22.01.2024
41

БЕҲБУДИЙ СИЙМОСИ

 

Маҳмудхўжа Беҳбудий ХХ аср Туркистон жадидчилик ҳаракатининг энг йирик намояндаси, янги давр ўзбек маданиятининг асосчисидир. Туркистон жадидларининг тан олинган раҳнамоси, мустақил жумҳурият ғоясининг яловбардори, янги мактаб ғоясининг назариётчиси ва амалиётчиси, ўзбек драматургиясини бошлаб берган биринчи драматург, театрчи, ношир, журналист. У тарихимизнинг ғоят оғир ва мураккаб бир даврида яшади. Мана шундай бир шароитда ватанни бутунлай йўқ бўлиш хавфидан сақлаб қолиш, авлодларни эрк ва озодлик, мустақиллик руҳида тарбиялаш, маърифат ва тараққиётта бошлаш жадидлар номи билан тарихга кирган Беҳбудий бошлиқ фидойилар зиммасига тушди.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг тўлиқ исми Маҳмудхўжа Беҳбудий ибн Беҳбудхўжадир. У 1875 йилнинг 20 январь куни Самарқанд вилоятида оддий деҳқон оиласида таваллуд топган.  
Унинг отаси оддий камбағал киши бўлса ҳам Қуръони каримни тўлиқ ёд олган тақводор инсон эди. Маҳмудхўжа 1894 йилда отаси ҳузурида бошланғич маълумот олди. У ўн икки ёшида Қуръонни тўлиқ ёд олган эди. Шундан сўнг у ўзининг она тили бўлган турк тили билан бирга араб ва форс тилларини, кейинчалик рус тилини мустақил ўрганади. Араб тилини у ўз мутахассислиги бўйича чуқур ўзлаштиради. Туркистон жадидчилик ҳаракатини оёққа қўйиш учун эса форс ва рус тилларини ўрганишга ўзида катта эҳтиёж сезади.
Тарихий маълумотларда Беҳбудий Яссавий авлодидан бўлгани айтилади. 18 ёшидан қозихонада мирзалик қилади, қози, муфти даражасига кўтарилади. Беҳбудий ҳаж сафарида бўлган чоғида Арабистон, Миср, Туркияни кезиб чиққан (1899–1900). Саёҳат давомида янги мактаб (усули жадид) очиш фикри мустаҳкамланиб борди. Самарқанд яқинидаги Ҳалвойи қишлоғида, Абдулқодир Шакурий эса Ражабамин қишлоғида янги мактаб очади. Беҳбудий Қозон ва Уфага бориб (1903–1904), у ердаги янги усул мактаблари билан танишади, татар зиёлилари билан алоқани йўлга қўяди. Янги мактаблар учун дарсликлар тузишга киришади.
Маҳмудхўжа оилапарвар инсон бўлган. У йигирма ёшга қадам қўйганида оила қуради. Оилада ўғил фарзанд туғилгач, уни анъанавий мадрасага эмас, балки рус тили чуқур ўргатиладиган янги замонавий мактабга ўқишга беради. Беҳбудий келажакда, дунёвий фанлар ўқитиладиган, анъанавий дастурлардан холи бўлган бу илм даргоҳида ўғлини ҳаёт учун керакли билимлар олишига ишонарди. Маҳмудхўжанинг ўзи ҳам шу нуқтаи назардан ҳуқуқ соҳасини ўрганиб, суд ижрочиси вазифасида ишлайди. 
Маҳмудхўжа саёҳат қилишни яхши кўрарди. 1909-1914 йиллар орасида у Миср ва Туркияда кўплаб сафарда бўлди. 1907- йилда у Тошкент, Уфа ва Оренбург орқали Петербургга сафар қилади. У ўз саёҳати давомида мутлақо янги дунё билан танишади, Марказий Осиёдаги биқиқ ҳаётни тушуниб етади ва минтақадаги уламоларнинг билим даражасини ошириш бўйича янги ўқитиш услублари ҳақида ўйлайди. У шунингдек синков ўқувчи эди. Ўз саёҳатлари давомида турли халқлар маданиятини ўрганиш учун кўп ўқийди. У умрининг охирида ўзининг барча китобларини Тошкентда очилган кутубхонага тақдим этади.
Маърифатпарвар адиб сифатида Маҳмудхўжа умрининг кўп қисмини янги услубдаги мактаблар учун ўқув дарсликлари ёзишга сарфлади. Бу дарслик китоблар Марказий Осиёдаги ўқувчи ва ёшларга бағишланган эди. Улар қуйидаги асарлар эди: Мадхали жуғрофия (Жуғрофияга кириш, 1905); Мунтаҳаби жуғрофияи умумий (Жуғрофия: Баъзи умумий маълумотлар, 1906); Китоб ул-атфол (Болалар китоби); Мухтасари таърихи ислом (Қисқача ислом тарихи, 1909); Амалиёти ислом (Ислом амалиёти); ва Мухтасари жуғрофияи Русийя (Россиянинг қисқача тарихи). Шунингдек у Туркистон, Бухоро ва Хива учун бир қатор хариталар тузиб нашр эттирган.
У 1913-15-йилларда “Самарқанд” ва “Ойна” газеталарини нашр этади. Бу нашрларда исломни кенг тарғиб қилиш, эшон ва муфтийларнинг шаръий ҳуқуқлар баҳонасида ижтимоий қашшоқликларга сабаб бўлаётгани ёритилар эди. 1915-йилда Беҳбудий томонидан вақф ишлари моҳияти ҳақида ёзилган мақолани уламолар норозилик билан кутиб олади. Улар ислоҳотчи жадидни кофир деб эълон қилади. Уламолар Муфтийни христианлар ишлаб чиқарган ун маҳсулотларини ҳалол деб фатво чиқаргани учун айблаб чиқади.
Маҳмудхўжа шунингдек икки пъеса муаллифи ҳамдир. Улардан бири нашр этилмаган, иккинчиси “Падаркуш”дир. “Падаркуш” Марказий Осиёдаги октябр инқилобига қадар ёзилган ва саҳналаштирилган биринчи саҳна асаридир. 
Сиёсатчи сифатида, Маҳмудхўжа Қўқон миллий мухториятининг кўзга кўринган ташкилотчиларидан бири эди. Бухоро жадидчилиги асосчиси Мулла Абдул Воҳид, Тошкентда янги услубдаги мактаб очган Мунаввар Қори каби Буҳбудий Самарқандда очилган янги мактаб асосчиси эди (1903 йил). Жамоатчилик бу ташаббусни қўллаб қувватлаб, жой ажратишга хайрихоҳ бўлмагач, Маҳмудхўжа ўз шахсий уйини мактаб учун бўшатиб беради. 1916-йилнинг май ойида, Беҳбудий Жадидлар ҳаракати йиғилишига раислик қилди. Унга Мунаввар Қори, Паҳлавон Ниёз, Усмон Хўжа ўғли, Обиджон Бек ва бошқалар ташриф буюришганди. 
Халқимизнинг бу улуғ фарзанди номи ўтган асрнинг 20-йиллари бошларидаёқ ўлкамизнинг бир қанча шаҳар ва вилоятларида кўчалар, мактаблар, театрларга қўйила бошлади. У ўз замондошлари ва кейинги авлодларининг Туркистон (Ўзбекистон) мустақиллиги йўлидаги курашида ҳамиша маънавий мададкор бўлиб хизмат қилди ва ҳамон хизмат қилиб келмоқда.

Feruz Z. KHOLMOMINOV 
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот 
маркази илмий ходими.  
 

Қўшимча малумот

Қурбонлик қилишнинг ҳикматлари
Қурбонлик – Аллоҳга яқин бўлиш, яъни ибодат (қурбат) мақсадида маълум бир вақтда маълум турдаги ҳайвонларни қурбонлик нияти билан сўйишни англатади.Аллоҳ...
Тасодиф эмас – мўъжиза
XV асрки, Қуръони карим ўрганилиб келинмоқда. Ҳозир дунё бўйлаб, хусусан, Араб мамлакатлари, Эрон, Туркия, Миср ва бошқа мамлакатларда Аллоҳнинг Каломини...
КИМ БАЙТУЛЛОҲГА КИРСА, ЯХШИЛИКЛАРГА КИРИБДИ
Каъбаи муаззама – мусулмонлар қибласи, қалблар қайта-қайта талпинувчи муқаддас шиор, ҳаж ва умрада зиёрат этиладиган тавофгоҳ, одамларга муборак, оламларга ҳидоят...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry