09.04.2023
121

АМИР ТЕМУР СИЙЛАГАН АЛЛОМА

Етук давлат арбоби, саркарда, илм-фан ҳомийси Амир Темур (1336-1405 й.) ўзининг “Темур тузуклари” асарида давлат бошқарувига оид тамойиллар ҳақида баён қилар экан ишғол этилган янги ҳудудлар аҳолисига қилинадиган муомала ҳақида сўзлай туриб: “Саййидлар, уламо, машойих, фузало, акобир ва улуғларни азиз тутсинлар”, “Менга бўйсунган мамлакатларнинг саййидлари, олимлари, шайхлари, фозил кишилари, дарвишлари, зоҳидларини суюрғол, вазифа ва ойлик билан сийласинлар. Фақиру мискин, ногиронларга нафақа тайин қилсинлар. Мударрислар ва шайхларга кундалик маошлар белгиласинлар”[1], деб таъкидлайди. 

Ҳақиқатда, тарихий манбалар Амир Темурнинг диний арбоблар, хусусан, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг авлодларини ниҳоятда эъзозлаганини тасдиқлайди.

“Тузуклар”да келган маълумотларга кўра, Амир Темур Али ибн Абу Толиб, Салмон Форсий, Ҳусайн ибн Али каби машҳур саҳобалар ва бошқа олимларнинг мангу қўним топган жойларини обод қилишга қаратилган амрлар берган.

789/1387 йилда Амир Темур Шерозни ишғол этади ва анъанага кўра, у ердаги дин кишиларининг ҳурматини ўз ўрнига қўяди. Ана шундай олимлар қаторида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг шажарасига 13 авлод воситасида туташган Муҳаммад ибн Зайднинг насабидан бўлгани Саййид Шариф Журжоний (1340-1413 й.) ҳам бор эди. Амир Темур Журжонийнинг юксак илмга эгалиги ҳамда Пайғамбар авлодидан эканидан хабар топгач, унга алоҳида ҳурмат кўрсатади. Ҳатто унинг уйидан паноҳ топганларга ҳам омонлик берди[2]. Амир Темур Журжоний билан кўришгач уни Самарқандга таклиф этди. Журжоний таклифни қабул қилиб, Самарқандга йўл олди. Олим Самарқандда ўн саккиз йил бош мударрис сифатида фаолият олиб борди ва ўз қаламига мансуб асарларининг аксарини юртимизда кечган фаолияти давомида таълиф этди. 

Самарқандда яшаш давомида Саййид Шариф Журжоний бир қатор олимлар, хусусан, аллома Тафтазоний (ваф. 794-1392 й.) билан бир қанча илмий баҳс ва мунозаралар олиб борди. Ушбу мунозараларнинг акс-садоси бутун оламга тарқалди. Ҳатто мазкур илмий мунозараларга доир алоҳида рисолалар ҳам битилди. Мунозараларда устун келган Журжонийнинг шуҳрати олимлар орасида танилиши билан бирга Амир Темур наздида ҳам унинг эътибори янада юксалди. Натижада Амир Темур уни Мовароуннаҳрдаги биринчи рақамли олим мавқеига чиқарди.

Бир гал Саъдуддин Тафтазоний ва Саййид Шариф Журжоний ўртасидаги машҳур баҳс-мунозаралар пайтида Соҳибқирон Амир Темур Журжонийга бўлган юксак ҳурматини изҳор этиб, шундай деган экан: “Баҳсларда ва илмларда Тафтазоний ҳазратлари устун бўлиши мумкин, бироқ Журжоний ҳазратлари саййидлиги учун ҳам бугун ғолибдир”.

1405 йилда Амир Темур вафот этганидан сўнг мамлакатда юзага келган парокандалик сабаб Саййид Шариф Журжойий Шерозга қайтди ва 1413 йил вафот этгунига қадар ушбу шаҳарда ўз илмий фаолиятини давом эттирди[3].

Саййид Шариф Журжоний ўзидан сўнг улкан илмий мерос қолдирган кам сонли олимлардан саналади. У диний ва дунёвий илмларга оид бир қанча асарлар таълиф этди. Мазкур илмлар аввалида калом илми, араб тили, фалсафа, мантиқ, астрономия, математика, тарих, фиқҳ, ҳадис, тафсир, тасаввуф кабиларни санаб ўтиш мумкин.

Манбаларнинг қайд этишича, Журжоний ўта закий, ҳар бир масаланинг дақиқ жойларигача ўрганувчи, фасоҳат ва балоғат соҳиби, мунозара юритишда моҳир, муҳаққиқ уламолардан ҳисобланган. Унинг араб тили, мерос ва калом илмига оид асарлари бир неча авлод алмашса ҳам таълим масканларида асосий манба сифатида ўқитилмоқда.

Журжоний диний ва дунёвий илмларга бағишланган элликдан ортиқ асар ёзган. Асарларининг аксар қисмини шарҳ ва ҳошиялар ташкил этади. Хусусан, калом илмига оид “Шарҳ ал-мавоқиф”, “Шарҳ ал-ақоид ал-азудийя”, “Шарҳ ал-асма ал-ҳусна”, “Рисола фи-л-фирқа ан-нажия фи-л-мазаҳиб”, “Ҳошия ат-тажрид”, фалсафа, мантиқ ва астрономияга оид “Ҳошия аъла шарҳ ҳикмати-л-аъйн”, “Ҳошия аъла шарҳ ҳидояти-л-ҳикма”, “Ҳошия аъла лавамиъ ал-асрор шарҳ матолеъ ал-анвор”, “Рисола фи-л-мантиқ”, араб тилига оид “ат-Таърифот”, “Шарҳ ал-Иззий”, “Ҳошия аъла шарҳи-л-Кофия”, “Ҳошия аъла-л-Мутоввал”, фиқҳга оид “Ҳошия аъла шарҳ мухтасари-л-мунтаҳо”, “Ҳошия аъла-т-талвиҳ”, “Шарҳ ал-фароиз ас-сирожийя”, тасаввуфга оид “ар-Рисола аш-шавқийя”, “ар-Рисола ал-баҳоийя”, “Таълиқ аъла аъвариф ал-маориф”, тафсир илмига оид “Ҳошия аъла-л-Кашшоф”, “Ҳошия аъла тафсир ал-Байзовий”, “Тафсир аз-заҳровайн”, “Таржумон ал-Қуръон”, ҳадис илмига оид “ад-Дибож ал-мазҳаб”, “Ҳошия аъла хулоса ат-Тибий” ва бошқа асарларни санаб ўтиш мумкин.

Амир Темур ҳукмронлик йилларида юртимизда эъзоз топган Саййид Шариф Журжоний каби бир неча олимларни санаб ўтиш мумкин. Бу эса миллатимиз қадимдан илм-фан ва маданиятга ошно бўлгани, дин арбоблари ҳамда олиму фузалоларга нисбатан юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш руҳида тарбия топиб келаётганини яна бир бор исботлайди. 

[1] http://www.temurtuzuklari.uz/uz/clause/58

[2] Алоуддин Али ал-Ҳиннаий. Табақоти Ҳанафийя. Сулаймония кутубхонаси, Ҳусни Пошо бўлими, р. 844, с. 22; Абдулҳай Лакнавий. Ал-Фаваиду-л-баҳийя, 128 бет. Байрут, тарихсиз; Тошкўпирзода. Аш-Шақоиқ ан-Нўмония, 29 бет, - Байрут: 1975.

[3] Мўъжам ат-Таърифот. Дор ал-фазила, 2004. – Б. 234.


Достон Мустафоев 
Имом Мотуридий илмий-тадқиқот маркази етакчи илмий ходими

Қўшимча малумот

БЕҲБУДИЙ СИЙМОСИ
Маҳмудхўжа Беҳбудий ХХ аср Туркистон жадидчилик ҳаракатининг энг йирик намояндаси, янги давр ўзбек маданиятининг асосчисидир. Туркистон жадидларининг тан олинган раҳнамоси,...
Қурбонлик қилишнинг ҳикматлари
Қурбонлик – Аллоҳга яқин бўлиш, яъни ибодат (қурбат) мақсадида маълум бир вақтда маълум турдаги ҳайвонларни қурбонлик нияти билан сўйишни англатади.Аллоҳ...
Тасодиф эмас – мўъжиза
XV асрки, Қуръони карим ўрганилиб келинмоқда. Ҳозир дунё бўйлаб, хусусан, Араб мамлакатлари, Эрон, Туркия, Миср ва бошқа мамлакатларда Аллоҳнинг Каломини...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry