19.01.2022
360

АЛОУДДИН УСМАНДИЙ – МОТУРИДИЙЛИК МАКТАБИ ДАВОМЧИСИ

Мотуридийлик Имом Абу Ҳанифа қараш­ларининг Абу Мансур Мотуридий (ваф. 333/944 й.) томонидан ривожлантирилиб, тизимлаштирилган ва асос солинган ақидавий мазҳабдир. Бунга кўра, мотуридийлик ва ҳанафийлик ўртасида жуда яқин алоқа мавжуд. Шу билан бирга мотуридийликнинг асоси ҳанафийлик экани борасида уламолар якдил фикрдалар. VIII аср бошидан эътиборан ҳанафийлик Хуросон, айниқса, Самарқанддан тортиб Мовароуннаҳрнинг барча шаҳарларида кенг тарқалган [1: 124-125). Дарҳақиқат, Абу Муин Насафий (ваф. 508/1114 й.) ўзининг “Табсиратул адилла фи усулид дин ала тариқатил Имом Мотуридий” асарида бутун Мовароуннаҳр, Хуросоннинг Марв ва Балх каби шаҳарларида муътазилийларнинг ғояларини ёқлаганлардан ташқари барча Абу Ҳанифа тарафдорларининг усул ва фуруъ масалаларида илк даврдан бери ҳанафийлик (Ҳанафий-Мотуридийлик)ни қабул қилганликларини келтиради [30: 356].

Насафийнинг юқорида зикр этилган “Бутун Мовароуннаҳр ҳудуди бўйлаб муътазилийлар фикрини қабул қилмаган ҳанафийлар” деган сўзларидан бу ҳудуддаги ҳанафийларнинг икки гуруҳга бўлинганликларини тушунишимиз мумкин. Бу икки гуруҳ қуйидагилардир:

Ҳанафий-муътазилийлар: Абул Қосим Каъбий (ваф. 319/931 й.) каби амалда ҳанафий бўлиб, эътиқодда муътазилийларни ёқлаб, ҳимоя қилган ҳанафийлардир.

Муътазилий бўлмаган ҳанафийлар: Самарқандда Дорул Жузжония ва Дорул Иёдия мактабларига мансублари ҳамда Бухорода Абу Ҳафс Кабир (ваф. 217/832 й.), Балхда Нусайр ибн Яҳё (ваф. 268/882 й.) атрофида бирлашган, муътазилийларни рад қилган ҳанафийлардир. Бу гуруҳни ҳақли равишда Ҳанафий Самарқанд/Мовароуннаҳр мактаби шаклида номлашимиз мумкин. 

Мотуридийликнинг асосчиси сифатида танилган Абу Мансур Мотуридий юқорида зикр этилган Самарқанд мактабига қарашли Дорул Жузжонийда таҳсил олиб, камолотга етишган ва Абу Ҳанифанинг қарашларини умрининг охирига қадар ривожлантириб, тизимлаштирган, кенг ёйишга бор кучини сарфлаган.

Дорул Жузжония Абу Ҳанифанинг ғоя ва қарашларига мувофиқ иш олиб борадиган энг муҳим илм маркази бўлган. Бу ер Абу Мансур Мотуридий ва минглаб талабаларни етиштирган бир мактабдир. Абу Муқотил Самарқандий (ваф. 208/823 й.) томонидан IX асрда асос солинган деб тахмин қилинаётган бу мактаб кейинчалик Абу Сулаймон Жузжоний (ваф. 200/816 й.) ва Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Субайҳ Жузжоний (ваф. 268/882 й.) томонидан ривожлантирилган [3: 268-269).

Абу Ҳанифа (ваф. 150/767 й.)нинг таниқли шогирдлари Муҳаммад Шайбоний (ваф. 189/804 й.) ва Абу Юсуф (ваф. 182/798 й.)нинг шогирди Абу Сулаймон Мусо ибн Сулаймон Жузжоний (ваф. 200/816 й.) томонидан асос солинган Дорул Жузжония мактаби Абу Мансур Мотуридийни тарбиялаб, вояга етказган ва кейинчалик унинг ўзи ҳам бу ерда таълим берган муҳим бир илмий марказ бўлган. Ибн Яҳё келтирган маълумотга кўра [5: 160-162), Дорул Жузжонияда устозлик фаолиятини олиб борган олимларнинг силсиласи қуйидагичадир:

Имом Абу Ҳанифа (ваф. 150/767 й.)

 

Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний (ваф. 189/805 й.)

 

Абу Сулаймон Мусо ибн Сулаймон Жузжоний (ваф. 200/816 й.)

 

 Абу Абдуллоҳ ибн Абу Бакр Жузжоний (ваф. 285/898 й.)

 

Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ Жузжоний (ваф. 250/864 й.)

 

Абу Наср Аҳмад ибн Аббос Иёдий (ваф. тахм. 275/889 й.)

 

Абу Мансур Мотуридий (ваф. 333/944 й.)

 

Юқоридаги устозлар силсиласи Абу Ҳанифа ва имом Мотуридий орасидаги боғлиқликни намоён этмоқда. Айниқса, бу силсилада келтирилган илк уч олимнинг Жузжоний лақабли бўлиши ушбу илмий марказнинг “Дорул Жузжония” номи билан аталишига асосий сабаб бўлганлигига ишонамиз. Бу жойда устозлик қилган олимлар Абу Ҳанифанинг қарашлари бўйича дарс берганлар ва баъзи асарларни ёзганлар [30: 356].

Абу Наср Иёдийдан сўнгра Дорул Жузжониянинг раҳбарлигига унинг энг яхши кўрган ва энг муваффақиятли шогирди Абу Мансур Мотуридий тайинланган [5:162b]. Гарчи у жойда Абу Аҳмад Иёдий ҳам бош устоз вазифасида ишлаган бўлса-да, Абу Аҳмаднинг раҳбарлиги даврида ҳам мактабнинг асл устози доим Мотуридий бўлди. Зеро, Абу Наср шаҳид бўлганида Абу Аҳмад ҳали ёш бола ва таҳсилини тугатмаган эди [5: 161а-161b]. Мотуридий эса таҳсилини тугатиб, умрининг охирига қадар у ерда дарс берган эди [5: 161b]. Устозининг муҳаббати ва эътиборини қозонган шогирди – Мотуридий келмагунча устози Абу Наср дарсни бошламас, узоқдан унинг келаётганини кўриб, уни мақтай бошларди [30: 359].

Абу Мансур Мотуридий бу марказда умрининг охиригача кўплаб талабаларга дарс берди [5: 162a]. Дарҳақиқат, Мотуридий Абул Ҳасан Али ибн Саид Рустуфағний (ваф. 350/961 й.) каби шогирдларига Имом Муҳаммад Шайбонийнинг “ал-Мабсут”ини ўқитаркан, юз ёшга яқин умр кўриб, вафот этди [5: 162b].

Имом Мотуридийнинг фикрлари Абул Ҳасан Али ибн Саид Рустуфағний, Абу Салама Самарқандий (ваф. тахм. 340/952 й.) ва Ибн Яҳё каби олимлар томонидан давом эттирилди [5: 162а]. Бу уч кишидан бири Рустуфағний Мотуридийнинг шогирдидир. Қолган икки киши эса ундан таълим олган икки машҳур олимнинг шогирдларидир. Абу Салама Абу Аҳмаднинг, Ибн Яҳё эса Рустуфағнийнинг шогирдларидир. Бу шахслар Мотуридий каби халқ орасида оддий ҳаёт кечиришиб, фикрлашда эса таъвил ва ақлдан фойдаланиш кераклигини ёқлайдилар. Шу сабабли Рустуфағний, Абу Салама ва Ибн Яҳё Мотуридийнинг илк вакиллари (издошлари) ҳисобланишади [6: 266].

Абу Мансур Мотуридий вафотидан сўнг Рустуфағний ва Абдулкарим ибн Мусо ибн Исо Паздавий (ваф. 390/1000 й.) каби шогирдлари ҳамда Абу Салама ва Ибн Яҳё каби шогирдларининг шогирдлари Мотуридийнинг асарларини ўқидилар, ўқитдилар ва устозлари каби халқ орасида оддий ҳаёт кечириб, таъвилни зарур ҳисоблаб, ақл юритиш/раъйни ёқладилар ва ҳимоя қилдилар. Ибн Яҳёнинг “Шарҳу жумали усулид дин” (Усулид дин жумлалари шарҳи) асарида келтирган маълумотга кўра, Мотуридийдан сўнг Жузжония мактаби фаолияти Рустуфағний томонидан давом эттирилган [5: 162a].

Мотуридийнинг шогирдлари фақатгина унинг фикрларини ўргатибгина қолмасдан, балки унинг асарлари ва кароматларини ҳам бошқаларга етказишган. Абул Йуср Паздавий (ваф. 493/1100 й.)нинг “Усулуд дин” номли асарида келтирилган қуйидаги маълумот ҳам буни тасдиқлайди:

“Зоҳид имом Абу Мансур Мотуридий (ваф. 333/944 й.)нинг Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби асосида ёзилган тавҳид илмига доир бир китобини кўриб чиқдим. Абу Мансур Мотуридий Аҳли сунна вал жамоанинг раисларидан бири бўлган. Шайх ва имом отам ҳамда зоҳид бобом менга шайх ва имом Абдулкарим ибн Мусодан нақл қилиб, унинг кароматлари ҳақида сўзлаб берган эди. Зеро, бизнинг бобомиз ва мазҳабдошларимизнинг китобларини ҳамда шайх имом Абу Мансур Мотуридийнинг “Китобут Тавҳид” ва “Китобут Таъвилот” асарларининг маъноларини яхши ўзлаштирган эдилар” [7: 3].

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Жузжония мактаби вакиллари Абу Ҳанифанинг қарашлари ва услубларини ўз ҳолича қабул қилиб, давом эттирган ҳанафий мазҳабига мансуб кишилардир. Бу мактабнинг энг муҳим ва энг машҳур вакили Абу Ҳанифанинг қарашларини тизимлаштирган Абу Мансур Мотуридийдир.

Дорул Иёдия X асрнинг бошларида Абу Аҳмад Иёдий томонидан Дорул Жузжониянинг муқобили сифатида Самарқандда ташкил этилгани тахмин қилинади. Фикримизча, бу мактабга мансуб кишилар муташобиҳ оятларнинг таъвил қилиниши ва ақлнинг далил сифатида қўлланилишига қарши чиқишган. Бу икки масалада Аҳли Раъйдан ажралиб, Аҳли Ҳадисга мойил бўлишган. Абу Аҳмад Иёдий ва Ҳаким Самарқандийга нисбат берилган “ас-Саводул аъзам” номли асарга шарҳ ёзган киши ёки кишилар ана шу мактабнинг вакиллари бўлишган деб тахмин қиламиз. Бундан келиб чиқадики, Самарқандда Дорул Иёдияга мансуб уламолар Сомонийлар давлатининг қулашига қадар ўртага чиққанлар. Бу гуруҳга Сомонийларнинг амирлари билан яхши алоқада бўлган Ҳаким Самарқандий ва Абу Бакр Иёдий каби олимларни киритиш мумкин.

Бу мактаб вакиллари сифатида Абу Бакр Иёдий (ваф. 361/971 й.) ва укаси Абу Аҳмад Иёдийларни кўришимиз мумкин. Мотуридийнинг замондоши ва Самарқанднинг энг кўзга кўринган олимларидан бири Абу Бакр Иёдий халқ томонидан севилиб, унинг ҳурмат-эътиборини қозонган киши эди. “Шарҳу жумали усулид дин”да келтирилган ривоятга кўра, Абу Бакр Иёдий вафотидан сўнг у ҳақида фақиҳ Абдуссамад ибн Аҳмад Арбинжоний Мотуридийнинг қуйидаги сўзини нақл қилган: “Диний илмлар ва ҳукмларни ўргатиш борасида бу умматнинг олимлари Аллоҳ томонидан юборилган пайғамбарлар кабидирлар. Ўтмишда бир пайғамбарнинг даври тугаб, ечилиши лозим бўлган масалалар юзага чиққанида уни ечадиган бир олим қолмаганида янги бир пайғамбар юборилгани каби, бу умматнинг ичида ҳам ҳар бир асрда вафот этган фақиҳларнинг ўрнига ё янги бир олим келади ёки қиёмат қоим бўлиши керак бўлади; чунки Аллоҳ инсонларни йўлбошчи (ҳидоят)дан маҳрум қолдириши мумкин эмас” [5: 18b-19a).

Абу Бакр Иёдийнинг таъзиясида Мотуридий номининг зикр этилиши ва юқорида келтирилган сўзининг нақл қилиниши Мотуридийнинг Самарқанд мактабида жуда муҳим бир мавқега эга эканлигини кўрсатади. Шунингдек, бу ёзув IV/X асрнинг 2-ярмида содир бўлган баъзи бир сиёсий тўсиқларга қарамай, унинг номи ва ғоялари кенг жамоатчилик томонидан қабул қилингани ва жамиятда ўз аксини топганлигини ҳам кўрсатади.

Кафавийнинг таъкидлашича, Насаф вилоятидан таниқли фақиҳлар гуруҳининг Самарқанддаги муваф­фақиятли ижтимоий-сиёсий ва илмий фаолияти ровий (етказувчи)ларнинг жорий силси­ласининг шаклланишига ўз таъсирини кўрсатди. Садрул ислом Абул Йуср Муҳаммад ибн Муҳаммад Паздавий Насафий (ваф. 493/1100 й. Бухоро), укаси шайх, имом зоҳид Фахрул ислом Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Абдул Карим Паздавий Насафий (ваф. 482/1089 й. Кеш) ҳамда Абу Муин Маймун ибн Муҳаммад Макҳулий Насафий (ваф. 508/1115 й.)лар Жанубий Суғд уламолари анъаналарини ўзларига мерос қилиб олиб, уни Самарқанд муҳитига олиб келдилар.

Абул Йуср Абу Мансур Мотуридий силсиласини хатиб Абу Иброҳим Исмоил ибн Абдуссодиқ ибн Абдуллоҳ Ниязавий (ваф. 494/1101 й.) (Насафий, 702) ва ўз отаси Абул Ҳасан Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Абдул Карим Паздавий орқали давом эттирди (Hans Peter Linss, 1991: 155). Бу силсила аслида ички оилавий бир силсила ҳисобланади: Абул Йуср ва Фахрул ислом Паздавийларнинг бобоси – Абу Муҳаммад Абдул Карим ибн Мусо ибн Исо Паздавий (ваф. 390/1000 й.)нинг Абу Мансур Мотуридийдан фиқҳ ва калом соҳалари бўйича таҳсил олган эди [30: 444-445]. Бу анъана сақланиб қолган ва давом этган эди. Бундан ташқари, Абул Йуср қози Али ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад Суғдий (ваф. 461/1068-69 й.) орқали Ҳаким Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Куфинийдан ҳадис ривоят қилган [30: 551].

Абу Муин Насафий ҳақида Кафавий жуда мубҳам фикр билдиради. Мотуридийликнинг қайта жонланиши силсилада унинг номи зикр қилинмаса-да, яқин Шарқ мамлакатларида Абул Ҳасан Муҳаммад ибн Жаъфар Балхий (ваф. 548/1153 й.), Бурҳониддин Али ибн Ҳусайн Балхий (ваф. 547/1152 й.) ва бошқалар каби Абу Муин Насафий номидан мўътабар манбаларни ривоят қилган шогирдлари бўлганлиги бизга маълум. Унинг мотуридийлик асосларига доир учта китоби маълум – “Табсиратул адилла фи усулид дин” (Дин асослари далилларнинг баёни) (500/1106 йилда Бухорода ёзилган), “ат-Тавҳид ли қоваид ат-тавҳид” (Тавҳид қоидаларига муқаддима) ва “Баҳрул калом” (Калом илми денгизи). Бу ихтилофнинг сабабларини Абу Муин Насафийнинг Абул Йуср Паздавий шогирди бўлиб, бу силсилани давом эттирганлигида кўриш мумкин. Иккинчидан, уни Абу Мансур Мотуридий билан боғловчи силсила бунинг оилавий бир анъана эканлигига далолат қилади. Унинг аждоди Абу Мутиъ Макҳул ибн Фазл Насафий (ваф. 318/930 й.) Мотуридий таълимотини оилавий мерос ўлароқ қабул қилиб олганди. Бундан ташқари, Абу Муин Насафий бошқа силсилага ҳам эга эди [10: 52]. Мисол учун, у фақиҳ Нусайр ибн Яҳё Балхий (ваф. 268/881-82 й.) орқали Абу Ҳанифа номидан “ар-Рисола ила Усмон Баттий” матнини қуйидаги силсила орқали ривоят қилганди: Нусайр – Абул Ҳасан Али ибн Аҳмад Фарисий (ваф. 335/947 й.) – Абу Саъд Муҳаммад ибн Абу Бакр Бустий – Абу Солиҳ Муҳаммад ибн Ҳусайн Самарқандий – Абу Закариё Яҳё ибн Мутарриф Балхий – Абу Муин Насафий [11: 24-25].

Фахрул ислом (ислом динининг фахри) номи билан машҳур Абул Ҳасан Паздавий Самарқандда таълим бериб, ҳанафий фиқҳига доир муҳим китоблар ёзган [30: 554-555]. Улар орасида усулул фиқҳга доир “Канз ал-вусул ила маърифат ал-усул” (Усулни тушуниш учун васллар хазинаси ёки Усули Паздавий) асарини алоҳида қайд этиш жоиз. Бироқ унинг исноди Кафавийга номаълум бўлиб қолгани боис, натижада унинг таржимаи ҳоли “Мутафарриқот” (турли масалалар) бўлимига киритилди.

Бу уч олимнинг Насафдан пойтахт Самарқандга кўчиб келиши ҳанафий таълимотининг ривожланиш йўналишини сезиларли даражада ўзгартирди. Улар шофиъий-ашъарийларнинг Ҳанафий таълимотига қарши таъна (ҳужум)ларини қайтаришда катта рол ўйнашди. Уларнинг каломга доир асарларида асосий ҳужум ашъарийларга қарши қаратилган [12: 2]. Улар фаолиятининг асосий натижаси Абу Мансур Мотуридийнинг “Китоб ат-тавҳид” ва “Китоб ат-таъвилот” [12: 3] номли асарларида акс этган таълимотни тартибга солиш ҳамда мотуридийликнинг бутун ҳанафийлик мазҳабининг ақидавий таълимотига айлантиришдан иборат бўлди. 

Айнан шу даврга келиб Абу Мансур Мотуридий шахси идеаллаштирила бошланди. Унга “Ҳақ йўл имоми” (Имом ал-ҳуда) ва “Икки оқим (ҳанафийлар ва ашъарийлар) йўлбошчиси” (Қудват ал-фариқайн) каби фахрли номлар берилади. Чокардиза қабристонидаги қабри устига мақбара қурилиб, қабр тоши қўйилади. Худди шунингдек, бу иш Абул Қосим Ҳаким Самарқандий, Абул Ҳасан Рустуфағний ва Абу Салама Самарқандий (ваф. тахм. 340/952 й.) каби илк асрнинг бошқа етакчи илоҳиётчилари учун ҳам амалга оширилади. Қабристоннинг ўзи эса шаҳарда ҳурматли зотлар дафн этиладиган “Муқаддас жой” га айланади.

Уламолар орасида катта обрў эътибор қозонган Абул Йуср Паздавий Самарқанднинг қози ал-қузот лавозимига тайинланади [30: 703-704]. Аммо 481/1088-89 йилда Маликшоҳнинг Мовароуннаҳр ишларига аралашуви Самарқандда ушбу олимлар гуруҳининг муваффақиятига чек қўяди. Натижада Фахрул ислом Паздавий Кешга сургун қилиниб, ўша йили ўша ерда вафот этди. Абул Йуср эса Жумадул ула 481/1088 август-сентябрда (Маликшоҳнинг салжуқий кучлари Самарқанд қалъасида ҳоқон Аҳмад ибн Ҳизрни қамал қилганида) ҳали пойтахтда қолганди [12: 259].

Кейинчалик Абул Йуср ва Абу Муин оила ва шогирдлари билан Бухорога кўчиб ўтишди. Бир гуруҳ уламолар, айниқса, мазкур икки илоҳиётчи олимнинг шогирди Алоуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандийнинг кўчиб ўтиши мотуридийя таълимотининг бухоролик илоҳиётчилар орасида тарқалиши ва кейинги муваффақиятларида катта рол ўйнаган эди. Мисол учун, Абу Ҳанифанинг “ар-Рисола ила Усман Баттий” (Усмон Баттийга хат) асарининг ривоят қилинишида кейинги авлод Бухоро илоҳиётчилари қуйидаги иснодга таянишади: Абу Муин Насафий (ваф. 508/1114 й.) – Алоуддин Самарқандий – Зиёуддин Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Насир Наусухий – Бурҳонидин Марғиноний – Шамсулаимма Муҳаммад ибн Абдуссаттор Кардарий (ваф. 642/1244 й.) – Ҳофизиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Наср Бухорий (ваф. 693/1294 й.) – Ҳусомиддин Сиғнакий (ваф. 711/1311 й.дан кейин) [11: 24]. Айнан уларнинг номлари орқали Бухоро илоҳиётчилари ҳанафий мазҳабининг муҳим ақидавий матнларини кейинги авлодга етказишган (узатишган) ва кейинчалик ўзлари ҳам мотурийлик каломига оид асарлар туза бошлашган. Бунда биринчи навбатда, Нуриддин Собуний ва Иброҳим Саффор каби ва бошқа олимларни зикр қилиш жоиз.

Мумтоз даврда Самарқанд ҳанафийлари илоҳиёт таълимоти (Жузжония)нинг жонланиши Абу Муин Насафий, Абул Йуср Паздавий, Абу Шакур Солимий, Алоуддин Самарқандий каби олимларнинг саъй-ҳаракатлари билан янгича – Мотуридийлик кўринишида кўзга ташланади. ХII асрга келиб, Абу Ҳафс Насафий томонидан “ал-Ақоид” асарининг яратилиши мотуридийлик таълимоти тарихида муҳим воқеа бўлди. Унда бу таълимотнинг қоидалари янги тартибда йўлга қўйилганди. Охирги пайтларда Насафийнинг ашъарий Абу Ҳомид Ғаззолий асарлари билан яқиндан таниш бўлганлиги ҳақидаги маълумотлар маълум бўлмоқда (№3907). Ашъарий илоҳиётчи олими Саъдуддин Тафтазонийнинг “Ақоид ан-Насафий”га ёзган шарҳи мотуридийлик ва ашъарийлик таълимотининг яқинлашиши ва илоҳиётдаги “мактабдорлик”нинг бошланишини ифодалайди. Ақидавий асарларнинг кўп яратилганига қарамай, Мовароуннаҳрда илоҳиёт соҳасида сустлик кузатилади. Бу ҳолат Самарқанд ва Бухорога ташриф буюрган Фахриддин Розий (ваф. 606/1209 й.) томонидан ҳам таъкидланган. Бунинг сабабларидан бири диний масалаларнинг муҳокамалари фуқароларнинг ижтимоий ҳаёт ҳақиқатларидан тобора кўпроқ узоқлаштирилганлигида кўринади. Бу даврда яратилган “ал-Мухтасар фи баён ал-эътиқод” асарда бидъат ва дунёвий хурофотлар масалаларини муҳокама қилишга қаратилган ҳаракатлар кузатилади [14: 2].

Сомонийлар ҳокимиятининг инқирози иқтисод ва сиёсат соҳасидан ихтилоф ва гумон таъқиби шаклида  илоҳиёт соҳасига кўчди. Фикримизча, айнан ана шу воқеа-ҳодисалар илоҳиётнинг заифлашуви ва кўпчилик мактаблар анъаналарининг тугатилишига олиб келди.

Қорахонийлар даврида Мовароуннаҳр ҳанафийларининг Хуросон Аҳли ҳадис ва шофиъийларига қарши рақобати XI-XII асрларда ҳанафийлар ижодий ишларининг асоссий йўналишларини белгилаб берди.

Ашъарий илоҳиётчи олими Саъдуддин Тафтазонийнинг “Ақоид ан-Насафий”га ёзган шарҳи мотуридийлик ва ашъарийлик таълимотининг яқинлашишини ифодалайди.

Мотуридийлик таълимотининг шаклланишига ҳисса қўшган кейинги авлод вакилларидан ўз даврининг етук мутакаллим ва фақиҳ олими – Муҳаммад ибн Абдулҳамид Усмандий Самарқандийни зикр этишимиз мумкин.

Олимнинг тўлиқ исми – Абул Фатҳ Алоуддин Муҳаммад ибн Абдулҳамид ибн Умар ибн Ҳасан ибн Ҳусайн Усмандий Самарқандий бўлиб, туғилган ва вафот этган йили ҳақида манбаларда турли маълумотлар келтирилган. Баъзи манбаларда “Аллома 408/1017 йилда Самарқандда туғилиб, 502/1109 йилда шу ерда вафот этган” [15: 642] – деб келтирилса, кўпчилик манбаларда “У 488/1095 йили Самарқанд қишлоқларидан бири “Усманд”да таваллуд топиб, 552/1157 йилда 64 ёшида вафот этган” [16: 74] – дейилади. 

Табақот асарларида Абул Фатҳ Муҳаммад ибн Абдулҳамид ибн ал-Ҳусайн ибн Ҳасан ибн Ҳамза Усмандий, Самарқанд аҳлидан бўлиб “Оламнинг устуни” (“ал-Ало ал-олам”) сифати билан машҳурдир [17: 156], 
деб келтирилади.

Ёзма манбаларда аллома туғилиб ўсган жойнинг “Асманд” (Ҳамавий Ё.) ёки “Усманд” [17: 156] деб номланиши билан боғлиқ кўпгина ихтилофлар мавжудлиги келтирилган. Баъзи олимлар бу жой “Асманд” деб номланган ва алломанинг нисбати Асмандий бўлган , деб келтиришса, бошқалари қишлоқнинг номини “Усманд”, яна баъзилари эса “Саманд” шаклида баён этганлар.

Алломанинг отаси – Абдулҳамид ибн Умар Усмандий Самарқанднинг етук олимларидан саналиб, сўзга чечанлиги ва моҳир ваъзхонлиги билан ҳам халқ орасида танилган. Тўлиқ исми – Абу Муҳаммад Абдулҳамид ибн Умар ибн Ҳусайн ибн Ҳасан ибн Ҳамза ибн Тоҳир Усмандий бўлиб, манбаларда унинг фақат исми ва у ривоят қилган ҳадисгина ёзиб қўйилган. Унинг бирор мансаб эгаси ёки ўз даврида мавқеи қандай бўлгани, ҳаттоки туғилган ёки вафот этган йиллари ҳақида ҳам бирорта маълумот келтирилмаган [19: 74].

Алоуддин Усмандийнинг ҳаёти ва илмий мероси асосан хорижлик олимлар, жумладан, немис олими – Карл Броккельман [15: 642], турк олими – доктор Муҳаммад Саид Узерварли [20], араб олимлари – Муҳаммад Закий Абдулбарр, Шайх Аҳмад Фарид Мазидий [22], Доктор Навзат Содиқ Сулаймон [23], Доктор Абдурраҳмон ибн Муборак Фараж, Шайх Али Муҳаммад Муъавваз ва Шайх Одил Аҳмад Абдулмавжуд томонларидан ўрганилган [25].

Ёзма манбаларда Алоуддиннинг ҳаёти ҳақида жуда кам маълумотлар келтирилган. Фақат унинг 64 йил умр кўриб, 552/1157 йилда (баъзи манбаларда Бухорода) вафот этганлиги қайд этилади [20: 19], холос.

Аксар тарихчи олимларнинг асарларида алломанинг илм талабида кўплаб мамлакатларга сафар қилганлиги ҳақида ҳам қайд этилади. Абу Саъд Абдулкарим Самъонийнинг таъкидлашича, Муҳаммад ибн Абдулкарим Шаҳристоний аллома билан Марвда бир неча бор учрашган. Бундан ташқари, Усмандийнинг Абу Ҳафс Нажмиддин Умар Насафий, Абу Муин Насафий, Алоуддин Самарқандий ва Нуриддин Аҳмад ибн Маҳмуд Собуний каби мотуридия мазҳабининг йирик намояндалари билан ҳамаср бўлиб яшаганлиги ҳақида келтирилади.

Таниқли араб олими Абулвафо Қураший ўзининг “ал-Жавоҳир ал-музийа фи табақот ал-ҳанафийа” асарида келтиришича, аллома 552/1157 йилда Бағдодга Шамс ибн Ҳисом ибн Бурҳон билан биргаликда муборак ҳаж ибодатини адо этиб қайтган [17: 114].

Шубҳасиз, Алоуддин Усмандий ўз даврининг кучли фақиҳи, мутакаллими ва мунозарачи олими бўлган. Буни ўша даврнинг олимлари ҳам юксак эътироф этишган. Жумладан:

Сафадий: “Аллома кучли фақиҳ, етук мунозарачи олим бўлиб, илму-л-хилоф бўйича асарлар ёзган” деб таъкидлаган.

Суютий эса: “Кучли мунозарачи фақиҳ бўлиб, жадал илмида ўта қобилиятли эди. Кўзга кўринган мунозарачилардан бўлиб етишди, тафсир имло қилаётганди” – деб ёзган.

Ибн Қутлубуғо: “Фазилатли фақиҳ, мунозарачи олим бўлиб, бир неча жилдлик “Таълиқа” асари муаллифи эди” – деб таъкидлаган.

Самъонийнинг ўғли: “Аллома сўз устаси бўлиб, илму-л-хилоф бўйича асар ёзганди. Абул Ҳасан Али ибн Умар Харротдан ҳадис эшитганди. Уни бир неча бор Самарқандда учратгандим, бир мартасида: “Марвга Қози Арсубандийнинг кўришни ихтиёр қилиб келгандим, жойида йўқлиги учун отанг Абул Музаффар дарсига қатнашдим ва қўйни гўштга ҳисоблаб сотиш масаласини сўраб олдим ва Марвдан жўнаб кетдим” – деганди. 

Отам Абул Музаффар ундан ҳадислар эшитганди, Ҳижоз ва ҳаж зиёратидан қайтаётиб Марвга етганида унга ҳадислар ўқиб бердим” – деб зикр қилган.

Манбаларда келтирилишича, аллома фиқҳ илмини устози Ашраф ибн Муҳаммад Алавийдан олган. Имом Ашраф Алавий эса фиқҳ бўйича таълимни отаси Абул Ваззоҳ Муҳаммад Алавийдан, у эса отаси Абу Шужоъ Алавийдан олган ҳамда ундан ҳадис ривоят қилган. 

Самъоний “аз-Зайл” асарида зикр қилишича, у ҳақда Марв қозиси Қози Муҳаммад ибн Утба Сойиғий ривоят қилган [17: 177]. Имом Ашраф Алавийнинг отаси Самарқанддаги Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳу мадрасасида таҳсил олган. Ҳижозга сафар қилиб, Бағдодга ҳожи бўлиб келган ва Самарқандга қайтиб умрининг охиригача дарс бериш ва илмни ёйиш билан шуғулланган. 491/1098 йилнинг шаввол ойида 54 ёшида вафот қилган ва Самарқанддаги машҳур “Чокардиза” қабристонида дафн этилган.

Аллома Усмандий ҳадис борасидаги илмларини “Садр аш-шаҳид” лақаби билан машҳур бўлган Ҳусомиддин Умар ибн Абдул Азиз ибн Моза Бухорий [26: 29] дан ўрганган. Аллома устозининг “Шаҳид” деб номланишига сабаб, 536/1141 йил Султон Санжар ва қорахитой Гурхон орасида рўй берган “Қатавон” жангида қатнашиб, унда Султон Санжар мағлубияти туфайли душман қорахитой Гурхон қўлидан вафот топади [27: 534]. Шу сабабли, у шаҳидлик мартабасига эришади. Ушбу жангда уламолардан бир жамоаси ўлдирилган бўлиб, аксар олимлар томонидан уларга “шаҳид” даражаси берилган. Ҳисом аш-шаҳид, Садр аш-шаҳид, Саффор аш-шаҳид [16: 375] кабилар шулар жумласидандир.

Шунингдек, манбаларда алломанинг Али ибн Умар Харротдан ҳадис тинглаганлиги ҳақида келтирилади.

Алоуддин Усмандий қатор исломий илмларда, айниқса, фиқҳ, ҳадис ва калом илми, шунингдек, турли мазҳаблар ўртасидаги ихтилофларни ўрганадиган махсус соҳа ҳисобланган илму-л-хилоф бўйича етук олим ҳисобланган. У мазкур соҳалардаги илм аҳллари орасида бўладиган баҳс ва мунозараларда ўзининг чуқур билими, беназир иқтидори ва фавқулодда салоҳияти билан ажралиб турган. Шунинг учун ҳам у илм аҳли орасида “ал-Ало ал-олам” [17], (“Оламнинг устуни”), “ал-Ало” (“Устун”), “ал-Ало ас-Самарқандий”, “Алоуддин” (Кафавий, №91) (“Диннинг устуни”) каби юксак номлар билан машҳур бўлган.

Манбаларга таяниб комил ишонч билан айтиш мумкинки, аллома тарбиялаб вояга етказган шогирдларининг энг машҳури – Абул Музаффар Жамол Ислом Асъад Каробисийдир. Табақот асарларида, жумладан, Қураший ўзининг “ал-Жавоҳир ал-музийа фи табақот ал-ҳанафийа” (“Ҳанафийлар табақасига мансуб олимлар ҳақида ёрқин жавоҳирлар”), шунингдек, Ибн Қутлубуғо ўзининг “Тож ат-тарожим” (“Таржимаи ҳолларнинг тожи”) асарида келтиришича, алломанинг тўлиқ исми − Асъад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн Каробисий, лақаби − “Жамол ал-ислом” бўлиб, у “ал-Фуруқ фи ал-масоил ал-фирақия” (“Фирқалар ҳақидаги масалалар ўртасидаги фарқлар”) асари муаллифидир. У фиқҳ илмини Алоуддин Усмандий Самарқандийдан, Саййид Ашраф ва унинг отаси Абул Ваззоҳ ҳамда унинг отаси Саййид Абу Шужоъдан олган. 

Бошқа манбаларда унинг тўлиқ исми – Шайх имом Жамолиддин Абул Музаффар Асъад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн Каробисий[1] Нишопурий[2] шаклида келтирилади.

Манбаларда машҳур “Ҳидоя” асарининг муаллифи, буюк фақиҳ Бурҳониддин Марғинонийнинг (1123-1197) ўғли Шайху-л-Ислом Низомуддин Умар ибн Шайху-л-Ислом Бурҳонуддин Али ибн Абу Бакр [28], ал-Марғиноний [29: 58] алломадан фиқҳ илмидан таҳсил олганлиги ҳақида келтирилади.

Машҳур тарихчи Абдулкарим ас-Самъоний (1113-1167) ўзининг “ал-Ансоб” (“Насабнома”) асарида “Ўғлим Абул Музаффар (ваф. 1217 й.) ундан (Муҳаммад ибн Абдулҳамид Усмандийдан ҳадис эшитган” [17], деб келтиради. Бундан алломанинг ҳадис илмини ҳам чуқур эгаллаган ва ҳадис ровийси ҳам бўлганлигини англасак бўлади.

Манбаларда Сирожиддин Ўшийнинг Алоуддин Усмандийдан буюк ватандошимиз – Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг “Жомиъ ат-Термизий” асаридан таҳсил олганлиги ҳақида маълумотлар келтирилган.

Манбаларда Асют (Миср)да ўз даврининг машҳур қозиси бўлган бу олим ҳам алломадан фиқҳ илми бўйича таҳсил олганлиги келтирилган.

Бундан ташқари, манбаларда келтирилишича, Абу Муқотил Ҳафс ибн Саҳл Ғозий, Наср ибн Абу Абдулмалик Аткий, Самарқандда қозилик қилган – Исҳоқ ибн Иброҳим Ҳанталий, Шарик ибн Абу Муқотил, Маъруф ибн Ҳассон, Юнус ибн Сабиҳ Самарқандийлар ҳам аллома Алоуддин Усмандий Самарқандийнинг шогирдлари бўлишган [25: 30].

Алоуддин Муҳаммад Усмандий биз авлодларга улкан илмий-маънавий мерос қолдирган бўлиб, уларнинг ҳаммаси араб тилида ёзилган. 

Қуйида алломадан бизгача етиб келган бой илмий-маънавий мерос намуналари ҳақида қисқача тўхталамиз:

1. “Ҳаср ал-масоил ва қаср ад-далоил” (“Муайян масалалар ва қисқа далиллар”). Бу асар Нажмуддин Умар Насафийнинг “ал-Манзума фи илм ал-хилоф” номли китобига ёзилган шарҳ бўлиб, унинг учта қўлёзма нусхаси Истанбулдаги Сулаймония кутубхонасида сақланади. Алломанинг ушбу асарига кўплаб шарҳлар ёзилган. Имом ас-Суғдий, Абу-л-Мафохир Муҳаммад ибн Маҳмуд ас-Судайсий томонидан ёзилган шарҳлар шулар жумласидандир 
(Насафий У., 4).

2. “Тариқат ал-хилоф фи ал-фиқҳ байн ал-а’иммат ал-аслоф” (“Ўтган алломалар ўртасида фиқҳ илмидаги ихтилоф йўллари”) асарида фиқҳ илмида фаолият кўрсатган кўплаб олимларнинг қарашлари ва фикр-мулоҳазаларидаги ихтилофларни баён қилган. Ушбу қимматли асар мисрлик тадқиқотчи олим Муҳаммад Закий Абдулбарр томонидан тадқиқ этилиб, 1990 йилда Қоҳирадаги “Дор ат-турос” матбаасида нашр этилган. 1992 йилда эса Шайх Али Муҳаммад Муъавваз ва Шайх Одил Аҳмад Абдулмавжуд каби олимлар томонидан таҳқиқ қилиниб, Ливан (Байрут)да “Дор ал-кутуб ал-илмийя” матбаасида нашр этилган.

3. “Базл ан-назар фи ал-усул” (“Фиқҳ асосларига чуқур назар”). Бу асар ҳам мисрлик тадқиқотчи олим Муҳаммад Закий Абдулбарр томонидан илмий тадқиқ этилиб, 1992 йилда, аввалги асар сингари, Қоҳира шаҳридаги “Дор ат-турос” матбаасида 
чоп этилган.

4. “Оламий” номи билан машҳур “ат-Таълиқа фи ал-фиқҳ” (“Фиқҳ илмида изоҳ”) номли асари фиқҳ илмининг фуруъ (тармоқлари) масалаларига бағишланган бўлиб, қатор муаллифларнинг ёзишича, у бир неча жилддан иборат йирик асардир.

5. “ал-Амолий фи ат-тафсир” (“Тафсир илмида имло қилинган масалалар”) ёзма манбаларнинг далолат қилишича, алломанинг бу асари Қуръони каримга бағишланган тафсир ҳисобланади [17].

6. “Мухталаф ар-ривоя” (“Ривоятларнинг турлилиги”) бу асар фиқҳ илмига оид асардир. Мисрнинг “Дор ал-кутуб ал-Мисрийя” кутуб­хонасидаги Ҳанафий фиқҳи бўлимида 1815-рақамли қўлёзманинг 41789-рақам остида сақланаётган микрофильм нусхасида: “Мухталаф ар-ривоя” Муҳаммад ибн Абдулҳамид ибн Ҳусайн ибн Ҳасанга тегишли” деб ёзилган. Асарнинг дастлабки бетлари йўқ. Яна бир бошқа нусхаси эса Мисрнинг “Мустафо Фозил” кутубхонасидаги Ҳанафий фиқҳи бўлимида 119-рақамли қўлёзманинг 8356-рақамли микрофильм нусхаси сақланмоқда.

7. Ҳанафий мазҳабига оид “ал-Муътариз ва ал-мухталиф” (Атобикий, 1972) асари.

8. Абу-л-Лайс Наср ибн Муҳаммад Самарқандий­нинг ҳанафий фуруъул фиқҳи (фиқҳ илми тармоқлари)га доир “Уйун ал-масоил” китобига шарҳ.

9. “ал-Фавоид ал-Алоийя” асари.

10. Шайх Нуруддин Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад ас-Собуний ал-Ҳанафийнинг “Ҳидоя мин усул ал-эътиқод ва илм ал-калом” асарига шарҳ [25: 30].

11. “Лубоб ал-калом” (“Калом илмининг жавҳари”) асари.

12. “Шарҳ Жомиъ ал-кабир” – Муҳаммад Шайбонийнинг “Жомиъ ал-кабир”игa шapҳ ҳанафий фиқҳига оид асар бўлиб, ҳозиргача тўртта нусхаси етиб келган. Бир нусхаси Тошкентда Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида 5558 рақами остида, қолган учта нусхаси Саудия Арабистонидаги Подшоҳ Файсал илмий тадқиқотлар марказида 1956-ف, 1962-ف, 2254-ف инвентар рақамлари остида сақланмоқда;

13. “Мийзон фи усул ал-фиқҳ” (“Усул ал-фиқҳда мезон”) асари. Асар уммонлик тадқиқотчи олим Доктор Навзат Содиқ Сулаймон томонидан ўрганилиб, 2009 йилда “Дор Дажла” нашриёти томонидан нашр этилган.

14. “Таълиқ ъала ал-мутаввал фи ал-хилоф” асари қиёсий ҳуқуқшуносликка оид асар бўлиб, Мисрдаги Араб қўлёзмалари институти кутубхонасида 1024 рақам остида сақланмоқда.

Манбаларда алломанинг турли соҳалар бўйича йигирмага яқин асарлар ёзгани қайд этилади. Ҳозирда уларнинг қўлёзма ва микрофильм нусхалари дунёнинг қатор кутубхоналари асосан, Туркия, Миср ва Саудия Арабистони қўлёзма фондларида сақланмоқда. 

Алломанинг “Лубоб ал-калом”, “Тариқат ал-хилоф байна ал-аслаф”, “Мийзон ал-усул фи ал-фиқҳ” ва “Базл ан-назари фи ал-фиқҳ” каби асарлари бизгача етиб келган ва асосан Туркия, Миср ва Уммон тадқиқотчи олимлари томонидан батафсил ўрганилиб, нашр этилган.

Алломанинг калом илмига доир шоҳ асари – “Лубобул калом” деб номланган бўлиб, юқорида зикр этилганидек, тадқиқотимиз жараёнида мазкур асарнинг икки қўлёзма нусхасини топишга муваффақ бўлдик [32: 228].

А. Бу икки нусхадан бири Сулаймония кутубхонасида, Қора Чалабий зода бўлимида 347 рақами билан қайд қилиб қўйилган мажмуа таркибида мавжуд. Мазкур мажмуа ичида биз қуйидаги асарларни ҳам учратдик: 

1. Нуриддин Собуний қаламига мансуб “ал-Кифоя минал ҳидаая” (1а-81а)

2. “Лубобул калом” (82а-152а) – Усмандийнинг калом илмига доир шоҳ асаридир.

3. Ўшийнинг “Қасидатул амолий”си (153а-156б)

4. Бор йўғи икки вароққа ёзилган бошқа бир қасида.

5. Абу Муин Насафийнинг “Китабут тамҳид” асари. (159б-203а)

6. Муаллифи номаълум бўлган “Бурҳонул ҳақоиқ” номли рисола. 

7. Абул Ҳусайн Али ибн Абу Бакр Найсо­бурийнинг “Таҳзибу масоилул фиқҳ” номли асари. 

“Лубобул калом”нинг бу нусхаси жуда қадимий қўлёзма бўлиб, унинг кўп ҳарфларига нуқталари қўйилмаган. Нусха кўчирувчиси Али ибн Нажмиддиндир. Китобнинг кўчирилган санаси 702/1303 йилга бориб тақалади. Биз буни китобнинг энг сўнгги саҳифасида келган қайддан билиб олишимиз мумкин. Китоб муаллифининг исми матннинг аввалида, ҳамдала ва салавотдан сўнг зикр қилинган.

Б. “Лубобул калом”нинг иккинчи нусхаси ҳақида гапирадиган бўлсак, у Сулаймония кутубхонасида Шаҳид Али Пошо бўлимида 1704 рақами билан қайдланган мажмуа таркибидаги учинчи рисоладир. Мазкур мажмуа таркибида:

1. Нуриддин Собунийнинг “Китабул бидая фи усулид дин” (1б-30б),

2. “Васийяту Аби Ҳанифа” (30а-32а),

3. “Китабу тасҳиҳул эътиқод фи усулид дин” номи билан “Лубобул калом” асари (33б-84а), 

4. “Китабул мухаммасот” (85б-89а),

5. Абу Мансур Мотуридийга мансуб деб айтиладиган “Китабу усулид дин” (90б-102а), 

5. Али Бухорий қаламига мансуб “Шарҳул қасидатул ломия”(103а-121а)лар мавжуд.

Бу нусханинг кўчирувчиси Юсуф ибн Байрамбек ибн Исмоил ибн Исо бўлиб, китоб 814/1412 йили кўчирилган.

Асар муқаддимасида муаллифнинг “Ҳидоятан ли-л-мубтадий фи тасҳиҳи-л-эътиқод” деб ёзишидан аён бўладики, у бу асарини эътиқодни соғломлаштириш, тузатиш йўлида дастлабки қадам ташлайдиганларни ҳидоят йўлига бош­лаш мақсадида ёзган. Шу боисдан ҳам, у бу асарини ёзишда ҳанафия мазҳаби олимлари, айниқса, мотуридия эътиқодига қатъий равишда 
амал қилган.

“Лубоб ал-калом”нинг мазмуни ҳақида айтиш керакки, кўплаб бўлимлардан ташкил топган бу асарда, энг аввало, илм ва унинг турлари, илмнинг инсон ҳаёти ва жамиятдаги ўрни, ундан тўғри фойдаланилса, у яхшилик, эзгулик ва тараққиётга олиб келиши ҳақида ўз фикрларини билдиради. Ақидавий масалаларни ўрганадиган калом илми ҳақида ёзиб муаллиф уни барча илмлар ичида энг афзали деб кўрсатади. Ҳақиқий илм ва тўғри маълумотларга эга бўлиш, оламни билиш учун инсоннинг бешта сезги аъзолари, ишончли хабарлар берувчи манбалар (Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар) ҳамда инсоннинг ақл-идроки ва салоҳияти муҳим роль ўйнашини алоҳида таъкидлайди.

Асарда ақида масаласида залолатга кетган гуруҳлар жумладан, қадарийлар, мўътазилийлар, жабарийлар ва бошқа баъзи гуруҳларнинг асоссиз, ботил фикрларини танқид остига олади. 

Аллоҳнинг сифатлари, нубувват, Қуръоннинг мўъжизалиги, бандаларнинг амаллари ва имонга оид бошқа масалалар ҳам асарда ўз аксини топган. Муаллиф ёзишича, аҳли сунна вал жамоа нуқтаи назаридан ислом ва имон бир нарса, имон зиёда ҳам бўлмайди, камаймайди ҳам, лекин камолига етишда унинг маълум чегараси бўлади. 

Шунингдек, асарда охиратга оид қабр азоби, Сирот кўприги, қабр савол-жавоби, шафоат, шунингдек, калом илмида ҳозирги кунда ўз актуаллигини йўқотмаган имомат масалалари ҳам аҳли сунна нуқтаи назаридан талқин қилинган.

Усмандий ўзининг “Лубоб ал-калом” асарида калом илмига оид муҳим масалаларнинг таҳлилида, кўриниб турганидек, мотуридия ақидавий мазҳаби амал қилган тамойилларга таянган. Бу эса, ҳозирги ғоялар кураши авж олган бир даврда аждодларимиз қолдирган бой илмий-маънавий мерос халқимиз, хусусан, ёшларимизга муқаддас динимизнинг асл мазмун-моҳиятини тушунтириш, уларда мафкуравий иммунитет ҳосил қилиш, айниқса, ақидавий масалалар ҳақида баҳс юритувчи калом илмининг мотуридия йўналиши қарашларини баён қилиш, ботил даъволарни илгари сураётган айрим оқим ва фирқаларга ғоявий зарба беришда дастуруламал сифатида фойдаланиш учун муҳим омиллардан ҳисобланади.

Мухтасар қилиб айтилса, муаллиф ўз ғоялари ва фикрларини асарларида баён қилишда Қуръони карим ва ҳадиси шарифларга алоҳида эътибор қаратиш билан бир қаторда, мутақаддим ўтган улуғ олимлар, хусусан, буюк ватандошимиз Имом Абу Мансур Мотуридий ва Абу Муин Насафий каби аждодлармиз асарларидан кенг ва унумли фойдаланган.

 

АДАБИЁТЛАР РЎЙҲАТИ:

Kutlu S. Ebu Mensur al-Maturıdı mezhebinin arka plani. Анқара: 2003.

Абу Муин Маймун ибн Муҳаммад Насафий. Табсиратул адилла фи усулид дин. Claude Salame таҳқиқи. Шом: 1992. Ж. I.

Kutlu S. Türklerin İslâmlaşma Sürecinde Mürcie ve Tesirleri. Ankara: 2018.

Абул Вафо Қураший. Жавоҳирул музийя фи табақотил ҳанафийя. (кейинги ўринларда – Қураший. Жавоҳирул музийя). – Қоҳира: Ҳижр, 1993. Ж. I.

Ибн Закариё Яҳё ибн Исҳоқ. Шарҳу жумали усулид дин ли Абу Салама Самарқандий. Сулаймония кутубхонаси, Шаҳид Али Пошо бўлими, №1648/II.

Аширбек Мўминов-Anke Von Kuegelgen, Мотуридий даврида Самарқанд илоҳиётчилари. Имом aл-Бухоpий сaбоқлapи. –Тошкент: 2003 №1.

Паздавий. Усулид дин.

Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Ануш ибн Иброҳим ибн Муҳаммад Ҳосирий Бухорий. ал-Ҳовий фил фатово.  Сулаймония кутубхонаси, Ҳакимўғли Али Пошо бўлими, № 402.

Насафий. Қанд.

Оқилов С. Абу-л-Муин ан-Насафий илмий мероси ва Мотуридийа таълимоти. – Тошкент: Тошкент ислом университети, 2008.

Van Ess Josef. Theologie und Gesellsсhaft im 2. Und 3. Jahrhundert Hidsсhra. Eine Gesсhiсhte des religiösen Denkens im frühen Islam. I-VI. Berlin, New York, 1991-1996. Т. V.

Hans Peter Linss. Probleme der islamisсhen Dogmatik. 1991.

Абу Райхон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари маркази қўлёзмаси №3907.

Bernand, Marie. Le Muḫtaṣar fi bayān al-i‘tiqād // Annales Islamologiques, Tome ХVIII, Institut Français d’Arсhéologie orientale du Сaire, 1982.

Carl Brockelmann. GAL. (History of the Arabic Written Tradition Supplement). Vol. 1. – Leiden-Boston, 1902.

Қураший. ал-Жавоҳир ал-музийа. – Байрут: Муассасату-р-рисола, 1993. Т.2.

Абу Саъд Абду-л-Карим ас-Самъоний. Насабнома. (Арабчадан Абдулғаффор Раззоқ таржимаси). Ж.1. – Бухоро: Бухоро, 1999.

Абдуллоҳ Абд ал-Ҳамид Саад. Ўрта Осиё олимлари қомуси. − Т.: Имом Бухорий Республика илмий-маърифий маркази, 2007.

Атаев М. Жиззах алломалари. – Тjirtyn Adib, 2014.

Узерварли Др. Муҳаммад Саид. Алоуддин Усмандий ва унинг Лубоб ал-калом асари. – Истанбул: ISAM yayinlari, 2005.

Муҳаммад ибн Абд ал-Ҳамид Усмандий. Тариқат ал-хилоф фи ал-фиқҳ байн ал-аиммат ал-аслаф. Др. Муҳаммад Закий Абдулбарр таҳқиқи ва тадқиқи. – Қоҳира: Дору-т-турос, 2-нашр, 2007.

Алоу-л-олам Муҳаммад ибн Абд ал-Ҳамид ал-Усмандий ас-Самарқандий ал-Ҳанафий. Базл ан-назари фи усул ал-фиқҳ. Шайх Аҳмад Фарид Мазидий таҳқиқи. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя, 2015.

Шайх Муҳаммад ибн Абд ал-Ҳамид ас-Самарқандий. ал-Мийзон фи усул ал-фиқҳ. Др. Навзат Содиқ Сулаймон таҳқиқи. – Уммон: Дор Дажла, 2009.

Абу Лайс ас-Самарқандий. Мухталаф ар-ривоя. Алоу-л-Олам ас-Самарқандий ривояти ва тартиби. Др. Абдурраҳмон ибн Муборак ал-Фараж таҳқиқи. – Байрут: Мактаба ар-рушд, 2005.

Алоуддин Муҳаммад ибн Абд ал-Ҳамид Абу ал-Фатҳ Ал-Усмандий ас-Самарқандий. Тариқат ал-хилоф байн ал-аслоф. Шайх Али Муҳаммад Муъавваз ва Шайх Одил Аҳмад Абдулмавжуд таҳқиқи. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя, 1992.

Шайх А. Мансур. Ҳидоят. 2013/1.

Деҳхудо. Луғатнома. «ح» ҳарфи томи. – Теҳрон: 1338/1970.

Кафавий. Китоб у-аъломи-л-ахёр. Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари маркази. №91-ашёвий рақамли қўлёзма/ Лакнавий. Ал-Фавоид ал-баҳийя. – Қозон: Матбаат ал-хизона, 1903.

Қориев О.А. Фарғона фиқҳ мактаби ва Бурҳониддин ал-Марғиноний. –Т.: Фан, 2009.

Насафий Абу Ҳафс Умар. Тилбат ат-талаба фи истилоҳот ал-фиқҳийя. Ж. 1.

Қураший. ал-Жавоҳир ал-музийя. – Байрут: Муассасату-р-рисола, 1993. 

Ramazan Şeşen. Mukhtarat min al-Makhtutal al-Arabiyyat al-Nadira fi Maktabat Türkiye. Ж.2. – Istanbul: IRCICA, 1997.

[1] Нишопурга нисбат берилган бўлиб, у Хуросондаги йирик шаҳарлардан бири бўлган.

[2]Умар ибн Али ибн Абу Бакр ибн Абдулжалил Шайху-л-Ислом Низомуддин Фарғоний Марғиноний – “ал-Ҳидоя” асари муаллифи Бурҳониддин ал-Марғинонийнинг ўғли бўлиб, дастлабки илмни ўз отасидан олган. Илмий меросини “ал-Жавоҳир ал-фиқҳ” (“Фиқҳ илми жавоҳирлари”), “ал-Фавоид” (“Фойдали нарсалар”) каби асарлари ташкил этади. Ўз даврининг машҳур муфтийларидан бири бўлган. 

Отабек Муҳаммадиев

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот  маркази директор ўринбосари

Қўшимча малумот

ШАРҚ МУТАФАККИРЛАРИНИНГ ИЛМИЙ МЕРОСИДА ИДЕНТИФИКАЦИЯ МУАММОСИ
Ота-боболаримиз, аждодларимиз, айниқса илм-фан борасидаги алломаларимиз кишиларнинг камолоти масаласига алоҳида эьтибор берганлар. Улар инсоннинг ўз­-ўзини англаши, жамиятда ўз ўрнини топиши,...
АБУ МАНСУР МОТУРИДИЙ
Имом Мотуридийнинг тўлиқ исми манбаларда Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд[1] Абу Мансур Мотуридий Самарқандий (ваф. 333/944 й.) деб қайд қилинган[2]....

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry