16.07.2022
253

“СИЯР” ИЛМИНИНГ РИВОЖЛАНИШИ ВА ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Илк ўрта асрларда Мадинада мусулмон давлатчилигининг ташкил топиши, кейинчалик улкан ҳудудларга ёйилиши ҳамда ушбу жараёнда турли мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш зарурати мусулмонлар томонидан халқаро муносабатлар фиқҳига доир қоидаларни тизимлаштиришни талаб этди. Халқаро муносабатларга тааллуқли фиқҳий ҳукмларга оид асарларнинг вужудга келишида халифаликдаги сиёсий вазиятларнинг турлича тус олиши ҳамда мусулмонлар томонидан олиб борилган фатҳлар алоҳида ўрин тутган. Фақиҳлар ушбу мавзуга бағишлаб алоҳида асарлар ёзганлар, халқаро ҳуқуқ қоида ва ҳукмларини батафсил ёритишга ҳаракат қилганлар. Хусусан, сийрат илми билан шуғулланган олимлар ва муҳаддислар ўз услубларидан келиб чиққан ҳолда, ушбу соҳага алоҳида эътибор қаратганлар. Натижада мусулмон оламида халқаро муносабатларга бағишланган асарлар ёзила бошланган. 

Сийрат илми бўйича ёзилган асарларда ислом динининг инсонпарварлик ғояларини очиб беришга, унинг фалсафаси, илмий асосларини тадқиқ этишга, унинг инсон қалбида имон-эътиқодни мустаҳкамлашдаги ўрнини кўрсатиб беришга, унинг моҳияти, ақидасини тўғри талқин қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратганлар. Бу эса, бугунги кунда жамиятда динлараро ҳамжиҳатликни ва тинчликни таъминлашда долзарб аҳамият касб этади. 

Сияр илми ривожланишининг илк босқичи Аббосийлар даврига тўғри келади. Бу даврда олимлар Расулуллоҳ (с.а.в.) сийратлари ва рошид халифаларнинг ҳаётларини атрофлича ўрганиб, илк ҳижрий асрда амалда бўлган қоида ва ҳукмлардан хулоса қилишга ҳамда бу борада муайян услубни топишга ҳаракат қилган. Айниқса, олимлар мусулмонлар томонидан амалга оширилган фатҳлардан кўзланган шаръий асосларни аниқлашга алоҳида урғу берган. Баъзи олимлар фақат тарихий маълумотларни ўрганиш билан чекланган бўлса, айримлари ислом динида халқаро муносабатларга оид шаръий асосларни ёритган [11: 245]. Бу эса, ўз навбатида, мусулмонлар келажак авлодининг бошқа халқлар билан ўрнатадиган алоқаларини тизимлаштиришга замин яратди. 

Ушбу тадқиқотлар натижасида исломнинг халқаро муносабатларга доир илми бўлган – “сияр” фанига янгича қараш шаклланиб, бу борадаги меъёрий усул-қоидалар тизимлаштирилди. 

Бугунги кунда сияр илмига хос бўлган қуйидаги жиҳатларни назарда тутиш лозим: 

- ислом халқаро ҳуқуқи ва халқаро муносабатлар илми ислом ҳуқуқининг “сияр деб аталган тармоғи сифатида намоён бўлади. Сияр нафақат тарихий-ҳуқуқий тизим, балки бугунги кунда ҳам жаҳондаги мавжуд мусулмон мамлакатларини ҳуқуқий тизимининг бир қисми;

- сиярнинг диний манбаларга асосланганлиги. Сияр илми фиқҳнинг бир қисми бўлиб, ваҳийга асосланган ва унинг ҳукмлари ахлоқ ва ақида билан боғланиб кетган. Ислом халқаро ҳуқуқининг ушбу хусусияти ижобий жиҳатга эга. Жумладан, исломда халқаро муносабатлар асослари ақида билан ҳам боғлиқ ва шу сабабли у юксак эҳтиромга эга; 

          - сияр тармоғи турли динларга эътиқод қилувчи аҳоли гуруҳларининг ҳуқуқий ҳолатини тартибга солган ҳамда замонавий халқаро ҳуқуқнинг айнан прототипи эмас. Улар ўртасида айрим ўхшаш жиҳатларгина мавжуд. Шу жиҳатдан Лондондаги Брунел университети профессори Жавойид Раҳмон ислом халқаро ҳуқуқи – сияр ҳақида тўхталиб, унинг ғарбдаги халқаро ҳуқуқдан мутлақо фарқ қилиши ва мустақил фан бўлишга лойиқлигини таъкидлаб ўтган [16]. 

Ислом халқаро ҳуқуқи VIII асрдан бошлаб дастлаб Умавийлар, кейинроқ Аббосийлар халифалигининг халқаро муносабатларини тартибга солиш эҳтиёжининг шаклланиши билан ислом ҳуқуқшуносларининг ислом ҳуқуқи доктринасига асосланиб ишлаб чиққан нормаларидан иборат бўлган. Таъкидлаш керакки, Европа классик халқаро ҳуқуқидан фарқли ўлароқ ислом халқаро ҳуқуқи китоблардаги ғояларда эмас, балки вужудга келган аниқ халқаро муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиниши натижасида ривожланган. Бу ислом ҳуқуқидаги сияр тармоғи кўринишини олди. 

Доктор Афифига кўра, Пайғамбар (с.а.в.) дан кейин ҳам хорижий мамлакатлар билан алоқалар олиб борилган ва бу нарса халқаро муносабатлар асосини ташкил қилган тизимларнинг вужудга келишига замин яратган. Уларни фақиҳлар дастлаб “ал-мағози”, кейинчалик “ас-сияр” номлари билан атаганлар [5: 21]. 

Сияр тармоғи ҳақида “Ислом. Энциклопедия” китобида “мусулмон маъмурларининг бошқа давлатлар билан муносабатларини, уруш олиб бориш ва ҳарбий ўлжани тақсимлаш тартибини, мусулмон ҳукмдорнинг бошқа дин вакилларига нисбатан ўтказадиган сиёсатини тартибга солиш учун фақиҳлар белгилаб берган меъёрлардир” [12:251] дейилади. Китобда таъкидланишича, сиярнинг мусулмон бўлмаганларнинг ҳуқуқий ҳолатини белгиловчи меъёрларигина юридик хусусиятга эга бўлган. 

Л. Р. Сюкияйнен ислом ҳуқуқи тармоқлари ҳақида ёзар экан, “шартли равишда исломда халқаро муносабатларни тартибга солувчи “сияр” тармоғи” ни ажратиб ўтади. Ислом ҳуқуқининг ушбу соҳаси

- халифалик билан бошқа давлатлар ўртасидаги муносабатлар; 

- тинчлик ва уруш масалалари; 

- мусулмон жамиятининг бошқа дин вакиллари билан муносабатлари; 

- исломга муносабати жиҳатдан турли даражадаги аҳоли гуруҳларининг ҳуқуқий ҳолатини [13: 85] тартибга солган.

Илк ислом даврида яшаб ижод қилган фақиҳлар сияр мавзусини алоҳида шаклда эмас, балки “Жиҳод” боби, “Мағозий ва ғаниматлар” ёки “Муртадлик, омонлик аҳди ва жизя” боблари таркибида ўрганганлар. Шубҳасиз, бу мавзуда биринчилардан бўлиб дарс олиб борган ва алоҳида китоб ёзган олим Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит (в.150/767 й.) ҳисобланади. Лекин Имом Шаъбий, Авзоъий, Саврий ва Фазорий каби фақиҳлар ҳам бу мавзуга биринчилардан бўлиб эътибор қаратганларини таъкидлаб ўтиш лозим. 

Имом Шаъбий Омир ибн Шароҳил (в. 103/722 й.) Куфадаги машҳур фақиҳ ва муҳаддис олимлардан бўлиб, халқаро муносабатлар соҳасида катта тажрибага эга бўлган. Жумладан, Имом Шаъбий Абдулмалик ибн Марвон ва Рум подшоҳи ўртасида элчилик қилган. Амалий тажриба боис олим сияр мавзусида дарслар ҳам ўтган. Ҳатто улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) Имом Шаъбийнинг халқаро муносабатлар соҳасидаги билимини юқори баҳолаган. Бу ҳақида Хатиб Бағдодий Имом Нофеъдан санад билан қуйидаги ривоятни келтирган: “Ибн Умар (р.а.) Имом Шаъбийнинг ғазотлар ҳақида ҳадис айтаётганини эшитди ва: “Бу йигит ғазотларда ҳудди биз билан бирга қатнашгандек ҳадис айтмоқда”, деб мақтаган. Табароний ривоятида эса, “Шаъбий ғазотлар ҳақида ҳадис айтаётган эди.Ибн Умар (р.а.) унинг ёнидан ўтаётиб, ҳадисини эшитиб қолди ва: “Мен Расулуллоҳ (с.а.в.) билан бирга ғазотларда қатнашган бўлсам ҳам, бу одам (Шаъбий) мағозийларни мендан кўра яхшироқ ёд олган экан”, деб келтирилади [11: 246-247]. Албатта, бу ривоятлар Имом Шаъбийнинг сияр мавзусига алоҳида эътибор қаратганини англатади. 

Сияр мавзусида ижод қилган яна бир олим Шайхул-ислом Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Ҳорис Фазорий (в. 186/802 й.) ҳисобланди. Унинг “ас-Сияр” номли асари мавжуд. Олим фиқҳ илмини Имом Авзоийдан ўрганган бўлиб, сияр мавзусига оид аҳкомларнинг амалий жараёнларида бевосита иштирок этган. Имом Фазорий “Шайх ас-суғур” (Чегаралар шайхи) деган ном билан машҳур бўлган. Чунки асосан чегара ҳудудда фаолият юритган ва Массиса шаҳрини душманлардан ҳимоя қилаётган чоғида вафот этган. 

Имом Фазорийнинг “ас-Сияр” асарида ғазотлар, сийратлар, жиҳод, қўшинни жангга ҳозирлаш, сафларни тартибга келтириш, ўлжани тақсимлаш, муртадлик ҳукми каби фиқҳий масалалар билан бир қаторда мусулмонларнинг ўзга дин вакиллари билан бўладиган алоқалари ҳам кенг ёритилган. Имом Шофеъий бу асарни мадҳ этиб, шундай деган: “Ҳеч ким сияр мавзусида Абу Исҳоқ Фазорийнинг китобига ўхшаш асар ёзмаган” [11: 246-249].

Аввал таъкидланганидек, халқаро исломий қонунлар соҳасидаги илк асар Абу Ҳанифанинг қаламига мансуб. Мазкур соҳага “сияр” номини ҳам айнан Абу Ҳанифа берган. Абул Вафо Афғоний бу ҳақида қуйидагиларни ёзади: “Сияр мавзусида ёзилган энг қадимий асар – Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит Куфийнинг “Китаб ас-сияр” асари. Абу Ҳанифа бу асарини шогирдлари Абу Юсуф, Зуфар, Асад ибн Амр, Ҳасан ибн Зиёд Луълуий, Ҳафс ибн Ғиёс Нахаъий, Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний, Офия ибн Язид ва ўғли Ҳаммод каби улуғ имомларга имло қилган. Мазкур олимлар “ас-Сияр” асарини Абу Ҳанифадан ривоят қилиб, уни ўз фикрлари ва қарашлари билан янада бойитганлар. Натижада уларнинг ўзларига нисбат бериладиган бир қатор асарлар дунёга келган. Ҳасан ибн Зиёднинг ва Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг сияр бўйича ёзган асарлари шулар жумласидан  [2: 142]. 

Доктор Муҳаммад Ҳамидуллоҳ сияр атамасининг муомалага киритилиши ҳақида қуйидагиларни ёзган: “Сияр атамасининг исломий халқаро муносабатларга далолат қилувчи истилоҳ сифатида қўлланилиши II ҳижрий асрда рўй берган бўлиши керак. Зеро, Абу Ҳанифа “сийрат” атамасини биринчи бўлиб истеъмолга киритган бўлиб, уруш ва тинчлик ҳолатидаги фиқҳий қоидалар ҳақида олиб борган дарслари мажмуасини шундай деб атаган. Кейинчалик бу атама Абу Ҳанифанинг шогирдлари тарафидан кенг миқёсда қўлланила бошлаган. Бунинг самараси ўлароқ Шайбонийнинг “ас-Сияр ас-Сағир” ва “ас-Сияр ал-Кабир” номли асарлари бизгача етиб келган.

Шунингдек, Абу Ҳанифага замондош бўлган Имом Авзоий ҳам бу борада эътиборга молик ишларни амалга оширган. Шайхул-ислом Абу Амр Абдураҳмон ибн Амр ибн Аҳмад (в. 157/774 й.), яъни Имом Авзоий мужтаҳид имомлардан бўлиб, Шомда ўз мазҳабига асос солган. Шом ва Андалус ўлкаларида ҳижрий III асрга қадар Авзоий мазҳабига амал қилиб келинган. Имом Авзоий кўпчилик уламолар томонидан ишончли, омонатдор, фозил ва яхши инсон сифатида эътироф этилган. У ҳадис ва фиқҳ илми билан шуғулланган. 

Шу билан бирга Имом Авзоий сияр илмига ҳам алоҳида эътибор қаратиб, бу борада асар ёзган, талабаларга дарс берган, ҳатто сиярга оид ҳукмларни амалда қўллаш бўйича ҳаммага ўрнак бўлган. Имом Авзоий сияр мавзусида асар ёзган илк олимлар сирасига киради. У “Китоб ас-сияр” номли асар таълиф этган. Муаллиф бу асарини Абу Ҳанифанинг сияр борасидаги фикрларига раддия сифатида ёзган. Кейинчалик Абу Юсуф бундан хабар топгач, Авзоийнинг мазкур асарига “ар- Радд ъала Сияр ал-Авзаъий” номли раддия ёзган. Шунингдек, Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний ҳам “ас-Сияр ал-кабир” асарида Авзоийнинг мазкур асарига раддия бериб ўтган. 

Аммо Авзоийнинг “ас-Сияр” китоби алоҳида китоб шаклида бизгача етиб келмаган. Унинг бу номдаги асари мавжудлигига баъзи фиқҳий асарларда ишора қилиб ўтилган. Жумладан, Абу Юсуф “ар-Радд ъала Сияр ал-Авзаъий” асарида дастлаб Абу Ҳанифанинг сияр борасидаги фикрларини келтириб, сўнг Авзоийнинг бу борадаги раддияларини ёзади. Сўнг Абу Юсуф устози Абу Ҳанифанинг далиллари ҳамда ўзининг бу борадаги далилини баён қилиб, Авзоийга раддия беради. 

Шунингдек, Имом Шофеъий “ал-Умм” асарида ҳам айнан шу услубда Авзоийнинг сияр борасидаги фикрларини келтирганини кўриш мумкин. “Ал-Умм” асарида Авзоийнинг сўзлари, сўнг Абу Юсуфнинг фикрлари сўзма-сўз келтирилади. Унинг ортидан “Имом Шофеъий айтди”, дея муаллиф ўз фикрини баён қилади. Шу жиҳатдан олиб қараганда “Ал-Умм” асарини “ар-Радд ъала Сияр ал-Авзаъий”нинг иккинчи нусхасига ўхшаб кетади гўё. 

Имом Авзоий сияр мавзусида нафақат илмий изланишлар олиб борган, балки сияр ва унга тегишли аҳкомларни амалга татбиқ қилишда ҳам фаол иштирок этган. Авзоий, хусусан, чегара ҳудудларда хизмат қилган ва Шом ўлкасида жойлашган Байрут шаҳрини душманлардан ҳимоя қилиш асносида вафот этган. Ўша даврда Шайхул-ислом, ҳофиз Суфён ибн Саид ибн Масруқ Саврий (в. 161/778 й.) ҳам сияр мавзусига бағишланган “ал-Жомиъ” номли асар ёзган. 

Шу ўринда сияр мавзусида ёзилган илк асарлар хусусида баъзи мулоҳазалар мавжудлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Айрим тадқиқотчилар Имом Зайд ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб (в. 122/740 й.) қаламига мансуб асарни сияр мавзусида ёзилган илк манба сифатида эътироф этганлар. Имом Зайд фақиҳ ва муҳаддис олимлардан бўлиб, фиқҳ ва ҳадис илмига оид асарлар ёзган. Жумладан, “Мажмуъ ал-ҳадис” ва “Мажмуъ ал-фиқҳ” номли асарлар унга нисбат берилади. Аслида мазкур асарлар Имом Зайднинг шогирди Абу Холид Воситий Ҳошимий томонидан ёзилган бўлиб, бу икки асар жамланган ҳолда “ал-Мажмуъ ал-кабир” номини олган. 

Имом Зайднинг “Сияр” борасидаги ёзган китобида ғазот ва сияр, жиҳод ва шаҳидлик фазилати, ўлжаларни тақсимлаш, аҳд ва зимма, ливо ва роя (байроқ)лар, хумс ва ўлжалар, муртадлик ва ғулул, боғийларга қарши курашиш, имомга итоат қилиш каби мавзулар ёритилган [9: 608]. 

Абу Ҳанифанинг шогирдлари Зуфар ибн Ҳузайл ва Иброҳим Фазорийларнинг ҳам сиярга оид китоб ёзганликлари маълум [15]. Шундай бўлсада, бу борадаги энг муфассал асар Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний қаламига мансубдир. Шайбоний аввал “ас-Сияр ас-сағир” номли асар битади. Кейинроқ умрининг охирларида ўзи ва устозларининг тажрибасига таянган ҳолда “ас-Сияр ас-кабир”ни ёзади [14]. 

Сияр илми билан шуғулланган олимларнинг таъкидлашича, халқаро муносабатларга доир ислом қоидалари замонавий халқаро ҳуқуқдан ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туради. Ислом халқаро муносабатларига доир асосий қоидалари инсоният томонидан ишлаб чиқилган ва вазиятга қараб ўзгартириш ёки бекор қилиш мумкин бўлган қонунлар сирасига кирмайди. Сабаби исломда халқаро муносабатларга доир қоидаларнинг дастлабки манбаси сифатида, шубҳасиз, Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар эътироф этилади. Шунингдек, халифалар тузган шартномалар, қўшин амирларига юборилган буйруқлар ва тавсиялар ҳамда фақиҳларнинг ижмоси ҳам халқаро муносабатларга доир қоидаларни тўлдириб турувчи манбалардир. Шу жиҳатдан замон ва макондан келиб чиқиб, Қуръон ва ҳадисда кўрсатилмаган масалаларда муайян ўзгаришларни қабул қилади. 

Ислом динига хос бўлган халқаро муносабатларни тартибга солувчи қоидалар замонавий халқаро ҳуқуқда топилмайдиган баъзи хусусиятларга эга. Мутахассисларнинг фикрича, ҳозирги халқаро нормалар бир гуруҳ мустақил давлатларнинг уруш ва тинчлик ҳолатларидаги ўзаро алоқаларини тизимга солувчи қоидалар мажмуаси бўлиб, ҳудудий характерга эга. Яъни давлат фақат ўз ҳудуди ва ундаги ер ости ва усти бойликларига эгалик қила олади, унда бошқа давлатларнинг ҳудудини тасарруф қилиш ҳуқуқи йўқ. Бу тушунча ислом шариатида ўзгача. Исломдаги халқаро муносабат қоидалари ҳудудий жиҳатга эмас, балки кўпроқ инсоний жиҳатга эътибор қаратади [10:382-385]. Яъни мусулмонлар ва ўзга дин вакиллари истиқомат қилувчи ҳудудлар сифатида қоидаларни татбиқ этади. 

Шуларни мулоҳаза қилган ҳолда ислом динига хос бўлган халқаро муносабатларни тартибга солувчи қоидалар ҳозирги замонавий халқаро нормалардан қуйидаги хусусиятлар билан ажралиб туради: 

1. Ислом халқаро муносабатларини тартибга солувчи қоидаларга оид ҳукмларнинг асосий манбаси ваҳий саналади. 

Бу энг муҳим хусусиятлардан бўлиб, бошқа жиҳатлари ҳам ушбу хусусият асосида ишлаб чиқилади. “Сияр илми”, яъни исломдаги халқаро муносабатлар фиқҳнинг ажралмас бир қисми бўлиб, унинг асоси Қуръон ва суннатга таянади. Бу манбалардан бевосита олинган қоидалар, одатда, ўзгармас ҳисобланади. 

Шунингдек, айрим тадқиқотчилар ислом қонунчилигидаги қоидаларнинг ўзгариши юзасидан турли фикрларни илгари сурганлар. Жумладан, Доктор Аббдулҳамид Мутаваллийнинг фикрига кўра, ислом қонунчилиги иккига хил бўлади:

1) Илоҳий, яъни ўзгармас қонунлар.

2) Вазъий (инсон томонидан ишлаб чиқилган) қонунлар [1: 11]. 

Шайх Абдулваҳҳоб Халлоф, Доктор Ғунаймий ва Доктор Али Жариша каби бир қатор олимлар эса, исломий қонунчиликни қуйидагича таснифлаганлар:

1) Ибтидоий. Яъни шариат қонунларининг асоси ёлғиз Аллоҳнинг ҳақи.

2) Ибтиноий. Бунда баъзи ҳукмларда инсон омили ҳам иштирок этади, яъни олимлар шариат белгилаган қоидалар асосида ижтиҳод қилиш ҳуқуқига эга ҳисобланадилар. Лекин ташриъ, яъни қонунни жорий қилиш фақат Аллоҳнинг ҳуқуқи саналади [11: 259]. 

Бу қоидалар ислом ҳуқуқининг бошқа соҳалари каби халқаро муносабатларга доир масалаларга ҳам татбиқ этилади.

2. Халқаро алоқаларга оид ҳукмларнинг ақида ва ахлоққа боғлиқлиги.

Ислом халқаро муносабатларининг бу хусусияти ҳам бугунги кундаги замонавий қоидалардан фарқланади. Бу жиҳатдан ҳам исломдаги халқаро муносабатлар Қуръон ва суннатга чамбарчас боғлиқ экани намоён бўлади. Исломий қонунчилик замонавий халқаро нормаларда мавжуд бўлмаган бир жиҳатга, яъни тавҳид ақидасига эга. Ислом динининг асосий таълимотлари икки жиҳатга алоҳида эътибор қаратади: ақида ва шариат. Ақида – Қуръони каримда имон номи остида баён қилинган ғоя. Шариат эса Аллоҳ жорий қилган қоидалар бўлиб, мусулмон киши динга амал қилиш орқали шариат қоидаларига амал қилиб боради. 

Ислом халқаро алоқаларига оид қоидалар ахлоқий қадриятларга катта эътибор қаратади. Маълумки, ислом тарихида дастлаб “динда фақиҳ бўлиш” ғояси илгари сурилган бўлиб, ҳозирги барча диний фанлар шу ғоя асосида шаклланган. Вақт ўтиши билан бу ғоядан турли илм соҳалари алоҳида бўлиб ажралиб чиқди. Фуруъ ал-фиқҳ илми ҳам шулар жумласидан. Кейинчалик бу илмдан “Халқаро муносабатлар” соҳаси мустақил йўналиш сифатида алоҳида шаклланди. Шубҳасиз, бу фанда ҳам ахлоқий қадриятлар муҳим аҳамият касб этади. Ислом илмларининг ҳеч бири бир- бирдан айри ҳолдаги мустақил равишда янги пайдо бўлган илм соҳаси ҳисобланмайди. Балки уларнинг барчаси бир-бири билан чамбарчас боғлиқ ҳолда пайдо бўлган ва ривожланган. Шаръий илмларнинг барча таълимоти инсоннинг дунё ва охиратда бахтиёр бўлишига қаратилган. Жумладан, ислом халқаро муносабатлари соҳаси ҳам инсонлар орасида ҳамжиҳатликни қарор топтириш, давлат ва жамиятлараро тинчликни  мустаҳкамлашга қаратилган. Бу ғояни ҳаётга татбиқ қилишнинг энг самарали йўлларидан бири ҳуқуқий муносабатларни ахлоқий мезонлар асосида олиб бориш билан боғлиқ.

Юқорида таъкидланганидек, ислом динида нафақат шахсий муносабатлар, балки халқаро алоқаларни йўлга қўйишда ҳам ахлоқий қадриятларнинг муҳимлиги Қуръон оятларида ўз исботини топган. Шунингдек, ҳадислар, рошид халифаларнинг уруш ва тинчлик ҳолатида олиб борган сиёсатлари орқали ҳам халқаро алоқаларнинг қонун-қоидалари амалда татбиқ этилган. Кейинчалик фақиҳлар мазкур учта асосга суянган ҳолда ислом халқаро алоқаларига оид аҳкомларни ишлаб чиққанлар. Жумладан, аҳд (шартнома)га вафо қилиш, ўзаро алоқаларда ёлғон ва алдовлардан сақаланиш, жанг вақтида мусла (ваҳшийлик) қилмаслик, қуролсизларни қатл қилмаслик, инсониятга зарарли бўлган қуроллардан фойдаланмаслик каби масалалар кўтарилган. 

Халқаро исломий алоқаларнинг бу хусусияти кўплаб олимларнинг эътиборини тортган. Жумладан, доктор Мажид Худурий бу ҳақида қуйидагиларни ёзади: “Ислом дини – ҳаёт йўли. У фақат ақидавий масалалар билан чекланиб қолмасдан халқаро алоқалардаги ахлоқий асосларга қаттиқ эътибор қаратади. Исломий ақида – ахлоқнинг асоси. Айнан шу нарса мусулмонларнинг ўзга дин вакилларига бағрикенглик билан муносабатда бўлишга, хусусан, уруш ҳолатида ҳам инсонийлик чегарасидан чиқмасликка ундайди. Ислом тарихини кузатар эканмиз, шунга амин бўламизки, халқаро муносабатлар ахлоқий асосларга эга бўлмаса, ижтимоий тизим деган ибора маъносиз истилоҳга айланиб қолади” [11: 265].

Мана шу хусусият инсонлар онгида ислом қоидаларига нисбатан ҳайбат ва эҳтиром туйғуларини уйғотиб туради. Ислом фиқҳи шариат қоидалари бўлиши билан бирга ахлоқий мезон ҳамдир. Қуръондаги таълимотлар инсон виждонидаги ботиний туйғулар билан қоришиб, жамиятнинг ривожига ҳисса қўшади. Натижада инсоннинг қонунга бўйсунишини доимий тарзда назорат қилишга ҳожат қолмайди [8: 219-220]. 

Шаръий қоидалардаги ҳуқуқбузарлик учун дунёвий жазолардан қутулиб қолса ҳам охиратда жавобгарликнинг муқаррар эканлиги ҳақидаги тасаввур ҳам ислом халқаро муносабатларига ҳам тааллуқли. Бу эса халқаро муносабатларда инсонни ахлоқ чегарасида ушлаб туради. Жазо дунёвий ва ухровий кўринишда намоён бўлади. Ҳоким ёки давлатнинг умумий бошқаруви томонидан бериладиган жазо дунёвийлик хусусиятига эга бўлса, қиёматда Аллоҳ томонидан бериладиган жазо ухровий деб аталади. Шунингдек, тавба тушунчаси ҳам мавжуд бўлиб, жиноятчининг охиратдаги, ҳатто баъзи ўринларда дунёдаги жазосини бекор қилиш ёки енгиллаштириш учун қўлланилади [6: 4295-4296]. 

Шайх Муҳаммад Абу Заҳра бу ҳақида қуйидагиларни ёзади: “Исломий қонунни дин билан боғлаш натижасида мазкур қонун ахлоқий қоидалар ва инсоний қадриятлар билан мустаҳкам боғланади. Натижада мазкур қонуннинг бандлари ва қоидалари яхши хулқ доирасидан ташқарига чиқмайди. Дарҳақиқат, ислом халқаро муносабатлари ахлоқ билан боғлиқ бўлган илк қоидалар мажмуасидир. Ислом фиқҳида қонун ва ахлоқнинг мустаҳкам алоқасини кўрамиз. Бу қадимда файласуф ва донишмандларнинг орзуси бўлган. Улар буни ҳаётга татбиқ қилишга уринишган, лекин воқеликдаги ҳодисалар бунга йўл қўймаган. 

Ислом фиқҳи асослари динга бориб тақалгани боис унинг раҳбарлар ва халқнинг қалбига чуқур кириб боришига сабаб бўлган. Ислом фиқҳи қоидаларга барча бирдек амал қилиши лозимлигини таъкидлайди. Бу эса халқаро муносабатларда адолат принциалари устуворлигига эришишда муҳим аҳамият касб этган. Хусусан, уруш пайтида ҳам аскарларни тинч аҳолига нисбатан шафқатли бўлиш, инсонлар уйлари, ибодатхоналар ва боғу роғларни вайрон қилмасликка ундаб турган” [3:70-74]. 

Шунингдек, халқаро ҳуқуқ соҳасидаги мутахассислар бугунги кундаги халқаро ҳуқуқ қоидалари билан ахлоқий қадриятлар орасида тафовут борлигини таъкидлайдилар. Халқаро ҳуқуқ қоидаларини назорат қилиб туриш талаб этилади. Аммо халқаро муносабатларда ахлоқий қадриятларни назорат қилишнинг имкони йўқ. Шу сабабли ҳам халқаро ҳуқуқ қоидаларининг бузганини аниқлаш имкони бўлмаганида жавобгарликка тортилмайди [7: 33-37]. 

Шайх Абдулваҳҳоб Халлоф уруш ҳолатидаги исломий қоидалар ва халқаро ҳуқуққа оид нормаларни таққослаб, қуйидагиларни ёзади: “Исломий қоидалар аксарият ўринларда халқаро ҳуқуқ қоидаларига мувофиқ бўлса-да, лекин бир жиҳатдан фарқ қилиб туради. Исломий ҳукмлар – дин жорий қилган қоидалардир. Уларни ҳаётга татбиқ қилишда мусулмонларнинг имони ва ишончларининг қуввати асосий вазифани бажаради. Халқаро ҳуқуқ қоидаларини амалга татбиқ қилишда эса бундай хусусият топилмайди. Унинг ортида ҳимоя қиладиган ва ҳукмларини амалга жорий қиладиган қувват йўқ. Исломий ҳукмлар эса, ҳатто уруш ҳолатида ҳам мусулмонларнинг имони билан ўз-ўзидан амалга татбиқ қилинади” [4: 85]. Бу ҳолатлар белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилиш ҳамда турли бузғунчиликларни олдини олишда қўл келади.

Сияр илмининг юзага келиши ва унга оид кўплаб асарларнинг битилиши, албатта, тасодиф эмас. Бу исломдаги халқаро муносабатлар илми фиқҳнинг таркибий қисми бўлиши билан бирга ўз даврининг талаби ҳам эди. Бу даврда халифалар ҳам фиқҳнинг ушбу соҳасининг юзага келишидан манфаатдор эдилар. Масалан, Машҳур халифа Ҳорун Рашид Абу Ҳанифанинг шогирди Абу Юсуфдан давлат амал қилиши учун халқаро молиявий муносабатларга оид фиҳқий қоидларни ишлаб чиқишни сўрайди. Абу Юсуф халифанинг илтимосини инобатга олиб ўзининг машҳур “Хирож” китобини битади. Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний ҳам ўзининг “ас- Сияр ал-кабир” асарини битиши билан уни дарҳол халифа ҳузурига келтиради ва Ҳорун Рашид бу китобни юқори баҳолаб, ҳатто фарзандларига уни ўрганишни буюради. Ислом уламолари томонидан таснифланган халқаро муносабатлар қоидалари ўзида ахлоқ нормаларини ҳам қамраб олгани билан ажралиб туради. Ўз навбатида исломдаги мазкур қоидалар замонавий халқаро муносабатларга ҳам ўзига хос таъсир кўрсатган.

 

Шукрулло ЖЎРАЕВ,

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ҳодими


АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ

1. Abdulhamid Mutavalli. Al-Islam va mabadi’ nizam al-hukm. – Iskandariya: Mansha’t al-Ma’arif (nashr yili ko’rsatimagan)

2. Abdulkarim Zaydon. Al-Madxalu lidirasati ash-shariyati al-islamiya. – Iskandariya: Dar Umar ibn Xattab. 2001

3. Abdulqodir Avda. At-Tashri’ al-jinaiy al-islamiy. J.1 Bayrut: Dar at-Turos al-arabiy, 1977

4. Abdulvahhob Hallof. As-siyasa ash-shar’iyya. –al-Qohira: Dar al-ansar, 1977.

5. Afifi Muhammad Sadik. Al-A’alaqat ad- duvaliyatu fil islam. Cairo: Maktabat al-Khanji. 1977

6. Ala’ al-Din al-Kasani. Bada’i’ al-Sana’i’ fi Tartib al-Shara’i’. J.9. – Cairo: Matba’a al-Imam. (nashr yili ko’rsatimagan)

7. Ja’far Abdusalom. Qavaid al-alaqat ad-duvaliya fi al-qanun ad-duvaliy va ash-shari’a al-islamiya. – Cairo: Maktaba as-salam al-alamiya, 1981

8. Mustafo Ahmad Zarqo. Al-Madxal al-fihqiy al-Om. J.1. – Damashq: Muassasa ar-risala, 1972. 

9. Sharafuddin Husayn ibn Ahmad Sayyog’iy. Ar-ravz an-nazir – Sharh Majmu’ al-fiqh al-akbar. J.4.– Toif: Maktaba al-muayyad, 1968.

10. Sulaymon Tamoviy. As-sultot as-salas fi ad- dasatir al-arabiya al-mu’asira fi al-fikr al-islamiy, (nashr yili ko’rsatilmagan).

11. Usmon Juma Zamiriya. Usul al-aloqot ad-duvaliya fi fiqh al-Imam Muhammad ibn Hasan ash-Shayboniy. – Ammon: Dar al-ma’oliy, 1999.

12. Ислом. Энциклопедия: А-Ҳ/ З. Ҳусниддинов таҳрири остида. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти, 2003.

13. Сюкияйнен. Л. Р. Мусульманское парво.− М.: “Наука”, 1986.

14. http://islamport.com/w/amm/Web/135/280.htm 

15.http://www.iosminaret.org/vol-2/issue19/  Minarets_of_illumination.php#heading4

16. http://www.ukcle.ac.uk/research/projects/   

Islamic_International_Law.html   

Қўшимча малумот

Имом Мотуридий ҳаёти ва фаолиятига чизгилар
Муаллиф: Аҳмад Саъд ДаманҳурийТаржимонлар: С.Абдуллаев, О.Икромбеков🗓 Сана: 2023📝 Ҳажми: 264 бет📖 Ушбу китоб мисрлик мотуридийшунос олим Аҳмад Саъд Даманҳурийнинг Имом...
ЗАМОНАВИЙ ТАРИҚАТЧИЛИКНИНГ ИЖТИМОИЙ ЗАРАРЛАРИ
Тасаввуф таълимоти узоқ даврлар мобайнида жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталарини илдиз отишига замин яратган. Ҳозирги пайтда дунёнинг кўп...
УЛАМОЛАР СОХТА CУФИЙЛИК ҲАҚИДА
Тарихан, инсон қалбини поклаш, уни руҳий-маънавий жиҳатдан юксалтиришни мақсад қилган тасаввуф таълимоти юртимизда кенг тараққий этиб келган. Тасаввуф йўлида риёзат...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry