24.01.2023
197

АБУ МАНСУР МОТУРИДИЙ

Имом Мотуридийнинг тўлиқ исми манбаларда Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд[1] Абу Мансур Мотуридий Самарқандий (ваф. 333/944 й.) деб қайд қилинган[2]. Аксар манбаларда олимнинг қуйидаги лақаб[3] ва унвонлари зикр этилади: “Мусулмонларнинг шайхи, имом, суннатнинг қиличи, адашган ва бидъатчи тоифаларни таг-томири билан қўпориб ташловчи, зоҳид, ҳидоят имоми, ҳидоят байроғи, ҳидоят ва дин имоми, миллат таянчи, умматни ҳидоятга йўлловчи, ҳанафий шайхлари раиси, мутакаллимлар имоми, мусулмонлар эътиқодининг тузатувчиси, мусулмонлар эътиқодининг мустаҳкамловчиси”[4]. Булар орасида Имом Мотуридийнинг “ҳидоят имоми” ва “ҳидоят байроғи” деган лақаблари энг машҳурлари ҳисобланади. 

Алломанинг таваллуд санаси хусусида ҳам турли ихтилофлар бўлган. Аксар манбаларда бу сана 256/870 йил деб кўрсатилган. Бироқ араб тадқиқотчиси Муҳаммад Айюбнинг таъкидлашича, Мотуридий тахминан 238/853 йил атрофида туғилган.

У яшаган даврга келиб (IX асрнинг охири – X асрнинг биринчи ярми) Мовароуннаҳрда тўғри йўлдан адашган турли гуруҳ ва фирқалар кўпайиб, уларнинг аксарияти имон-эътиқод масалалари бўйича баҳсу мунозаралар туфайли вужудга келган эди. Мана шундай мураккаб шароитда аллома Абу Мансур Мотуридий етишиб чиқди ва уларнинг нотўғри фикрларига асосли раддиялар берди. У ҳанафий мазҳаби асосчиси Абу Ҳанифанинг (699–767) таълимотига суянган ҳолда, ўзига хос калом мактабини яратди. У асос солган мотуридийлик таълимоти кейинчалик Самарқанд калом мактаби доирасидан чиқиб, бутун ислом оламига тарқалиб, суннийликдаги икки йирик мактабнинг бири сифатида танилди.

Имом Мотуридий ақида соҳасида Абу Ҳанифанинг том маънодаги издоши ҳисобланади. Жумладан, “Ишорату-л-маром” асарининг соҳиби Баёзий[5], Муҳаммад Зоҳид Кавсарий[6] ва Муҳаммад Абу Заҳралар[7] айни бу маънони таъкидлаганлар. Жумладан, Абу Заҳра “Тариху-л-мазаҳиби-л-исламия” асарида шундай деган: “Абу Ҳанифадан нақл қилинган ривоятлар билан Абу Мансур Мотуридий қарор қилган ақидавий мавзуларни ўзаро бир-бирига таққослаб кўрилса, ҳар иккисининг илдизи бир манбага бориб тақалиши аён бўлади. Шунинг учун Абу Ҳанифанинг ақидавий қарашлари қонун-қоидалар мажмуаси бўлиб, Имом Мотуридийнинг мактаби шу асосда шаклланган, дейилади. Ироқ ва унга яқин ҳудудлардаги уламолар фуруъул фиқҳ масаласида Абу Ҳанифага эргашган бўлсалар, ақидавий масалада ашъарийларга таянганлар. Лекин мовароуннаҳрлик олимлар фуруъул фиқҳ ҳамда ақида илмида Абу Ҳанифанинг маслагини тутганлар”[8]. Жумладан, олим ўзининг “Таъвилоту-л-Қуръон” асарида адашган фирқаларнинг сўзларини келтириб, уларни таҳлил қилиб, раддия бергани кузатилади. Муаллиф ўз тафсирида замонасидаги мўътазилийлик, хорижийлик, карромийлик, жабарийлик каби оқимларни зикр этиб, уларга муносиб тарзда ақлий раддиялар берган. 

Баёзий “Ишорату-л-маром” асарида қайд қилишича, Имом Мотуридий Абу Ҳанифанинг “ал-Абсат”, “ар-Рисола”, “ал-Олим ва-л-мутааллим”, “ал-Васия” ва “ал-Фиқҳу-л-акбар” китобларини устозлари Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ Жузжоний ва Абу Наср Аҳмад ибн Иёдийлардан таълим олган. Абул Муин Насафий (ваф. 508/1114 й.) Имом Мотуридий ва Абу Ҳанифа ўртасидаги алоқани тавсифлаб шундай деган: “Шайх Абу Мансур усул ва фуруъда Абу Ҳанифанинг этагини маҳкам тутган”.

Алишер Навоий ўзининг “Насоиму-л-муҳаббат” асарида ҳам Имом Мотуридийнинг кароматини зикр қилиб, у киши ҳақида шундай деган: “Шайх Абу Мансур ал-Мотуридий ўз замонининг аълам уламоси эрмиш. Ул вақт уламоси аларни “Султон ал-муиззин” дер эрмишлар. Зоҳир ва ботин улумлари била ороста эрмишлар”. 

У Самарқанддаги “ал-Иёдия” мадрасасида ўқиб, маҳаллий ҳанафий фақиҳларга шогирд тушиб, улардан таълим олди. Абул Муин Насафий, Баёзий ва Забидийлар Имом Мотуридийнинг устозлари сафига Муҳаммад ибн Муқотил Розий (ваф. 248/862 й.), Нусайр ибн Яҳё Балхий (ваф. 268/882 й.), Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Субайҳ Жузжоний, Абу Наср Аҳмад ибн Аббос Иёдий (ваф. 275/889 й.)ларни киритган[9]. Имом Мотуридийнинг шогирдлари ўз даврининг етук олими, фақиҳи ва калом илми мутахассислари бўлган. Жумладан, Абул Қосим Ҳаким Самарқандий (ваф. 342/953 й.) Имом Мотуридийдан фиқҳ илмини ўрганиб, у Абу Бакр Варроқ ва балхлик машҳур шайхлардан тасаввуф илмини ўрганган. Ҳаким Самарқандий Абдуллоҳ ибн Саҳл Зоҳид, Амр ибн Осим Марвазийлардан ҳадис ривоят қилган. Абул Муин Насафий уни қуйидагича таърифлаган: “У уммат рози бўлган ва улар орасида мақталган киши эди. Унинг юксаклиги ва улуғлиги қалбларга ўрнашган эди. Калом, фиқҳ, Қуръон таъвили, маърифат ва муомалот илмларини мукаммал билган ва мазкур илмларда юксак чўққиларни забт қилган олим эди”. Абул Қосим Самарқандийнинг бизгача “ас-Саводул аъзам” номли асари етиб келган. Бу асарга Иброҳим Ҳилмий ибн Ҳусайн исмли олим “Салому-л-аҳком ала саводи-л-аъзам” номли шарҳ ёзган. Бу китоб Истанбулда 1896 йили нашр этилган. Имом Мотуридийнинг шогирдларидан яна бири Абул Ҳасан Рустуфағний (ваф. 350/961 й.)дир. Абу Ҳафс Насафий ўзининг “ал-Қанд фи зикри уламаи Самарқанд” асарида олим нисбатини “Рустуфағний” тарзида қайд қилган. Аксарият замонавий тадқиқотчилар уни Рустуғфаний шаклида зикр қилганлар. Олимнинг “Иршоду-л-муҳтадий”, “Китобу-з-завоид”, “ал-Хилоф”, “ал-Фатаво” номли асарлари бор. Фахрулислом Паздавийнинг бобоси Абу Муҳаммад Абдулкарим Паздавий (ваф. 390/1000 й.) ҳам Имом Мотуридийнинг етук шогирдларидан бўлган. У “Дурру ақоид аҳли сунна вал жамоа” асарининг муаллифи ҳисобланади.

Манбаларда кўрсатилишича, Абу Мансур Мотуридийнинг “Китобу-т-тавҳид” (“Тавҳид китоби”), “Китобу-л-мақолот” (“Мақолот китоби”), “Маъхазу-ш-шароиъ” (“Шариатлар манбаи”), “Китобу-л-жадал” (“Мунозара китоби”), “Таъвилоту-л-Қуръон” (“Қуръон таъвиллари”), “Китобу баён ваҳми-л-муътазила” (“Мўътазилийларнинг хом-хаёлини баён этувчи китоб”), “Радду-л-усули-л-ҳамса” (“Беш асосга раддия”), “Китоб радди аваили-л-адилла ли-л-Каъбий” (Каъбийнинг асосий далилларига раддия китоби), “Радду китоби-л-Каъбий фи ваъиди-л-фуссоқ” (“Каъбийнинг фосиқларга қаратилган ваъидга оид китобига жавоб”) каби асарлари мавжуд[10]. Лекин санаб ўтилган бу китоблар ҳақида тўлиқ бир тасаввур йўқлиги тадқиқотчиларга қийинчилик туғдиради. Чунки илк ўрта аср мутакаллимларининг кўпгина илмий мероси каби Мотуридий асарларининг аксарияти бизгача етиб келмаган. Унинг илмий меросидан фақат “Китобу-т-тавҳид” ва “Таъвилоту-л-Қуръон” асарлари сақланиб қолган.

Мутакаллимнинг энг муҳим асарларидан бири “Китобут тавҳид” бўлиб, унинг асл нусхаси ҳозирда Кембридж университети қўлёзмалар фондида сақланади. У 206 варақдан иборат бўлиб, сатрлар сони 21 қатордан иборат. Қўлёзмани кўчирувчи Амин Ҳанафий Шофеий деб кўрсатилган. 1970 йили мисрлик олим Фатҳуллоҳ Хулайф узоқ йиллар давом этган изланишлари натижасида Байрутнинг “Дор ал-машриқ” нашриётида “Китобу-т-тавҳид”нинг нашрини амалга оширган. Нашрда бир талай камчиликларга йўл қўйилганига қарамай, у ўзидан кейинги тадқиқотлар учун манба сифатида хизмат қилади. Шундан сўнг “Китобу-т-тавҳид” яна бир неча маротаба нашр этилди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази ходими Аҳмад Саъд Даманҳурий “Китобу-т-тавҳид”нинг икки йўналишдан иборат тадқиқотини амалга оширмоқда. Биринчи йўналиш доирасида ҳозирги кунгача таҳқиқ этилиб, нашр этилган “Китобу-т-тавҳид” нашрларида йўл қўйилган хато-камчиликлар тузатилган ва мавзуларга бўлинган, иқтибос қисмида мураккаб сўз ҳамда ибораларнинг соддалаштирилган шакллари келтирилган. Иккинчи йўналишда эса китобнинг иборалари устида тадқиқот олиб борилиб, унда қўлланган атама ва ибораларни енгиллаштириб асарнинг “Тасҳили”ни яратиш мақсад қилинган.

Абу Мансур Мотуридийга устози Абу Наср Иёдийнинг таъсири катта бўлган. У олимдан анъанавий ислом мезонларини ўрганиш билангина чекланиб қолмай, уни мукаммал тарзда ўзлаштириб, изчил таҳлил қилишни ҳам ўрганган. Мотуридий вафотидан сўнг Самарқанд чеккасида жойлашган Чокардиза қабристонига дафн этилган. 

Абу Мансур Мотуридий ўз таълимоти ва илмий асарлари билан Мовароуннаҳр илоҳиёт мактабининг ривожланишига катта ҳисса қўшди. Илоҳиёт илмларининг тўла шаклланиб, такомилга етишида уларни қайта ишлаб чиқиб, маълум тизимга солишда улкан ишни амалга оширди. Буюк аллома ўз қарашлари билан ҳанафийлик таълимотининг Ўрта Осиё ҳалқлари анъаналари ва урф-одатлари билан чамбарчас боғлиқлигини кўрсатиб берди. Буюк ватандошимиз яратган таълимот ислом динининг буюк ақидавий мактабларидан бири сифатида кенг кўламда тан олинди. Суннийликнинг ҳанафийлик мазҳабига эътиқод қилувчиларнинг барчаси ақида бобида Имом Мотуридий ва унинг шогирдлари ҳамда издошлари ёзиб қолдирган қимматли асарларга таяниб иш кўрадилар. Энг эътиборлиси, ислом оламининг аксарият минтақалари: Сурия, Ироқ, Туркия, Покистон, Ҳиндистон, Шимолий Африкада мотуридийлик таълимоти ҳозир ҳам ўрта ва олий диний ўқув юртларида мустақил фан сифатида ўқитиб келинади.

[1] Забидий баъзи манбаларда “Маҳмуд” исмидан кейин “Муҳаммад” келганини қайд қилган (Қаранг: Муҳаммад ибн Муҳаммад Забидий. Итҳофус содатил муттақин би шарҳи иҳёи улумид дин. – Байрут: Муассасатут тарихил арабий, 1994. Ж. II. – Б. 5 (бундан кейин: Забидий. Итҳофус сода.)). 

[2] Ибн Фазлуллоҳ Умарий // Комил Жабурий таҳқиқи. Масаликул абсор фи мамаликил амсор. – Лубнон: Дорул кутубил илмия, 2010. – Ж. 6. – Б. 61–62 (бундан кейин: Ибн Фазлуллоҳ Умарий. Масаликул абсор).

[3] Ўзбек тилида “лақаб” сўзидан камситиш мазмунидаги салбий маъно тушунилса-да, илмда олиму уламоларга нисбатан қўлланувчи “лақаб” сўзи олимнинг фазилат ва ўзига хос хусусиятларини кўрсатувчи шарафли нисбат ҳисобланади.

[4] Ибн Фазлуллоҳ Умарий // Комил Жабурий таҳқиқи. Масаликул абсор фи мамаликил амсор. – Лубнон: Дорул кутубил илмия, 2010. – Ж. 6. – Б. 61–62 (бундан кейин: Ибн Фазлуллоҳ Умарий. Масаликул абсор).

[5] Камолиддин Аҳмад Баёзий. Ишоротул маром мин иборотил имом // Юсуф Абдурраззоқ Шофеий таҳқиқи. – Исломобод: Zamzam Publisher, 2004. – Б. 23 (бундан кейин: Баёзий: Ишоратул маром.).

[6] Баёзий: Ишоратул маром. – Б. 6–7.

[7] Муҳаммад Абу Заҳра. Тариху-л-мазаҳиби-л-исламия фи-с-сиясати ва-л-ақаиди ва-т-тарихи-л-мазаҳиби-л-фиқҳия. – Қоҳира: Дору-л-фикру-л-арабий, йили номаълум. – Б. 164 (Бундан кейин: Абу Заҳра. Тарихул мазаҳибил исламия).

[8] Абу Заҳра. Тарихул мазаҳибил исламия. – Б 156–166.

[9]Насафий, Абул Муин Маймун ибн Муҳаммад. Табсират ал-адилла фи усул ад-дин. II жилд. К. Салома нашрга тайёрлаган. – Дамашқ: 1990–1993. Ж. I. – Б. 358 (бундан кейин: Абул Муин Насафий. Табсиратул адилла)., Забидий. Итҳофус сода. – Ж. II. – Б. 5.

[10] Абул Муин Насафий. Табсиратул адилла. Ж. 1. – Б. 359., Рудольф, 1999. – Б. 135–148; Алоуддин Самарқандий. Шарҳ китоб таъвилот. – ЎзР ФА ШИ. – Қўлёзмалар асосий фонди. – Қўлёзма № 3249. – В. Iб.

Қўшимча малумот

ШАРҚ МУТАФАККИРЛАРИНИНГ ИЛМИЙ МЕРОСИДА ИДЕНТИФИКАЦИЯ МУАММОСИ
Ота-боболаримиз, аждодларимиз, айниқса илм-фан борасидаги алломаларимиз кишиларнинг камолоти масаласига алоҳида эьтибор берганлар. Улар инсоннинг ўз­-ўзини англаши, жамиятда ўз ўрнини топиши,...
АЛОУДДИН УСМАНДИЙ – МОТУРИДИЙЛИК МАКТАБИ ДАВОМЧИСИ
Мотуридийлик Имом Абу Ҳанифа қараш­ларининг Абу Мансур Мотуридий (ваф. 333/944 й.) томонидан ривожлантирилиб, тизимлаштирилган ва асос солинган ақидавий мазҳабдир. Бунга...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry