинг кескинлашуви оиланинг Самарқандга келиб ўрнашишига сабаб бўлган. 

Манбалар унинг асарлари асосан, Самарқандда битилгани, унинг шоҳ асари бўлмиш «ал-Муҳит» асарининг илк нусхалари ҳам айнан шу шаҳар хаттотлари томонидан кўчирилганлигини тасдиқлайди. Масалан, хаттот Абулфатҳ Абдулқоҳир ибн Абу Бакр ибн Али Марғиноний 1262–65 йилларда Самарқанддаги Амирия мадрасасида «ал-Муҳит»ни китоб шаклига келтирган.

Бурҳониддин Маҳмуд Бухорийнинг устозлари, асосан, ўз оиласидан чиққан фақиҳлардир. Аллома асосий билимни ўз отаси Садр Саиддан олган. Тарихчи Тамимий алломанинг отаси Садр Саиднинг кўзга кўринган шогирдларидан ўз ўғли Маҳмуд ва машҳур «ал-Ҳидоя» асарининг муаллифи Бурҳониддин Марғиноний исмини келтиради. 

Бурҳониддин Маҳмуд Бухорий «ал-Муҳит» асарида ўзига замондош бўлган қуйидаги мовароуннаҳрлик ҳанафий олимларни санаб ўтади. Улар амакиваччаси Муҳаммад ибн Ҳусомуддин Садр Шаҳид («Садрул жаҳон» номи билан машҳур бўлган; ваф. 1170 й.), «Фатово ал-Қозихон» асари муаллифи Ҳасан ибн Мансур Ўзгандий Фарғоний («Фахруддин Қозихон» номи билан машҳур, ваф. 1196 й.), Абу Ҳафс Ақилий (ваф. 1200 й.), Имом Бурҳониддин Марғиноний (ваф. 1197 й.), Юсуф ибн Аҳмад Нажмуддин Хоразмий (ваф. 1237 й.), Абу Бакр ибн Алоуддин Косоний (ваф. 1191 й.), Аҳмад ибн Саид Ҳасийрий (ваф. 1298 й.), «Фатово аз-заҳирия» асари муаллифи Заҳируддин Кабир Али ибн Абдулазиз Марғиноний (ваф. 1222 й.)дир. 

Бурҳониддин Маҳмуд Бухорий 1219 йили 63 ёшида Бухоро ҳимояси учун мўғуллар билан бўлган жангда шаҳид бўлади. Унинг шогирдлари кўп бўлишига қарамай, табақотларда фақатгина ўз ўғли Тоҳир ибн Маҳмуднинг номи зикр этилади, холос. 

Оли Бурҳон ёхуд Оли Моза оиласининг асосчиси ва Бухоронинг илк садри, Садрул Кабир ибн Моза (ваф. 1123 й.)дир. Ундан сўнг унинг ўғли Ҳусомуддин Садр Шаҳид (1090–1141) садрлик мансабига ўтирди ва Қатaвон урушида шаҳид бўлди. 

Табақот манбаларда Бурҳониддин Маҳмуд Бухорийнинг (ваф. 1124 й.) бобоси «Абу-с-Судур», «садрул-кабир», «бурҳонул-кабир», «бурҳонул-аимма», «садрул-моза» каби номлар билан зикр этилади. Кафавий: «У форслардан эди, шунинг учун форсча гапирар эди. Фатволарни ҳам форс ва араб тилларида чиқарар эди», деб ёзади. Бироқ манбаларда Бурҳонул Кабир яратган илмий мерос ва унинг шахсиятига оид маълумотлар кам учрайди. Унинг Муҳаммад Шайбоний яратган «ал-Жомеъ ас-сағир» асарига ёзган шарҳи ҳақида маълумот бор бўлса-да, бу шарҳ бизгача етиб келмаган. Бурҳонул Кабир Султон Санжарнинг опасига уйлангани манбаларда қайд қилинган. 

Бухорода «Садр» ва «Қози ал-қузот» мансабига 1101 йилда илк бор Бурҳониддин Маҳмуд Бухорийнинг бобоси Бурҳонул Кабир тайинланган. Оли Моза оиласининг Бухородаги маданият, фан ва таълим ҳамда фиқҳ илми ривожидаги хизматини уларнинг «Сиккат ад-дехқон» маҳалласида «Хизонат ал-кутуб» кутубхонасини ташкил этишлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Ушбу кутубхонани бойитишда Бурҳонул Кабир, Садр Шаҳид ва унинг укаси Садр Саиднинг хизмати катта бўлган. Кўплаб бухоролик фақиҳлар ўз асарларини ушбу кутубхонадаги манбалардан фойдаланган ҳолда ёзганлар.

Тарихчилар томонидан Оли Моза оиласининг Бухородаги ҳукмронлик фаолияти турлича баҳоланади. Мазкур оила Бухорога кириб келгунга қадар шаҳарда Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Исмоил Саффор (ваф. 1139 й.) асос солган оила ҳукмрон эди. Бошқарувнинг Марвдан келган бошқа сулола қўлига ўтиши Бухорода маҳаллий уламоларнинг етакчи жамоаси сифатида танилган Саф- форийларнинг узоқ муддатга қадар Оли Моза оиласига мухолиф бўлишларига олиб келди. 

Маҳмуд Торобий 1238 йилда «Садр» унвонини Оли Моза оиласидан олиб, Аҳмад ибн Убайдуллоҳ ибн Иброҳим Маҳбубийнинг ўғли Шамсуддин Маҳмуд ибн Аҳмад Маҳбубийга (ваф. 1232 й.) берди. Шу тариқа Оли Моза оиласининг Бухорода диний-сиёсий ҳукмрон табақа сифатидаги фаолияти якун топди. 

Бурҳониддин Маҳмуд Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш «ал-Муҳит» бир неча марта нашрга тайёрланган. «Ал-Муҳит» асарининг илк йирик нашрини Аҳмад Иззу Иноя (Қоҳира, 2003) ҳар бири ўртача 500–550 бетдан иборат бўлган ўн жилдлик китоб ҳолида амалга оширган. «Ал-Муҳит»нинг иккинчи йирик нашри муаллифи Абдулкарим Сами Жундий бўлиб, у асарни тўққиз жилдда (ҳар бир жилди ўртача 500–550 бетни ташкил қилади) нашрга тайёрлаган. 

Маълумки, мўғуллар истилосидан сўнг ислом илмларининг ривожи Усмонийлар давлатида кузатилди ва Истанбул шаҳри ислом илмлари марказига айланти- рилди. Мазкур ҳудудда ҳанафийлик мазҳабининг изчил ривожланиб боришида мовароуннаҳрлик фақиҳлар томонидан таълиф этилган қатор асарларнинг аҳамияти катта бўлди. Жумладан, бугунги кунга келиб «ал-Муҳит» асарининг биргина Туркиядаги Боязид, Сулаймония, Кўпрулу кутубхоналарининг ўзида 66 та қўлёзма нусхалари борлиги фикримизга далил бўлади. Ушбу қўлёзмалар турли ҳажмда бўлиб, турли даврларда хаттотлар томонидан кўчириб борилган. 

Қоҳирадаги «ал-Азҳар», «Дор ал-кутуб ал-Мисрия» ва Искандария миллий кутубхоналарида асарнинг турли ҳажмдаги 27 та нусхаси сақланаётганлиги аниқланган. 

«Ал-Муҳит» асарининг Тошкентдаги Шарқ қўлёзмалари марказида сақланаётган 10 та қўлёзма нусхаси мавжуд: 

1. 2861 рақам остида сақланаётган насталиқ ёзувида кўчирилган нусха (жами 1241 варақ);

2. 5982 рақам остида сақланаётган, Бухорода насталиқ ёзувида кўчирилган нусха (жами 955 варақ);

3. 9532 рақам остида сақланаётган, 985/1578 йили Бухорода насталиқ ёзувида кўчирилган нусха (жами 727 варақ);

4. 3161 рақам остида сақланаётган, ёзилган жойи номаълум бўлган насталиқ ёзувида кўчирилган нусха (жами 543 варақ);

5. 7814 рақам остида сақланаётган, сулс ёзувида кўчирилган нусха (жами 180 варақ);

6. 8781 рақам остида сақланаётган, насх ёзувида кўчирилган нусха (жами 340 варақ бўлиб, у асарнинг учинчи жилди ҳисобланади);

7. 5835 рақам остида сақланаётган, 1221/1807 йилда Бухорода Мирзо Муҳаммад томонидан насталиқ ёзувида кўчирилган нусха (жами 675 варақ);

8. 3167 рақам остида сақланаётган, сулс ёзувида кўчирилган нусха, (жами 314 варақ);

9. 3102 рақам остида сақланаётган, 663/1265 йилда Абул Фатҳ Абдулқодир ибн Кабир ибн Али Марғиноний томонидан сулс ёзувида кўчирилган нусха (жами 196 варақ);

10. 5945 рақам остида сақланаётган, 989/1582 йилда Муҳаммад Али Нақлибек томонидан Бухорода нимнасх ёзувида кўчирилган нусха (жами 924 варақ).

Оли Моза сулоласининг Мовароуннаҳр ҳанафийлик илми ривожида тутган юксак ўрнини биргина Бурҳониддин Маҳмуд Бухорийнинг қолдирган илмий мероси билан ҳам исбот этиш мумкин. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, XX аср бошларигача ёзилган ҳанафий мазҳабидаги фиқҳий асарларнинг барчасида Оли Моза фақиҳлари асарлари ва фатволаридан кенг фойдаланилган. Мустақиллик йилларида алломанинг илмий мероси тадқиқотларга жалб этилди.

 

Dsc Илҳом Бекмирзаев

Қўшимча малумот

Имом Мотуридий ҳаёти ва фаолиятига чизгилар
Муаллиф: Аҳмад Саъд ДаманҳурийТаржимонлар: С.Абдуллаев, О.Икромбеков🗓 Сана: 2023📝 Ҳажми: 264 бет📖 Ушбу китоб мисрлик мотуридийшунос олим Аҳмад Саъд Даманҳурийнинг Имом...
ЗАМОНАВИЙ ТАРИҚАТЧИЛИКНИНГ ИЖТИМОИЙ ЗАРАРЛАРИ
Тасаввуф таълимоти узоқ даврлар мобайнида жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталарини илдиз отишига замин яратган. Ҳозирги пайтда дунёнинг кўп...
УЛАМОЛАР СОХТА CУФИЙЛИК ҲАҚИДА
Тарихан, инсон қалбини поклаш, уни руҳий-маънавий жиҳатдан юксалтиришни мақсад қилган тасаввуф таълимоти юртимизда кенг тараққий этиб келган. Тасаввуф йўлида риёзат...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry